Қайднома

Қидирув

Мураббий хизматига баҳо ёхуд ҳозирдан соғина бошлаган АПЛ футболига саёҳат

Мураббий хизматига баҳо ёхуд ҳозирдан соғина бошлаган АПЛ футболига саёҳат

  18.05.2018 06:45
  0
  621
Мураббий хизматига баҳо ёхуд ҳозирдан соғина бошлаган АПЛ футболига саёҳат

Бернли шаҳрида жойлашган қаҳвахона соҳибаси 51 йиллик танаффусдан сўнг еврокубок йўлланмасини қўлга киритган маҳаллий жамоани алоҳида шарафлашни лозим топишди.

Аниқроғи, бу натижада клуб бош мураббийи Шон Дайчнинг хизмати катта эканлигини таъкидлаб, ўз муассасаларига унинг номини беришди.

Эндиликда шаҳарда ўз мижозларига эга қаҳвахонанинг деворида Princess Royal эмас, The Royal Dyche ёзуви порлаб туради.

Англия футболининг ашаддий мухлислари яхши эслашса керак, «Бернли» жорий мавсум жуда яхши старт олиб, бошиданоқ турнир жадвалининг ўрта қисмига мустаҳкам ўрнашганди.

Ўша вақтдаёқ клуб раҳбарияти кутилмаган ваъда билан чиқди: «Агар бош мураббий жамоани жорий мавсум якунида Европа Лигасига олиб чиқса, шаҳар қаҳвахоналаридан бири унинг номи билан аталишини таъминлаймиз».

Аниқроқ айтсак, «Бернли» ноябрь ойи охирида «Борнмут»ни 2:1 ҳисобида енгиб, АПЛ турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилганидан кейин шундай баёнот берилганди.

Эҳтимолки, камтарин жамоа футболчиларига айни шу ғоя ҳам қўшимча мотивация бағишлагандир. Ҳар ҳолда, улар бу ваъдани чексиз ҳайрат ва хурсандчилик билан қарши олишганди.

Лекин кейинчалик «Бернли»нинг ишлари бироз орқага кетди. Дейлик, иштиёқи баланд клуб декабрда анча узун ғалабасиз серияга юз тутди. Бернлиликлар қаторасига нақ 11та ўйинда ғалаба нималигини билишмади ва табиийки,  мухлисларнинг еврокубоклар ҳақидаги орзулари ўз-ўзидан «чилпарчин» бўлишга яқин келди.

Муҳими, Шон Дайч шогирдлари қиш чиқиши билан ёқимсиз серияга барҳам беришди - 3 март куни «Эвертон» доғда қолдирилди. Шу тариқа «Бернли» чемпионатда ёқимли серияни ҳам бошлади. Яъни кетма-кет яна 4та учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди.

Мана, Шон Дайч жамоаси финиш маррасига 2та тур қолганида 7-ўринни ўз номига расмийлаштирди. Бу эса «Бернли» кейинги мавсум Европа Лигасида ўйнашини англатади.

Хуллас, чемпионат ярмида берилган ваъдани бажариш вақти келганди. Муҳими, клуб раҳбарияти ўз сўзини ерда қолдирмади. «Мени қаҳвахона номини ўзгартириш кўпроқ ҳаяжонга солдими ёки жамоанинг ниҳоят, яна еврокубокларга йўл олгани? Очиғи, ҳозир буни билолмаяпман...», - дея хурсандчилигини яширмади муассаса соҳибаси Жастин Лорримэн.

Бу аёл «Бернли»нинг ашаддий мухлисаси эканлигига шубҳа йўқ - унда барча ўйинлар учун йиллик абонемент бор. Клуб вакилларининг ошкора тан олишларича, кузги ваъда аввалида жиддий эмасди - раҳбарлар шунчаки, ҳазиллашиш асносида футболчилар кайфиятини кўтаришни ўйлашган.

Мисол учун, Жастин ҳам «Бернли» олдига еврокубокларга чиқиш вазифаси қўйилганини жиддий қабул қилмаган. Умуман, шаҳарда Шон Дайч бундай натижани таъминлай олишига ҳеч ким унча ишонмаганди.

Қизиқ, Дайч бу илтифотга қандай муносабат билдирди? Оддий. У ҳаттоки, матбуот анжуманида озгина ҳазиллашишни ҳам жоиз билди: «Албатта, бу таъсирли воқеа. Бироқ қаҳвахонани «Малласоч ёқимтой», деб аташса яхшироқ бўларди - албатта, менинг шарафимга!».

Умуман, бундан роппа-роса 2 йил муқаддам АПЛда шунга ўхшаш ажиб тарих кузатилганди. Яъни камтарин «Лестер» чемпионат ғолибига айлангач, олдиндан берилган турли-туман ваъдалар амалда ўз исботини топди.

Тўғри, натижалар кўламини ўзаро солиштирсак, «Бернли» парвози «тулкилар» қайд этган юксалиш билан тенглашолмайди. Лекин камтарин жамоанинг евроаренага чиққани алоҳида эътиборга лойиқ, албатта.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz