Қайднома

Қидирув

Диогу Далот: «МЮ» учун боримни бераман»

Диогу Далот: «МЮ» учун боримни бераман»

  25.06.2018 06:13
  0
  246
Диогу Далот: «МЮ» учун боримни бераман»

«МЮ» трансферлар бомбасини айлантиришда давом этяпти. Мана, манчестерликлар аввалига бразилиялик Фред учун «Шахтёр» (Донецк)га 60-61 миллион евро тўлаб, Украина чемпионати тарихидаги рекордни янгилашди. Яъни Фред украин клублари томонидан сотилган энг қимматбаҳо футболчи бўлди.

Жозе Моуриньо жамоаси эса шундан кўп ўтмай, яна бир харидга қўл урди - бу сафар «Порту»нинг 19 ёшли ҳимоячиси Диогу Далот туманли ўлкага юзланди. Далот - истиқболли, аммо кенг оммага нотаниш йигит.

Англия ОАВ маъулотлари бўйича айтсак, «Юнайтед» аввалги мавсум «Порту»нинг миллий чемпионат доирасидаги атиги 6та ўйинида иштирок этган ҳимоячига 23 миллион евро тўлаган. Transfermarkt.de сайти эса келишув 22 «лимон»га расмийлаштирилганини маълум қилди.

Эътиборлиси, Диогу катталар футболида етарли амалиётга эга бўлмасада, «Барселона» ва «Реал» назарига тушишга улгурганди. Ғайриоддий футболчи, ноёб иқтидор.

У «МЮ» билан шартнома тузгани ҳамоно MUTV каналига махсус интервью бериб, клуб сафига улкан мақсад ва кучли иштиёқ билан қўшилганини яширмади.

- Диогу, «Манчестер Юнайтед» оиласига хуш келибсан. Бундай йирик клуб таклиф қилган шартнома остига имзо чекиш қандай экан?

- Бу ердаги эътибор кўламию, ишлардан дарҳақиқат, ҳайратдаман. Умид қиламанки, мен ҳам ўз навбатида, клуб  ва унинг мухлисларини ҳайратлантира оламан. Ҳар ҳолда, «МЮ»га улкан зафарларга эришиш ниятида келдим ва буни яширишдан маъно йўқ.

- Хўш, янги клубинг ҳақида қандай маълумотларга эгасан ва ундан айнан нималарни кутяпсан?

- «МЮ»нинг ер юзидаги энг кучли жамоалардан бири эканлиги барчага аён, хусусан, мен ҳам унинг тарихидан маълум даражада бохабарман. Умуман, шундай гранд сафида бўлиш фантастикадек гап. Албатта, «МЮ»да янги даражага чиқишни хоҳлайман. Ўйлайманки, клуб бунга етарли имконият беради. Демак, ишончни оқлаб, имкониятдан унумли фойдалансам, бас.

- Бунгача яна бир буюк тарих ва катта анъаналарга эга клуб - «Порту»да тажриба оширдинг. Португалия чемпионатидаги иштирокдан нималарни ўргандинг?

- Унутмаслик керак, айнан «Порту» бағрида улғайдим, клуб менга кўп нарса берди. Шу жамоа туфайли кучли жамоалар эътиборига тушдим ва «МЮ»дек гранд билан шартнома туздим. Қисқаси, бугунги ҳолатим учун клубдан қарздорман. Шундай экан, «Порту»дан сабоқ олганимни асло унутмайман.

- Португалия лигасида шу йил февраль ойида дебют қилган бўлсангда, ёшлар миқёсида етарли амалиётга эга бўлгансан. Дейлик, U-17 тоифасидаги Европа чемпионатида ғолиблик гаштини сурдинг...

- Нокамтарликка йўймангу, айнан қитъа биринчилигидаги ўйинларда футболда баланд чўққиларни забт этишим мумкинлигини тушунгандим.  Шундан буён ўз устимда икки ҳисса кўп ишлаяпман. Энг муҳими, ўйин бобидаги тараққиёт ўзимга ҳам сезилмоқда. Тушунарлики, ўсишдан зинҳор тўхтаб қолмаслигим керак.

- Жозе Моуриньо томонидан «Юнайтед»га жалб этилган португалиялик биринчи футболчига айландинг. Бундан ғурурлансанг керак...

- Ҳа, албатта. Биринчи бўлиш кимга ёқмайди, ахир. Тўғри, бундай қадам босишда бироз иккиландим. Лекин кескин қарор қабул қилиш муҳим эди. Мана, ўз йўлимни танладим. Негаки, Моуриньони уялтириб қўймаслигимни яхши биламан, шунингдек, унинг мутлақо янги савияга чиқишимга кўмаклашиши ҳам аниқ.

- Очиғи, ҳали ўсмир болакайсан, шунга қарамай, таниқли мураббий сени машҳур клубга таклиф этди. Демакки, у табиий салоҳиятингга қаттиқ ишонмоқда. Бундай кучли ишонч ортидан босим юзага келмасмикан?

- Менимча, футболда ўйинчининг ёши катта аҳамият касб этган даврлар ортда қолди. Ҳозир кўплаб мураббийлар футболчиларнинг паспортига қарамайдилар. Ўйлайманки, бу жуда тўғри ёндашув. Зеро, сен тиним билмай ишласанг ва шунга мувофиқ, ўсишга эриша олсанг, эрта кунда катта чорловларга муносиб бўласан.

- Умуман, сени футболчи сифатида қандай тавсифлаш мумкин?

-  Табиатан меҳнаткаш йигитман. Ҳеч қачон машғулотлардан қочмайман, доимо диққат билан ишлашга шайман. Шундай экан, тер тўкиб ишлашга мойил футболчилар тоифасига кирсам керак.

- Яна бир томони - ҳимоянинг чап ва ўнг қанотида бирдек ҳаракатлана оласан. Ўзингга қайси тараф маъқулроқ?

- Кўпроқ ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ўйнашни ёқтираман. Лекин бу борада ҳеч қачон шарт қўймайман, илтимос ҳам қилмайман. Демоқчиманки, агар зарурат туғилса, бошқа позицияларни бемалол эгаллашим мумкин. Бунда муаммо йўқ.

- Англия Премьер-лигаси сен учун янги синов майдони ҳисобланади. Тўғри, бунгача «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши кечган ўйинда қатнашиб, жамоангга ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишида ёрдам бергандинг.

Ўша ўйин ҳақида нима дея оласан ва «Юнайтед» ҳамда «Ливерпуль» қарама-қаршилиги моҳияти борасида тушунчанг борми?

- Эҳ, «Энфилд»даги ўйин лаҳзалари ҳамон хотирамда. Ахир Чемпионлар Лигасидаги дебютни унутиш мумкинми? Боз устига, ўйин шундай стадионда кечса... Трибуналардаги муҳит, Чемпионлар Лигаси ҳаяжони, турнир мадҳияси - барчаси ажойиб бўлганди.

- Демак, АПЛда ўйнаш чорловидан ғоят хурсандсан...

- Жуда-жуда. Ҳозирдан чемпионат стартини кутяпман. Умуман, АПЛни жаҳон футболидаги энг кучли лига ўрнида кўраман ва бу ерда ўйнаш ўзгача завқ улашишига ишонаман.

- Қизиқ, «Юнайтед»да яқин келажак учун қандай режалар туз-япсан, мақсадинг нима? Нисбатан узоқ муддатга мўлжалланган вазифаларинг нималардан иборат?

- Аввало, жамоага ғалаба қозониши ва юқори чўққиларга интилишида ёрдам беришим керак. «МЮ» - ғолиблик руҳига туйинган клуб. Агар жамоанинг ишлари яхши кечса, меники ҳам зўр бўлади.

- Янги клубдошларинг билан мавсумолди йиғинлари чоғи танишасан. Жаҳон чемпионати тугагунча футболсиз зерикмайсанми?

- Қайтараман, ҳозирдан янги мавсумни кута бошладим. Хусусан, янги жамоадошларим билан танишиш онларини бетоқат ҳолда кут-япман. Умидворманки, ҳаммаси ўзим ўйлагандан ҳам яхшироқ бўлади.

- «МЮ»нинг бутун жаҳондаги мухлисларига айтар сўзларинг...

- Клуб равнақи йўлида боримни бераман. Бу футболка мен учун алоҳида аҳамият касб этишини хоҳлайман. «МЮ»га фақат ва фақат ғалаба илинжида келганман.

Диогу Далот ҳақида бир неча муҳим факт

1). Далот Португалия чемпионатидаги дебютини шу йил февраль ойида нишонлади. У ҳозирча 2та ажойиб натижа (ғалаба)га эга: U-17 тоифасидаги Евро-2016 ҳамда Португалия Примероси олтин медали. Далот кўпинча «Порту»нинг икинчи жамоасида ўйнаган ва топ-клублар скаутлари назарига айнан ёшлар миқёсидаги турнирларда тушган.

2). Далот - универсал футболчи. Асл позицияси - ҳимоянинг ўнг қаноти. Диогунинг алоҳида таъкидлашича, у қарама-қарши томонда ҳам бемалол тўп суради.

3). Далот - Жозе Моуриньо томонидан «МЮ»га таклиф этилган португалиялик биринчи футболчи. «Беназир» уни айнан ўнг қанотга мўлжалламоқда, яъни кетиши кутилаётган Маттео Дармиан ўрнига.

4). Далот тезкор қарши ҳужумлар вақти «МЮ»га катта наф бериши мумкин. Унинг асосий устун жиҳатлари - тезлик ва сифатли узатмалар. Шунингдек, ўзи гол уриши баробарида ассистентлик ролини ҳам бажариши мумкин. Мисол учун, Диогу УЕФА ўсмирлар лигасида «РБ Лейпциг» клубига қарши кечган баҳсда ўз номига ҳам гол, ҳам самарали узатма ёзиб қўйди.

5). Умумий ҳисобда айтганда, Далот мавсум-2017|2018да жами 33та ўйин (турли ёш миқё-сида)да майдонга тушиб, 4та гол урди, 8та самарали «пас» муаллифига айланди. Қисқаси, «Гол]пас» тизимида 12 очко - бу қанот ҳимоячиси учун ажойиб натижа.

6). «Порту» мухлислари Далотнинг трансферидан хурсанд эмаслар. Зеро, клуб яқинда Рикарду Перейрани «Лестер»га қўйиб юборган ва фанатлар янги мавсумда Диогуни асосий таркибда кўришдан умидвор эдилар. Бироқ кўп нарсани Жозе Моуриньонинг қатъийлиги ҳал қилган кўринади.

7). Далот ЧЛдаги дебютини «Ливерпул»га қарши баҳсда нишонлаган. Ўшанда «Порту» кейинги раундга чиқишдан деярли умид узганди, зеро, ўз майдонидаги илк баҳсда 5та гол қўйиб юборганди.

Хуллас, Диогу амалда айтарли ҳеч нарсани ҳал қилмаган ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланиб, «қизиллар»га гол уриш имконини бермади. Оддий айтганда, «Энфилд»да сариқ карточка олган ёш ҳимоячи чакки таассурот қолдирмаганди.

Маълумот учун

Тўлиқ исм-шарифи: Жозе Диогу Далот Тейшейра

Туғилган санаси ва манзили: 1999 йил 18 март (19 ёш), Брага (Португалия)

Фуқаролиги: Португалия

Бўйи:183 см.

Позиция бўйича: қанот ҳимоячиси

Клуб футболида

2015 - «Падроэнсе», ёшлар (Португалия)

2015-2017 - «Порту», ёшлар (Португалия)

2017-2018 - «Порту-B» (Португалия)

2017-2018 - «Порту» (Португалия)

2018-... - «МЮ» (Англия)

Терма жамоалар футболида

2014 - Португалия (U-15), 2та ўйин

2014-2015 - Португалия (U-16), 8та ўйин

2015-2016 - Португалия (U-17), 19та ўйин, 2та гол

2016-2017 - Португалия (U-19), 15та ўйин

2017 - Португалия (U-20), 7та ўйин

2017 - Португалия (U-21), 4та ўйин

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

"Олтин Дубль" Муборак Франция!

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz