Қайднома

Қидирув

Сарҳисоб. «А» серия: мухлислар ташрифи қандай?

Сарҳисоб. «А» серия: мухлислар ташрифи қандай?

  31.05.2018 06:14
  0
  511
Сарҳисоб. «А» серия: мухлислар ташрифи қандай?

Қаддини нисбатан тиклаб олган «А» серияси (ҳар ҳолда, Италия клублари ЕЧЛда чакки иштирок этмади) мухлислар ташрифи, яъни стадионлардаги «аншлаг» билан унча мақтанолмайди.

Италия чемпионатида бу борадаги ўртача кўрсаткич 24 404 мухлисга тенг. Умумий қараганда, «А» серияси мухлисларни стадионларга чорлаш бобида Испания Ла-лигаси (27 179), Англия Премьер лигаси (37 981) ва албатта, Германия Бундеслигаси (44 335)дан орқада.

Табиийки, бунинг бир талай сабаблари мавжуд: эскирган стадионлар, чипталар нархининг нисбатан баландлиги, мўъжаз шаҳарлар шарафини ҳимоя қилувчи жамоалар гуруҳи...

Лекин итальян мухлислари стадионда чиройли муҳит яратишда кўпчиликка дарс беришади, барибир. Шунингдек, Апеннинда ўртача ташриф барқарор ҳолатда. Яъни «аншлаг» меъёри на пасайиб кетади, на ошиб...

«Кротоне» - 10 089 (ўртача ташриф)

Стадион: «Эцио Шида» (сиғими - 16 640). Бу арена ўтган асрнинг 40-йиллари «Кротоне» шарафини ҳимоя қилган футболчи шарафига аталган. Ижобий жиҳат: «А» сериясининг бирор клубида ўртача ташриф 10 мингдан кам эмас. Дейлик, Кротоне шаҳрида атиги 64 минг аҳоли бор.

СПАЛ - 11 514 (ўртача ташриф)

Стадион: «Паоло Мацца» (сиғими - 13 020). Клубнинг собиқ президенти номини олган арена. Феррара шаҳрида аҳоли кўп, аммо стадион кичик. Қисқаси, СПАЛ ўз аренасини тўлдириш фоизи бўйича биргина «Ювентус»дан орқада, холос.

«Кьево» - 11 550 (ўртача ташриф)

Стадион: «Марк Антонио Бентегоди» (сиғими - 31 045). XIX асрда фаолият юритган вероналик спорт функционери шарафига аталган. Шаҳарда «Кьево» тарафдорларидан «Верона» фанатлари кўп. Нисбатан паст кўрсаткич шу билан изоҳланади.

«Сассуоло» - 11 574 (ўртача ташриф)

Стадион: «Мапеи-Читта дель Триколоре» (сиғими - 23 717). Мапеи - қурулиш аралашмалари ишлаб чиқарувчи фирма, «триколоре» - Италия байроғи белгиси.

«Сассуоло» аҳолиси 40 минг кишидан иборат қадрдон шаҳарчаси эмас, балки 172 минг киши яшайдиган қўшни Реджо-нель-Эмилияда ўйнайди. Эътиборлиси, «С» сериясида иштирок этувчи маҳаллий «Реджана» ўйинларига ташриф икки баравар кам - 5360.

«Беневенто» - 12 182  (ўртача ташриф)

Стадион: «Чиро Вигорито» (сиғими - 16 867). Клубнинг собиқ бош директори шарафига аталган. Бу жамоа ўта кучсиз бўлсада, мухлислари чакки эмаслар. Беневенто шаҳри аҳолиси атиги 60 минг эканлигини ҳам айтиш ўринли.

«Кальяри» - 14 455  (ўртача ташриф)

Стадион: «Сарденья Арена» (сиғими - 16 233). Sardegna - Сардиниянинг итальянча талқини. «Сарденья Арена» 2017 йили қандайдир 6 ой давомида атиги 8 млн. евро эвазига вақтинча қурилган омонат стадион.

Режага кўра,  у 2019 йили бузиб юборилади ва ўрнида автомобиллар тўхташ жойи барпо этилади. «Кальяри» эса тўлиқ реконструкция қилинган «Сант-Элиа»га кўчиб ўтади.

«Удинезе» - 16 887  (ўртача ташриф)

Стадион: «Фриули» (сиғими - 25 132). Тарихий ўлка номи. Удине шаҳрида 100 минг киши яшашини ҳисобга олсак, ташриф паст. Муаммо шундаки, вақтида ЧЛда ҳам ўйнаган «Удинезе» энди юқори ўринлар учун даъвогарлик қилолмаяпти.

«Торино» - 17 462  (ўртача ташриф)

Стадион: «Олимпико Гранде Торино» (сиғими - 28 177). Стадион Олимпиада-2006 шарафига аталган. «Торино» Туриннинг буюк гранди - «Ювентус» билан тенглашиши қийин, лекин жамоа ўзининг содиқ тиффозиларига эга. Ҳар ҳолда, «кекса синьора» бор жойда 15 мингдан кўп мухлисни ўзига қаратиш - катта натижа.

«Аталанта» - 17 620  (ўртача ташриф)

Стадион: «Атлети Адзурри д~Ита-лия» (сиғими - 21 300). Италиялик спортчиларни умумий шарафлаш ибораси. Бергамодаги футбол муҳити зўр. Бироқ «Атлети Адзурри» реконструкцияга муҳтож. Дарвоқе, клуб стадионни ўз номига расмийлаштириб улгурган.

«Верона»- 18 312  (ўртача ташриф)

Стадион: «Марк Антонио Бентегоди» (сиғими - 31 045). «Верона» мухлисларига ҳавас қилиб бўлмайди: уларнинг жамоалари «лифт»га айланди, ҳаттоки, «Кьево»дан ҳам ортда қолди. Шунга қарамай, шаҳарда «мастифлар»нинг тарафкашлари кўпроқ, барибир.

«Сампдория» - 19 974 (ўртача ташриф);

«Женоа» - 21 788 (ўртача ташриф)

Стадион: «Луижи Феррарис» (сиғими - 36 599). Арена биринчи жаҳон урушида ҳаётдан кўз юмган «Женоа» футболчиси шарафига номланган. Генуянинг ҳар икки клуби мухлис тўплашда анъанавий тарзда деярли тенг кўрсаткич қайд қилади, лекин «Женоа» нисбатан машҳурроқ. Бунда жамоаларнинг натижасию, турнир жадвалидаги ҳолати аҳамиятга эга эмас.

«Болонья» - 21 864 (ўртача ташриф)

Стадион: «Ренато Далль~Ара» (сиғими - 36 462). Арена клубнинг собиқ президенти номини олган. Яна бир жуда эскирган стадион. Югуриш йўлакчаси, тушунарсиз рангдаги ўриндиқлар, кичиккина том (фақат асосий трибуна усти ёпилган)...

Аслида талабалар шаҳри саналган Болоньяда анча кўп мухлис йиғиш мумкин, аммо стадион реконструкция қилинмас экан, умумий ҳолат ўзгармаса керак.

«Фиорентина» - 24 753 (ўртача ташриф)

Стадион: «Артемио Франки» (сиғими - 46 366). Флоренцияда туғилган машҳур футбол функционери шарафига аталган. «Фиорентина»нинг уй аренаси кўп жиҳатдан «Бо-   лонья»никига ўхшайди.

Табиийки, камтарона шароитлар билан мухлислар ташрифини ошириш қийин. Дейлик, «Фио» ўтган асрнинг 90-йиллари охирида ўртача ҳисобда 35 минг мухлис қаршисида ўйнарди. Лекин ўшанда таркиб анча қизиқарли эди (Батистута, Руи Кошта, Тольдо...). Қолаверса, арена ҳам ҳали унча эскирмаганди.

«Лацио» - 25 800  (ўртача ташриф); «Рома» - 37 284  (ўртача ташриф)

Стадион: «Олимпико» (сиғими - 70 634). Олимпиада-60 шарафига аталган. Рим клублари мухлислар рейтингида ёнма-ён жойлашди, бироқ ўртадаги фарқ жуда катта.

«Рома»нинг Рим «қалби» эканлиги барчага маълум, «Лацио» эса асосан шу номдаги провинция аҳолиси мададига таянади. Эҳ, олдинги даврлар қани? Дейлик, мавсум-2000|2001да «Лацио» ва «Рома»да ўртача ташриф тегишлича 47 492 ва 64 271 (!)га етганди.

«Ювентус» - 38 824 (ўртача ташриф)

Стадион: «Альянц Стэдиум» (сиғими - 41 507). «Альянц» - Германия суғурта компанияси. «Юве»нинг бу борадаги рейтинг пешқадами эмаслиги Турин гранди менежментини хавотирга солмаётган бўлса керак. Янги стадионда шароитлар зўр, шунга яраша, абонемент ва чипталар нархи баланд. Қисқаси, ўйин куни тушуми чакки эмас.

«Наполи» - 45 498 (ўртача ташриф)

Стадион: «Сан-Паоло» (сиғими - 60 240). Апостол Павел шарафига аталган. Неаполликлар ўз жамоаларини жуда яхши кўришади. Аммо уларнинг стадионга қандай талпинишлари кайфиятларига боғлиқ. Мисол учун, ЧЛ доирасида «Шах-тёр»га қарши кечган учрашувни «Сан-Паоло»да атиги 10 минг киши кузатди.

Яна бир томони, клубда абонементлар сотуви тўғри йўлга қўйилмаган. «Наполи» якунланган мавсум бу борада биргина «Сассуоло»дан яхшироқ натижа қайд этди, холос.

«Милан» - 51 329 (ўртача ташриф); «Интер» - 58 172 (ўртача ташриф)

Стадион: «Жузеппе Меацца» (сиғими - 80 018). «Интер» ва «Милан» клубларининг афсонавий футболчиси шарафига номланган. Умумий ҳисоб-китоб бўйича Милан клублари доимий пешқадамлар саналади.

Ўртача ташриф охирги мавсумда аввалгисига нисбатан чамаси 10 мингга яхшиланди. Агар «нерадзурралар» ва «россонерлар» ривожланишда давом этишса, мухлислар сафи янада кенгайиши аниқ.

БОНУС

«В» сериясида қайд этилган энг юқори ўртача кўрсаткичлар

«Бари» - 17 414

«Чезена» - 12 019

«Фоджа» - 11 121

«Парма» - 10 881

«Салернитана» - 9 792

«С» сериясида қайд этилган энг юқори ўртача кўрсаткичлар (3та гуруҳда)

«Пиза» - 6755

«Виченца» - 6774

«Катанья» - 10 263

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz