Қайднома

Қидирув

Робот мушук, бўёқчи ва «терминатор 3» ёхуд Италия футболидаги энг ғалати ҳомийлар

Робот мушук, бўёқчи ва «терминатор 3» ёхуд Италия футболидаги энг ғалати ҳомийлар

  30.05.2018 06:39
  0
  904
Робот мушук, бўёқчи ва «терминатор 3» ёхуд Италия футболидаги энг ғалати ҳомийлар

2017 йилнинг январь ойида «Пиза» мураббийи Женнаро Гаттузо («Милан» афсонаси ўша вақт шу клубда ишлаётганди) навбатдаги матбуот анжуманига ноодатий меҳмон ҳамроҳлигида кирди. У ким эди?

Қизиқсангиз, марҳамат, Италия футболи ва ҳомийлар ўртасидаги муносабатларга бағинланган мақолани ўқиб чиқинг. Бунда гап асосан ғалати ҳомийлик келишувлари ҳақида боради.



Гаттузо матбуот анжуманига Дораэмон - машҳур японча аниме-сериал қаҳрамони билан бирга ташриф буюрганди. Кейинроқ ушбу келажакка мансуб робот мушук Италия кинотеатрларида болаларни хурсанд қилиш учун «келгани» маълум бўлди. Хуллас, сериални сотиб олганлар реклама майдони сифатида футбол клубини танлашганди.

«Ишончимиз комил, жамоамиз мухлисларининг қизиқишлари мультфильмга катта муваффақият келтиради, - деди «Пиза» президенти Жузеппе Коррадо. - Шунингдек, Дораэмон клубимиз тимсолига айланишидан ҳам умидворман». Бироқ темир мушук «нерадзурралар»(«Пиза»ни ҳам шундай аташади)ни атиги 1та ўйин - «Тернана»га қарши кечган баҳсда қўллаб-қувватлади, холос.

Бунгача «Пиза» 2 ой давомида ғалаба қозонолмаган ва ҳаттоки, гол ҳам урмаганди. Қарангки, Дораэмон қадами хуш ёқибми, жамоа омадсиз серияларига барҳам берди, яъни 1:0 ҳисобида устун келди. 3 очко тақдирини ҳал қилган ягона гол Массимилиано Гатто номига ёзилди.

Энг қизиғи, унинг фамилияси итальян тилида айнан «мушук» маъносини англатади... «Пиза» раҳбарияти Дораэмонни кейинги ўйинларга ҳам таклиф этиши керакмиди? Чунончи, жамоа чемпионат якунида Про-лигага тушиб кетди. Мультфильм намойиши эса анча омадли чиқди.

Японча аниме қаҳрамони Италия футболида намоён бўлган энг кутилмаган реклама персонажларидан биридир. Лекин у бу борада ягона эмас.

Ҳар ҳолда, 1979 йили жамоа либосларида ҳомийлар логотипини акс эттиришга расман рухсат берилганидан буён турли-туман ғоялар амалга кўчди. Яъни клублар янги кинокартиналар афишасини кўрсатишдан тортиб, нотаниш бўёқчини қўллаб-қувватлашгача борди.



2013 йил октябрь. Турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турган Франческо Гвидолин раҳбарлигидаги «Удинезе» клуби «Рома»га қарши ўйинда ноодатий ёзувлари бор футболкадан фойдаланди. Оддий айтсак, ҳаммага таниш Dacia ёзуви ўрнини «Микаэль Нино, бўёқчи» жумласи эгаллаганди.

Нинонинг ўзи танаффус чоғи майдонга тушди ва трибуналар олқишига сазовор бўлди. Албатта, бекорга эмас, у микрофонни худди бўёқ чўткаси каби ушлаб, клубни шарафлади: «Тушунарлики, «Удинезе» сафида ўйнаш яхшироқ, бироқ исм-шарифимнинг либосга тушгани ҳам катта гап - бу ақлга сиғмайди».

Микаэль Dacia томонидан кичик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган танловда ғолиб чиқиш асносида жамоа формасига хоҳлаган ёзувини тушириш ҳуқуқини қўлга киритганди. Танлов мавзуси «Асосийси - иш сифати» бўлиб, барча хоҳловчилар ўзлари ва доимий машғулотлари ҳақида видеоролик яратиб, уни компанияга жўнатишганди.

«Ғолиблик нега айнан менга насиб этди? Эҳтимол, ҳайъат аъзоларини деярли сочилиб кетган шахсий фургоним ҳайратга солгандир? - дея кулди Нино кейинчалик. - Мана, газеталарда мен ҳақимда ёзишди, стадионда мухлисларга кўриниш бердим, энди янги-янги буюртмалар тушмоқда. Очиғи, бўёқчилик касби воситасида шунчалик танилишни сира ўйлаган эмасдим».



«Мартина» - Таранто провинцияси клуби. Бу жамоа ўзининг 70 йиллик тарихи давомида Про лигасидан юқорига кўтарилган эмас. Қисқаси, у фақат Мартина Франка шаҳрида машҳур, маҳаллий ёзувчи Марио Десиатининг довруғи эса анча узоқларга ҳам кетган.

Таниқли ижодкор Римга кўчиб ўтиб, машҳурликка эришишидан аввал Мартина Франкадаги газетада ишлаган. Десиати қаламига мансуб китоблар кўплаб тилларга таржима қилинган, «Бахтиёр никоҳлар мамлакати» романи асосида эса фильм ҳам суратга олинган.

Камтарин «Мартина»нинг энг таниқли мухлиси ҳисобланадиган ёзувчи табиийки, ортиқча рекламага эҳтиёж сезмайди. Бироқ клуб раҳбарияти Мариони хурсанд қилишни ўйладими, ҳар ҳолда, лига пешқадами ва асосий рақиб - «Жиноза»га қарши ўйинда унинг янги асарини «кўз-кўз» этишни лозим топди.

Оддий айтганда, жамоа футболчилари «Поклик» (китоб номи) ёзуви туширилган либосларда ҳаракатланишди. Асар «таъсири» чакки эмас: «Жиноза» 6:0 ҳисобида тор-мор этилди.



- «Лацио» бизнинг «Интер»ни фақат PlayStation ўйинида мағлубиятга учратиши мумкин - «нерадзурралар» мухлислари 2008 йилнинг декабрида бўлган ўйиндан сўнг шундай ҳазиллашишди.

Чунончи, Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Интер» даҳшатли «Олимпико»да «бургутлар»ни 3:0 ҳисобида енгиб, янги маҳсулотлари рекламаси учун Рим клубини танлаган Konami компанияси раҳбарлари кайфиятини ноль даражага туширганди.

Хуллас, «Лацио» видеўйинни тарғиб қилган биринчи жамоа бўлганди. Римликлар ўз либосларида Pro Evolution Soccer сериясининг янги қисми - PES 2009 ёзувини намойиш этишди. Савдо натижалари кўрсатдики, PES Италияда FIFAдан машҳурроқ экан.

Дейлик, бир ой давомида «Лацио» реклама қилган ўйиннинг нақ 675 минг нусхаси сотилди. Бундан илҳомланган Япония компанияси ўз маҳсулотига қизиқишни янада ошириш ҳаракатини бошлади. Бироқ «Лацио»нинг ўша кўринишдаги футболкаси чекланган миқдорда ишлаб чиқилди ва барча хоҳловчи коллекционерларга етгани йўқ.



Бешинчи дивизионда ўйнайдиган «Гранамика» жамоаси Болонья провинциясига тегишли. Клубнинг ёшлар таркибига доимий форма топиш масаласи кўтарилгач (футболчилар турли либосларда майдонга тушардилар), биринчилардан бўлиб, тамаки дўкони соҳиби таклиф билан чиқди.

Йўқ, жамоани футболкалар билан таъминлашга ваъда берган тадбиркор уларда ўз дўкони рамзини акс эттиришни сўрамади, аксинча, тамакини қоралаб чиқишни талаб қилди: «Ёш ўспиринларни чекишга тарғиб этмайман асло. Тамакининг фойдаси йўқ, зарари кўп. Ўзим мактаб давридан чека бошлаганман, ҳозирги ёшлар бундай қилмасликларини хоҳлардим».

Шу тариқа «Гранамика» раҳбарлари талабга мувофиқ, оригинал ғоя ўйлаб топишди - либосга сигарета устидан қора чизиқ тортилган таниш белгини жойлаштириб, тагига ёзув туширишни ҳам унутишмади: «Чекиш ўлдиради! Мендан узоқроқ юр».

Шунингдек, ҳомий дўкони номини ҳам қўшиб қийишди, фақат унга кириш тавсия этилмаслиги ёзилди. Ёш йигитлар янги формада завқ билан тўп суришди, ота-оналар эса ҳомий топиш баробарида тарбиявий миссияни қойиллатган клуб ходимларига тасаннолар айтишди.



Мавсум-2003|2004. Веронанинг «Кьево»си «Учувчи эшаклар» туркумидаги кинофильмлар ижодкорлари билан ҳамкорлик қилган биринчи жамоа бўлди.

Бу борада клуб ва Columbia Pictures ўртасида расмий шартнома ҳам тузилди. Ҳаммаси «Терминатор 3» картинаси рекламаси билан бошланди, кейин афишалар кетма-кетлиги кузатилди - «Ёвузлик макони», «Ўргимчак одам», «Ёмон йигитлар». Кейинчалик бу ғоя кинопродюсер Аурелио де Лаурентисни ҳам қизиқтириб қўйди.

У 2004 йилнинг сентябрида «Наполи»ни сотиб олди ва жамоа чемпионат ўйинларига титул ҳомийсиз киришди. Неаполликлар либосида ҳар сафар қайсидир янги фильм афишасини кўриш мумкин эди.

Улар асосан Италия картиналарини томоша қилишни тавсия этишди: «Севги инструкцияси» ва «Рождестводаги муҳаббат» (бош ролда - Дэнни де Вито). Шунингдек, «Наполи» формасидан америкача лойиҳалар анонслари ҳам жой олди: «Само капитани ва келажак дунёси» фантастикаси ҳамда «Оскар» мукофотига лойиқ кўрилган «Тўқнашув» драмаси.



2009 йили «Парма»нинг титул ҳомийси Monte Parma банки Sony Pictures билан ҳамкорликда қашшоқ мамлакатларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш кампаниясини ташкиллаштирди.

Хусусан, жамоа «Стадио Олимпико»да «Рома»га қарши кечган баҳсда ноодатий тасвирга эга одатий формадан фойдаланди.

Аниқроғи «Булутли» мультфильми ёғингарчилик эҳтимоли борлигини англатувчи шаклчалар кўринишида тарғиб қилинди. Ғоя яхши чиқди, бироқ ўйин йўқ - Николас Бурдиссо ва Маттео Бригининг голлари «Парма»ни мағлубиятга етаклади.



- Футбол - ҳамма ҳар ҳафта томоша қиладиган фильм, - деганди «Сампдория»нинг тиниб-тинчимас хўжайини Массимо Ферреро. У ўтмишда актёр бўлган, шунинг учун «Сампа»ни «Кьево» ва «Наполи» изидан бориб, кино тарғиботига киришганида ҳайратланарли томони йўқ.

Қисқаси, жамоага доимий ҳамкор топиш ишлари давом этаётган 2014 йилнинг сентябрида Ферреро ногаҳон Lucky Red дистрибьюторлик компанияси билан келишувга эришди.

Шу тариқа мухлислар Генуя клуби либосида «Гуноҳлар шаҳри 2», «Катта кўзлар» ва «Ҳаётда лоақал бир марта» (Марк Руффало ҳамда Кира Найтли иштирокидаги мусиқали комедия) фильмлари афишасини кўришди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz