Қайднома

Қидирув

Элитага марҳабо, «қизил-оқлар»!

Элитага марҳабо, «қизил-оқлар»!

  12.05.2018 06:17
  0
  758
Элитага марҳабо, «қизил-оқлар»!

Франциянинг олти карра чемпионлари сўнгги икки йилни Лига 2да ўтказишди. Аммо сўнгги мавсумни ишончли ўтказиб, элитага қайтишни уддалашди.

«Оюст Делон»даги эйфория

Қизил-оқ рангга бурканган 20 минг киши бутун ўйин давомида жонажон «Реймс»дан гол кутишарди. Уларнинг рақиби «Аяччо» фаолликни оширганига қарамай, ниҳоят, 76-дақиқада кутилган воқеа рўй берди.

Меҳмонлар жарима майдончаси ичидаги яккакураш пайтида «Реймс» сардори Данилсон да Крус дарвоза томон зарба йўллади. Тўп йўл-йўлакай захирадан ўйинга қўшилган Греджон Кейга тегиб, тўрдан жой олди. «Огюст Делон» стадиони «портлади», айрим ишқибозлар эса тўсиқлар оша майдонга тушиб келишди. Стюардларнинг саъй-ҳаракати билан тартибсизлик олди олинди.

25 дақиқадан сўнг қувонч икки карра ошди. «Аяччо»нинг сўнгги ҳужуми пайти тўп узоқлаштирилди ва ҳакам финал ҳуштагини чалди. Мухлислар эйфория таъсирида футболчиларни қуршовга олишга интилишди, ахир уларнинг суюклилари мусобақада ғолиб чиқиб, Лига 1га қайтмоқда.

«Наполеон» даврида

«Реймс»нинг муваффақияти - бу узоқ кутилган қайтиш ёки ҳаваскорлар орасидан элитадагилар сафига қўшилиш ҳақидаги эртак эмас. Бу кўпроқ йўқотилган нарсани ўрнига қайтаришга ўхшайди.

Клуб Лига 1 билан яхши таниш, «қизил-оқлар» эса француз футболининг ажралмас қисмидир. Жамоа элитадаги сўнгги икки мавсумни ўтказиб юборди, «Реймс» ўз тарихида олти марта Франция чемпионлигини нишонлаган («Лион» ёки «ПСЖ»дан битта кам).

Клубнинг олтин даври ўтган юз йилликнинг 50-60-йилларига тўғри келади. Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, «Реймс» илк бор олий дивизионга қадам қўйди. У пайтлари ҳудудларнинг ҳарбий бўлинишига қарамай, футбол ўйнашда давом этишди. 1949 йили шимолликлар ўзларининг илк чемпионликларини қўлга киритиб, обрў орттиришди.

«Қизил-оқлар»ни халқаро турнега таклиф қилишди. Шундай мусобақаларнинг бирида жамоа Жанубий Америкага бориб, рамзий кубок баҳсларида муваффақият қозонди.

Соврин билан биргаликда чилилик форвард Фернандо Риерани ҳам ўзи билан олиб кетди. Франциянинг ўша пайтлардаги кучли футболчилари - Мишель Леблон, Мишель Идальго, Райоль Жиродо кабилар ҳам «Реймс»да фаолият юритишди.

Аммо янги келганлар орасида камсуқум ва паст бўйли Раймон Копа барчадан ажралиб турарди. Кончилар оиласида туғилган 20 ёшли камтар йигитча бунга қадар «Анже» клубида тўп сурганди. Авваллари сермаҳсуллиги билан ажралиб турган футболчи янги клубида асосий юлдузга айланди.

Уни футболдаги «Наполеон» деб аташди. Чунки Копанинг етакчилик хусусияти эвазига «Реймс» нафақат қаторасига икки марта чемпионликка эришди, балки Европани забт этишга ҳам киришди.

«Қизил-оқлар» 1956 йили Чемпионлар кубоги финалига қадар етиб бориб, «Реал»га имкониятни бой беришди (3:4). У пайтлари мадридликлар сафида Альфредо Ди Стефано порлаган, бу футболчининг Раймон Копа билан дуэли яна бир неча йиллар давом этишига кўпчилик ишонганди.

Аммо испанияликлардан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг «Реймс» етакчиси ғолиб жамоа сафига қўшилиб, кейинчалик икки марта ЧК бош соврини ва «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Жамоа рамзига айланган юлдуз кетгач, «Реймс»даги етакчилик масъулияти Жюст Фонтен зиммасига юклатилди.

Ушбу футболчи мунтазам гол уришда «Наполеон»дан асло қолишмади. 1959 йили «қизил-оқлар» яна «кўҳна қитъа»нинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири финалига чиқиб, яна «Реал»га рўбарў бўлишди.

Мадридликлар бу сафар ҳам французлардан устун келишди (2:0). Копа гол урмади, аммо мағлубиятдан ранжиган собиқ клубдошларининг кўзига қаролмади ва тез орада «Реймс»га қайтиб, фаолиятининг охирига қадар Жюст билан бирга тўп сурди.

«Тирик мурдалар»нинг қайтиши

«Шимолликлар»нинг уй стадиони жамоа рамзига айланган икки футболчидан бирининг шарафига номланиши мумкин эди, аммо ҳозирда у Франция спорт федерацияси бош котиби Огюст Делон номи билан аталади. XX аср охиригача аренага ташриф буюрган ишқибозлар клубдаги инқирозни маҳзун ҳолда кузатишди.

1963|1964 йиллар мавсумида «Реймс» чемпионатни 17-ўринда якунлаб, қуйи дивизионга тушиб кетди. Аммо орадан икки йил ўтиб, элитага қайтди. Вақти-вақти билан икки лига орасидан сарсон юрган жамоа 1978 йилга келиб бутунлай пароканда бўлди.

Банкротлик, ҳаваскорлар даражасигача пасайиш ва 2012 йилга келибгина, Юбер Фурньенинг саъй-ҳаракатлари эвазига Лига 1га қайтиш. Мустақил ишлаш бўйича кичик тажрибага эга мутахассис 2009 йили Марк Коллатнинг мураббийлар штабига қўшилиб, кейинги икки йил ичида клубни учинчи дивизиондан биринчигача кўтарди. Ҳозирда Юбер Франция термаси техник директори лавозимида фаолият юритмоқда.

«Реймс» кейинги тўрт йилни Лига 1 ўртамиёналаридан бири сифатида ўтказди. Шу вақт оралиғида жамоада Гжегож Криховяк, Николя де Превиль, Аисса Манди ва бошқалар тўп суришга улгуришди. Фурнье жараённи четдан кузатди ва кейинги беш йил мобайнида «қизил-оқлар»га ёш ўйинчиларни етказиб бериш билан Давид Гуйон шуғулланди.

Айнан шу мутахассис асосий жамоани ўтган йилнинг майигача бошқарди. Унинг қўл остидаги жамоа бутун мавсум давомида мухлисларни голлар билан хурсанд қилмади, аммо ҳимоядаги барқарорлик сақланиб қолди. Айнан шу омил чемпионат якунланишига бешта тур қолган бир паллада элитага қайтиш вазифаси уддаланишида катта аҳамият касб этди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz