Қайднома

Қидирув

Чорак финал Россияда ёхуд Евро-2020 ҳақида гаплашамиз

Чорак финал Россияда ёхуд Евро-2020 ҳақида гаплашамиз

  24.06.2018 06:13
  0
  784
Чорак финал Россияда ёхуд Евро-2020 ҳақида гаплашамиз

Санкт-Петербург 2020 йилги Европа чемпионати очилиш ўйини мезбони бўлмайди, аммо чорак финал баҳси айнан шу шаҳарда ўтказилади. УЕФА ижроқўми Евро-2020 финал бос­қичи тақвими борасида якуний тўхтамга келди.

Бугун жорий йилги мундиалга мезбонлик қилаётган Россияни кейинги икки йилда нима кутиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

Нега яна Россия?

Евро-2020 ажойиб турнир бўлади. Биринчи марта чемпионатнинг финал босқичи деярли бутун Европа бўйлаб ўтказилади. Россия - мезбонлардан бири. Ушбу мамлакатдаги ўйинлар Санкт-Петербург майдонларида бўлиб ўтади: «В» гуруҳининг учта баҳси (13, 17 ва 22 июнда) ҳамда 1|4 финалнинг битта учрашуви (3 июль) шимолий пойтахтга ишониб топширилади.

Тақвимга кўра, Петербургдаги чорак финал ҳисоб бўйича 45-ўйин бўлади. УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини мазкур турнирга шиор ҳам топган - «Евро - Европа учун».

Унинг фикрича, мезбон мамлакатларнинг кўпайиши инфратузилма тайёргарлиги бўйича масалаларни ечишда асқотади, зеро иштирокчилар сонининг ортиши Европа чемпионати ташкилотчиларининг вазифаларини қийинлаштиради.

Евро-2020 ўйинларини қабул қилиш учун турли мамлакатларнинг 19та шаҳри кураш олиб борди. Регламентга кўра, ҳар бир давлат фақат битта шаҳар ва битта стадионни рўйхатдан ўтказиши мумкин. 2014 йилнинг сентябрида ўтказилган сайлов жараёнида барча параметрлар бўйича муносиб бўлган 13та шаҳар танлаб олинди.

Платини қарор моҳиятини қуйидагича изоҳлаганди: «Биз йирик халқаро аэропортлари бор шаҳарларни маъқул кўрдик. Танлов жараёни миллий термалар кучи ёки мамлакатнинг туристик салоҳиятига асосланмаган.

Бизнинг критериялар аэропортлар, транспортлар ва шароитларга тааллуқли. Ўйлашимча, ижроқўм вакиллари тўғри йўл тутишган - жанубдан Рим ва Бильбао, шимолдан эса Копенгаген ва Санкт-Петербург танланди».

Европа чемпионати яна қайси шаҳарларда ўтказилади?

УЕФА қатъий қоида ўрнатди: Евро-2020 мезбонларининг иккитадан ортиғи бир гуруҳга тушмайди.

Натижада гуруҳ босқичи ўйинлари турли шаҳарларга мана бундай кўринишда тақсимланди: «А» гуруҳи - Рим ва Боку, «В» гуруҳи - Копенгаген ва Санкт-Петербург, «С» гуруҳи - Амс­тердам ва Бухарест, «D» гуруҳи - Лондон ва Глазго, «Е» гуруҳи - Бильбао ва Дублин, «Ғ» гуруҳи - Будапешт ва Мюнхен.

Дастлаб омадлилар рўйхатида Брюссель ҳам бор эди, аммо 2017 йилнинг декабрида Бельгия пойтахти Европа чемпионати ташкилотчилари сафидан чиқарилди. Сабаб - янги стадион қурилишида муаммолар юзага келган.

Брюсселда гуруҳ босқичининг учта, 1|8 финалнинг битта учрашуви ўтказилиши кўзда тутилганди. Ушбу ўйинларнинг барчаси Евро-2020нинг асосий шаҳри - Лондон ихтиёрига ўтди. Шу тариқа, Буюк Британия пойтахти турнирнинг 7та баҳсига мезбонлик қиладиган бўлди. Улар орасида икки ярим финал (7 ва 8 июль) ҳамда финал (12 июль) ҳам бор. «Уэмбли» майдони жиддий тайёргарлик кўриши лозим.

Чорак финаллар ҳақида гапирадиган бўлсак, 3 июль санасига белгиланган ўйинлардан бири, юқорида таъкидлаганимиздек, Санкт-Петербургда, яна биттаси Мюнхенда ўтказилади. Ушбу учрашувлар ғолиблари 7-санада Лондондаги дастлабки ярим финалда куч синашишади.

Яна иккита чорак финал (4 июль) Рим ва Бокуга ишониб топширилади. Мазкур жуфтликларда муваффақият қозонганлар 8-санада туманли ўлкада ўтказиладиган иккинчи ярим финалда тўқнаш келишади.

Дарвоқе, Санкт-Петербург очилиш ўйинини қабул қилишга ҳам ариза топширган, аммо бу ерда рақобат ўта жиддий бўлганди. Россиянинг шимолий пойтахтидан ташқари, дастлабки баҳсни ўтказишга яна бешта шаҳар даъвогарлик қилди. Якунда Рим ғолиб чиқди ва 13 июнь кунги старт Италияда бўлиб ўтиши ойдинлашди.

Саралаш цикли қандай ўтади?

Евро-2020 саралаш баҳсларига қуръа ташлаш маросими 2018 йилнинг 2 декабрь куни Дублинда ўтказилади. Ҳеч қайси терма озод этилмаган бу галги квалификацион раундда 55та миллий жамоа қатнашади.

Мазкур босқичдаги ягона дебютант - Косово термаси: бунга қадар ушбу юрт вакиллари жаҳон чемпионати саралашида қатнашиб, Исландия, Хорватия, Украина, Туркия ва Финляндиядан ташкил топган гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашганди.

Қуръа натижаларига кўра, 5-6та жамоадан иборат 10та гуруҳ вужудга келади. Россия айрим сабабларга кўра, Украина билан, Арманистон эса Озарбайжон билан бир гуруҳга тушмайди. Саралаш баҳслари 2019 йилнинг мартидан ноябригача давом этади. Ўз гуруҳида 1-2-ўринларни эгаллаган термалар турнирнинг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритади.

Яна тўртта ўрин кимга насиб қилади? Айтишларича, 2013 йили УЕФА вакилларида нафақат мезбонлар сонини ошириш, балки Европа чемпионати сарҳадларини кенгайтириш ғояси ҳам туғилган.

Ўшанда Платини «кўҳна қитъа» биринчилигига Аргентина, Бразилия, Мексика ҳамда Япония миллий жамоаларини таклиф этиш фикрини илгари сурган. Аммо инқилобий ўзгариш амалга ошмади.

Евро-2020да фақат Европадаги саралаш ғолиблари қатнашади. Қолган тўртта йўлланма эгалари ўртоқлик ўйинлари ўрнини эгаллаши кутилаётган турнир - Миллатлар Лигаси орқали аниқланади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz