Қайднома

Қидирув

Жамғарма динамикаси ёки жаҳон чемпионатлари ва моддий рағбат

Жамғарма динамикаси ёки жаҳон чемпионатлари ва моддий рағбат

  23.06.2018 06:12
  0
  739
Жамғарма динамикаси ёки жаҳон чемпионатлари ва моддий рағбат

Россия мундиалида қайси ўрин учун қанча мукофот пули олиш мумкин? Ҳозирги ва аввалги жаҳон биринчиликлари мукофот жамғармасини ўзаро таққосласак, ўртада нечоғли тафовут бор?

Тушунарлики, Россиядаги жаҳон кубогида иштирокчиларни моддий рағбатлантириш учун ажратилган жамғарма суммаси жуда катта. Умуман, ЖЧ-2018 тарихдаги энг йирик мукофот «қопча»сига эга турнирдир.

Дейлик, қайсидир терма жамоа гуруҳ босқичидан ўтолмаган тақдирда ҳам, миллий федерация ФИФАдан 8]1,5 миллион доллар (кафолатланган бонус ] тайёргарлик харажати) олади. Ғолиб жамоа эса нақ 38 «лимон»га эга чиқади.

Энди охирги 10та жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси ва ўртадаги «торт» қандай тақсимлангани ҳақида тушунча берсак бўлади. Бунда фақат ФИФАнинг расмий маълумотлари эътиборга олинган.

ЖЧ-2018

Умумий тўлов жамғармаси: 791 миллион доллар

Чемпион улуши: 38 миллион

2-ўрин учун: 28 миллион

3-ўрин учун: 24 миллион

4-ўрин учун: 22 миллион

5-8-ўринлар учун: 64 миллион (4та жамоага 16 миллиондан)

9-16-ўринлар учун: 96 миллион (8та жамоага 12 миллиондан)

17-32-ўринлар учун: 128 миллион (16та жамоага 8 миллиондан)

Қўшимча тўловлар

Шунингдек, жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 1,5 миллиондан ажратилган (жами тўлов - 48 миллион). Турнирга футболчи юборган клубларга эса 209 миллион бўлиб берилади.

Суғурта жамғармаси 134 миллионга тенг. Шунча маблағ футболчилари терма жамоа ихтиёридаги вақтда жароҳат орттирган клубларга тақсимлаб берилади (бунда нафақат ЖЧ финал босқичи, балки саралаш раундлари ва йиғинларга ҳам қаралади).

ЖЧ-2014

Умумий тўлов жамғармаси: 576 миллион доллар

Чемпион улуши: 35 миллион

2-ўрин учун: 25 миллион

3-ўрин учун: 22 миллион

4-ўрин учун: 20 миллион

5-8-ўринлар учун: 56 миллион (4та жамоага 14 миллиондан)

9-16-ўринлар учун: 72 миллион (8та жамоага 9 миллиондан)

17-32-ўринлар учун: 128 миллион (16та жамоага 8 миллиондан)

Қўшимча тўловлар

Шунингдек, жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 1,5 миллиондан ажратилган (жами тўлов - 48 миллион).

Турнирга футболчи юборган клубларга эса 70 миллион бўлиб берилган. Суғурта жамғармаси (100 миллион) маблағифутболчилари терма жамоа ихтиёридаги вақтда жароҳат орттирган клубларга тақсимлаб берилган (бунда 2012 йил 1 сентябрь - 2014 йил 31 декабрь оралиғидаги ўйинлар ва йиғинларга қаралган).

ЖЧ-2010

Умумий тўлов жамғармаси: 420 миллион доллар

Чемпион улуши: 30 миллион

2-ўрин учун: 24 миллион

3-ўрин учун: 20 миллион

4-ўрин учун: 18 миллион

5-8-ўринлар учун: 56 миллион (4та жамоага 14 миллиондан)

9-16-ўринлар: 72 миллион (8та жамоага 9 миллиондан)

17-32-ўринлар: 128 миллион (16та жамоага 8 миллиондан

Қўшимча тўловлар

Шунингдек, жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 1,5 миллиондан ажратилган (жами тўлов - 48 миллион). Турнирга футболчи юборган клубларга эса 40 миллион бўлиб берилган.

ЖЧ-2006

Умумий тўлов жамғармаси: 347 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 282 миллион доллар)

Чемпион улуши: 24,5 миллион 

2-ўрин учун: 22,5 миллион

3-ўрин учун: 21,5 миллион

4-ўрин учун: 21,5 миллион

5-8-ўринлар: 46 миллион (4та жамоага 11,5 миллиондан)

9-16-ўринлар: 68 миллион (8та жамоага 8,5 миллиондан)

17-32-ўринлар: 96 миллион (16та жамоага 6 миллиондан)

Қўшимча тўловлар

Шунингдек, жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 1 миллиондан ажратилган (жами тўлов - 32 миллион). Суғурта жамғармаси (15 миллион) маблағифутболчилари жаҳон чемпионати финал босқичида жароҳат орттирган клубларга тақсимлаб берилган.

ЖЧ-2002

Умумий тўлов жамғармаси: 232,75 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 156 миллион доллар)

Чемпион улуши: 12,4 миллион

2-ўрин учун: 12,15 миллион

3-ўрин учун: 11,9 миллион

4-ўрин учун: 11,9 миллион

5-8-ўринлар учун: 31,6 миллион (4та жамоага 7,9 миллиондан)

9-16-ўринлар учун: 48,8 миллион (8та жамоага 6,1 миллиондан)

17-32-ўринлар: 96 миллион (16та жамоага 4,5 миллиондан)

Қўшимча тўлов

Жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 1 миллиондан ажратилган (жами тўлов - 32 миллион).

ЖЧ-98

Умумий тўлов жамғармаси: 157 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 103 миллион доллар)

1та ўйиндаги иштирок учун: 1,038 миллион

Қўшимча тўлов

Жаҳон чемпионатига чиққан 32та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 750 мингдан ажратилган (жами тўлов - 24 миллион).

ЖЧ-94

Умумий тўлов жамғармаси: 94,1 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 71 миллион доллар).

1та ўйиндаги иштирок учуш: 835,701 минг

Қўшимча тўлов

Жаҳон чемпионатига чиққан 24та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 300 мингдан ажратилган (жами тўлов - 7,2 миллион).

ЖЧ-90

Умумий мукофот жамғармаси: 76 миллион Швейцария франки (ўша вақтда 54 миллион доллар)

1та ўйиндаги иштирок учун: 677,127 минг

Қўшимча тўлов

Жаҳон чемпионатига чиққан 24та жамоанинг муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳар бир миллий футбол федерациясига 250 мингдан ажратилган (жами тўлов - 6 миллион).

ЖЧ-86

Умумий тўлов жамғармаси: 50 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 26 миллион доллар)

1та ўйиндаги иштирок учун: 481,539 минг

ЖЧ-82

Умумий тўлов жамғармаси: 42 миллион Швейцария франки (ўша вақтда - 20 миллион доллар)

1та раунддаги иштирок учун: 1 миллион

Европа чемпионатида қандай?

Умумий олганда, «кўҳна қитъа» биринчилиги миллий федерациялар учун ҳаттоки, жаҳон чемпионатидан ҳам фойдалироқ турнир ҳисобланади. Зеро, ҳиммати баланд УЕФА нафақат иштирок, балки гуруҳ босқичидаги ғалаба (1 миллион евро) ва дуранг (500 минг евродан) учун ҳам алоҳида пул санаб беради.

Булар - кафолатланган мукофот. Таққослаш учун айтсак, ЖЧ-2014га жамоа юборган миллий федерациялар ФИФАдан ўртача ҳисобда 11,2 миллион доллардан олган бўлса, Евро-2016га боғлиқ бу сумма 12,5 миллион евро (турнир старти вақтида - 14,1 миллион доллар) бўлди.

Франция мезбонлик қилган Евро-2016нинг умумий мукофот жамғармаси эса 301 миллион евро (турнир старт ивақтида - 340 миллион доллар)ни ташкил этганди. Тўғри, Евро-2016 ғолиби - Португалия термаси ЖЧ-2014да зафар қучган Германия миллий жамоасидан камроқ олган.

Аниқроғи, португалияликлар улушлари 25,5 миллион евро (29 миллион доллар)га етган. Улар максимал натижа қайд этишганида 27 миллион евро олишарди. Немислар эса Бразилиядан 35 миллион доллар билан қайтишганди.

ФИФА томонидан ажратилган маблағ асосан миллий федерацияларга тегса, улар ўз навбатида, ўз қарамоғидаги терма жамоани рағбатлантиради. Яъни охирги йилларда муайян натижа учун маълум миқдорда пул мукофоти белгилаш одатий ҳолга айланди. Россия мундиали ҳам бундай ваъдалардан мустасно эмас. Демак, буни баъзи жамоалар мисолида кўриб чиқамиз.

Россия термаси. РФИ президенти мажбуриятларини вақтинча бажариб турган Александр Алаев «СЭ»га берган интервью берар экан, асосан ФИФА ажратадиган маблағ хусусида гапирганди: «Ҳар бир иштирокчи жамоанинг 8 миллион доллар олиши та-йин. Биз айни шу маблағ эвазига терма жамоанинг бутун тайёргарлик босқичига кетган харажатни қоплаймиз.

Гуруҳ босқичидан чиққан жамоаларга қўшимча 4 миллион доллардан берилади. Режага кўра, агар жамоамиз «плей-офф»га ўтса, мукофот пули бўлиб берилади. Қандай? Қўшимча маблағнинг маълум қисми федерацияда қолади - йиғин ва бошқа масалалар харажати учун.

Қолган сумма терма жамоа футболчилари, мураббийлари ва маъмурий ходимлари ўртасида тақсимланади. Умуман, моддий масалалар ортиқча савол келтириб чиқармайди». Шунга асосан айтсак, РФИ ўз ҳисобидан тўламайди. Виталий Мутко Россия спорти куратори мақомида бўлиб турган вақтидаёқ барчасини очиқ-ойдин айтганди: «Алоҳида ўйин учун ҳеч қандай пул берилмайди».

Тўғри, ўтган йилнинг декабрь ойида «Мутко қарши» телеграм-каналида агар руслар гуруҳдан чиқишса, 300 миллион рубль олишлари ҳақида хабар ёзилди. Унга кўра, финал учун 1,2 миллиард, чемпионлик учун эса 2 миллиард рубль ваъда қилинган.

Англия термаси. Инглизлар жаҳон чемпионати фаворитлари қаторида эмаслар. Шунга мувофиқ чемпионлик учун катта миқдорда пул мукофоти белгиланган. Хуллас, The Sun нашри маълумотларига ишонадиган бўлсак, агар британиялик футболчилар ярим аср бадалига илк олтин медални ютишса, унда 5 миллион фунт (!)ни ўзаро бўлиб олишади.

Оддий ҳисобласак, жамоанинг ҳар бир вакилига ўртача ҳисобда чамаси 200 минг фунт тегади. Лекин шуниси борки, инглизлар бордию, гуруҳ довонидан ўтолмасалар, бир чақа ҳам олишмайди. Чунончи, Англия термаси нисбатан енгилроқ квартетга тушган (рақиблари - Бельгия, Панама ва Тунис).

Германия термаси. Йоахим Лёв бошқарувидаги немислар Россияда жаҳоннинг амалдаги чемпиони ва Конфедерациялар кубоги соҳиби сифатида ўйнамоқдалар. Германия футбол иттифоқи чемпионлик мақоми ҳимоя қилинган тақдирда жамоани 8 миллион евролик катта моддий рағбат билан тақдирламоқчи.

Бошқача айтсак, Германия миллий жамоаси яна тахтга кўтарилса, ҳар бир футболчи 350 минг еврога эга чиқади. Умуман, немислар яна 3 хил натижа учун мукофот ваъда қилишган: 2-ўрин - 200 мингдан, 3-ўрин - 150 мингдан ва 4-ўрин - 125 минг евродан.

Испания термаси. Барчасидан хабардор As газетаси март ойидаёқ Испания футболи раҳбарлари натижалар учун белгиланган бонус миқдорини аниқлаганди:

1|8 финал - мукофот йўқ

1|4 финал - 30 минг евродан (ҳар бир футболчига)

1|2 финал - 60 минг евродан (ҳар бир футболчига)

2-ўрин - 90 минг евродан (ҳар бир футболчига)

1-ўрин - 125 минг евродан (ҳар бир футболчига)

Футболчилар шунинг баробарида ғалаба шарафига эсдалик совғаси ҳам олишади - баҳоси 90 минг еврога тенг Patek Philippe Nautilus қўл соатларини.

Франция термаси. Французлар ўз майдонларида бўлиб ўтган Европа чемпионатидаги ғалаба учун футболчиларга 300 минг евродан ваъда қилишганди. Бироқ жамоа бунинг уддасидан чиқолмади.

Натижада мукофот жамғармаси тўлиқ ЖЧга қолди, тўғрироғи, унинг ёнига яна маблағ қўшилди. Демак, L~Equipe нашрида маълум қилинишича, франциялик футболчилар Россиядан жаҳон кубоги билан қайтишса, киши бошига 400 минг евродан олишади.

Бельгия термаси. Бельгияликларда эса ҳолат бошқача - улар Евро-2016 олдидан жамоанинг ҳар бир вакилига ғалаба учун миллион евро ваъда қилишганди.

Энди эса бу миқдор деярли 2 баравар камайтирилди. Ҳар ҳолда, мамлакат ОАВ тарқатган маълумотларга биноан айтсак, Эден Азар ва унинг шериклари жаҳон кубогини бошлари узра баланд кўтаришса, 600 минг еврога бойишади.

Бразилия термаси. Расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, энг катта мукофот жамғармаси айнан бразилияликларга ваъда қилинган. Ҳаттоки, Европа жамоаларига ҳам «олтин» учун бу қадар кўп пул берилмайди.

Қисқаси, Испания матбуотида ёзилишича, агар Бразилия термаси Москвадаги «Лужники» стадионида якуний ғалабани тантана қилса, 23 нафар футболининг ҳар бирига 1 миллион доллардан топширилади. Ҳаттоки, таркибдаги 3-голкиперга ҳам.

Нигерия термаси. Африка жамоаларида жаҳон чемпионатлари олдидан моддий масала кўндаланг бўлиши одат тусига кириб қолган, ҳисоб. Шунинг учунми, Нигерия футбол федерацияси бу сафар анча илдам ҳаракатланиб, бонус тўловини амалга оширишга улгурди.

Ҳар ҳолда, федерация раҳбари Амажу Пинник жамоа футболчиларига 2,8 миллион евро ажратилганини маълум қилганди. Энди «яшил бургутлар» турнир давомида моддиятни ўйлаб, чалғимасалар ҳам бўлаверади.

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz