Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018га трактор ва велосипедда борган мухлислар (фотогалерея)

ЖЧ-2018га трактор ва велосипедда борган мухлислар (фотогалерея)

  01.07.2018 00:17
  0
  1479
ЖЧ-2018га трактор ва велосипедда борган мухлислар (фотогалерея)

Мундиал - нафақат муросасиз ва натижалари «қолип»га сиғмайдиган футбол, балки айрим ўзига хос мухлислар учун жамоатчилик эътиборини қозониш воситаси.

Кимдир ажабтовур либосларга бурканган ҳолда стадион атрофида қайсидир камеранинг эътиборини тортиш умидида сайр қилади. Бошқаси эса чемпионатга ғайритабиий транспорт воситасида бориш билан танилишни истайди.

Бундай сайёҳлар учун унча-мунча масофа ҳам, йўл қийинчиликлари ҳам чўт эмас.

ЭҲРОМЛАР ЮРТИДАН ВЕЛОСИПЕДДА

Миср терма жамоаси бундан 24 йил аввал жаҳон чемпионатида иштирок этганди. Шу боис, эҳромлар юрти вакили Муҳаммад Нуфалга бу мундиални томоша қилиш насиб этмади. Чунончи, 24 ёшли йигит у пайтда дунёга келмаганди.

Табиийки, Нуфал бу ноёб имкониятдан фойдаланмаслик тузатиб бўлмас хатога айланиши мумкинлигини англаб, Россияга йўл олди. Бироқ у самолётда парвоз қилишни ўта жўн усул деб ҳисоблади ва велосипедда сафарга чиқди.

Айни кучга тўлган пайтида амалга оширилган бу саёҳат чоғида Муҳаммад жуда кўп тарихий обидаларни кўради. Нотаниш кишилар билан танишади. Бундан ташқари, профессионал фотосуратчи сифатида қимматли материалларга эга бўлди.

Муҳаммад Нуфал 7 апрелда Қоҳирадан йўлга чиқиб, Россияга соғ-саломат етиб борди, виза ҳужжатларини аввалдан расмийлаштиргани сабабли ортиқча муаммоларга дуч келмади.

Тўғри, Муҳаммад барча йўлни велосипедда босиб ўтмади - Иорданияда самолётга ўтириб, Болгарияга учиб келди. Чунки Сурия ҳудудини велосипедда босиб ўтишни хатарли, деб ҳисоблади. Украина ҳудудини ҳам у фазода босиб ўтди - Руминиядан Беларусга парвоз қилди.

Салоҳнинг номдоши Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Волгоград ва Грознийда бўлишни режалаштирган. Уйга эса Нуфал самолётда қайтиш ниятида.

ИСЛАНДИЯ «НИВА»СИ

Исландиялик Кьяртанссон билан Йонессонлар эса велосипедни раво кўрмай, Россияга русларнинг «Нива»сида йўл олишди. Нима учун айнан «Нива»да? Чунки қаҳрамонларимизнинг Исландиядаги сайёҳлик фирмаларидан бирининг танловида қатнашиб, шу автомобилни ютиб олишганди.

Бироқ уларнинг асосий муаммоси шунда эдики, Исландия - сув билан ўралган орол давлат шу сабабли, машинани паром орқали Данияга жўнатишди. Сайёҳлар у ердан Германияга, кейин Польшага ва ниҳоят, Россияга етиб боришди. Режага кўра, дуэт 21 июнда Волгоградда, 26-санада Ростовда бўладилар.

Умуман олганда, улар 1500 км. масофани босиб ўтдилар. Эътиборлиси, «Нива» кўк-қизил-оқ рангларда бўлган. Саёҳат ҳисоботини исландияликлар ижтимоий тармоққа жойлаш ниятидалар. Шу тариқа улар ФИФА томонидан суратга олинаётган «ЖЧ йўлидаги саргузаштлар» ҳужжатли фильмидан жой оладилар.

КЎҲНА ТРАКТОРДАГИ НЕМИС ВА ИТ

70 ёшли германиялик Губерт Вирт ўзининг садоқатли кўппаги билан жаҳон чемпионатига тракторда келишга қарор қилди. Қизиғи шундаки, у танлаган транспорт воситаси ҳам аллақачон пенсия ёшидан ўтиб кетган ва соҳибидан бир мучалга ёши улуғроқ - 1936 йилда ишлаб чиқарилган. Боз устига, пиво бочкаси шаклидаги тиркамаси ҳам бор.

Аммо Губерт бобонинг уйда қолган рафиқаси, икки нафар фарзанди ва набиралари унинг антиқа сафаридан хавотирда эмаслар. Боиси, қария 20 йилдан бери фақат шу трактори билан саёҳат қилар экан.

Чемпионатнинг очилиш учрашувига кечикмаслик учун германиялик кекса мухлис 15 май куни йўлга чиққанди. «Мен Москвадан кейин Санкт-Петербургга ўтмоқчиман. У ердан Финландияга, кейин Германияга йўл оламан», - деди Вирт.

ЯНА БИР ТРАКТОР. БУ САФАР ШВЕЙЦАРИЯНИКИ

Ҳа, тракторга меҳр қўйган ёлғиз Вирт эмас экан - 55 ёшли Швейцария фуқароси Вернер Циммерман ҳам Россияни тракторда забт этишга аҳд қилди. Фақат у янги транспорт воситасини танлади. Швейцариялик сайёҳ 22 июнда Калининградга етиб бориб, ўз терма жамоасининг Сербияга қарши учрашувини бевосита стадионда кузатади.

1800 км.лик масофани у тахминан икки ҳафта ичида босиб ўтиши режалаштирилган. Сайёҳнинг Швейцария порталига берган интервьюсига кўра, тракторни муваффақиятли бошқариш учун у бир йил давомида машқ қилиб, билакларига куч тўплаган. Боиси, унинг транспорт воситасига руль ҳаракатларини кучайтириб берадиган мослама ўрнатилмаган.

Шу сабабли тракторни бошқаришда катта қўл кучи талаб этилади. Айнан шу сабабли ҳам Циммерман ортга қайтиш чоғида трактор билан Польшада хайрлашиши ва сафарини одатий автомобилда давом эттиришини маълум қилди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz