Қайднома

Қидирув

Биродар Абдураимов: «Пахтакор» - бу менинг борлиғим»

Биродар Абдураимов: «Пахтакор» - бу менинг борлиғим»

  23.06.2018 06:38
  0
  718
Биродар Абдураимов: «Пахтакор» - бу менинг борлиғим»

ФУТБОЛИМИЗ АФСОНАСИ БИРОДАР АБДУРАИМОВ ВА УКРАИНАЛИК МУСТАҚИЛ ЖУРНАЛИСТ ВИКТОР ЕРЁМИН-ХОХЛЮК ЎРТАСИДАГИ МУСОҲАБА

Бутун собиқ иттифоқдаги катта авлод мухлислари Биродар Абдураимов ва унинг ўзигагина хос финтларию, чап оёқ билан йўллаган бетакрор зарбаларини жуда яхши эслашади. Абдураимов одатга кўра, ўнг қанот ҳужумчиси позициясида тўп сурар ва марказ томон силжиб, чап оёғи билан дарвозани ўққа тутарди.

Бу унинг ҳаммага маълум, аммо голкиперлар учун сирли қуроли эди. Қаҳрамонимиз футбол билан кўпчилик қатори мактаб ёшида танишган. Бироқ бақувват ва абжир йигит вақтида эркин курашга ҳам бефарқ қарамаган ва бу спорт йўналишида маълум муваффақиятларга эришган.

Дейлик, Абдураимов ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган. 1956 йили Тошкентда «Пахтакор» клубига асос солингач, махсус футбол мактаби ҳам очилади. Хуллас, ёш Биродар шу ўқув даргоҳида таҳсил ола бошлайди.

Натижада унинг футболга қизиқиши тобора жиддийлашиб боради ва мактабдаги машғулотлар якунлангач, яъни 1960 йили ёш истеъдодни «Пахтакор» сафига жалб этишади. Жамоа айнан ўша йили собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида дебют қилганини ҳисобга олсак, Абдураимов бирданига жиддий ўйинлар домига тушгани ойдинлашади.

«Пахтакор»нинг ўша давр-даги мураббийи Александр Келлер тезлиги юқори, дриблинг маҳорати баланд, оригинал финтлар ва чап оёқда кучли ҳамда аниқ зарба бериш қобилия-тига эга ўйинчига ишонч билдиришни пайсалга солмай, уни мавсум ўрталариданоқ асосий таркибга қўшади.

Мана, 60 йилдирки, Абдураимовнинг ҳаёти қайсидир жиҳати билан «Пахтакор»га чамбарчас боғлиқ. Мисол учун, унинг «пахтакорчи» сифатида ўрнатган рекордлари ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: жамоа сафида 15 йил ўйнаш (шундан 13 мавсумни олий лигада ўтказган), юқори даражадаги 368та расмий ўйин (бунда чемпионат ва кубок турнири ҳисобга олинган)...

Яна бир қизиқарли факт шуки, Григорий Федотов номидаги тўпурарлар фахрий клуби аъзолари орасида фақат Биродар Абдураимов ва машҳур Эдуард Стрельцовгина илк голларини 17 ёшда нишонлашган. Кейинчалик собиқ иттифоқ давридаги энг иқтидорли голеадорлар ҳам бундай натижани такрорлай олишмаган.

Умуман, Абдураимов - шуҳратли футбол сулоласи асосчиси. Унинг 4 нафар ўғли - Азамат, Жасур, Баҳодир ва Ботир футбол билан профессионал даражада шуғулланиб, Ўзбекистон ташқарисида ҳам маълум даражада танилишди.

Биродар Ҳасанович 14 май санаси 75 ёшга тўлди. Орадан бир неча кун ўтгач, ундан юбилей муносабати билан махсус интервью олдик.

- Биродар Ҳасанович, аввало, барча футбол мухлислари ҳамда ҳамкасбларингиз номидан туғилган кунингиз билан табриклаймиз. Сизга мустаҳкам соғлик тилаймиз, энг яхши тилакларимиз армуғон.

- Катта раҳмат! Турли авлодга мансуб мухлисларнинг мени эслаб туришларини эшитиш жуда ёқимли.

 - Қизиқ, Абдураимов ўзининг қайси голини  фаолияти давомидаги энг муҳими ўрнида кўради?

- Эҳтимол, энг муҳим ва эсда қоларли голни Москванинг ЦСКА клуби сафида 1969 йилги собиқ иттифоқ кубоги чорак финалида Киев «Динамо»сига қарши кечган баҳсда нишонлаган бўлсам керак.

Зеро, ўйиннинг 104-дақиқасида машҳур Евгений Рудаков дарвозасига урилган ўша гол «армиячилар»га ғалаба келтирганди. Яъни биз минимал 1:0 ҳисобида устун келиб, ярим финал раундига чиққандик. Тўғри,  афсуски, ҳал қилувчи ўйин йўлида Ростов «армиячилар»ига ютқазгандик (0:1).

- Суҳбатимиз бирданига ЦСКАдаги қисқа фаолиятингиз мавзусига боғланди. Айтингчи, «ҳарбийлар» клуби сафига қўшилишингизда ким ташаббус кўрсатганди?

- «Лейтенантлар жамоаси» ва собиқ иттифоқ термасининг афсонавий ҳужумчиси Всеволод Бобров. У мен ва Копейкин тимсолида ЦСКА ҳужум чизиғини кўрган экан. 1969 йилги мавсумда чемпионатни 6-ўринда якунлаганмиз, кубок турнирида эса ярим финалга чиққанмиз.

Клуб раҳбарияти бу натижаларни қониқарсиз баҳолаб, Бобровни истеъфога чиқарган. Унинг ўрнини эгаллаган Валентин Николаев эса жамоа ҳужумини ўз фалсафаси бўйича тузганди.

Қисқаси, асосий таркибга кам кирадиган бўлиб қолдим (Абдураимов чемпионат доирасидаги 8та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урганди - муал.) ва «захирани иситмаслик» мақсадида Тошкентга қайтишни маъқул кўрдим.

- Сизнингча, ЦСКА ўша йиллар чиндан ҳам, ўта жанговар жамоа сифатида  гавдаланганмиди?

- Шубҳасиз! Дейлик, жамоа ҳар бир чизиқда етакчи ижрочига эга эди. Мисол учун, дарвозада ҳамюртим, тажрибали Юрий Пшеничников турар, Никополдан келган истиқболли голкипер Лёня Шмуц эса унинг ортида навбат кутиб ўтирарди.

Ҳимоя ҳам жуда мустаҳкам эди: клуб ва собиқ иттифоқ терма жамоасининг кўп йиллик сардори Альберт Шестернев, шунингдек, Валентин Афонин, Дмитрий Багрич, Юрий Истомин, Марьян Плахетко, Володя Капличний ҳамда унинг адаши Пономарёв...

Ўрта чизиқ ва ҳужумга келсак, Владимирлар - Дударенко, Жигунов, Поликарпов ва афсонавий тўпурар Григорий Федотовнинг ўғлидан иборат квартет ишни қойиллатарди. Яна мен, Толик Масляев, Валентин Уткин, Николай Долгов ва Борис Копейкин... Хуллас, ҳақиқий жанговар таркиб.

Муҳими, фақат натижа эмас, балки мухлислар учун ҳам ўйнардик. ЦСКАнинг кўплаб аъзолари шунинг баробарида собиқ иттифоқ термасида ҳам муҳим ролга эга бўлганлар. Клуб 1970 йили чемпионат ғолибига айланган, бироқ мен мавсум давомида «Пахтакор»га қайтгандим. Ҳа, чемпионлик насиб этмаган экан...

- Қайтиш қароридан афсусланганмисиз?

- Йўқ. Москва - яхши, бироқ ўз уйингиз янада яхшида, барибир. «Пахтакор» - менинг бутун борлиғим! Бу жамоада ўзимни ҳамиша сувдаги балиқдек ўта эркин сезганман. Ҳаммаси қадрдон - жамоа, мухлислар, «Пахтакор» ўйинларида доимо мухлислар билан лиқ тўлган шаҳар стадиони.

Тошкентдаги мухлислик алоҳида ўрин тутарди - стадионга йиғилганлар ўйинни яхши тушунишар ва асосийси, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, бизни қизғин қўллаб-қувватлашарди. Дейлик, бирор марта жамоага нисбатан совуқ муносабатга дуч келган эмасмиз.

- Майдонда қайси жамоадошингиз билан яхшироқ ҳамкорлик қилардингиз?

- «Пахтакор»да ҳужумдаги шерикларим - Гена Красницкий ва Станислав Стадник олдида жуда эркин ҳаракатланганман. ЦСКАдаги фаолия-тим давомида эса, жамоа етакчиларидан бири Борис Копейкин билан ҳамкорликдан ёрқин хотиралар қолган.

- Сизга қаршилик қилган қайси дарвозабонни биринчи ўринга қўясиз?

- Ўша даврда деярли ҳар бир жамоа юқори савияли киперларга эга эди. Шундай бўлсада, шахсан мен 3 нафар «динамочи»ни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин - москвалик Лев Яшин, киевлик Олег Макаров ва тбилисилик Серго Котрикадзе.

- Сизга хусусан, барча замонлар ва халқларнинг энг яхши дарвозабони - Яшинни доғда қолдириш насиб этган.

- Ҳа, унинг дарвозасига гол урганман, боз устига, биз учун ўта мураккаб кечган учрашувда. 1962 йилнинг ёзида Москва «Динамо»си билан ўз майдонимизда ўйнагандик. Эсимда, чемпионатнинг учдан бир қисми орт-да қолган пайт биз турнир жадвалининг 2-поғонасида (14 очко билан - муал.) борардик, рақибимиз эса 4-қаторда эди (13 очко билан - муал.).

Ўйин шунга яраша ўта муросасиз тус олган. Лекин биринчи бўлимдан сўнг 0:2 ҳисобида орқада борганмиз. Асосийси, танаффусдан қайтгач, ўйин боришини ўзгартириб, вазиятни ўнглаш уддасидан чиққанмиз.

Аниқроғи, чамаси 60-дақиқаларда Юра Беляков ҳисобдаги фарқни қисқартиргач, ҳужумни янада кучайтирганмиз, натижада 10 дақиқага ўтгач, менинг голим билан мувозанатни тиклагандик - 2:2.  

- Айнан кимнинг ҳужум позициясидаги ҳаракатлари сизга ўзгача илҳом бағишларди?

- Ўз вақтида грузиялик форвардлар - Слава Метревели ва Михаил Месхи ижросидаги ўйинларга ҳавас билан боққанман, шунингдек, «спартакчи» Галимзян Хусаиновга ҳам бефарқ қарамасдим. Хорижликларга келсак, биринчи ўринда Пелени тилга оламан, албатта. Замонавий футболда эса аргентиналик Лионель Месси олдига тушадиган ҳужумчи йўқ, менимча.

- Умуман, қайси ғалаба футболдаги ҳаётингизда энг аҳамиятлиси ҳисобланади?

- Энг муҳим ўйинлардан бирини 1961 йили Москва «Торпедо»сига қарши ўтказганмиз. Ўшанда «Пахтакор» жуда қийин ғалабани тантана қилганди, яна бир томони, учрашувдаги ягона гол менинг ҳисобимга ёзилганди. Шу натижа туфайли Киев «Динамо»си чемпионат ғолибига айланган, «Пахтакор» эса аъло даража футбол кўрсатиш имкониятига эга бўлган.

1961 йилги собиқ иттифоқ биринчилиги «А» тоифаси (олий лига - муал.) икки босқичда ўтказилганди. Яъни клублар аввалига икки гуруҳга бўлинган - ҳар бирида 11тадан иштирокчи ўйнаган. Биринчи босқичда гуруҳларда 1-5-ўринларни эгаллаган жамоалар ҳал қилувчи раунд-да совринли ўринлар учун курашган, қолган клублар эса 11-22-поғоналар тақдирига ойдинлик киритган.

Хуллас, «Пахтакор» биринчи босқичда 5-ўринни банд этиб, собиқ иттифоқнинг энг кучли 10та жамоа-си қаторидан жой олганди. Тўғри, ҳал қилувчи раундда 10-поғона билан чекланганмиз, аммо кучлилар билан рақобатлашиш жамоамиз учун чинакам трамплин вазифасини бажарган.

Чунончи, кейинги мавсум олий лигада фахрли 6-ўриндан жой олиб, «Пахтакор» тарихидаги энг юқори натижани қайд этганмиз. Йигитларимиз бу натижани 20 йилдан кейин такрорлашганини ҳам эслатиш жоиз.

- 1962 йилги мавсум натижаси қандай қабул қилинган - жамоа ва мураббийлар штаби хизмати эътироф этилганми?

- Чемпионатнинг камида 50 фоиз ўйинида қатнашган барча футболчиларга собиқ иттифоқнинг «Спорт устаси» мақоми берилган (омадли иштирок самараси ўлароқ, «Пахтакор»-нинг 14 нафар футболчи «Спорт устаси» мақомини олган - муал.).

Мавсум-1962 якунига кўра, Биродар Абдураимов жамоанинг энг яхши тўпурари бўлган. У 8та голидан бирини жаҳон футболининг афсонавий кипери Лев Яшин дарвозасига урган (22 июль куни Тошкентда Москва «Динамо»сига қарши кечган ўйинда, ҳисоб - 2:2).

Биродар Ҳасанович айни пайт яна «Пахтакор» билан бирга ва клуб президенти маслаҳатчиси сифатида ўзбек футболи байроқдори равнақи йўлида меҳнат қилмоқда.

Катта устозимиз Александр Андреевич Келлер эса собиқ иттифоқда хизмат кўрсатган мураббий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, Киев «Динамо»си раҳбариятининг 1961 йили «Торпедо»га қарши кечган ўйинимизни эътиборсиз қолдирмай, юқори натижамиз муносабати билан табрик телеграммаси юборгани ҳам ёқимли бўлганди.

Умуман, Ўзбекистонда жиддий футбол «бомба»си портлади - «Пахтакор» ўйинларида стадионимизга мухлислар сиғмай қолишар, барча кўчалар ва ҳовлиларда болакайларнинг тўп ортидан югуришаётганига дуч келардик.

Асосийси, болалар-ўсмирлар футболида сезиларли тараққиёт бошланган эди. Оддий айтганда, 1962 йилги натижамиз бутун ўзбек футболига мисли кўрилмаган туртки берганди.

Биродар Абдураимовнинг асосий ютуқ ва натижалари

- Осиё ўйинлари чемпиони (мураббий сифатида) - 1994 йил

- Собиқ иттифоқ кубоги финалчиси - 1968 йил

- Собиқ иттифоқнинг 1970 йилги чемпиони ЦСКА клубида ўйнаган (8та ўйин, 1та гол) 

- Собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигаси ғолиби - 1972 йил

- Собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигаси бронза медали соҳиби - 1964 йил

- Собиқ иттифоқ кубоги ярим финалчиси - 1969 йил

- Собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасининг энг яхши тўпурари (22та гол) - 1968 йил

- Собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасининг энг яхши тўпурари (34та гол) - 1972 йил

- 1968 йили собиқ иттифоқ чемпионатининг энг яхши 33 нафар футболчиси рўйхатига кирган (иккинчи рақамли ҳужумчи сифатида)

    - Григорий Федотов номидаги тўпурарлар фахрий клуби аъзоси (106та гол)

- Ўзбекистонлик тўпурарлар клуби унинг номи билан аталган

- «Пахтакор» сафида кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи (368та ўйин)

- «Пахтакор»нинг собиқ иттифоқ чемпионатидаги 5 карра энг яхши тўпурари (1962 йил - 8та гол, 1968 йил - 22та гол, 1971 йил - 7та гол, 1972 йил - 34та гол, 1973 йил - 12та гол)

- Ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони

- Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий - 1990 йил

- «Шуҳрат» медали соҳиби - 1994 йил

- «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони нишондори - 2003 йил

Бундан ташқари, Биродар Ҳасанович бошқарган клублар собиқ иттифоқ чемпионати биринчи ва иккинчи лигаларида совриндор бўлган. 1992 йили эса «Навбаҳор» унинг бошқарувида Ўзбекистон кубогини ютган.

Биродар Абдураимовнинг мўъжизавий голли статистистикаси манзараси

- Биродар Абдураимов собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасидаги 1-голини 1960 йилнинг 14 октябрь куни «Зенит»га қарши кечган сафар ўйинида афсонавий кипер Анзор Кавазашвили дарвозасига урган ва унда тошкентликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишган. Ўша вақт ҳужумчи 17 ёшу 153 кунлик бўлган.

Орадан атиги 10 кун ўтиб, туғма иқтидор Тошкентда Олма-отанинг «Қайрат» клуби билан бўлган ўйин-да «дубл»га эришиб, 3:0 ҳисобига катта ҳисса қўшган. 

- Ўзбекистон фахри Григорий Федотов номидаги тўп-урарлар клубига 1973 йилнинг 18 август куни кирган. У 100-голини чемпионат доирасида Львовнинг «Карпати» клубига қарши кечган ўйинда Габор Вайде дарвозасига йўллаганди (3:1 - «Пахтакор» фойдасига). Абдураимов ўшанда 30 ёшу 90 кунлик бўлган.  

-  «Пахтакор»нинг шиддаткор тўпурари 100та гол маррасини 12 йилу 302 кунда босиб ўтган.

- Абдураимов юқори савия-даги фаолиятида охирги голини 30 ёшу 333 кунлигида нишонлаган. Яъни 1974 йилнинг 12 апрелида собиқ иттифоқ чемпионати 1-турида «Зенит» дарвозасини ишғол қилган (1:1). Қисқаси, қаҳрамонимиз фаолиятидаги биринчи ва охирги голларини битта клубга «тортиқ» этган.

- Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клубида қайд этилган 106га голига тўхталсак, 72та ўйинда рақиблар дарвозасини 1 мартадан нишонга олган донгдор ҳужумчи 9та учрашувда ўз ҳисобига 2тадан ва 4та баҳсда 3тадан гол ёзиб қўйган. Яна бир учрашувда эса 4та гол урган - «покер».

- Биродар Абдураимов юқори даражада 3та клуб шарафини ҳимоя қилган - «Пахтакор», «Спартак» (Москва) ва ЦСКА (Москва). Шулардан 2таси либосида ўз ҳисобига гол ёзиб қўйган - «Пахтакор»да 96та ва ЦСКАда 10та. Умуман, у ўртача ҳисоблаганда, ҳар 3та ўйинда гол қувончини туйган. Ўртача маҳсулдорлиги 1та ўйинга 0,29та голга тенг.

- Тошкентлик голеадорнинг аниқ зарбаларидан энг кўп жабр чеккан клублар: «Зенит» - 15та гол, «Спартак» (Москва) - 9та гол, «Арарат» - 7та гол, «Нефтчи» (Боку) - 6та гол. Абдураимов шунингдек, ЦСКА (Москва), «Динамо» (Тбилиси), «Динамо» (Минск), «Қайрат», «Заря» (Ворошиловград) ҳамда «Торпедо» (Кутаиси) жамоалари дарвозасини 5 мартадан нишонга олган.

- Ўзбек футболи афсонаси «хет-трик» ва «покер»лар сони (жами 5та) бўйича собиқ иттифоқ давридаги ўйинчилар орасида 15-ўринда. Эътиборли факт - Абдураимовнинг клубдоши Геннадий Красницкий ҳам худди шундай кўрсаткичга эга.

- 1968-1969 йилларда Биродар Абдураимов собиқ иттифоқ терма жамоасининг ўртоқлик ўйинларига жалб этилган. Унинг бу борадаги статистикаси ажойиб: 7та ўйин, 5та гол (ўртача маҳсулдорлик - 0,71та гол).

- «Пахтакор» ҳужумчиси 1972 йили 34та гол билан собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасида энг яхши тўпурар бўлган. У ўша мавсум пойгадаги энг яқин таъқибчиси - Анатолий Шепель («Черноморец»)дан нақ 13та кўп гол урганди.

Р.S.: муаллиф мақолани тайёрлашда катта ёрдам берган Азамат Абдураимовга миннатдорчилик билдиради. Мақолада шунингдек, ўзбекистонлик журналист-тадқиқотчи Мавлон Юлдашевнинг матбуотда чиққан маълумотлари, «Собиқ иттифоқ терма жамоаси» маълумотнома (муаллифлар - Николай Травкин, Москва ва Юрий Ландер, Харьков)ларидан ҳам фойдаланилди.

Виктор ЕРЁМИН-ХОХЛЮК, Тошкент шаҳри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz