Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ-2017|2018. Энг, энг, энг... (Фотогалерея)

ЕЧЛ-2017|2018. Энг, энг, энг... (Фотогалерея)

  06.06.2018 00:13
  0
  4912
ЕЧЛ-2017|2018. Энг, энг, энг... (Фотогалерея)

Soccer.ru 26 май оқшомида Киевда поёнига етган ЕЧЛ турнирининг турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларини эълон қилди.

Энг сермаҳсул жамоа - «Ливерпуль» (41та гол)

«Қизиллар» ғолибликка эриша олмадилар. Лекин клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир мавсумини фантастик тарзда ўтказишди. 41та гол - энг юқори кўрсаткич! Совринни қўлга киритган «Реал» 33та гол билан сермаҳсуллик бобида иккинчи бўлди.

Бу борадаги энг паст натижа «Бенфика»га тегишли - 1та гол. Бундан ташқари, саралаш босқичи натижаларини қўшиб ҳисоблаганда, рақиблари дарвозасини 46 марта ишғол қилган «Ливерпуль» мутлақ рекорд (ўртача 3,06та гол) ўрнатди.

Энг сермаҳсул футболчи - Криштиану Роналду (15та гол)

Тўпурарлар баҳсида яна португалиялик ҳужумчи ғолиб чиқди. Роналду ўзи муваффақият қозонган 5та мавсумда (2008-«МЮ», 2014, 2016, 2017, 2018да «Реал» билан) энг яхши тўпурар унвонини ҳеч кимга бермаган. Умуман, Криштиану қаторасига 6, ҳаммаси бўлиб 7 марта индивидуал соврин соҳиби бўлган. Бу - рекорд натижа.

Энг яхши ассистент - Жеймс Милнер (8та самарали узатма)

Мазкур номинация ғолиби - «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси ҳисобида бирорта гол йўқ. Бироқ у жамоадошларининг тўп киритишларига кўпроқ ёрдам берди. Қизиғи, бу борадаги иккинчи натижа ҳам «Ливерпуль» аъзосига тегишли - Роберто Фирмино 7та самарали узатма муаллифи.

Энг кўп зарба йўллаган жамоа - «Бавария» (ўртача 18,8 марта)

Рақиб дарвозабонларининг тинчини бузиш бобида Мюнхен суперклубига тенг­лаша оладигани йўқ. Ҳар бир ўйинда қарийб 19та зарба - юксак кўрсаткич! Бу борада энг паст натижа «Қорабоғ» клубига тегишли - 6,3та зарба.

Энг «тепағон» футболчи - Криштиану Роналду (ўртача 6,3та зарба)

Португалиялик ҳужумчининг бор эътибори фақат рақиб дарвозасига қаратилганини у бутун бир жамоа билан теппа-тенг натижа кўрсатганидан билиб олиш мумкин.

Ҳисобот мавсумида атиги 9та жамоага португалиялик мергандан кўпроқ маҳсулдорлик кўрсатиш насиб этди. «Севилья» билан «Порту» Роналду билан бир хил кўрсаткич қайд этишди.

Энг қўпол жамоа - «Ювентус» (25та «сариқ», 2та «қизил»)

«Кекса синьора» футбол ўйнашни ўрнига қўяди. Лекин кези келганда, қоидабузарликни ҳам ўринлатади. Тўғри, «Шахтёр» ва «Бенфика»да ҳам 2та, «Қорабоғ»да эса 3та қизил карточка бор. Аммо сариқ ранг­дагилари анча кам.

Бошдан-оёқ «сап-сариқ» - Таулант Жака (5та «сариқ»)

«Базель» ярим ҳимоячиси ЕЧЛнинг 6 учрашувида 5та сариқ карточка олди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, охирги мавсумда ҳакамлар 19 марта қизил карточка кўрсатган бўлишсада, ҳеч бир футболчи икки марта майдондан четлатилмади.

Тўп билан ҳаёт бўйлаб - «Манчестер Сити» (62,6 фоиз)

Мазкур номинация ғолибини аниқлаш учун статистикани титкилашнинг ҳожати йўқ эди - тўп билан муомала қилиш бобида Хосеп Гвардиола жамоасига тенглаша оладиган жамоанинг ҳозирча мавжуд эмаслигини ҳамма билади.

Хуллас, бу борада «Реал» 5, «Ливерпуль» эса 14-поғонадан жой олди. Тўп билан энг кам дийдорлашган жамоа - «Апоэл» (36,36).

Аниқ узатмалар - «Манчестер Сити» (89,2 фоиз)

Аниқлик борасида ҳам «шаҳарликлар» пешқадам. Эътиборли жиҳати шундаки, ана шу устунлик «Ливерпул»ни (81,1 фоиз, 20-ўрин) мусобақадан чиқариб юбориш учун камлик қилди. Тўп назорати бўйича охирги ўринда бўлган «Апоэл» бу номинацияда ҳам рейтингни якунлаб берди - 74,7 фоиз.

«Заргар» ўйинчи - Омар Топрак (95,7 фоиз)

«Боруссия Д» ҳимоячиси тўп узатишларда деярли бехато ҳаракат қилди. Лекин ундаги аниқлик жамоа­нинг гуруҳдан чиқишини таъминлай олмади.

«Иккинчи қават» қироллари - «Монако» (ўртача 20,7та устунлик)

Ҳаводан узатилган тўплар тасарруфида князлик клуби энг яхши натижани қайд этди, ЦСКА 2-поғонадан жой олди - (19,2). «Сельтик» эса 5,8 кўрсаткич билан сўнгги ўринни банд этди.

«Ҳаво»даги энг яхши ўйинчи - Понтус Вернблум (ўртача 4,8та устунлик)

Картинки по запросу Wernbloom champions league 2018

Индивидуал номинацияда Россия клуби вакили ҳам ғолиб чиқиши мумкин. Понтус юқоридан келаётган тўпларни эгаллаб олишда рақибларидан самаралироқ ҳаракат қилди.

Энг кескин узатмалар соҳиби - Эвер Банега (ўртача 3,7та узатма)

«Севилья» ярим ҳимоячиси мунтазам равишда кескин узатмаларни амалга ошириб, бу борада ЕЧЛ етакчиси бўлди. Яъни, Неймар, Фабрегас, Азар, Эриксен ва Дибала каби юлдузлардан кўра яхшироқ натижани қайд этди.

Дриблинг устаси - Неймар (ўртача 7,3та омадли алдаб ўтиш)

«ПСЖ»нинг бразилиялик ҳужумчиси дриблингни хуш кўради ва кўпинча рақибларини доғда қолдиради. Унинг иккинчи поғонадан жой олган «Порту» вакили Ёсин Браимидан (5,1та) устунлиги ҳам сезиларли. Таққослайдиган бўлсак, Мессининг дриблингдаги кўрсаткичи 3,7га тенг.

Фоллар ижодкори - Неймар (унга қарши ўртача 4 марта ўйин қоидаси бузилган)

Бразилиялик ҳужумчининг ўзига хос услуби рақибларини тез-тез ўйин қоидасини бузишга мажбур этади.

Ашаддий қоидабузар - Карим Ал-Аҳмади (ўртача 3,8та)

«Фейеноорд»нинг таянч ярим ҳимоя­чиси тўп ўрнига рақиблар оёқларини тепиши орқали донг таратган. Унга қарши майдонга тушиш зарурати бўлмагани учун Неймар тақдирга миннатдорчилик билдирса арзийди.

Пиппо Инзагининг вориси - Дрис Мертенс (ўртача 1,8та офсайд)

«Наполи» ҳужумчиси рақиб ҳимоячилари билан бир чизиқда тургани ҳолда ҳужум уюштиришнинг ҳадисини олган.

Узатмалар устаси - Жон Стоунз (ўртача 111,6та пас)

«Манчестер Сити» ҳимоячиси ҳар 48 сонияда у ёки бу жамоадошини тўп билан таъминлаган.

Энг яхши «олғир» - Сержиу Оливейра (ўртача 4,4 марта)

Рақибларидан тўпни тортиб олишда «Порту» вакилига тенглаша оладиган ўйинчи йўқ.

Илиб олишлар устаси - Праксителис Вурос (ўртача 4 марта)

«Апоэл» асосий вақтини ҳимояда ўтказгани боис, айнан рақиб узатмаларини илиб олиш бўйича унинг ҳимоячиларида имкониятлар етарли бўлди. Бурос бу борада ЕЧЛ етакчисига айланди.

Энг яхши «даф этувчи» - Жан-Клод Билонг (ўртача 8,5 марта тўпни жарима майдончасидан узоқлаштирган)

«Марибор» ҳимоячиси ўз дарвозаси яқинидаги хавфни бартараф этиш учун бошқалардан кўра кўпроқ жон куйдириб, Италия «А» серияси таклифига сазовор бўлди.

Бироқ уни ўз сафига қўшиб олган «Беневенто» мавсумни сўнгги ўринда якунлагач, Билонг ЕЧЛ иштирокчисидан «В» серияси қатнашчисига айланди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz