Қайднома

Қидирув

Ким Шин Вук: «Жанубий Корея ЖЧ-2018да плей-офф»га ўтишни уддалайди…»

Ким Шин Вук: «Жанубий Корея ЖЧ-2018да плей-офф»га ўтишни уддалайди…»

  18.06.2018 14:37
  0
  758
Ким Шин Вук: «Жанубий Корея ЖЧ-2018да плей-офф»га ўтишни уддалайди…»

Агарда энг бўйдор футболчига алоҳида соврин таъсис этилсами, Жанубий Корея миллий жамоаси ҳужумчиси Ким Шин Вук Россия мундиалида бемалол унга даъвогарлик қиларди.

Бўйининг баландлиги 196 сантиметрга тенг футболчини Али Даи, Питер Крауч ва Никола Жигич каби новча ҳужумчилар гуруҳига қўшиш мумкин. Асосийси, «Чонбук Моторс» вакили стадион «томига етгудек» бўйидан тез-тез унумли фойдаланади.

Ким Шин Вук деярли 2 метрга тенг бўйга эга бўлиш баробарида анча бақувват ҳам. Яъни унинг табиий гавдаси жисмоний қувватига мувофиқ келади. Хуллас, корейс ҳужумчиси ҳаводаги тўп учун кураш ва яккама-якка қаршиликлар чоғи ҳар қандай уста ҳимоячи учун ҳақиқий даҳшат уйғотади.

Ким Шин одатда ўзи гол уришни хуш кўради ва бу ишни клуби сафида ҳам, миллий жамоаси либосида ҳам талаб даражасида бажариб келмоқда. Лекин Boeing CH-47 Chinook самолёти шарафига «Чинук» лақабини олган девқомат йигитнинг асосий хусусияти - бу жамоадош шерикларини рақиблар дарвозасини ўққа тутиш учун яхши позицияга олиб чиқиш.

Эҳ, шу жойда ЖЧ-2018 доирасида кечган ўйинлардан бирини алам билан эсга олишга мажбурмиз. Собиқ бош мураббий Самвел Бабаян томонидан тузилган терма жамоамиз саралаш довонининг ҳал қилувчи раунди биринчи даврасида яхшигина таассурот уйғотган ва ҳаттоки, Ж.Кореяда ҳам «сенсацион» натижа қайд этишга яқин келганди.

Эсланг, Марат Бикмаевнинг танаффусгача урган голи анча вақтгача ягона бўлиб турган ва вакилларимиз жуда яхши ҳимояланишганди. Бироқ ўйиннинг якуний палласида корейсларнинг собиқ устози Ули Штилеке захирадан айнан Ким Шинни майдонга тушириш орқали мураккаб вазиятдан чиқиб кетганди.

Яъни бўйчан ҳужумчи «иккинчи қават»­даги курашда устун келиб, тўпни Ку Жа Чол йўлига ташлаб бергач, у Александр Лобанов дарвозасига жавоб голини урганди. Тан олиш керак, Вукнинг ўша яккакурашдаги ҳаракати корейслар учун нафақат ўйин, балки бутун саралаш довонининг энг муҳим лаҳзаси бўлди.

Биринчидан, ҳисоб тенглашгач, мезбонлар ўта муҳим саналган ғалаба голини ҳам уришди. Иккинчидан, Жанубий Корея термаси ўша баҳсда ғалабани ўз томонига оғдирмаганида, кейинчалик ўзини ўнглай олмасмиди?

Ҳар ҳолда, Эрон ва Ўзбекистон миллий жамоалари анча илгарилаб кетарди.«Табиатан аниқ мақсадлар сари интиладиган йигитман. Футболдаги асосий мақсадим эса тайин - рақиблар дарвозасини ишғол этиш, - деди 30 ёшли корейс футболчиси FIFA.com сайти ижодкорлари билан суҳбат давомида.

- Бордию, гол уролмасам, ҳужумчи сифатида ҳеч нарсага арзимайман. Ишга айни шундай ёндашув ва муносабат ўлароқ, майдонга доимо кучли иштиёқ билан тушаман, ҳаттоки, улкан босим остида қолсам ҳам, гол уриш учун боримни бераман».

Тўғри, Ким Шин Жанубий Корея миллий жамоасининг етакчи ҳужумчиси ҳам, ягона умиди ҳам саналмайди. Қолаверса, у вақтида ҳаттоки, ҳимоячи позициясида тўп сурган. Яъни фаолиятининг илк босқичида асосан орқа чизиқда ҳаракатланарди. 2009 йили «Ульсан Хюндай» таркибига қўшилганидан кейин эса аста-секин ҳужумга мослаша бошлади.

Вук ўша ўзгаришни футболдаги ҳаётида энг муҳим бурилиш нуқтаси сифатида тилга олади: «Очиғи, ҳужумга ўтишим тасодиф самарасидир. Чунончи, клубимизнинг асл ҳужумчилари бирин-кетин жароҳатланиб, сафдан чиқишгач, бош мураббий мени мажбурликдан олдинга сурганди.

Тан олишим жоиз, бошида ўзим ҳам бундан бирор наф чиқишига ишонмагандим, лекин иккиланаётганимни мураббийга сездирмасликни ўйлаб, гол уриш ишқида ёнаётганимни айтдим. Мана, энди ишонч билан айтишим мумкинки, ўша қарор футболдаги фаолиятимда катта роль ўйнади».

Дарҳақиқат, мажбурий қадам асли ҳимоячи саналган Ким Шинга бошиданоқ ижобий таъсир қилди. «Сохта» ҳужумчи узун оёқлари ёрдамида «қайноқ» нуқталарга вақтида етиб боришдан ташқари, бош билан зарба йўллашни қойиллата бошлади. Натижада ҳам ички, ҳам халқаро мусобақаларда обрўси анча ошди.

Қисқаси, Ким Шин бирин-кетин голлар уриб, шахсий статистикасини тобора яхшилаб борди ва 7 мавсумдан кейин «Ульсан Хюндай» тарихидаги энг яхши голеадорлар рўйхатидан жой олди. Аниқроғи, у бу оралиқда барча турнирлар ҳисобидан 251та ўйинда иштирок этиб, 81та голдан иборат хирмон ясади. Кейин эса «Чонбук Моторс»га ўтди ва охирги 2 йилда яна 17та голга муаллифлик қилди.

Яна бир диққатни тортадиган факт шуки, Ким Шин фаолияти давомида ФИФА байроғи остидаги 3та жаҳон чемпионати (барчаси катталар тоифаси)да иштирок этишга улгурди. Тўғрироғи, 2012 йили Клублар ўртасидаги ЖЧда «Ульсан Хюндай» шарафини ҳимоя қилган новча йигит яна 4 мавсумдан кейин «Чонбук Моторс» сафида ҳам жаҳон биринчилиги мазасини татиб кўрди.

Шу икки турнир оралиғида эса Бразилияга бориб, терма жамоалар миқёсидаги ЖЧ-2014 доирасида икки марта майдонга тушди. Бироқ корейслар Жанубий Америкада омадсизликка учрашди, Вук эса мундиални гол урмасдан тарк этди. Асосийси, ҳужумчи Бразилияда тўпланган тажриба Россияда қўл келишига ишонмоқда.

Хусусан, у жаҳон чемпионатидаги голлари ҳисобини очишдан ҳам умидвор. «Яшириб нима қилдим, ўтган сафар, яъни Бразилияда енгил гуруҳга тушганимизни ўйладик ва шу нарса панд берди. Аслида ҳушёрроқ ўйнаганимизда гуруҳдан бемалол чиқармидик..., - дея эслайди Ким Шин 4 йил олдинги жаҳон кубогини.

- Оддий айтганда, гуруҳдошларимиз Бельгия ва Жазоир термалари салоҳиятига тўғри баҳо беролмагандик. Амалда улар биз кутгандан анча кучли футбол кўрсатишди. Шунда ҳам ижобий натижага эришишимиз ҳеч гап эмасди. Бироқ ўйинларда юзага келтирилган вазиятлардан самара чиқаришда оқсадик.

Оқибатда... Энди рус диёрида ўша сабоқни унутмаслигимиз керак. Ишонаманки, бу сафар жамоамиз асл ўйинини кўрсатади ва мен ҳам зиммамдаги вазифани яхши уддалайман». Алоҳида айтиш керак, ОФК вакили Россия мундиалида анча мушкул квартетда ўйнайди. Рақиблар номининг ўзи қитъадошларимизга осон бўлмаслигини англатиб турибди - Германия, Мексика ва Швеция.

Ким Шиннинг фикрича эса, уларга айни шундай мураккаблик айни муддао: «Бу сафар ҳаммаси мутлақо бошқача тус олишига ишончим катта. Ҳа, гуруҳимизга асло ҳавас қилиб бўлмайди. Айримлар ҳаттоки, ҳозирдан Жанубий Корея термасини «кўмиб» қўйишди, аммо бизга ёмон сценарийлар тахмин қилишда шошилмасликни тавсия этардим.

Биринчидан, янги бош мураббий қўл остида муносиб ҳозирлик кўрдик. Иккинчидан, корейслар табиатан қийин вазиятлардан устамонлик билан чиқиб кетишга мойиллар. Яъни бизга енгил гуруҳдан кўра, мураккаброғи яхшироқ таъсир қилиши мумкин.

Хуллас, Россияда энг яхши ўйинларимизни намойиш этишга тайёрмиз. Шахсан ўзим сўзларим амалда тасдиқланиши учун бор маҳоратимни ишга соламан. Умуман, агарда асл салоҳиятимизни кўрсата олсак, ўйлайманки, гуруҳ босқичи тўсиғини енгиб ўтамиз».

Такрор бўлсада, айтамиз, Ким Шин жаҳон аренасида индивидуал томондан ҳам кўзга ташланишни ўйламоқда. Унинг ҳозир жуда яхши спорт формасида эканлигини ҳисобга олсак, ҳаттоки, ЖЧ-2018 кашфиётларидан бирига айланиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда, бўйдор форвард «Чонбук Моторс»нинг Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги охирги 6та ўйинида 5та гол урди.

Табиийки, унинг ўзи Россияда ҳам шу маҳсулдорликдан куч олиб ўйнамоқчи: «Адолат юзасидан таъкидлашим керак, ҳозирга қадар миллий жамоада чакки таассурот қолдирмадим. Эҳтимол, шахсий статистикам пастдир, лекин ўзимни аввало, жамоавий футболчи сифатида ҳис қиламан ва умумманфаатни биринчи ўринга қўяман.

Россия мундиалида эса сал бошқачароқ ҳаракатланаман. Ҳозирда нималарга қодирлигимни амалда кўрсата олишимга шубҳам йўқ».

Агар Ким Шин жаҳон кубогида ўз мақсадига эришиб, голлари ҳисобини очса, мухлислар ўзига хос нишонлаш саҳнасини кўришлари мумкин. Футболчи майдонга тушишдан олдин ҳар сафар Библияни ўқийди ва гол урдими, аввало, шукрона келтиради: «Диний китоблар одамга руҳий тетиклик бағишлайди.

Худо ҳар ўйинда мени қўллашига ишонаман ва ўз ҳаракатларим билан шукр қилишни асло унутмайман. Яъни гол урганим заҳоти ерга чўккалаб, қўлимни кўкка чўзганча тасанно ўқийман». Нима дердик, мундиалда Ким Шин Вук ва корейсларга омад тилаймиз. Ахир қитъадошларимизнинг муваффақиятли иштироклари ОФК нуфуси ортишига хизмат қилади.

Маълумот учун, Жанубий кореяликлар мундиалдаги иштирокини бугун бошлашади ва Швейия терма жамоасига қарши баҳс олиб боришади. Учрашув Тошкент вақти билан 17:00да старт олади.

Жалолиддин ҚОБИЛЖОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz