Қайднома

Қидирув

Италия «А» сериясининг жорий мавсумидаги энг эътиборли 10та воқеа (фотогалерея)

Италия «А» сериясининг жорий мавсумидаги энг эътиборли 10та воқеа (фотогалерея)

  08.06.2018 06:37
  0
  1698
Италия «А» сериясининг жорий мавсумидаги энг эътиборли 10та воқеа (фотогалерея)

Италия футболидаги энг яхши жиҳат - деярли ҳар йили кузатиладиган жозибали воқеалардир. Айниқса, сўнгги мавсум ҳодисаларга бой тарзда ўтди.

Улардан айримлари барчани ҳайратлантирди, баъзи ҳолатлар эса кишига қайғу улашди. Мазкур чемпионат якунига етган бир паллада Football.ua ёдда қолган энг эътиборли 10та воқеани саралаб олди.

Улар нафақат «А» серия, балки бутун Италия футболига тааллуқли.

ТЎПУРАР ДАРВОЗАБОН

«Беневенто» чемпионат стартидаги қаторасига 14та учрашувда мағлубиятга учраб, «А» серия антирекордини қайд этди. 15-турда «ялмоғизлар» Женнаро Гаттузо бошчилигидаги «Милан»ни қабул қилишди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 5-дақиқа ўтиб бораётганда ҳам «россонери» 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди.

Мезбонлар 15-мағлубиятдан қутулишга астойдил ҳаракат қилишди: жарима зарбаси йўлланаётган паллада «Беневенто» дарвозабони Альберто Бриньоли ҳам рақиб жарима майдончасига етиб борди. Айнан унинг бош билан йўллаган зарбасидан кейин эса тўп Доннарумма қўриқлаётган дарвозага бориб тушди - 2:2.

Ушбу воқеани ўн, йигирма йилдан кейин ҳам эслаб юришса, ажабмас. Эътиборлиси, Бриньоли «Беневенто»нинг асосий дарвозабони ҳисобланмасди. Кейинчалик ушбу жамоа «Милан»ни «Сан-Сиро»да ҳам енгиб, «россонери»нинг асосий «кушандаси»га айланди.

ТЕКИНХЎР АКА

Италия кубоги 1|8 финали доирасидаги учрашувда «Милан» фанатлари ўзига хос баннер кўтариб чиқишди: «Йилига 6 миллион доллар ва текинхўр ака учун шартнома эвазига бизни руҳан эзяпсанми? Йўқол, сабримиз тугади!». Ишқибозларга агенти Мино Райола ёрдамида катта маошли шартномага эга бўлган Жанлуижи Доннарумманинг қилиқлари ёқмаётганди.

 

Жижо бу ёзувни кўриб, кўз ёшларини тия олмади. «Текинхўр ака» деганда 27 ёшли Антонио Доннарумма назарда тутилиб, у ёзги музокаралардан сўнг йилига 1 миллион евролик маошга эга бўлганди. Бу сумма бутун фаолияти давомида «А» серияда атиги битта ўйинда майдонга тушиб, асосий вақтини Грециянинг «Астерас» клубида ўтказган кипер учун кўп эди.

Кубокнинг кейинги босқичида катта Доннаруммани асосий таркибда майдонга туширишди. Чунки унинг укаси ҳамда иккинчи дарвозабон Сторари жароҳат олишганди. Мухлислар хавотирга тушишди, чунки рақиб кимсан «Интер» эди. Мусобақанинг ушбу раунди тақдирини эса битта ўйин ҳал қиларди.

Дастлаб хавотирлар бежиз эмасдек кўринди: Перишичнинг зарбасидан сўнг тўп Антонинг оёғига тегиб, дарвозадан ўрин эгаллади. Автоголми? Йўқ, VAR тизими голни ҳисобга олмади, Антонио эса у қадар текинхўр эмаслигини исботлади. Учрашувни «қуруқ» ўтказишдан ташқари, Жоау Мариунинг зарбасидан сўнг жамоасини муқаррар голдан қутқарди.

«С» СЕРИЯДАГИ ҲАЗИЛКАШЛАР

Мамлакат кубоги билан боғлиқ яна бир воқеа. «Интер» «Милан» билан тўқнашишдан аввал «С» серия вакили - «Порденоне»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Қуйи дивизион иштирокчилари «Жузеппе Меацца» стадионига уюштириладиган ташрифга астойдил тайёрланишган, клубнинг «Твиттер»даги саҳифаси эса турли «мем»ларга тўлиб кетганди.

Порденонеликлар «нерадзурри» жарима майдончасига меҳмон мухлислар жойлашган 30та автобус қўйилишини таъкидлашди, «Порденоне»ни ҳам PES симуляторига қўшишни сўрашди, жамоа ҳужумчиси Эмануэле Береттонининг Мауро Икардидан устун эканлиги, аргентиналик юлдуздан фарқли равишда, уларнинг севимли футболчилари ЕЧЛ ўйинида қатнашиб (2000|2001 йиллар мавсуми «Лацио» сафида бир бўлим ўйнаган), Интертото кубогида «Перуджа» фойдасига гол урганини эслатиб қўйишди.

Аутсайдерлар дарҳақиқат, ўша учрашувда ёмон тўп суришмади. 120 дақиқа мобайнида дарвозалари дахлсизлигини сақлаб, фақатгина пенальтилар сериясида имкониятни бой беришди. Бундай натижа билан фахрланишса арзийди. Айнан шу каби баҳслар кубок турнирига ўзгача жозиба бағишлайди.

MONTELLA CHALLENGE

Винченцо Монтелла бу мавсум кулиб юришга одатланди, ваҳоланки, бунга сабаблари етарли эмасди. Унинг бошчилигидаги «Милан» ажойиб харидларга қарамай, кўнгилдагидек ўйин кўрсатолмади. Кейинчалик «Севилья»да ҳам мураббийнинг ишлари қовушмади.

Якунда қониқарсиз кўрсаткич билан кифояланди: бир мавсум давомида иккита турли мамлакат чемпионатларидаги истеъфо. Таассуфки, гап Италиянинг келажаги порлоқ, шогирдлари билан ёрқин футбол кўрсатишга қодир мураббий ҳақида бормоқда.

Мазкур ҳолатда Монтелланинг жаҳоннинг энг машҳур клубларидан бирини ЕЧЛдан чиқариб юборгани юпанч бўлиши мумкин. Зеро «Севилья» ҳақиқатан ҳам «МЮ»дан яхшироқ ўйнаганди.

БИР ҒАЛАБА ТАНТАНАСИ

Неаполликлар байрам қилишни қойиллатишади. «Наполи» Туринда «Ювентус»ни мағлубиятга учратиб, чемпионлик пойгасига қайтганида Италия жанубида ҳақиқий фестиваль бошланиб кетди. Мушакбозлик, қўшиқлар, кўчалардаги оломон, тунги соат учда йўллардаги тирбанд­ликлар.

Ҳаяжонли дамлар. Буларнинг барига чемпионатдаги битта ўйин сабаб бўлганди. Тасаввур қилинг, «Наполи» 1990 йилдан кейин илк маротаба «скудетто»ни қўлга киритганида, нималар бўларди? Маурицио Сарри бошчилигидаги жамоа дарҳақиқат ажойиб мавсумни ўтказди: 91 очко - клуб рекорди.

Аввалги икки мавсумда «Ювентус» худди шунчадан очко тўплаб, бош совринга эга чиққанди. Бу сафар туринликлар янада кўпроқ тер тўкишларига тўғри келди. «Олтин» яна «бьянконери»га насиб қилди, «партенопеи» эса халқ ҳурмати билан чекланди. «Наполи» томошабинлар ташрифидаги ўртача кўрсаткич бўйича «Юве»ни ортда қолдирди: 43 050га 39 316.

ЭНГ МУҲИМ ТРАНСФЕР

«Наполи»нинг чемпионлик пойгасида «Ювентус»дан ортда қолишига кадрлар етишмовчилиги сабаб бўлди. Ҳаттоки, неаполликлар кузда пешқадамлик қилишаётганида ҳам, чемпионатнинг қолгани қисмини ротациясиз ўтказишлари шубҳа остида қолаётганди.

Натижада, жанубликлар қишда таркибни кучайтириш пайига тушишди. Биринчи вариант - универсал футболчи Симоне Верди эди, аммо у «Болонья»на тарк этишни хоҳламади.

Шунда «Наполи» иккинчи вариантга кўчди - Маттео Политано, «Сассуоло»нинг энг яхши ўйинчиси. 29 млн. еврога баҳоланган ушбу трансфернинг амалга ошишига эса вақт етишмаслиги, аниқроғи, «Сассуоло»нинг факс билан боғлиқ муаммога йўлиққани тўсқинлик қилди.

Бир хил таркиб билан ўйнаш «Наполи»га оғирлик қилди ва жамоа баҳорда бирин-кетин очко йўқотди. Эътиборлиси, «Сассуоло»га қарши баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилгани етмаганидек, рақибларнинг голига айнан Политано муаллифлик қилди.

БУФФОННИНГ ЗАФАРИ

«Ювентус»нинг муваффақияти бошқа сюжетларга асос вазифасини ўтади. Қаторасига еттита «скудетто», Массимилиано Аллегрининг қаторасига тўртта «олти дубл»и ва шу каби рекордлар Жанлуижи Буффон билан муносиб хайрлашиш учун етарли эди.

Бутун мавсум давомида сукут сақлаган афсонавий дарвозабон «кекса синьора»даги 17 йиллик иштирокдан сўнг, ниҳоят, клуб билан хайрлашди. Клубнинг бугунги ишқибозлари учун «Юве»ни Жижисиз тасаввур қилиш қийин. Энди янгиликларга кўниш вақти етди. Ҳаттоки, Буффонни «ПСЖ» либосида кўришга ҳам... Афсона чиройли тарзда хайрлашди.

Учрашув вақтида трибуналарни кезиб, ишқибозлар билан қучоқлашди. Чемпионлик кубогини боши узра кўтариши эса ажойиб финал бўлди. Бу маросим бир йил аввал Тоттининг хайрлашув ўйинидан кескин фарқланди. «Рома» учун Франческо шахси жуда муҳим эди, «Ювентус»да эса бутун жамоа ва клуб структураси биринчи ўринда туради.

САРДОР ХОТИРАСИ

Давиде Асторининг ўлими футбол оламини ларзага солди. «Фиорентина» сардори 31 ёшида ҳаёт билан видолашди. Мотам, тур ўйинлари бошқа кунга қолдирилди, футболчи сўнгги манзилга кузатилди... «Фиорентина» футболчиларининг характери алоҳида эътирофга лойиқ.

Асторининг ўлимидан сўнг «бинафшалар» қаторасига бешта учрашувда зафар қучишди, жумладан, «Стадио Олимпико»да «Рома» таслим этилди. Бу сардорни хотирлашнинг ўзига хос намунаси бўлди. Афсуски, флоренцияликлар мавсум сўнгига қадар ушбу темпни сақлай олмай, еврокубоклардан четда қолишди. Бунинг учун уларни айблаш нотўғри бўлади.

Тўпурарларни алмаштирманг!

28 апрель. «Интер» - «Ювентус». Мезбонлар характер кўрсатиб (18-дақиқадан бошлаб майдонда бир киши кам бўлиб қолишди), 2:1 ҳисобида олдинда боришарди. Лучано Спаллетти ҳимояни мустаҳкамлаш мақсадида 85-дақиқада жамоанинг энг яхши тўпурари Мауро Икарди ўрнига ҳимоячи Давиде Сантонни ўйинга қўшади.

Ҳаммаси бир неча дақиқа ичида барбод бўлди. Қарши ҳужумлар сустлашди, ҳимояда парокандалик кузатилди. Рақиб эса ушбу ҳолатдан унумли фойдаланиб, ҳисобни ўз фойдасига ҳал этди - 3:2. Орадан бир ой ўтди. «Лацио» - «Интер». Яна мезбонлар 2:1 ҳисобида олдинда бориб, майдон марказини назорат қилишаётганди.

Аммо 75-дақиқада Симоне Инзаги жамоасининг энг яхши тўпурари Чиро Иммобиленинг ўрнига ҳимоячи Жордан Лукакуни майдонга туширади. Кейинги воқеалар «Жузеппе Меацца» стадионида рўй берган воқеалардан деярли фарқланмади.

Якундаги мағлубият «Лацио»ни Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўриндан мосуво қилди. Афтидан, Италия чемпионати асосан ҳужум эвазига ғалаба қозонадиган турнирга ўхшаб қолгандек, ортиқча эҳтиёткорлик фақат зарар келтираётгандек, гўё.

УЧ ЙИЛ ИЧИДА УЧТА ЛИГА

2015 йили банкротликка юз тутиб, «D» серияга тушиб кетган, сўнгра қадамба-қадам ортга қайтган «Парма»нинг тақдиридан ибрат олса арзийди. Кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бу клуб ҳақида аввалроқ ҳам мақола тайёрланганди. Ўшанда пармаликлар «плей-офф» ўрни учун курашишаётганди.

Якунда эса ҳаммаси омадлироқ кечди - клуб тўғридан-тўғри «А» сериясига йўл олди. Иккинчи йўлланма учун кураш драматик тарзда кечди.

Финишга учта тур қолган бир паллада иккинчи поғонада бораётган «Парма» катта хатога йўл қўйгандек эди: «Чезена» билан ўйиннинг 86-дақиқасида 1:0 ҳисобида олдинда бораётган клуб иккита тўп ўтказиб, мағлубиятга учради ва бешинчи ўринга тушиб кетди.

Сўнгги тур арафасида асосий икки рақобатчи - «Венеция» ҳамда «Палермо» «қоқилишди». Аммо олдинда чемпионатни мотивациясиз «Фоджа»га қарши учрашув билан якунлайдиган «Фрозиноне» ҳам бор эди. 89-дақиқада «Фрозиноне» 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди.

Аммо кейинги сония­ларда дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, гол урган «Фоджи» ҳужумчиси Роберто Флориано шу тариқа нафақат ўз жамоасини мағлубиятдан асраб қолди, балки «Парма»нинг «А» серияга қайтишига ҳам замин яратди. Уч йил ичида учта лига чиғириқларидан ўтиш - бундай «камбэк» ҳар доим ҳам кузатилавермайди!

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz