Қайднома

Қидирув

Асрор Ғофуров: «Янги мавсумни ҳам Туркияда бошласам керак»

Асрор Ғофуров: «Янги мавсумни ҳам Туркияда бошласам керак»

  11.06.2018 06:32
  0
  499
Асрор Ғофуров: «Янги мавсумни ҳам Туркияда бошласам керак»

Аввалроқ interfutbol.uz сайти орқали ўзбекистонлик футболчи Туркия 4-дивизионида чемпионликка эришгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Ваъдага мувофиқ, ҳамюртимиз Асрор Ғофуровдан интервью олиб, уни Сизлар билан баҳам кўришни жоиз деб топдик.

- Асрор ака, авваламбор, чемпионлик билан табриклаймиз.

- Эътибор ва табрик учун раҳмат.

- Барча учун қизиқ, Туркия чемпионатига қандай бориб қолдингиз?

- Аслида, «Пахтакор» тарбияланувчисиман. 2006-2013 йиллар мобайнида шу клуб ёшлари билан 2 ва 1-лигаларда ўйнаганман. 2013-йилда шартномам тугагач, Туркия сафарим бошланган.

- «Пахтакор» янги шартнома таклиф қилмаганми?

- Таклиф бўлган, лекин фаолиятимни Европада давом эттиришни хоҳлаганман.

- Футболдаги биринчи устозингиз ким?

- Шуҳрат Раҳмонқулов. Ушбу мутахассисдан 7-8 йил футбол сирларини ўрганганман. Албатта, футболга биринчи қадам ташлашингизда, дастлабки мураббийингиз асосий ролни ўйнайди.

- Туркия чемпионатига агентлар орқали бордингизми ёки...

- Албатта, «Пахтакор»да ўйнаб юрган вақтларим агентлар туфайли четдан таклифлар тушган.

- Ҳозирда «Пахтакор»нинг ўйинларини кузатиб боряпсизми?

- Ҳа, кузатяпман. Қолаверса, жамоа устози Шота Арвеладзе менга нотаниш эмас. У Туркия чемпионатида катта из қолдирган футболчи ва мураббий.

- Жамоадагилар билан ҳалигача алоқангиз сақланиб қолганми?

- «Пахтакор» ёшлар жамоасида Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров ва Владимир Козак билан бирга тўп сўрганман, улар билан доимо алоқадаман.

- Туркия футболини камситмаган ҳолда кейинги саволга ўтамиз. Ушбу мамлакат қуйи дивизионларида ўйнагандан кўра, «Пахтакор»да қолганингиз афзал эмасмиди?

- Биласизми, Туркияга келганимда, дастлаб ушбу мамлакат Суперлигаси вакили, машҳур «Бешиктош» тарбияланувчилари сафига қўшилганман. Кейин эса 1-дивизионда қатнашувчи «Манисаспор» жамоаси билан 3,5 йиллик шартнома имзолаганман.

Мавсум охирига бориб жамоам 2-лигага тушиб кетган. Аммо Туркия 2 ва 3-дивизионида легионерлар ўйнаши тақиқлангани сабабли яна жамоамни ўзгартиришга мажбур бўлганман.

- Демак, жамоангиз 3-дивизионга чиққанини инобатга олсак, фаолиятингизда яна ўзгаришлар кузатиларкан-да?

- Худди шундай.

- Ўзбекистон жамоаларидан таклифлар бўлиб турибдими? Ватанга қайтишга нима дейсиз?

- Йуқ, ҳозир мамлакатимиздан ҳеч қандай таклифлар бўлмади. Бир кун келиб қайтаман, лекин ҳозир эмас. Эндигина 23 ёшдаман.

- Туркия чемпионати ўз мухлислари билан ҳам мақтаниши мумкин. Ушбу биринчиликда сизни лол қолдирган нарса нима?

- Дарҳақиқат, футбол мухлислар билан янада гўзал. Биз томошабинларни стадионга жалб қила оляпмизми, демак тўғри йўлдамиз. Туркияда футболчиларга ажойиб шароитлар яратилган.

Хусусан, жамоам 4-дивизионда тўп сурди, лекин бизда машғулот ўтказиш учун 3та стадион ва яшаш учун алоҳида база бор.

- Аксарият легионерларимиз билан суҳбатлашганимизда, ўзбек паловини соғинишганини айтишади...

- Албатта, мен ҳам нафақат ошни, балки ўзим туғилиб-ўсган юртдаги барча нарсани соғиндим.

- Жамоангизда легионер футболчиларга муносабат қандай?

- Уч нафар легионер тўп сурамиз. Табиийки, маҳаллий мухлислар хорижлик футболчилардан янада кўпроғини кутишади.

- Демак, фаолиятингизни Туркия чемпионатида  даввом эттирасизми?

- Келаси мавсумни ушбу биринчиликда бошласам керак. Ўз навбатида, бошқа чемпионатларда омадимни синаб кўриш ниятим ҳам йўқ эмас.

- Ҳозирданоқ таклифлар тушишни бошлагандир?

- Албатта, таклифлар бор, агентим билан гаплашиб, бир қарорга келамиз.

- Pepsi Суперлига ўйинларини кузатиб бораётган бўлсангиз, бу йил бизнинг чемпионат савияси ҳам анча ошди. Хўш, сизнингча, чемпионликка қайси клуб асосий даъвогар?

- «Бунёдкор». Чунки жамоа ёшлардан ташкил топган, уларда иштиёқ юқори.

- Суперлигамиздаги ҳозирда энг кучли мураббий ким?

- Нўъмон Ҳасанов, Миржалол Қосимов ва Илҳом Мўминжонов.

- Фаолиятингиздаги энг муҳим ўйин?

- Туркия кубоги доирасида кечган «Галатасарой»га қарши баҳс.

- Энг катта орзуингиз?

- Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш.

Жалолиддин ҚОБИЛЖОНОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz