Қайднома

Қидирув

Миллий футболимизда принцип масаласи

Миллий футболимизда принцип масаласи

  03.05.2018 06:48
  0
  632
Миллий футболимизда принцип масаласи

20 апрель куни Самарқанднинг «Динамо»си бир кунда иккита ўйин ўтказди. Дастлаб соат 18:00да Тожикистоннинг «Хўжанд» жамоасига қарши назорат баҳси, сўнг 20:00да «Машъал» билан Про-лига доирасидаги расмий учрашув.

Камдан-кам учрайдиган ҳолат. «Бири бўлмаса, иккинчисини бошқа кунга қолдиришнинг имкони йўқмиди?», деган ҳақли савол туғилади. Энг муҳими, ибрат чиқарса арзигулик ҳолатлар гувоҳига айландик.

Олдиндан бир нарсани, камида ўзимиз учун, фақат шу мақола доирасида белгилаб, келишиб олсак — ПФЛ масъуллари ҳар бир қадамини, барибир, ЎФА раҳбарияти билан бамаслаҳат босиши ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун қайта-қайта «ПФЛ бундай, ПФЛ ундай» деб ўтирмаймиз-да, «футболимиз раҳбарлари», «ЎФА раҳбарияти», «ўзбек футболи раҳбарияти» деган истилоҳлар ишлатамиз, майлими?

Шундай қилиб, «Динамо»нинг «Машъал»га қарши расмий учрашувини қолдирмаслик билан футболимиз раҳбарлари ўзига хос принципиаллик кўрсатишди. Авваллари арзимаган сабаблар туфайли ўйинлар санаси ўзгараверарди.

2003 ё 2004 йил эди, адашмасам, Россиянинг қайсидир эстрада гуруҳи Жиззахдаги стадионда концерт бериши муносабати билан «Сўғдиёна»нинг олий лига доирасидаги учрашуви номаълум муддатга қолдирилган. Ҳокимликнинг биргина илтимоси ва масала ҳал.

Ҳозир эса вазият бошқа — клуб ялинадими, ҳокимлик илтимос қиладими, фарқи йўқ, чиндан ҳам жиддий баҳонаи сабаб топилмаса (дейлик, қайсидир стадионда бир кунда иккита расмий ўйин ўтказилиши эҳтимоли ёки муайян жамоанинг учдан зиёд футболчиси терма ихтиёрига чақирилган бўлса) ўйинлар ўтадиган вақт ўзгартирилмайди.

Қайсидир маънода, буни ЎФАни огоҳлантирмай, хорижий жамоа билан ўртоқлик учрашуви уюштирганлик учун жазо сифатида баҳоласа ҳам бўлади. Нафақат шунинг учун, балки тақвимга қарамай ўйин кунини белгилаганлик учун ҳам бир чора — ҳар ҳолда, Про-лига тақвими 20 апрелдан аввалроқ тасдиқланганди.

Буни, шунингдек, муаммони энг сўнг­ги лаҳзада бесамар ҳал қилишга уринишнинг жазоси деса ҳам бўлади — воқеанинг ибратли томонларидан бири ҳам шунда. Чунки Самарқанд ва Сўғд расмийлари ўртоқлик баҳсини айнан 20 апрелда ўтказишни икки кун қолганда келишмагандирлар, деган гумон бор.

Айни пайт «Мухлислари ҳакамни ва «Пахтакор»ни ҳақоратлагани учун «Бухоро»га ўйин тугаши ҳамоно 300 миллион сўм жарима ёзиб, «Локомотив»нинг бразилиялик футболчиси ирқий камситилганига доир хабарларни эътиборсиз қолдирган (бу мавзуга ҳали қайтамиз) футболимиз раҳбарлари самарқандликларнинг биргина илтимосига бу қадар принципиал ёндашишлари шартмиди?», деган истиҳола ҳам бор (боз устига, вақти келиб, керак бўлса, Суперлига ўйинлари тушунарсиз сабаблар билан қолдирилиши эҳтимоли борлигини рад этиб бўлмайди).

Мамлакатнинг бош футбол ташкилоти бир хил хато ва камчиликларни бир хилда жазолаб, принципиал бўлишда ибрат бўлаётгани йўқ; қўллаган жазолари ижросини бир хил назорат қилишда ҳам принциплари барқарор деб бўлмайди. Шундай экан, самар-қандликларнинг илтимоси борасида бу қадар принципиал бўлиш ўринлими?

Ҳар ҳолда, «Динамо» қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашнинг навбатдаги рамзи ўлароқ ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи эди. Бир сўз билан айтганда, «Машъал»га қарши ўйин бошқа кунга кўчирилса, ўзбек футболи раҳбарларининг обрўсига катта соя тушиб қолмасди.

Мазкур ҳолатда самарқандликларни ҳам тўғри тушуниш керак. Бунда гапни Ўзбекистон бош вазири раислигида ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик масаласига бағишланган видеоселекторда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов айтган сўзлардан бошласак: «Мен ўзгаришларга мослаша олмадим».

Тожикистоннинг Сўғд вилояти масъуллари билан уларнинг Ўзбекистонга ташрифи, бу ташриф доирасида футбол учрашуви ўтказиш борасида келишган Самарқанд вилояти раҳбарлари тўғрисида ҳам, «Динамо» мутасаддилари ҳақида ҳам шу гапни айтса бўлади — улар футболимиз раҳбарлари ўзгаргач, вазият ҳам шунга яраша ўзгарганини тўла англаб етишмаган, билишмаган.

Тахминан шундай ўйлашган: «Авваллари ҳам бир-икки кун қолганда ҳал қилардик, бу сафар ҳам шундай йўл тутамиз». Боз устига, гўёки кучли баҳона бордек эди — Тожикистон билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида ўтказиляпти ушбу ўйин! Йўқ, бу сафар «номер» ўтмади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Хўжанд» билан ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Бўлимлар вақтини қисқартириб бўлса ҳам. «Динамо» аралаш таркибни ўйнатсада, мухлислар қувонишгани аниқ. Ўртоқлик ўйини Про-лига доирасидаги учрашувга салбий таъсир қилгани йўқ. Бунда, тан олиш керак, футболимиз раҳбарларининг «компромисс»га боришгани ҳам асқотди.

Лекин энди билиб қўйиш керак — аввало, футболда раҳбарлар ўзгарган ва улар аввалгиларига ўхшамайди. Илгари ЎФА мутасаддилари билан балки сўнгги лаҳзада келишиш мумкин бўлгандир, аммо энди буни амалга ошириш жуда қийин.

Муҳрим АЪЗАМХЎЖАЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz