Қайднома

Қидирув

Pepsi Суперлига: ҳал қилувчи баҳслар орасига яширинган пойгалар (Иккинчи шарҳ)

Pepsi Суперлига: ҳал қилувчи баҳслар орасига яширинган пойгалар (Иккинчи шарҳ)

  19.05.2018 06:47
  0
  739
Pepsi Суперлига: ҳал қилувчи баҳслар орасига яширинган пойгалар (Иккинчи шарҳ)

Ёдингизда бўлса, нашримизнинг аввалги сонларида берилган мақолада 8та тур якунларига тўхталиб, жамоаларимиз чемпионлик пойгаси йўлида қандай очко жамғаришаётганини таҳлил қилгандик.

Ўшанда айтилганидек, биринчи давра якунида ўзаро ўйинлар сони тенглашгани боис, клубларимиз кўрсатган натижалар, уларнинг салмоғи янада «тиниқлашиб» қолди.

БИРИНЧИ ДАВРА ЯКУНИ БЎЙИЧА

Бугун биринчи давра якунларига тўхталар эканмиз, ўтган галги жадвалларга яна битта янгисини қўшишга мажбур бўлмоқдамиз - бу сўнгги йилларда мамлакатимизнинг топ-клублари сафидан тушмай келган «Насаф»нинг охирги турларда кўрсатаётган салбий натижалари туфайли «олтин олтилик»ка кирмай қолиши мумкинлиги ҳосиласидир.

Ўтган галги мақолада мамлакатимизнинг кучли тўрт клуби - «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га алоҳида урғу берилган, улар барча 4 жадвалга киритилганди. Бугунги шарҳимизни биринчи даврани қайси жамоалар кучли олтиликда якунлаган бўлса, айнан ўшаларни юқорига қўйган ҳолда бошлашни мақсад қилгандик.

Афсуски, улар орасига «Насаф» кира олмаяпти - Рўзиқул Бердиев шогирдлари 11-турни бор-йўғи 8-ўринда якунлашди. Демак, дастлабки жадвалимиз биринчи даврани кучли олтиликда якунлаган жамоаларнинг «ўзаро ҳисоб-китоблари»га бағишланади.

1-жадвал (якуний олтилик сифатида сақланиб қолиш эҳтимоли - 30 фоиз)

1. Навбаҳор         5             5-2          10

2. Бунёдкор         5             9-6          9

3. Локомотив       5             6-5          8

4. Пахтакор         5             6-2          7

5. Металлург       5             4-10       5

6. Бухоро            5             4-9          3

Айни пайт Илҳом Мўминжонов бошқарувидаги «Навбаҳор» ўзидаги мавжуд имкониятлардан энг самарали фойдаланаётган клуб, десак нотўғри бўлмаса керак.

Чунки молия­вий томондан ҳам, ижрочилар йиғиш борасида ҳам наманганликларни ўртаҳол клублар, ҳаттоки, баъзи ўртаҳоллардан-да пастроққа қўйиш мумкин. Шунга қарамай, жамоа ўз олдига қўйган мақсадлари сари максимал даражада интилмоқда.

Биринчи давра якунига 2 тур қолганда «Навбаҳор»нинг аҳволи кўнгилдагидек эмасди. Аммо 10 ва 11-турларда «Бухоро» билан «Қизилқум» мағлуб этилгач, Мўминжонов шогирдлари мусобақа жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олишди.

Бу икки ўйин орасида, айниқса, «Бухоро» устидан қозонилган ғалаба жуда-жуда қимматлилиги билан ажралиб туради. Зеро, «Навбаҳор» олтиталикка кириш эҳтимоли ўта юқори бўлган клубни бу сафар ҳам мағлубиятга учратмоқда ва эътиборли томони, 3 очко меҳмондаги ўйинда қўлга киритилди.

Шунга монанд равишда, наманганликлар чемпионлик жадвалида ҳозирча карвонбошилик қилишмоқда. Шунга қарамай, «Навбаҳор» олдида машаққатли йўл турибди - «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Локомотив»нинг ҳар бири орасидаги фарқ (фарқлар) атиги 1 очкодан экани мазкур жамоалардан хоҳлаган биттаси исталган пайт карвонбошиликни қўлга олиши мумкинлигини кўрсатади.

ЭНГ КЛАССИК ОЛТИЛИК

Турли муаммолар гирдобида қолган «Насаф» аста-секин пастга шўнғиётган бўлишига қарамай, биз Қашқадарё футболи байроқдорига ишонишда давом этамиз ва кейинги тўртта жадвалнинг барчасидан «Насаф»га жой бердик! Демак, бу ерда ҳам ҳозирча кичик устунлик билан «Навбаҳор» пешқадамлик қилмоқда.

Уни таъқиб этиб келаётган жамоалар шунчалик зич жойлашганки, 3 очко оралиғида бирваракайига 5та жамоа турибди. Ҳақиқат юзасидан олиб қарасак, 22-тур якунига кўра, айнан мана шундай жадвал сақланиб қолиши эҳтимоли юқори.

2-жадвал (эҳтимоллик даражаси - 70 фоиз)

1. Навбаҳор        5             5-2          10

2. Бунёдкор        5             8-6          9

3. Насаф             5             8-7          7

4. Локомотив      5             6-6          7

5. Пахтакор        5             4-4          7

6. Бухоро            5             4-10       3

«НАВБАҲОР» ЧИҚОЛМАЙ ҚОЛСА...

Деярли барча жадвалларда пешқадамликни ўз қўлига олган Илҳом Мўминжонов шогирдлари мабодо кучли олтиликка кира олмай қолсалар, у ҳолда пешқадамлик вақтинчалик «Бун­ёдкор» тарафига ўтади. Бу жадвалнинг ҳам «олтин олтилик» сифатида давом этиши эҳтимоли анчагина каттаки, «Қўқон-1912» кўрсатаётган муросасиз футбол бунга ишора қилмоқда.

Нўъмон Ҳасанов шогирдлари, айниқса, меҳмондаги учрашувларда қимматли очколарни қўлга киритишди - «Локомотив» ва «Пахтакор» билан бир хил ҳисобда (1:1) дуранг қайд этишди.

Бундан ташқари, ўз майдонларида «Бунёдкор»ни енгишди - 1:0. Мазкур учта ўйиндан хулоса чиқариб, шуни тахмин қилиш мумкинки, қўқонликлар агар амаллаб юқори олтиликка илиниб олган тақдирларида, кейинги босқични ҳам ёмон ўтказмасликларига ишонса бўлади. Жамоада йиғилган ижрочилар ҳам анчагина юқори талабларга жавоб берадиган футболчилар экани бу фикрни тасдиқлашга икки ҳисса кўп имкон беради.

Боз устига, Нўъмон Ҳасанов шогирдлари кейинги 11та ўйиндан 7тасини ўз уйларида ўтказадиларки, бу ҳам қўқонликларнинг кейинги босқичдаги муваффақиятига замин ҳозирласа, ажабмас.

Эсингизда бўлса, «Қўқон-1912» - «Қизилқум» учрашуви стадион чемпионатга шай ҳолатда эмаслиги сабабли Навоий шаҳрида ўтказилганди.

Демак, мазкур жуфтликнинг 2-даврадаги қарама-қаршилигига Қўқон шаҳри мезбонлик қилади. Албатта, Ҳасанов учун «ўз уйи»даги 7та ўйиннинг ўзиёқ барча масалани ҳал қилиб бериши мумкин.

3-жадвал (эҳтимоллик даражаси - 60 фоиз)

1. Бунёдкор         5             7-5          9

2. Локомотив       5             7-5          8

3. Насаф              5             8-7          7

4. Қўқон-1912      5             3-3          6

5. Бухоро             5             5-9          6

6. Пахтакор          5             4-5          5

БУХОРОНИНГ ЎРНИДА АГМК БЎЛСА...

Биз илк бор АГМКни юқори олтиликка киритганимизда, жамоани 6-ўриндан атиги 2 очко ажратиб турганди. Ўшанда жуда-жуда юқорилаб кетишига қарамай, биз «Бухоро»нинг мазкур жадвалга киролмай қолишини назарда тутгандик.

Кимлардир бухороликларнинг мазкур олтиликдан жой ололмасдан, уларнинг ўрнини АГМК ёхуд «Навбаҳор» эгаллаши мумкинлигини тасаввурларига ҳам сиғдиролмаган бўлсаларда, Суперлигада ҳар қандай воқеа юз беришини атиги 3та тур мисолида кўрдик.

«Бухоро» мазкур турлардан ўрин олган учала учрашувида ҳам мағлуб бўлди ва 8-тургача тўплаган 18 очкоси билан қолиб кетди. Табиийки, бунинг натижасида деярли барча таъқибчилар бухороликларга яқинлашиб қолишди.

Аввалроқ бухороликлардан 7 очко орқада бўлган «Локомотив» ҳамда «Навбаҳор» эса, умуман, Улуғбек Бақоев бошчилигидаги жамоага тенглашиб олди!

Сўнгги турда меҳмонда «Металлург» устидан қозонилган ғалаба олмалиқликларга яна шижоат бахш этиши турган гап. Зеро, АГМК билан 6-ўрин ораси атиги 3 очкони ташкил этмоқда!

4-жадвал (эҳтимоллик даражаси - 40 фоиз)

1. Навбаҳор          5       6-3        10

2. Пахтакор          5       6-4        10

3. Бунёдкор          5       6-6        7

4. Насаф               5       5-6        5

5. АГМК                5       4-5        5

6. Локомотив        5       3-6        4

ЭНГ ЮҚОРИ КЎРСАТКИЧ - «БУНЁДКОР»ДА

Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги «Бунёдкор» барча жадваллар ичида энг кўп очко (12) тўплаган ягона жамоа бўлиб турибди. Ҳали ҳеч бир клуб эҳтимолий ўйинларда жамланадиган очколар аро 4 ўйинда юта олгани йўқ.

«Қалдирғочлар» фақатгина «Локомотив»га имкониятни бой беришди, холос. Қолган тўрт учрашувда дуранг ҳам қайд этмаган ҳолда 12 очко жамғаришди.

5-жадвал (эҳтимоллик даражаси - 30 фоиз)

1. Бунёдкор         5             10-5       12

2. Локомотив       5             7-5          8

3. Пахтакор         5             8-4          7

4. Насаф              5             9-8          7

5. Металлург       5             5-11       5

6. Бухоро             5             5-11       3

ТАҲЛИЛ ХОТИМАСИ

Эътиборингизга биринчи давра якунига кўра жадвалда юзага келган ҳолатнинг қисқартирилган кўринишини ҳавола этсакда, кейин сўнгги фикрлар билан мақоламизни тугатсак.

1 ПАХТАКОР       11           23

2 БУНЁДКОР       11           22

3 ЛОКОМОТИВ    11           18

4 НАВБАҲОР       11           18

5 БУХОРО           11           18

6 МЕТАЛЛУРГ     11           16

7 Қўқон-1912     11           15

8 Насаф              11           14

9 АГМК               11           13

10 Қизилқум      11           9

11 Сўғдиёна      11           9

12 Нефтчи         11           5

Демак, 8-турдан кейинги вазиятда бўлгани каби, бу ерда ҳам «Қизил­қум», «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» жамоалари сўнгги уч поғонадан жой олишди ва юқори олтилик билан орадаги фарқ 7 («Нефтчи»ники 11) очкони ташкил этди.

Тахминан яна 4та турдан сўнг бу клубларнинг олтилик жамоаларига етолмай қолишлари (ёки етиб олишлари) мумкинлигига қисман ойдинлик киритишимиз мумкин бўлади.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг («Локомотив»нинг ҳам) кучли олтиликка киришига деярли шубҳа йўқ. Қолган учта ўринга - 6та даъвогар кураш олиб боришади. Юқорида тилга олинганидек, агар «Насаф» ҳам яқин орада ўзини ўнглаб ололмаса, кейин кеч бўлиши мумкин.

Демак, иккинчи даврада тахминан икки йўналишдаги курашга гувоҳ бўлишимиз мумкин:

1. «Навбаҳор», «Бухоро», «Қўқон-1912», «Металлург», «Насаф» ва АГМК ўртасидаги олтиликка кириш учун кечадиган кураш;

2. 1 ва 9-ўрин оралиғидаги жамоа­лар ўртасидаги ўзаро ўйинлар орқали жамғариб бориладиган «олтин очколар» кураши;

ХУЛОСА

Бугунги шарҳимизни 8-тур якунларида қилинган ҳисоб-китобларнинг давоми ўлароқ тилга олдик. Хулоса чиқариш яна ўзингизга ҳавола.

Ўшанда айтилган гапларни бугун ҳам яна бир бора такрорлаш ошиқчалик қилмайди: бу ерда фақатгина баъзи вариантлар ҳисоб-китоб қилинган, холос. Вариантлар эса жуда кўп. Мусобақа жадвали бўлса янада чигаллашиб боришини тахмин қилиш мумкин.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz