Қайднома

Қидирув

Инфантинонинг махфий учрашуви ёхуд УЕФА янги нуфузли турнир ташкил қилмоқчи

Инфантинонинг махфий учрашуви ёхуд УЕФА янги нуфузли турнир ташкил қилмоқчи

  28.05.2018 06:39
  0
  221
Инфантинонинг махфий учрашуви ёхуд УЕФА янги нуфузли турнир ташкил қилмоқчи

Ўтган ҳафта Жанни Инфантино Европанинг еттита гранд клуби вакилларини тўплаб, норасмий учрашув ўтказди.

Айни пайт Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)га раҳбарлик қилаётган швейцариялик мутасаддидан «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Барселона», «Реал», «Ювентус», «ПСЖ» ҳамда «Бавария» клубларига таклиф келиб тушган, дея хабар берди The New York Times.

Бу жамоалар ўтган йили 4 миллиард доллардан ортиқ даромад кўришганди. Қолаверса, мазкур клубларнинг мухлислар аудиторияси анча кенг.

Ушбу «еттилик» орқали Инфантинонинг асосий ғояси - Project Trophy лойиҳасини амалга ошириш осонлашади.

ЯНГИ ТУРНИР

Америка нашрининг хабар бериишча, ФИФА раҳбарининг «кучли еттилик» билан учрашуви у Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) президенти Александер Чефериндан мактуб олган кунининг эртасига бўлиб ўтган.

Чеферин клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати (ўзгартирилган форматдаги) ҳуқуқини Япония банкларидан бири - SoftBank бошчилигидаги консорциумга топшириш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган. Ушбу банк назорати остида йирик инвестиция фонди бўлиб, уни Саудия Арабистони ва БАА ҳам қўллаб-қувватлайди.

Турли манбаларда қайд этилишича, турнирдан тушган даромаднинг 25-35 фоизи конфедерацияларга тегса, қолган пулларни 24та клуб ўзаро бўлишиб олишади (яъни ҳар бир иштирокчи 2-3 миллиондан олиши мумкин).

Ғолиб жамоа қўшимчасига 65-70 миллион долларга эга бўлади. Солиштириш учун: сўнгги марта БААда ўтказилган клублар ўртасидаги ЖЧ ФИФАга атиги 37 миллион доллар келтирганди.

Маълум бўлишича, жорий йил Инфантино молиявий жиҳатдан мукаммал лойиҳа ҳақида хабар бериб, ФИФА унинг ортидан 25 миллиард долларгача даромад топиши мумкинлигини айтган.

Бунинг учун ташкилот термалар (дунё лигаси) ҳамда клублар (24 иштирокчидан иборат жаҳон чемпионати) учун янги турнир ташкил этиб, инвесторларга ушбу мусобақалар ҳуқуқининг ярмини бериши талаб этилади.

Мазкур ҳолатда швейцариялик мутасадди махфийлик бўйича келишувга таяниб, барча деталларни ошкор қилмаган. ФИФА гап айнан япон банки ҳақида кетаётганини расман тасдиқламади. Шунингдек, банкнинг ўзи ҳам ҳозирча сукут сақламоқда.

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ҳар йил эмас, балки тўрт йилда бир марта (Конфедерациялар кубогининг ўрнига) ўтказишни режалаштиришмоқда.

Тахминларга кўра, қитъалараро тақсимот қуйидагича кўриниш олади: Европа - 12 жамоа, Жанубий Америка - 4,5, Африка, Осиё, Шимолий ва Марказий Америка - 2тадан, Океания - 0,5, мезбон давлат - 1. Қатнашчилар 8та гуруҳга бўлиниб, гуруҳ ғолиблари чорак финалда ўзаро баҳслашишлари мумкин.

КЎЖЧ: ҒОЯ ВА СТРУКТУРА

Келинг, мазкур мусобақани ўтказиш тизимига янада батафсилроқ тўхталамиз. Тан олайлик, турнирнинг ҳозирги формати ҳаттоки, мутасаддиларни ҳам зериктириб юборди. Ҳар йили Европа гранди Осиё, Африка ва Жанубий Америкадан келган рақибларини енгиб, кубокни олиб кетади - ҳеч қандай интрига йўқ. Афтидан, шу жиҳат ФИФАни кўпроқ ўйлантириб қўйган: бошқа қитъа вакилларининг кучи етмаяптими, демак, Европа жозибасини кўпайтириш лозим.

Формат

* Чемпионатда 24та жамоа қатнашади, улардан 12таси Европадан бўлади;

* Иштирокчилар 3тадан 8та гуруҳга бўлинади;

* Гуруҳда ғолиб чиққан жамоалар чорак финалга, қолганлар эса уйга йўл олишади;

* «Плей-офф»да қўшимча бўлимлар белгиланмай, дарҳол пенальтилар сериясига мурожаат этилади;

* Ҳар бир жамоа камида иккита ўйин ўтказади. Финалчилар жами 5тадан учрашувда майдонга тушишади;

Сана ва мезбон

* Турнир дебюти - 2021 йилга белгиланиб, кейингиси 2025 ва шу тарзда давом этаверади. Ҳозирча мусобақа ўтказиладиган жой аниқланмаган, катта эҳтимол билан унга Хитой мезбонлик қилади. Келгусида ўйинлар АҚШ ва Саудия Арабистонида ўтказилиши мумкин;

* Турнир 18 кун мобайнида давом этади. Унинг дастлабкиси тахминан 10-28 июль оралиғида ўтказилади.

Иштирокчилар структураси

* UEFA (Европа) - 12та клуб;

* CONMEBOL (Жанубий Америка) - 4та клуба. Яна битта жамоа Океания вакили билан «ўтиш ўйини»да беллашади;

* CAF (Африка) - 2та клуб;

* АFC (Осиё) - 2та клуб;

* CONCACAF (Шимолий Америка) - 2та клуб;

* OFC (Океания) - 1та клуб ягона йўлланма учун Жанубий Америка вакили билан «ўтиш ўйини»да беллашади;

* Мезбон - 1та клуб.

Ташкилотчилар лойиҳани амалга оширишга жиддий киришишган. Буни ФИФА билан келишувга эришган клублар рўйхати ҳам кўрсатиб турибди.

* Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, янги форматдаги дастлабки турнирда «Барселона», «Реал Мадрид», «Ювентус», «Интер», «Милан», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «ПСЖ», «Бавария» ҳамда «Аякс» клублари қатнашишга тайёр эканликларини билдиришган;

* Қолган 2та ўринни «Атлетико», «Манчестер Сити», «Челси», «Боруссия» Дортмунд, «Порту» ва «Бенфика» каби жамоалардан иккитаси эгаллаши мумкин;

* Жанубий Америкадан келиши кутилаётган клубларнинг номи ҳам тайин: «Ривер Плейт», «Бока Хуниорс», «Сантос», «Фламенго», «Пеньяроль» ва «Насьональ».

Иккинчи мусобақадан бошлаб иштирокчиларни саралаш тизими янада мукаммал ҳолга келади, дея хабар берди Sport нашри. 2025 йили Европадан фақатгина ЕЧЛнинг сўнгги тўрт йилликдаги ғолиб ва финалчилари ҳамда энг яхши коэффициентга эга яна 4та клуб (ЕЧЛ орқали қўшилган 8 жамоадан ташқари) қатнашади.

МАҚСАД

Кўриниб турибдики, лойиҳа тижорий аҳамият касб этиб, асосан, даромад кўриш кўзда тутилмоқда. Ҳаттоки, инвесторларга ҳуқуқларнинг 49 фоизи топширилсада, ФИФА йирик маблағга эга бўлади. Бошқа томондан, мазкур турнир УЕФА Чемпионлар Лигасига жиддий рақобат туғдиради.

МУНОСАБАТ

Marca нашрининг хабар беришича, Испания топ-клубларининг лойиҳадан кўнгиллари тўлган, чунки янги турнирдаги иштирок орқали даромад орттириш, бренд довруғини янада кенгроқ ёйиш имкони туғилади. Англия грандлари ҳам айнан шу сабабдан ғояни маъқуллашди.

Аммо ФИФА кенгаши берилган саволларга тайинли жавоб олмагани сабабли ташкилот раҳбарини қўллаб-қувватламаяпти. Қарши чиққанлар тарафида УЕФА ҳам бор. Ньондагиларни лойиҳа атрофидаги махфийлик ташвишга солмоқда.

Бошқа томондан, иккита янги турнир қандай оқибатларга олиб келиши хавотири ҳам йўқ эмас - хусусан, улар халқаро тақвим ва футболчилар жисмоний ҳолатига қандай таъсир ўтказиши назарда тутилмоқда.

Чеферин мазкур жараён жаҳон футболини тамомила тижорий лойиҳага айлантираётганини таъкидлаб, УЕФАни бундай ҳолат қониқтирмаслигини қўшимча қилди.

- Бизни деталлар билан таништиришмаётгани жуда ғалати, - деди УЕФА президенти Kicker нашрига берган интервьюсида. - ФИФА раҳбари махфийлик келишувини рўкач қилишдан нарига ўтмаяпти. Аммо у бундай келишувни шахсан имзолашга ҳақли эмас.

ФИФА кенгаши ҳам воқеалар ривожидан бохабар бўлиши лозим. Инфантинонинг клублар билан учрашуви эса яна бир тушунарсиз ҳолатни юзага келтирмоқда. Унга нисбатан муҳимроқ ҳисобланган жамоалар вакиллари таклиф этилган. Аслида эса, Европада «еттилик» эмас, балки клублар ассоциацияси бор.

Дейлик, УЕФА бутун «Кўҳна қитъа» футболи келажаги муҳокамасига бор-йўғи етти федерация ёки клубни таклиф этишини тасаввур қила оласизми?! Бизда Миллатлар лигаси ташкил этиш ғояси туғилганда, биринчи навбатда, у билан ФИФА президентини таништириб, сўнгра миллий федерациялар ва клубларга мурожаат этгандик.

Айни пайтда эса аниқ сабаб ва тушунтиришлардан холи лойиҳа ҳақида сўз бормоқда. Бизга ғалати таклиф ва кимнингдир кўп пул таклиф этгани ҳақида гапиришмоқда. Шу, холос.

УЕФАни АПЛ ҳам қўллаб-қувватламоқда. Англия премьер-лигаси вакиллари ФИФАнинг клублар ўртасидаги турнирлар билан шуғулланиши нотўғри эканини таъкидлашган.

Шунингдек, Инфантинонинг ғоясига қарши чиққанлар орасида футболчилар касаба уюшмалари халқаро федерацияси ҳам бор. Ушбу ташкилот ҳам янги турнирларнинг тақвим ва ўйинчилар соғлиғига қандай таъсир ўтказишидан хавотирда.

Умуман, мавжуд муаммолар Жанни Инфантинони заррача чўчитмаяпти. У зарур барча келишувларни жаҳон чемпионати бошлангунига қадар амалга оширмоқчи.

The Times берган хабарларга кўра, Инфантино шу муносабат билан тез орада - 1 июнь санасида ФИФАда тезкор йиғилиш ўтказишни режалаштирмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz