Қайднома

Қидирув

Pepsi Суперлига. Ўтган 14та тур қаҳрамонлари: футболчи, ҳакам, мухлислар...

Pepsi Суперлига. Ўтган 14та тур қаҳрамонлари: футболчи, ҳакам, мухлислар...

  29.06.2018 00:18
  0
  1425
Pepsi Суперлига. Ўтган 14та тур қаҳрамонлари: футболчи, ҳакам, мухлислар...

Россияда тўрт йилликнинг энг йирик мусобақаси - футбол бўйича жаҳон чемпионати давом этаётган бир паллада мундиалдан бироз чекиниб, эътиборингизни Pepsi Суперлигага тааллуқли маълумотларга қаратмоқчимиз.

Ундан ортда қолган 14та турда айрим жабҳаларда бошқа ҳамкасбларидан яққол ажралиб турган шахслар ўрин олишган.

Бу рўйхатга мавсум-2018да кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлаётган футболчи, мураббий, ҳакам ва мухлислар киритилган.

БОТИРАЛИ ЭРГАШЕВ - «ёпиқ» дарвоза соҳиби

Клуби: «Навбаҳор»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 11та ўйин, 7та «қуруқ» ўйин

Дарҳақиқат, «лочинлар» кипери қўриқлаётган дарвозани ишғол қилиш рақибларга катта қийинчилик туғдирмоқда. Албатта, бунинг учун Ботирали ҳимоя чизиғидаги шерикларидан миннатдор бўлса арзийди.

 

ЖАЛОЛИДДИН МАШАРИПОВ - ҳам гол, ҳам пас устаси

Клуби: «Пахтакор»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 14та ўйин, 4та гол, 5та ассист

Маълум танаффусдан сўнг «шерлар» сафига қайтган вингер «Пахтакор» ғалабаларига муносиб улуш қўшмоқда. Машарипов ҳозирча «гол}пас» тизими бўйича аниқланадиган рейтинг пешқадами бўлиб турибди.

 

САРДОР СОБИРХЎЖАЕВ - ақлли ассистент

Клуби: «Бунёдкор»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 12та ўйин, 1та гол, 7та ассист

Шерикларига самарали тўп узатиш бўйича эса «қалдирғочлар» вакилининг натижалари анча салмоқли бўлмоқда. Кўриниб турибдики, Собирхўжаев Миржалол Қосимов қўл остида ўзгача иштиёқ билан тўп сурмоқда.

 

АЗИЗ ТУРҒУНБОЕВ - мавсум кашфиёти

Клуби: «Навбаҳор»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 13та ўйин, 4та гол, 4та ассист

Pepsi Суперлиганинг жорий мавсуми бошланганидан буён энг кўп тилга олинган номлардан бири 10-рақамли «лочин» билан боғлиқ. Турғунбоев бугунги кунда «Навбаҳор» етакчиларидан бирига айланиб улгурди.

 

ЭЛГУЖА ГРИГАЛАШВИЛИ - мақомига муносиб легионер

Клуби: «Қизилқум»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 13та ўйин, 7та гол

Дастлабки турларда «Қизилқум»нинг ишлари қовушмаган пайтларда ҳам грузиялик ҳужумчининг ҳаракатлари алоҳида эътироф этилганди. Мана, энди Григалашвилининг меҳнатлари аста-секин ўз мевасини бермоқда. У ҳозирда Суперлига тўпурарлар пойгасида пешқадам.

 

ЖАВОҲИР СИДДИҚОВ - беқиёс етакчи

Клуби: «Қўқон-1912»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 14та ўйин, 1та гол

Ушбу футболчи майдонда бўлмаган пайт «Қўқон-1912»га нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Шу боис, турли омилларга (чарчоқ, жароҳат ва ҳоказо) қарамай, Жавоҳир Сиддиқов қўқонликларнинг барча учрашувларида қатнашмоқда.

 

ИСМОИЛ ГОНСАЛВЕШ - штатдаги пенальтичи

Клуби: «Пахтакор»

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 14та ўйин, 7та гол (5та пен.), 1та ассист

Тўпурарлар рўйхатида Элгужа Григалашвилига рақобат туғдираётган португалиялик форвард «Пахтакор» рақиблари дарвозаси томон белгиланган пенальтилар ижросини бошқа жамоадошларига ишонмаяпти.

 

МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ - матонатли мураббий

«Бунёдкор»нинг бугунги таркибига назар солсангиз, жамоа асосини ёшлар ташкил қилишига гувоҳ бўласиз. Шунга қарамай, «қалдирғочлар» турнир жадвалининг юқори қисмида боришмоқда. Ҳа, тажрибали бош мураббийнинг имзоси шундоққина кўриниб турибди.

 

РАВШАН ЭРМАТОВ - «сахий» ҳакам

Суперлига-2018даги кўрсаткичи: 10та ўйин, 41та «сариқ», 1та «қизил», 4та пенальти

Ҳозирча Pepsi Суперлигада бошқа ҳамкасбларидан кўпроқ ўйин ўтказган рефери айни пайт ЖЧ-2018даги муҳим шахслар сафида. Эрматовнинг ортда қолган 14та турдаги натижалари эса унинг анча «сахий»лигидан далолат.

 

«НАВБАҲОР» ИШҚИБОЗЛАРИ - суперлигадаги супермуҳит

Ўз суюклиларининг ғалабали онларини соғинган наманганлик мухлислар «Навбаҳор»нинг уй учрашувлари пайти стадионда ажойиб муҳит яратишмоқда.

Эътиборлиси, анчадан буён кузатилмаётган кўрсаткич ҳам айнан жорий йилга тўғри келди: ҳозирча томошабинлар ташрифи бўйича рекорд «лочинлар» ишқибозлари томонидан қайд этилди - 25 300. 17 март куни ўтказилган 3-тур доирасидаги «Навбаҳор» - «Локомотив» учрашувини айнан шунча мухлис бевосита стадиондан кузатди.

Ўткир УМАРОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz