Қайднома

Қидирув

Жонажон қишлоғи учун 300та футболка ёхуд Садио Маненинг қисқача тарихи

Жонажон қишлоғи учун 300та футболка ёхуд Садио Маненинг қисқача тарихи

  30.05.2018 00:18
  0
  2400
Жонажон қишлоғи учун 300та футболка ёхуд Садио Маненинг қисқача тарихи

Сенегаллик ҳужумчини ҳам футбол оламидаги энг олижаноб юлдузлар қаторига қўшиш мумкин. У ҳар қадамда атрофидагиларга яхшилик улашишга мойил.

bombardir.ru сайтининг қуйидаги мақоласи қалби дарё йигитнинг қисқа тарихи ҳақида.

2005 йил. Банбали. Сенегалнинг энг қашшоқ қишлоқларидан бири. Умумий манзара: похол уйлар, тоза ичимлик суви танқислиги. Ҳамманинг нигоҳи кичиккина телевизорда, Европа Чемпионлар Лигаси финалида.

Ўшанда «қизиллар»нинг ақлни шошириб қўядиган буюк «камбэк»ларини бутун қишлоқ бирга томоша қилганди. Футболга асосан оғир ҳаётдан озгина чалғитувчи восита сифатида қарайдиган банбалиликлар ҳам ҳал қилувчи ўйиндаги воқеалар ривожидан шунчаки, ёқа ушлашган ва Хаби Алонсо ҳамда Ежи Дудек каби қаҳрамонлар жасоратидан лол қолишганди.

Четда турган озғин болакай эса тинмай сакрарди. Ҳа, Садио Мане ўша оқшомни жуда яхши эслайди: «Энг яқин дўстларимдан бири биринчи бўлим тугаши ҳамоно бошқа болалар билан ўйнашга югуриб кетди.

У кўп ўтмай, ортга қайтди ва телевизор четидаги 3:3ни кўриб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Мен эса уни юпатишга уриндим: «Қўй, йиғлама, қачондир ҳақиқий медаллари ва кубоги бор ўз финалимизда майдонга тушишга ваъда бераман...». Мана, Мане орадан 13 йил ўтиб, айнан «қизиллар» сафида футболчилик ҳаётидаги энг асосий ўйинда иштирок этди.

Диққатга сазовор томони, сенегаллик ҳужумчи Римда «Рома»га қарши кечган ярим финалнинг жавоб ўйини тугаши ҳамоно ўша дўстини эслаб, унга дарҳол қўнғироқ қилиб, алоҳида огоҳлантирибди: «Юсуф, яхшилаб эшит, 26 май куни финал ҳуштаги янграмасидан олдин ҳеч ким ташқарига чиқиб кетмасин...».

Садионинг болалик дўсти ҳозир ҳам Банбалида яшайди. Эндиликда у «Ливерпул»нинг ашаддий ва содиқ мухлиси. Шунингдек, харобазор ерда маҳаллий болаларни шуғуллантиради. «Албатта, Истанбулда бўлган ўша ажиб финални яхши эслайман, Садионинг гапларини ҳам.

Яширмайман, унинг ваъдасини ушалмас орзудек қабул қилгандим. Бироқ қарангки, бу ярамас бола орзуни икки киши учун амалга оширди. Ҳозир мутлақо бахтиёрман. Фақат битта илтимосимни дўстимга етказиб қўйсанглар: биринчи бўлимни 0:3 қабилида бузиб, асабни ўйнатиш шарт эмас», - дейди Юсуф.

Табиийки, Банбалида ҳамма-ҳамма «футбол вируси»га чалинган. Мисол учун, қишлоқда Киев финали шарафига 26 май санасини расман дам олиш куни сифатида эълон қилишди. Ахир банбалиликлар учун ҳамқишлоқларининг Европа Чемпионлар Лигасида ўйнаши Янги йил байрамидан ҳам улканроқ воқелик саналади.

Умуман, бу Банбали тарихидаги унутилмас воқеа. Айтиш жоиз, ҳозирга келиб, қишлоқда ҳаёт тарзи анча изга тушган, сезиларли ижобий ўзгаришлар бор. Хусусан, Садио ҳам тараққиётга катта ҳисса қўшмоқда. У жумладан, Сенегалнинг инқироз ҳолатидаги районларига ичимлик суви етказиб берувчи компанияга моддий томондан беминнат ёрдам бермоқда.

Қолаверса, маҳаллий мактаблар ва футбол секцияларини зарур жиҳозлар билан узлуксиз таъминлаб келмоқда, яқин атрофда жойлашган ҳудудий госпиталга ҳам бефарқ қарамаяпти.

Умумий ҳисоб-китоб бўйича айтсак, Садио ҳар ойлик даромадининг бешдан бир қисми (20 фоиз)ни Сенегал иқтисодиётини кўтариш ишларига йўналтирмоқда. Хуллас, ажратилаётган сумма Банбали каби 7та қишлоқ бюджетига тенгдир.

2016 йили қишлоқда катта ёнғин чиқиб, бир неча хонадон кулга айланди. Йўқ, одамларнинг ўзларига зарар етмади, ҳеч ким ёнғиндан куймади, аммо гуркираган олов похол уйлар ва томларни бир зумда ўз домига олди. Натижада шундоқ ҳам камбағалликдан зўрға кун кўраётган кишилар бор-будларидан айрилишди.

Ёқимсиз хабарни эшитган Садио эса дарҳол ёрдамга ошиқиб, жабрланган оилаларни янги мебеллар тўплами билан таъминлади. Юсуфнинг ишонтириб айтишича, катта маблағ қишлоқ ва «Ливерпуль» ҳужумчиси ўртасидаги илиқ муносабатларга заррача таъсир қилмаган, қилмайди ҳам: «Барчамиз Муҳаммад Салоҳ Мисрда қандай ҳурматга савозор эканлигини яхши биламиз.

У ўз юртида шунчаки, қўл етмас даражада. Садио эса бошқача. Дўстим қиёси йўқ катта ишларни амалга ошираётган бўлсада, қишлоқда унга ҳалигача қўшни уйдаги болакайдек қарашади. Ҳа, Садионинг эзгу амалларидан миннатдормиз, бироқ барчамиз тенгмиз».

Мане яқинда яна бир диққатга молик хатти-ҳаракати билан ҳам-қишлоқларига чексиз ғурур бағишлади. Ҳаттоки, айримлар бундан кўзларига ёш олишди.

Гап шундаки, сенегаллик ҳужумчи «Ливерпуль» расмий дўконига оддий харидордек кириб, 300та оригинал футболкага буюртма берди ва пулини жойида тўлади. Лекин ўз талабини ҳам баён этди: «Чемпионлар Лигаси финали учун тайёрланган либосдан фарқланмасин. ҳаттоки, чоки ҳам...».

Маълум қилинишича, буюртма тезда тайёрланган ва футболчи футколкаларни финал арафасида ватанига юборган. Мане ёз ойлари учун ҳам аллақачон режа тузиб қўйган: «Жаҳон чемпионатидан кейин албатта, қадрдон қишлоғимга бораман ва барчага финалда олган медалимни кўрсатаман. У олтин бўлиши учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, албатта».

Тўғри, Маненинг бу орзуси амалга ошмади. Лекин муҳими, Банбали финал куни 300та футболка таъсирида бутунлай қизил тусга кирди.

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz