Қайднома

Қидирув

Жанлуижи Буффон: «Футбол туфайли яхши одам бўлдим!»

Жанлуижи Буффон: «Футбол туфайли яхши одам бўлдим!»

  28.05.2018 06:16
  0
  1202
Жанлуижи Буффон: «Футбол туфайли яхши одам бўлдим!»

Италиялик футбол афсонаси Жанлуижи Буффон «Ювентус»дан кетиш қарорини расман эълон қилиш арафасида каталониялик ҳимоячи Жерар Пикенинг интервью ҳақидаги илтимосини рад этмай, у билан дилдан суҳбатлашди.

Шубҳа йўқ, узоқ йиллик фаолиятида улкан тажриба тўплаган моҳир посбоннинг ҳаёт йўли кўпчиликни қизиқтиради.

Касбдошлар ўртасидаги мулоқот Жижининг болалик орзулари, ёрқин ғалабалари, унутилмас воқеалар, «Ювентус»га садоқати ва албатта, келажак режаларини қамраб олди.

- Жижи, аввало, Туриндаги машғулотлар базасида суҳбат учун менга вақт ажратганингдан бағоят миннатдорман! Сен ҳақингда кўп ўқиганман, масалан, спортчилар оиласидан эканлигингни биламан. Мумкин бўлса, бошида ота-онанг, опаларингга алоҳида тўхталсанг...

- Ҳа, чиндан ҳам, спортчилар оиласида улғайганман. Шундай экан, ҳаёт йўлим аввалдан маълум эди. Отам ҳам, онам ҳам халқаро даражадаги спортчи бўлишган, икки нафар опам эса волейбол бўйича «А» серияси ҳамда миллий терма жамоада ўйнашган.

Улардан бири мендан фарқли равишда, ЕЧЛда ғолиб чиқишга ҳам улгурди. Қисқаси, мендан таниқли спортчилар оиласига муносиб натижалар кўрсатиш талаб этиларди. Умуман, футболдек мафтункор ўйинга ошуфта бўлиб, дарвозабонликни танлаганимдан бахтиёрман.

- Футболга боғлиқ дастлабки ёрқин болалик хотираси...?

- Менимча, бу 1982 йилги жаҳон чемпионати воқеалари. Ўшанда чамаси 4 ёшда бўлганман, аммо Италия термасининг чемпионликка эришганини билганман.

- Мен эса у пайт ҳали туғилган ҳам эмасдим.

- Тўғри, жуда ёш бўлганим сабабли, чемпионат нималигини тушунмаганман.  Лекин катталар ТВ атрофига тўпланиб, ҳамюртларимизга мухлислик қилишгани ёдимда.

Бир куни ҳовлида тўп тепиб юриб, бу ўзимга жуда ёқаётганини яққол сездим. Шундан кейин кундузи футбол ўйнайдиган, кечқурун мухлислик қиладиган бўлдим...

- Катталар миқёсидаги дебютингни 17 ёшда «Парма» сафида «Милан»га қарши ўйинда нишонлаб, дарвоза дахлсизлигини таъминлагансан. Ёш бўлишингга қарамай, жиддий жамоа таркибидан мунтазам жой олганингни қандай изоҳлайсан?

- Чиндан ҳам, 90-йиллар ўрталарида «Парма» Европада кўзга кўринган жамоалардан бири саналарди. Жамоа қандайдир 10 йил ичида УЕФА кубоги ва суперкубоги, шунингдек, Италия кубогини қўлга киритган.

Қолаверса, жамоамиз ички мусобақада «Милан» билан пешқадамлик қилаётганди. Ўша пайт миланликлар сафида Баджо, Веа, Савичевич ва Мальдини каби юлдузлар тўп суришган.

Эрталаб мураббий ёнига чақириб, майдонга тушишимни маълум қилди. Очиғи, ҳали ўсмир эдим, аммо сира чўчимадим. Аксинча, ниҳоят, ким эканлигимни кўрсатиб қўйиш имконияти юзага келаётганидан роса қувонгандим.

- 19 ёшингда эса терма жамоада дебют қилиш учун Россияга йўл олдинг.

- Ҳа, бош мураббий Мальдини бунга қадар мени машғулотларга 5-6 марта  чақирган, лекин майдонга туширмаганди. Чунки Перуцци ва Пальюкадек маҳоратли киперлар ўйнашга ҳақлироқ эдилар.

Эсимда, Россияга ЖЧ-98 саралаш босқичи доирасидаги ўйин учун боргандик. Москвадаги учрашувнинг 25-дақиқасида Пальюка тиззасидан жароҳатланди. Одатда майдонга дадиллик билан тушардим, аммо ўша оқшом бироз ҳаяжон босди. Сабаби - майдон оппоқ қор билан қопланганди, бундан ташқари, натижа катта аҳамият касб этарди.

Ўйинга қўшилганимдан 5 дақиқа ўтгач, руслар қулай вазият яратишди. Муҳими, чап томонга йўлланган кучли зарбани бартараф этиб, ҳисоб  очилишига йўл қўймадим. Айни ўша ажойиб «сэйв»дан кейин ҳаяжоним тарқалди ва ўйинни хотиржам давом эттирдим.

- Жижи, 5та ЖЧда қатнашган саноқли футболчиларнинг бири сифатида футбол тарихига кирдинг. Бундай шарафга атиги 3 киши эришган - сен, Маттеус ва...

- Мексикалик дарвозабон.

- Бу юксак натижа хусусида нима дея оласан?

- Фақат ижобий ва ёқимли фикрлар... Шунингдек, фахрланиш ҳиссини туяман. Зеро, бундай натижага эришиш учун олис йўлни босиб ўтиш, кўп нарсалардан воз кечиш талаб этилган.

- Яна тинмай тер тўкиш ҳам...

- Албатта. Биргина иқтидорнинг ўзи билан ҳеч вақога эришиб бўлмайди. Муваффақиятда машаққатли меҳнат ҳам муҳим ўрин тутади.

Бутун тарихда атиги 3 нафар футболчига 5та мундиалда иштирок этиш бахти насиб этганининг ўзи кўп нарсадан далолат ва бу факт етарлича қувонч бағишлайди. 5та ЖЧнинг 2таси Европа, қолганлари эса Осиё, Африка ва Америка майдонларида ўтказилгани эса янада кучлироқ завқ беради.

- Қара-я, шундай муҳим жиҳатга эътибор қаратмаган эканман.

- Ҳа, футбол туфайли барча қитъаларда бўлдим. Албатта, 6-мундиалда қатнашиш истаги ҳам йўқ эмасди. Агар Россияга борганимда, мутлақ тенгсиз кўрсаткич соҳибига айланардим. Лекин афсусланишдан маъно йўқ, борига шукр қилиш маъқулроқ, менимча.

- Янглишмасам, Италия термасидаги фаолиятингнинг чўққиси Германия мундиали-2006га тўғри келган бўлса керак. Ўша турнирдан қандай хотиралар қолган?

- Немислар диёрида ўтган мусобақа италияликлар учун ўзига хос синов ва тажриба вазифасини ҳам ўтади. Яна бир томони, бу юртда истиқомат қилувчи италиялик иммигрантлар жуда кўп. Шу боис, ўзимизни худди уйдагидек ҳис қилгандик.

Шунингдек, мухлисларга ғалаба тортиқ этиш профессионал бурчимиз эканлигини теран тушунган ҳолда, бор кучимизни ишга солдик. Муҳими, миллатдошларимиз мадади яққол сезилди, бегона юртда тўп сураётганимиз заррача билинмади.

Айниқса, Дортмундда Германия термасига қарши кечган ярим финал баҳсида ғалаба (2:0) қозонганимиздан кейин стадион ва шаҳарда юзага келган ажиб манзара ўта кучли таассурот уйғотди.

Очиғи, ўша учрашувда мезбонлар босимига қандай дош берганимизни ҳалигача тушунтириб беролмайман. Лекин факт шуки, «овертайм»ларда 2та гол уриб, ғалабани илиб кетгандик. Диққат қилинг, эрталаб соат 05:00да меҳмонхонага етиб борганимизда, йўлимизга чамаси 10 минг италиялик мухлис пешвоз чиққанди.

- Ақлга сиғмайдиган ҳолат!

- Энг ҳайратлантирадиган жиҳат шуки, немисларни маҳв этганимиздан кейин гўёки, чемпион бўлгандик, ўта хотиржам эдик. Чинакам телбалик...

- Боз устига, хавфли телбалик.

- Ҳа, албатта. Орадан 12 йил ўтди. Ҳозир ўша Франция термасини хаёлан ўйласам, таркиби нақадар кучли бўлганига амин бўламан. Шу маънода айтсам, «Ғалаба нақд, чемпионлик чўнтагимизда» қабилида ўйлаб қаттиқ янглишгандик.

Қисқаси, ҳал қилувчи баҳсга ярим финалдагидек тайёрланолмадик. Ёдимда, Германия термасига қарши баҳс олдидан 6-7 соат ухлагандим, финалгача эса атиги 2 соат!

Эҳтимол, шу сабаблар туфайли финалда кескинлик меъёри талаб даражасига чиқмагандир. Аниқ эсимда, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясидан сўнг ғалабани нишонлашга мадоримиз қолмаганди. Ақл бовар қилмас даражада кўп куч йўқотганмиз.

- «Скуадра Адзурра» кейинчалик ЖАР ва Бразилияда мухлислар ишончини оқлай олмади, ЖЧ-2018дан эса четда қолди. Нима деб ўйлайсан, балки Италия футболи қандайдир бошқача йўлдан бориши керакдир...

- Менимча, нимадир ўз жойида эмас. Италиядан энди ноёб иқтидорлар чиқишмаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Ҳа, мен терма жамоа сафига қўшилган пайт таркибда Баджо, Дель Пьеро, Тотти, Инзаги, Монтелла, Вьери каби буюк ижрочилар йиғилишганди.

Умуман, ҳозир барча иқтидорларни бирданига эслаб, санаб ўтиш қийин. Шунга таққосласак, сўнгги йилларда ажойиб жамоа шаклланган бўлсада, ёрқин ижрочилар аввалгидек кўп эмасдилар.

Евро-2012 финалига чиққанимиз ва 2016 йилги қитъа биринчилигида рисоладагидек иштирок этганимиз - азалий анъаналарга интилганимиз самараси. Яъни ғуруримиз ёрдамида асл имкониятдан яхшироқ ўйнадик.

- Демак, асосий муаммо - иқтидорлар етишмовчилиги.

- Шундаймикин? Майли, «А» серияси савия бобида пастроқдадир. Лекин лига «ПСЖ» ёки «Реал» каби бой жамоалар талабига жавоб берадиган ўйинчиларни етказиб бераётган экан, терма жамоа савияси юқорилигича қолаверади.

Тўғри, шунинг баробарида тан олиш керак, айни пайт Парижда ўйнаётган Верратти ва «Ювентус» вакилларини ҳисобга олмасак, топ-клубларга ярайдиган футболчилар йўқ, ҳисоб.

- Машҳур можародан сўнг «Ювентус» «В» сериясига тушириб юборилгач, жамоада қолиб, барчани ҳайратга солгандинг. Ҳар ҳолда, қайсидир гранд сафига қўшилиб, ЕЧЛда ўйнашинг мумкин эди. Ўша қарорингни қандай изоҳлайсан?

- «В» сериясида ҳам жамоа билан бирга бўлиш вариантини онгли равишда танладим. Ҳар қайси спортчи фаолиятида унинг жонажон клуби ва мухлисларга муносабатини аниқ белгилаб берадиган воқелик кузатилади.

Хуллас, ўша паллада спортчи ҳам бошқалар каби оддий инсон эканлигини кўрсатиш, ҳаётда машҳурлик ва бойликдан муҳимроқ қадриятлар ҳам борлигини исботлаш учун менда ажойиб имконият туғилганди.

Бу ишим билан фахрланаман! Кейин жамоамиз «В» сериясида ғолиб чиқди - ўта хушчақчақ мавсум. Шундан сўнг элитада 2 мавсум жуда яхши иштирок этдик - 2 ва 3-поғоналарни эгалладик. Аммо чиройли қайтиш омадсизликларга уланди - кейинги 2-3 йил роса қийналдик ва ҳаттоки, 6 ёки 7-ўринга тушиб кетдик.

Ўша вақт жамоа таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган, ўз юзи, анъаналарини йўқотиб қўйганди. Натижада ҳаммасини қайтадан бошлаб, астойдил тер тўкишга тўғри келди. Муҳими, 6 йиллик машаққатлардан сўнг яна скудетто соҳибига айландик.

- 23 йиллик фаолиятинг давомида атиги 2та клуб либосини кийдинг. Нима, бирор марта хорижда ўйнаб кўришга қизиқмадингми?

- Тўғри, хорижда нотаниш кишилар билан учрашасан, ўзгача турмуш тарзи ва менталилетга дуч келасан. Булар жуда қизиқ. Аммо мен ич-ичимдан италияликман.

Юртимда камчиликлар, муаммолар, жумладан, кальчополи каби можаролар етарли эканлигини яхши биламан. Лекин ундан кўнгил узолмайман, барибир. Оддий айтганда, айни шу муҳаббат Италиядан чиқиб кетишимга имкон бермади.

- 23 йил давомида футбол кескин ўзгарди ва барчасига гувоҳ бўлдинг. Жумладан, дарвозабонлар оёқлар билан кўпроқ ўйнай бошлашди. Буни қандай баҳолайсан?

- Ҳаётнинг барча жабҳалари каби футбол ҳам тўхтовсиз тараққиёт жараёнида. Дарвозабоннинг оёқларини кўпроқ ишга солиши ўйин суръатини оширади. Қолаверса, ҳозирги голкипернинг вазифаси фақат тўпни қайтариш эмас.

Хусусан, жамоа ҳужумининг нечоғли ривожланишию, самара бериши ҳам айнан киперга боғлиқ. Яъни амплуадошларимдан ҳужумни тўғри йўналиш бўйича бошлаш ҳам талаб этилмоқда.

- Вақтида футбол туфайли мукаммал инсонга айланганинг ҳақида гапиргандинг. Айтчи, агар футболни танламаганингда, қайси соҳага бош суқардинг?

- Аввало, айтишим керак, ҳеч қайси йўналишда ҳозирги савияга эришолмасдим - бу аниқ. Балки ота-онам каби жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлармидим?

Ҳар ҳолда, бошида ҳаммаси шунга қараб кетаётганди - болажонлар билан ишлаш, улар даврасида шуғулланишни ёқтирардим. Лекин кейинчалик футбол мени шунчаки, сеҳрлаб олди.

У туфайли қанчадан-қанча изтироблар, қувончли онлар, ғалаба сурурларини бошдан кечирдим. Охир-оқибат, рисоладаги инсон қиёфасига кирдим. Бунинг учун футболдан бир умр миннатдорман!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz