Қайднома

Қидирув

Қойилмақом 12 давр ёхуд ЕЧЛ тарихидаги энг кучли жамоалар (фотогалерея)

Қойилмақом 12 давр ёхуд ЕЧЛ тарихидаги энг кучли жамоалар (фотогалерея)

  12.06.2018 00:19
  0
  5004
Қойилмақом 12 давр ёхуд ЕЧЛ тарихидаги энг кучли жамоалар (фотогалерея)

Асосий евротурнирнинг бугунги қаҳрамони - «Реал» 3 мавсумдан буён олий тахтни бўшатаётгани йўқ.

Зайниддин Зидан жамоаси бу борада ЧЛ мутлақ рекордчисидир. Аммо турнирнинг аввалги даври, яъни Европа Чемпионлари кубоги тарихига қарасак, янада ёрқинроқ из қолдирган бир қатор жамоаларни кўрамиз.

Хусусан, «Реал» олдинлари ҳам бир неча марта қойилмақом да­врни бошдан ўтказган.

1. «РЕАЛ» (Мадрид). 1955-1960 йиллар - 5та кубок

Ҳа, «қаймоқранглилар» Европа клуб футболининг асосий турнирида бошиданоқ рекордлар ўрнатишга тушган. Ҳар ҳолда, бугунги ЧЛнинг ўтмишдоши - ЧКда дастлабки 5 мавсум ғолиблик «Мадрид»дан ортган эмас. Бундай серия ҳозирга қадар бошқа ҳеч бир клубга насиб этмаганини жуда яхши биласиз. «Қироллик клуби» ўша қойилмақом даврда Альфредо ди Стефано ва Ференц Пушкашдек моҳир мерганларга эга эди. Энг қизиғи, омадли даврга қарамай, клуб раҳбарияти бош мураббийни мунтазам равишда ўзгартириб турган. Тўғри, бу ҳол «Реал»нинг бирин-кетин кубок ютишига халақит қилган эмас. Умуман, Мадрид гранди 1970 йилга қадар турнирда узлуксиз иштирок этган. Асосийси, баъзан ўз стадионига 100 мингдан кўп мухлисни жалб қиларди.

2. «БЕНФИКА» (Лиссабон). 1960-1962 йиллар - 2та кубок

Португалияликлар буюк афсона Эйсебио ёрдамида «Реал»ни тахтдан тушириб, кетма-кет 2 марта бош соврин соҳибига айланишади. Ўшанда жамоани Белл Гуттманн бошқарарди. 1962 йили у клуб билан можароли тарзда хайрлашади.

Лиссабонликлар австро-венгриялик мураббийни молиявий томондан ранжитиб қўйишганди. Айтишларича, афсонавий мутахассис кетиши олдидан «Бенфика»ни жиддий қарғиган экан: «Клуб 100 йил давомида Чемпионлар кубогини ютолмасин...».

Қарангки, жамоа шундан буён Европа миқёсидаги турнирлар финалига 8 марта чиқди ва ҳар сафар енгилди. Наҳотки, «Бенфика» қарғиш ўз кучини йўқотишини яна 44 йил кутса...

3. «ИНТЕР» (Милан). 1963-1965 йиллар - 2та кубок

Эленио Эррера бош мураббий лавозимини эгаллаши ҳамоно «Интер»нинг янги даврини бошлаб беради. Кўпчилик «катеначчо» тактикаси асосчиси сифатида айнан шу мутахассисни эътироф этади. Гап шундаки, Эррера Милан клубида бу услубни жуда яхши йўлга қўйганди.

Жачинто Факетти ва Сандро Маццола каби етук ижрочиларга эга жамоанинг кетма-кет равишда еврофутбол тахтига кўтарилишда асосий фаворитларни навбати билан четга сургани ҳам эътиборга молик ҳолатдир.

4. «АЯКС» (Амстердам). 1970-1973 йиллар - 3та кубок

Ринус Михелс Амстердамда 6 йил давомида ажойиб жамоа шакллантириб, унинг Европа Чемпионлар кубогидаги илк ғалабасига асос солади. Лекин шундан сўнг ўз ўрнини Штефан Ковачга бўшатиб беради.

Муҳими, Михелс ўринбосари ғалабали одимни чўзиб, яна 2та кубокни таъминлайди. Бу давр «Аякс» учун шуниси билан ҳам қадрлики, жамоада ўша буюк Йохан Кройфф етакчилигидаги «12 ҳаворий» тўп сурганди. Дарвоқе, беназир таркибда Луи ван Гал ҳам бор эди, аммо у суперклубда узоқ вақт қололмаган.

5. «БАВАРИЯ» (Мюнхен) 1973-1976 йиллар - 3та соврин

Удо Латтек томонидан тузилган ажиб жамоа. Ваҳоланки, у Мюнхенда иш бошлаган вақт клубнинг умумий аҳволига ҳавас қилиб бўлмасди. Латтек жамоаси биринчи уринишдаёқ мақсадига эришади: «Атлетико»га қарши кечган финалда кучлар тенг келгач, такрорий баҳс (қоидалар бош­қача эди)га мурожаат қилинади.

Муҳими, «Бавария» унда испанларга заррача имконият қолдирмайди - 4:0. Шу тариқа мюнхенликлар яна 2 бора евротахтга чиқишади. Тан олиш жоиз, «Бавария»нинг таркиби чиндан ҳам, даҳшатли эди.

Дейлик, Германия термасининг ўз майдонидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишида айнан мюнхенлик футболчилар катта роль ўйнашган. Хусусан, Франц Беккенбауэр ва Герд Мюллер. Умуман, бунтестим таркибининг 50 фоизи «бавариячилар» томонидан банд этилганди.

6. «ЛИВЕРПУЛЬ». 1976-1985 йиллар - 4та кубок, 1та финал

«Ливерпуль» инқирозга учраб, Англия Премьер-лигасидан тушиб кетгач, шаҳарда жамоа ҳақида жиддий ўйлай бошлашади. Тўхтовсиз равишда янги  футболчиларни таклиф этишади, фақат ва фақат «қизиллар» мавқесини тиклаш бўйича иш олиб боришади. Дейлик, ёш иқтидор Жон Тошак етакчи мақомига кўтарилади.

Айтиш ўринли, евроаренадаги муваффақият биринчи нав­батда, бош мураббий Билл Шенкли томонидан амалга оширилган ислоҳотларга боғлиқдир. Аммо «Ливерпуль» қитъа миқёсидаги асосий натижаларини афсонавий мураббий ўрнини эгаллаган Боб Пейсли бошқарувида қайд этади.

Қисқаси, вақтида Шенкли ассистенти сифатида ишлаган Боб Европа Чемпионлар кубогидаги 3-ғалабадан сўнг Жо Фэганга йўл бўшатади. «Ливерпуль» бу мураббий раҳбарлигида яна бир бора соврин ютади ва иккинчи ютуққа ҳам жуда яқинлашади.

Бироқ Хэйзелдаги ўйин нафақат «Ливерпуль», балки бутун жаҳон футболи учун улкан фожиа билан якунланади. Боз устига, катта кўнгилсизликлар оқибатида Англия клубларини еврокубоклардан 5 йил муддатга четлаштиришади. Шу тариқа «Ливерпул»нинг ажойиб юриши тўхтаб қолади.

7. «НОТТИНГЕМ ФОРЕСТ» (Ноттингем). 1978-1980 йиллар - 2та соврин

Бу клуб узоқ вақт камтарона ўртамиёна даражасида ўйнаган. Қарангки, мураббийлик фаолиятида муайян муаммоларга учраган Брайан Клафф «Форест»да иш бошлагани ҳамоно «сокин»ликни бузиб юборади. Аниқроғи, у кучли портлаш эффектини юзага келтирганди: «Ноттингем»ни аввалига элит дивизионга бошлайди, кейин дебют мавсумидаёқ чемпионлик медалини таъминлайди.

Клафф жамоасида Питер Шилтон ва Мартин О~Нил яққол кўзга ташланишганди. Ички биринчиликдаги ютуқ бошланиши эди, холос. Хуллас, «Форест» халқаро аренага чиқиб, Чемпионлар кубогида икки бора ғолиб бўлади.

Ўша давр бугунги «Ноттингем Форест» учун ушалмас орзудек гап. Ахир шонли клуб якунланган мавсум Чемпионшипда ҳам зўрға иштирок этди ва янада қуйироқ лигага тушиб кетишига озгина қолди.

8. «МИЛАН» (Милан). 1988-1994 йиллар - 3та кубок

Сильвио Берлусконининг «Милан»даги даври ўта кучли трансфер юришлари билан бошланган эди. Таниқли сиёсатчи аввалига Роберто Донадони ва Жованни Галли каби футболчилар ҳамда Арриго Саккидек тактик мураббийни таклиф қилади.

Кўп ўтмай, Италия «А» серияси голланд трио­си - Марко ван Бастен - Рууд Гуллит - Франк Райкаард ўйинларидан яшнайди. Миланликлар шунинг баробарида Европада ҳам ўта сифатли футбол кўрсатиш асносида ҳукмронликни қўлга олишади.

Ҳаттоки, Саккининг кейинчалик клубдан кетиши ҳам тараққиётни тўхтатиб қололмади. Чунончи, унинг ўрнини Фабио Капелло эгаллаб, соврин ютишни давом эттирганди.

9. «ЮВЕНТУС» (Турин). 1995-1998 - 1та кубок, 2та финал

Ўша йиллардаги «Юве»нинг евро­аренада жиддий ютуқларга эришгани ҳам аввало, фаол трансфер сиёсатига боғлиқ эди. Янги футболчилардан айниқса, Роберто Баджо, Алессанддро Дель Пьеро ва Кристиан Вьери бир йилча олдин бош мураббий сифатида иш бошлаган Марчелло Липпи қўл остида яйраб тўп суришади.

Тўғри, «кекса синьора» бу даврда ЧЛда бир мартагина зафар қучади, холос, аммо бошқа совринлардан улкан коллекция яратади. Унутмаслик керак, ўша «Ювентус»да Зайниддин Зидан ҳам ўйнарди.

10. «РЕАЛ» (Мадрид). 1997-2002 йиллар - 3та кубок

Яна «Реал», лекин мутлақо бошқа қаҳрамонлар. Мадридликлар асрлар алмашуви арафасида ҳар 2 йилда бир марта ЧЛ ғолибига айланаверишади. Ўзига хос ажиб марафон 1998 йили бошланган, аммо жамоани олдинда мураббийлар штабига дахлдор катта ўзгариш кутаётганди.

Хуллас, «Қироллик клуби» бошқарувини испаниялик Висенте Дель Боске қўлга олади ва ЧК|ЧЛ музейига яна битта кубок қўшиб қўяди. Ўша финал «Валенсия»га қарши кечган ва Рауль Гонсалес бош қаҳрамон бўлганди.

«Мадрид турнирдаги кейинги ғалабасини янги президент  - Флорентино Перес билан нишонлайди.

11. «БАРСЕЛОНА». 2008-2011 йиллар - 2та кубок

«Барса» бошқаруви бундан роппа-роса 10 йил муқаддам Хосеп Гвардио­ла ихтиёрига топширилганди. Ёш мутахассис иш бошлаши билан таркибни янгилашга киришади. Яъни клуб Роналдиньо ва Деку каби катта ўйинчилар билан хайрлашади.

Ўз навбатида, каталонияликлар сафига Жерар Пике ва Дани Алвеш қўшилишади. 2009 йилга келиб, Гвардиола жамоаси Испания футболи тарихида илк марта «триплет» (мамлакат чемпионати ва кубоги ҳамда ЧЛда ғалаба) қайд этади.

Орадан 2 йил ўтиб, Пеп ва унинг дружинаси яна бир бора Европанинг асосий турнири бош совринини қўлга киритади. Кейин эса мураббий кетишга қарор қилади, гўёки, ғолиб жамоадан зериккандек.

12. «РЕАЛ» (Мадрид). 2013-2018 - 4та кубок

«Мадрид» 2013 йили италиялик Карло Анчелотти бошқарувида ўйнаган вақт Зайниддин Зидан мураббийлар штабида ишларди. Дон Карло илк мавсумдаёқ ЧЛда ғалаба нашидасини сурди.

Унинг жамоаси «Атлетико»га қарши кечган финалда айтарли қийинчиликка учрагани йўқ. Лекин мураккаблик кейинчалик юзага чиқди. Бора-бора Анчелотти муаммолардан зерикди, клуб эса ундан. Оқибатда натижа чакки бўлмасада, мураббий истеъфога чиқарилди.

Рафаэль Бенитес номзоди ўзини оқламагач эса, Зайниддин Зиданга имконият берилди. Бунинг натижаси - ЧЛда кетма-кет 3 марта ғалаба! Бунақаси яна қачон такрорланаркин?

Айтиш қийин. Албатта, «Реал» белгисидаги ушбу қойилмақом «хет-трик»да Криштиану Роналду бош ижрочи бўлганини алоҳида эътироф этиш ўринли. Бир қарашда, турнирга чиндан ҳам, португалиялик юлдуз номини бериш керакдир, балки...

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz