Қайднома

Қидирув

Жамоа эмас, оила айланган «Атлетико»

Жамоа эмас, оила айланган «Атлетико»

  30.06.2018 06:38
  0
  576
Жамоа эмас, оила айланган «Атлетико»

Жорий мавсум якуни мадридлик мухлислар ва пойтахт меҳмонларига навбатдаги ўта таъсирли, эҳтиросларга бой драмани ҳадя этди.

Бу қайсидир футбол афсонаси билан хайрлашиш эмасди, шунчаки, «Атлетико»нинг франциялик жавоҳири Антуан Гризманн «Ванда Метрополитано»даги ярим соат ичида кучли нафрат, қўрқув, чинакам дўстлик ва самимий афв каби ҳаяжонли ҳолатга гувоҳ бўлди.

Ҳозирда тарихга айланиб улгурган ЕЛ турнирининг сўнгги финали арафасида гумбурлаган момоқалдироқ «кўҳна қитъа»ни ларзага келтирди: Антуан Гризманн ва «Барселона» ўзаро шартнома борасида келишиб олишгани эълон қилинди

. Аммо беллашув пайтида Антуанга нисбатан нафратли ҳуштакбозликлар янграмади - нуфузли мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида ўз жамоасини бўғишни ким ҳам истарди, ахир? Мурувватни муносиб баҳолаган франциялик тўпурар «Марсель» дарвозасини икки бор забт этди, мухлислар эса «дубл»ни ўзига хос хайрлашув туҳфаси сифатида қабул қилишди.

Шундан кейин фақат хушхабарлар тарала бошлади. Гард қўниб улгурмаган нуфузли совринни боши узра баланд кўтарган «ҳиндулар» етакчиси айни ўша паллада келажаги хусусидаги қарорини қайта кўриб чиқди ва жамадонини жавонга жойлади. Енгил тин олган «Атлетико» «Эйбар» билан бўладиган мавсумнинг сўнгги учрашуви тадоригини кўра бошлади.

Чемпионатда барча масалалар ҳал бўлиб улгурган, Фернандо Торресни муносиб тарзда нафақага кузатишдан бошқа юмуш қолмаганди. Гризманн захирадан майдонга тушгунга қадар ҳаммаси рисоладагидек кечаётганди. Аммо у пайдо бўлиши билан ҳақоратлар бўрони остида қолди. Оёғи тўпга теккани заҳоти ҳайқириқ ва ҳуштакбозликлар авжига чиқарди.

Қисқаси, мадридлик мухлислар франциялик мерганни умуман аяшмади. Агар Антуан майдон четига чиққудек бўлса, фанатлар уни бурдалаб ташлашга тайёр эдилар. Табиийки, қадрдон стадионида ўз мухлисларидан бундай муносабатни кутмаган ҳужумчи довдираб қолди, ўйини қовушмади.

Оқибатда оддий вазиятларда ҳам тўпни йўқота бошлади. Шу боис, ҳуштакбозлик ва ҳақоратлар тобора кучайиб борди, кўнгилсиз манзарани биринчи бўлиб Торрес пайқади. Аввалига у ҳеч нарсани тушунмаётгандек қўлларини силкитди, кейин Гризманнга яқинлашиб, далда берди. Уриниш бесамар кетди.

Тез орада Габи ҳам воқеадан хабардор бўлди. Сардор 7 бармоғини юқорига кўтариб, Антуандан «цирк»ка барҳам беришни сўради. Ниҳоят, Диего Симеоне ҳам ишга киришди. У Годинни ёнига чорлаб, фанатлар трибунасидаги «оғзи маймоқлар»ни тартибга чақириб қўйишни, Гризманни ҳақоратлаш эмас, қўллаб-қувватлашларига даъват этиш вазифасини топширди.

Уругвайлик ҳимоячининг бир-икки оғиз «нордон» калималаридан кейин фанатларнинг қаҳру-ғазаби саробдек ғойиб бўлди, стадионни барча мухлислар жўрлигидаги estamos contigo («Биз сен биланмиз») қўшиғи забт этди.

Ортидан улар Гризманн номини шарафлай бошладилар. Вазиятни диққат билан кузатиб борган мураббий аста-секин асабийликдан фориғ бўлди. Шу тариқа «Ванда Метрополитано»даги соғлом муҳит қайта тикланди. Ҳатто «ҳиндулар»нинг жанговар дурангга (2:2) рози бўлишгани ҳам ҳеч кимни ранжитмади.

Антуан эса майдонда юз берган ўзгаришларга ҳамон ишона олмади. Шу пайт Фернандо у томон чопиб бориб, самимий оҳангда шундай деди: «Биз сени ҳеч кимга алишмаймиз. Сен бизга айнан шу ерда кераксан!» Торреснинг эътирофи уни тўлқинлантириб юборди, ҳужумчининг кўзларига ёш қалқди.

Бу унинг шунчаки совринлар ва чиройли футбол ўйнаши учун эмас, балки туғишган ака-укалардек аҳил оилага айланган жамоанинг ҳақиқий аъзоси эканлигидан далолат берувчи фахр ва ғурур ёшлари эди...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz