Қайднома

Қидирув

Пьерлуижи Коллина: «Даҳшатли хатолар ўтмишда қолди»

Пьерлуижи Коллина: «Даҳшатли хатолар ўтмишда қолди»

  05.07.2018 06:43
  0
  685
Пьерлуижи Коллина: «Даҳшатли хатолар ўтмишда қолди»

ФИФА Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Пьерлуижи Коллина ва Ҳакамлар департементи директори Массимо Бузакканинг ишонтириб айтишларича, ЖЧ-2018да қўлланилаётган янги тизим (VAR) ўтмишда учраган қўпол хатоларга қаратилган кучли зарбадир.

Кўпчилик италиялик собиқ рефери ўйинларни ўзига хос қаттиққўллик билан бошқарганини яхши эслайди. Массимо Бузакка ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Улар жорий чемпионат бошланиши арафасида нақ 1,5 соат давомида матбуот вакилларига видеоассистент тизими қандай ишлаши ва ҳакамликка доир бошқа масалалар ҳақида атрофлича маълумот беришганди.

Махсус анжуманда Коллина ва Бузаккага айнан ҳамюртимиз Равшан Эрматов ҳамда бразилиялик Сандро Риччининг ҳамкорлик қилишгани эътиборга моликдир.

Кечроқ бўлсада, ўша матбуот анжуманини ёритмоқчимиз, чунончи, ЖЧдаги ҳакамлик энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади, албатта.

Пьерлуижи КОЛЛИНА: «Бош вазифа - футболчилар ва ўйин имиджини ҳимоя қилиш»

Анжуманни Коллина ўзига хос қувноқлик билан очиб берди: «Хайрли кун! Ҳакамлик ишига қизиқиш билдираётганинглар учун раҳмат. Абу-Дабида ўтказилган Клублар ўртасидаги ЖЧдан кейинги 6 ой давомида ҳакамлар учун нақ 5та тўлақонли семинар ташкил этдик.

Умуман, мундиалга тайёргарлик ишларини ЖЧ-2014дан кейиноқ бошлаб юборгандик. Табиийки, рефериларга махсус кўрсатмалар ҳам ишлаб чиқдик ва улар ўйинларни шунга мувофиқ бошқаришлари керак. Асосий вазифамиз барча ҳакамларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришдир.

Чунончи, аввало, ўйинчилар хавфсизлигини таъминлаб, футбол имиджи ҳамда мундиал обрўсини сақлаб қолишимиз зарур. Ҳар бир ўйиндан олдин рефериларга рақиб жамоаларнинг қандай ўйнаши хусусида тактик хулосалар тақдим этилади.

Ўйинни шу йўсинда бошқариш нисбатан осон, зеро, ҳақамнинг майдонга тушадиган жамоалар ҳақида маълум тушунга эга бўлиши муайян вазиятда тўғри қарор қабул қилишига ёрдам беради.

Массимо БУЗАККА: «Сифатли ҳакамликдан ҳам завқланиш мумкин»

Коллина кириш қисмидаги гапини тугатгач, навбат Бузаккага берилди: «Аввало, ЖЧ-2014дан кейин 4 йил давомида худди ҳар бир терма жамоа каби изчил иш олиб борганимизни таъкидлайман. ФИФА ҳакамларни муносиб тайёрлаш учун катта харажат қилганини ҳам айтишим ўринли.

Яъни энг олий даражадаги шароитлар яратиб берилди. Демак, талаб шунга яраша катта бўлади. Москвага турнир стартидан 10 кунча олдин келдик. Табиийки, олдимизда улкан мақсад ва ўта масъулиятли вазифа турибди. Йўқ, рефериларга босим ўтказмаяпмиз, шунчаки, улар бажарилган ишимиз маҳсулини амалда кўрсатсалар, бас.

Айтишим жоиз, синов жараёнида барча ҳакамлар тўғри қарорлар қабул қилишди. Бу уларнинг жаҳон чемпионатига тайёр эканликларини англатади. Умуман, ҳар бир рефери тайёргарлик нақадар муҳимлигини теран тушуниб, астойдил ишлади. Ўйлайманки, энди бунинг самарасини кўриш вақти келди.

Одатда ҳакамларни футболчилар билан таққослашни хуш кўраман. Зеро, сифатли ҳакамлик билан ҳам мухлисларга ўзгача завқ улашиш имкони бор. Ҳар куни реферининг ўйин чоғи керакли вақт керакли нуқтада бўлиши устида ишлаймиз. Бунинг учун ҳаттоки, махсус мутахассисларни жалб этганмиз.

Ҳозирча натижалардан мамнунмиз ва бемалол айтаман, улкан жамоамиз ҳар бир иштирокчи термадек ЖЧ-2018га мутлақо шай. Ишимиз сифатини оширишда футболчилар билан яхши алоқа ўрнатиш ва ўйинларни умумий қоидалардан четга чиқмаган ҳолда, бошқариш муҳим.

Дейлик, футболчилар билан илиқ муносабат ўрнатмай туриб, бирор натижага эришиш мушкул. Асосий ниятимиз - ҳакамлар ҳам футболчилар каби ўйиндан завқланишни исташларини амалда исботлаш».

Массимо БУЗАККА: «VAR - бу биринчи навбатда, профилактика воситаси»

Матбуот анжуманининг катта қисми VAR тизимига боғлиқ маълумотларга бағишланди. Зеро, бу тажриба жаҳон чемпионатида илк бора қўлланилмоқда. Бузакканинг таъкидлашича, ФИФА раҳбарлари энг маъқул тизимни яратиш учун маблағни ҳам, кучни ҳам сира аямаган.

. Асосий мақсад битта - ҳакамлик хатоларини минимал даражада пасайтириш. Энг муҳими, бош роль инсон қўлида қолади, яъни технологик восита биринчи ўринга чиқиб кетмайди: «VAR тизимини профилактика воситаси сифатида қабул қилиш керак.

Стадионларга тизимнинг бехато ишлаши учун етарлича камералар ўрнатилган, шундай экан, тажриба муваффақият келтириши керак. Футболчиларга бу масалада энг зарур маълумотлар етказилди, тушунтириш ишлари олиб борилди. Умид қиламизки, улар барчасини тўғри тушунишди ва энди VAR тизими аралашувига эҳтиёж сезилган ҳолатларда ўзларини муносиб тутишади.

Яъни ортиқча жанжал кўтаришмайди. Бинобарин, спортчиларга мос келмайдиган нопрофессионал ҳаракатлар асло кечирилмайди. Бордию, шундай ҳолат кузатилса, рефери тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатади. Бу борада Ҳакамлар қўмитасининг алоҳида кўрсатмаси бор.

Ушбу лойиҳа муаллифи - Роберто Розетти. Бу жуда оғир ва масъулияти баланд иш. Муҳими, Роберто барчасини уддалади. Тўғри, айримлар VARни жаҳон чемпионатига татбиқ этишда шошилганимизни таъкидлашмоқда. Лекин ишонинг, бу йўналишда юқори суръатда ишладик ва тажриба самара келтиришига заррача шубҳаланмаяпмиз.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак, тизим ҳакамларга нечоғли қўл келишидан қатъий назар, уларнинг ишлари ўз аҳамиятини йўқотмайди. Бошқача айтсам, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳакамликда бош роль рефери қўлида қолади, VAR эса шунчаки, кўз билан илғаш мушкул бўлган вазиятларни баҳолаш учун хизмат қилувчи восита, холос.

Демоқчиманки, яқ-қол хато кузатилган пайт ҳакам VARга мурожаат этади, лекин якуний қарорни ўзи қабул қилади, барибир. Қайтараман, VAR хатоларни жойида тузатишга қаратилган жуда муҳим профилактика воситаси, холос».

Массимо БУЗАККА: «Адолатли натижа сарфланган вақтдан муҳим»

Бузакка шунингдек, муайян вазиятни кўриб чиқиш қанча вақт олиши ҳақида ҳам маълумот берди: «Дейлик, Бразилиядаги 64та ўйинда кузатилган баҳсли ҳолатларни кўриб чиқиш учун жами 57 дақиқа кифоя қилди. Таққослаш учун айтсак, битта жарима зарбаси бажарилиши учун чамаси 1,5 дақиқа сарфланади.

Шунинг баробарида технологик аралашув кузатилса, ўйинга вақт қўшиб берилади. Шундай экан, футбол ва мухлислар бундан зарар кўришмайди. Битта ўйинда VARга неча марта мурожаат қилиш мумкин? Ҳаммаси баҳсли вазиятлар сонига боғлиқ.

Тартиб-қоидага хилоф ҳаракатлар масаласига келсак, ёзувни ўйинчилар гуруҳи билан турли ракурслардан кўриб чиқиш тақозо этади ва бу қўшимча 20 сония талаб этади. Тизим бир қатор турнирларда синовдан ўтказилганини яхши биласиз. Бундеслигада унга нисбатан жиддий эътирозлар туғилгани эса бизни заррача хавотирга солмайди.

Шу жойда ҳакамлар ва футболчиларни яна бир бора таққослайман. Ўйинчилар мавсум давомида такрор-такрор хатога йўл қўйишган, албатта, лекин улар ЖЧга келишди-ку. Биз ҳам хатоларимизни ҳисобга олганмиз ва VAR орқали уларни камайтиришга бел боғладик.

Йўқ, идеал ҳакамлик ҳақида ваъда бермайман, негаки, битта вазият турлича баҳоланиши мумкин. Мисол учун, журналистлар ҳам ўйиндан кейин гоҳида битта баҳсли вазиятга турлича қарашади. Энг муҳими, ўтмишдаги каби йирик жанжалларни бошқа кўрмаймиз. Эҳтимол, аниқлик киритиш учун 1 дақида ёки кўпроқ сарфланар, аммо ўйиннинг адолатли натижаси кетган вақтдан муҳимроқ».

Пьерлуижи КОЛЛИНА: «Баҳсли вазиятлар стадион таблосида кўрсатилади»

Журналистлар шундан сўнг Коллинага янги тизим ишига дахлдор саволлар билан мурожаат қилишди.

- Ҳакамлар руҳиятини ҳам унутмаслик лозим. Бинобарин, уларнинг қарорлари шубҳага олинаверса, ўз-ўзидан босим кучайиб, ишончга путур етмайдими?

- Албатта, ҳакамликда руҳий ҳолат жуда муҳим. Хусусан, қабул қилинган қарорни ўзгартириш мушкул, агарда аслида нима бўлганини билмасанг. Табиийки, реферининг хато туфайли ўз қароридан қайтиши аввало, унинг ўз руҳиятига қаратилган зарба бўлади.

Мисол учун, вақтида ўзим ҳам шундай ҳолатларга тушганман. Бунда «Нега хато қилдим» қабилидаги савол миямда чарх урарди. Бироқ буни узоқ ўйлашга ҳаққим йўқлигини ҳам тушунардим. Шундай экан, барчаси ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.

- Танқидчиларнинг иддаоларига кўра, VAR ўйин ритмини ўлдиради. Уларга қандай жавоб берасиз?

- VARнинг ўйин боришига катта таъсир қилмаслигини тасдиқлайдиган статистик кўрсаткичлар бор. Нима, сизлар учун голдан кейинги ритм ёки эҳтирос адолатли натижадан муҳимми? Ўйлайманки, натижа биринчи ўринда туриши керак.

Хўш, ўйинда инсон фактори билан баҳоланадиган қўпол хатоликка йўл қўйилган ҳолатда адолат тантанаси учун вазиятга аралашиш имкони бор экан, нега бундай қилмаслигимиз керак?

- Баҳсли вазиятлар катта экранларда намойиш этиладими?

- Ҳа. Чунки мухлислар ҳакам қарорини нега ўзгартирганини билишлари керак. Дейлик, рефери видеотакрорни кўриб, белгиланган пенальтини бекор қилса, таблода «Пенальти йўқ» ёзуви чиқади ва вазият дарҳол кўрсатилади. Шундай бўлсинки, ҳеч кимда қарорнинг тўғрилигига шубҳа қолмасин.

- Финал ҳуштаги янграганидан ке-йин ҳам VAR воситаси таъсирида қарор чиқарилиши мумкинми?

- Асло. Барча қарорлар бевосита ўйин жараёнида қабул қилинади, танаффусда ёки ўйиндан кейин бунга йўл қўйилмайди. Тўғри, вазият сўнгги лаҳзада рўй берса, рефери барчасига ойдинлик киритилишига қадар танаффусга чиқишни ёки ўйин тугаганини билдирувчи ҳуштакни чалмай туради. Хуллас, финал ҳуштаги янграса, барчаси ёпилади - тамом.

- Ховард Уэбб томонидан ЖЧ-2010да йўлга қўйилгани каби ўтмишдаги даҳшатли хатолар хусусида нима дея оласиз?

- Бунақасини бошқа кўрмаслигимиз аниқ. Агар яққол хато кузатилса, у дарҳол VAR ёрдамида ислоҳ қилинади.

Пьерлуижи КОЛЛИНА: «Нега англиялик рефери йўқ? Ишончим комил, танловимиз тўғри»

Коллина якунда янги тизимга дахли йўқ бир қатор саволларга ҳам жавоб берди.

- Қизиқ, ЖЧга сараланган ҳакамлар орасида нега Англиядан бирор вакил йўқ?

- Ҳозир қайсидир ҳакамнинг нега рўйхатга кирганию, бошқаси четда қолгани ҳақида гапириш мавриди эмас. Ахир ҳаммани жалб этолмаймиз-ку. Хуллас, узоқ давом этган жараёнда энг муносиб номзодларни танлаб олганмиз ва бунда адашмаганимизга ишончим комил.

- Очилиш ўйинига нега айнан аргентиналик Нестор Питана танланди?

- Чунки у шунга муносиб. Илк ўйиннинг бутун дунё эътиборида туриши тайин. Шунинг учун энг тажрибали реферилардан бирини тайинладик. Қолаверса, мураббийлар бошланғич таркибдан жой олган барча ўйинчиларни нималарга асосланиб танлашганини тўлиқ изоҳлаб беролмайдилар. Улар бунда баъзан ички туйғуга қараб иш тутишади. Биз ҳам шундай қилдик.

- Ҳакамлар ирқчиликка йўғрилган хатти-ҳаракатлар, «қўшиқлар»га ҳам эътибор қаратишадими? Бундай ҳолатда ўйинни тўхтатишлари мумкинми (британиялик журналистнинг саволи)?

- Ҳаммамиз бундай ёқимсизлик рўй бермаслиги тарафдоримиз, албатта. Бордию, шундай ҳолат кузатилса, 3 босқичли жараёнга мурожаат этиш зарурати туғилади. Ҳакамлар бу ҳақда билишади.

Яна бир гап - лайнсмен кескин ҳужум пайти ўйиндан ташқари ҳолат борлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаса, байроқчасини кўтаришга шошилмай туради.

Чунки агар у байроқчани кўтарса, ўйин тўхтатилади ва хатони тузатиш имкони қолмайди. Шундай экан, лайнсменнинг байроқча кўтаришга иккиланаётганини кўрсангиз, билингки, у янги кўрсатма бўйича иш тутяпти.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz