Қайднома

Қидирув

Дилшод Қориев: «Барселонадаги ўқув-курсида 12 нафар мутахассис иштирок этади, холос»

Дилшод Қориев: «Барселонадаги ўқув-курсида 12 нафар мутахассис иштирок этади, холос»

  13.05.2018 06:43
  0
  663
Дилшод Қориев: «Барселонадаги ўқув-курсида 12 нафар мутахассис иштирок этади, холос»

MBP EXPERT IN YOUTH FOOTBALL – БУ ҚАНДАЙ КУРС?

JFL in Taschkent футбол мактаби раҳбари Дилшод Қориев шу ой Барселона шаҳрида ташкил этиладиган ўқув-курсида иштирок этади.

MBP EXPERT IN YOUTH FOOTBALL курси давомида Европанинг етакчи футбол мактаблари ва JFL in Taschkent ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш ҳам режалаштирилган.

Дилшод ака билан суҳбатимиз айни шу мавзуни қамраб олди.

-  Дилшод ака, аввало, MBP EXPERT IN YOUTH FOOTBALL ўқув-курсида қатнашиш имконияти қандай пайдо бўлгани хусусида маълумот берсангиз...

-  Футбол мактабимиз ўтган йилнинг октябрь ойида иш бошлаган бўлсада, бунга қадар ҳам Европадаги болалар футболи билан боғлиқ турли ташкилотларга виртуал аъзо эдим. Ҳозирги ишимизда хориж мактаблари фаолиятини ўрганиш ва керакли жиҳатларни ўзлаштириш жуда муҳим.

MBP EXPERT IN YOUTH FOOTBALLга эса каталонияликлар таклиф этишди. Болалар футболига бағишланган бу курс Барселона шаҳридаги Йохан Кройфф номли институт томонидан ўтказилади.

Ўқув дастурини синчиклаб ўрганиб чиққач, курс мактабимиз фаолиятини такомиллаштиришда қўл келишини тушуниб етдик ва таклифни қабул қилдик.

- Йоҳан Кройфф номли институт ҳақида кенгроқ тўхталсангиз.

- Ушбу институт 2011 йили ташкил этилган ва ҳозирги кунда битирувчиларидан 36 фоизи «Манчестер Сити», «Сантос», «Лагуна», «Атлетико», «Наполи», «Крузейро», «Куэретаро» каби профессионал клубларда фаолият юритмоқда.

Шунингдек, институтнинг 14 фоиз битирувчиси турли клублар бошқарувида, 21 фоизи элит футбол мактабларида ишламоқда. Қисқаси, атиги 29 фоиз битирувчи бошқа соҳаларни танлаган.

Дейлик, Мексика термаси собиқ футболчиси Жемми Лозано, Мадриднинг «Атлетико» клубида тўп сурган Амаранто Перейра, «Реал»да ўйнаган Жулио Сезар ва бир қатор таниқли футболчилар айнан шу курсда малака оширишган.

Ўқув жараёни ҳар йили мунтазам равишда бир марта ташкиллаштирилади. Эътиборлиси, бир ой давом этадиган дарсларга бор-йўғи 12 нафар мутахассис жалб қилинади.

- Курс дастурига кўра, нималарга алоҳида эътибор қаратилади?

- Болалар футболида бошланғич таълимдан тортиб, ёш иқтидорларни профессионал фаолиятга тайёрлашгача бўлган жараён малакали мутахассислар иштирокида кўриб чиқилади.

Яхши биламиз, бизнинг тарбияланувчиларимиз қанча иқтидорли бўлишмасин, ҳозирга қадар Европада ўйнаб кетолмаганлар. Бунга сабаб нима? Балки руҳият масаласидир, эҳтимол, қайсидир жиҳатда болалар билан етарлича иш олиб бормаётгандирмиз.

Барселонадаги ўқув-курсида дунёнинг илғор футбол академиялари фаолияти ҳам ўрганилади. Уларнинг иш тизими билан танишиш қизиқарли ва фойдали, албатта. Маркетинг, менежмент, таҳлил, мулоҳаза - буларнинг барчасига эътибор берилади.

- Билишимизча, JFL in Tasсhkentнинг ишлари шундоқ ҳам чакки эмас. Шахсан сиз учун бўлажак курс нечоғли муҳим?

- Тўғри, ишимиз яхши кетяпти, аммо ўрганиш, изланишдан асло тўхтамаслик лозим. Зеро, мактабимизни яна-да юқорироқ кўтаришни мақсад қилганмиз. Айтганимдек йилда бир марта бўладиган курсда бор-йўғи 12 нафар мутахассис иштирок этади.

Демак, элит курсга таклиф қилишганидан мамнунман, албатта. Барселонада оладиган билимлар билан нафақат JFL in Tasсhkent мактаби, балки бутун ўзбек футболига фойда келтиришдан умидворман.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz