Қайднома

Қидирув

Pepsi Суперлига. Биринчи давра: 19 нафар кипер статистикаси (+фотогалерея)

Pepsi Суперлига. Биринчи давра: 19 нафар кипер статистикаси (+фотогалерея)

  26.05.2018 00:18
  0
  915
Pepsi Суперлига. Биринчи давра: 19 нафар кипер статистикаси (+фотогалерея)

Pepsi Суперлига биринчи давраси доирасидаги жами 66та баҳсда 12 жамоа дарвозасини 19 нафар дарвозабон қўриқлади. Асосий факт: голкиперлар ҳеч қайси ўйинда майдондан барвақт чиқиб кетишмади.

10та ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилди, яъни киперлар биринчи даврадаги 6,6 фоиз учрашувда ўз дарвозаларини дахлсиз сақлаб қолишди. Яна 27та ўйинда рақиб жамоалардан  бирининг дарвозабони гол қўйиб юборгани йўқ.

Умуман, 12та клубдан  атиги 5таси биринчи давра доирасидаги 11та турда ягона дарвозабонга тўлиқ 100 фоиз ишонч билдирди.

* Биринчи давра ўйинларида қатнашган 19 нафар дарвозабондан 3 нафари легионердир. Улар орасида қирғизистонлик Павел Матяш «Олмалиқ»нинг бошқа дарвозабонлари, жумладан, Роман Абдуловга «нон қолдирмаяпти».

Павел 3-турдан эътиборан асосий таркибдан жой олди ва қаторасига 9та ўйинда майдонга тушиб, улардан 5тасида гол қўйиб юбормади.

* «Пахтакор» посбони Элдор Суюнов 3та уй ва 2та сафар ўйинида дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Умуман, у 11та ўйинда атиги 7та гол  қўйиб юборди ва 1та сариқ карточка олди.

Билсангиз керак, Элдор ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида амалиётсиз қолганди. Демак, миллий жамоамизга номзод киперлардан бири ҳақиқий маънода ўз даражасига қайтмоқда.

* «Қўқон-1912» голкипери Ўткир Юсупов ҳам 5та ўйинни «қуруқ» ўтказди (уйда 3та, меҳмонда 2та). Умуман, сўнгги икки баҳсда 2та сариқ карточка олган бу кипер 11та ўйинда атиги 6та гол қўйиб юборди.

Дарвоқе, Юсупов 7 апрель куни Тошкентда «Локомотив»га қарши кечган баҳсда бразилиялик ҳужумчи Нивалдо билан юзага келган можаронинг бош иштирокчиларидан бири бўлганди.

Хуллас, у биринчи давранинг энг кўп кўзга ташланган киперларидан. Яна бир факт: Ўткир жорий мавсум бирор ўйинда 1тадан кўп гол қабул қилмади.

* Мавсум старти арафасида «Навбаҳор» сафига қўшилган Ботирали Эргашев «Локомотив»га қарши кечган уй баҳсида ҳақиқий Осиё чемпионига хос ҳаракатланди.

1-7-турлар оралиғида дарвозадан жой олган Ботирали кейин қаторасига 3та баҳсда четга чекиниб, ўрнини Акбар Тўраевга бўшатиб берди.

Илҳом Мўминжоновнинг ушбу ротацияси ўзини тўлиқ оқлаганини баралла айтиш қийин. Лекин Акбарнинг «Бухоро»га қарши кечган сафар учрашувида ғалабага катта ҳисса қўшганини алоҳида тилга олиш керак.

* Санжар Қувватов («Насаф») сафар учрашувларининг 4тасида дарвозасидан тўп ўтказиб юбормади. Бироқ Қаршида рақиблар уни ҳар сафар камида бир бора маҳв этишди.

Жамоанинг сўнгги муваффақиятсизликларида Қувватовнинг ҳам «ҳисса»си бор, албатта. Аммо унинг ўрнига 19 ёшли Умиджон Эргашевга ишонч билдиришга ҳали эрта, барибир, назаримизда.

* «Бухоро» посбони Асилбек Омонов клубнинг ўз майдонидаги 4та ва меҳмондаги 1та ўйинини «қуруқ» ўтказди. Бироқ Асилбек охирги 3та ўйинда 6 бора ожиз қолди ва бухороликлар фақат ютқазишди.

Омонов шунингдек, 3та сариқ карточка «ишлади», АГМК билан баҳсда ўз номига автогол ёзиб қўйди. Шулар унинг биринчи давра қаҳрамонларидан бири сифатида эътироф этишимизга бироз монелик қилмоқда.

* «Сўғдиёна» сафидаги асосий голкипер Дилшод Ҳамроевнинг жорий мавсумдаги ишлари худди «Насаф» вакили Санжар Қувватовникига ўхшаш. У 3-7-турлар оралиғида нақ 12та гол қабул қилди.

Жамоанинг янги бош мураббийи Сергей Лушан шунга қарамай, захирачиларга эътибор қаратмаяпти, жумладан, 25 ёшли Ширинбой Абдуллаевга.

* «Нефтчи»да дарвозабонлар билан вазият бир қарашда, тушунарлидек. Аслида-чи? Абдумавлон Абдужалилов 3та баҳсда 2та гол қўйиб юборган бўлса, украиналик легионер Виталий Мирний 8та учрашувда 13 марта ожиз қолди. Демак, жамоа мураббийлар штаби бу борада ҳали анча бош қотириши керакка ўхшайди.

PEPSI Суперлига: биринчи давра баҳсларида қатнашган дарвозабонлар

Т|р.   Дарвозобон                                   Клуби            Дақиқа        Ўйин       Гол

1.       Асилбек Омонов                            «Бухоро»            990              11         -14

2.       Дилшод Ҳамроев                           «Сўғдиёна»         990              11         -18

3.       Санжар Қувватов                          «Насаф»              990              11         -11

4.       Ўткир Юсупов                               «Қўқон-1912»      990              11         -6

5.       Элдорбек Суюнов                         «Пахтакор»          990              11         -7

6.       Игнатий Нестеров                         «Локомотив»        900              10         -9

7.       Павел Матяш (Қирғизистон)            АГМК                  810              9           -10

8.       Ботирали Эргашев                        «Навбаҳор»          720              8           -6

9.       Виталий Мирний (Украина)           «Нефтчи»             720              8           -13

10.     Евгений Черемисин (Россия)         «Қизилқум»          630              7           -10

11.     Зафар Сафоев                              «Металлург»         630              7           -10

12.     Мурод Зуҳуров                             «Бунёдкор»           540              6           -5

13.     Суҳроб Султонов                          «Бунёдкор»           450              5           -5

14.     Жавоҳир Илёсов                           «Металлург»         360              4           -3

15.     Эркин Жабборов                           «Қизилқум»          360              4           -7

16.     Абдумавлон Абдужалилов             «Нефтчи»              270              3           -2

17.     Акбар Тўраев                                «Навбаҳор»          270              3           -2

18.     Роман Абдулов                              АГМК                    180              2           -3

19.     Маъмур Икромов                          «Локомотив»           90              1            -1

Довудхон Акрамов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz