Қайднома

Қидирув

Руд Гуллит: «Биз ёрқин авлод вакиллари эдик»

Руд Гуллит: «Биз ёрқин авлод вакиллари эдик»

  08.07.2018 06:17
  0
  1023
Руд Гуллит: «Биз ёрқин авлод вакиллари эдик»

Голландия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси, 1988 йилги Европа чемпиони Руд Гуллит Adidas уюштирган фестиваль муносабати билан Москвага ташриф буюрди.

Бундан унумли фойдаланган «Советский спорт» нашри у билан суҳбат уюштирди.

- Бир пайтлари соч турмагингиз эсда қоларли эди. Бугунги кунда шундай турмакли футболчи ким?

- Бирданига қийин савол билан бошладингиз. Менимча, Погба. Ҳозирда шундай нарсаларга кўпроқ эътибор қаратишади. Узун сочларим менинг бир қисмим эди.

- Россияда сизни Дасаев дарвозасини ишғол қилган инсон сифатида эслашади.

- Евро-1988 финалини яхши эслайман. Дасаевни жаҳоннинг энг яхши дарвозабони, деб тан олишганди. Биз гол урган икки вазиятда қутқаришнинг иложи йўқ эди.

- Ўшанда Голландия терма жамоасида ҳаммаси жойида эди. Ҳозир-чи?

- Бу инқироз эмас, балки одатий ҳол. Тўлқин сингари: бир сафар паст­га, кейингисида юқорига интилади. Биз ёрқин авлод вакиллари бўлганмиз. Энди яна янги футболчилар етишиб чиқмоқда. Ҳали улар ўзларини кўрсатишади.

- Биз учун Промес суперюлдуз ҳисобланади. Тўғрисини айтинг, Голландияда у ҳақда гапиришадими?

- Голландия чемпионатидаги етакчи футболчи тўғрисида Россияда гапиришадими?

- Йўқ.

- Бизда ҳам шундай. Чемпионатингиз яхшилигини биламиз. Агар футболчи Англия ёки Германия чемпионатларида ўзини кўрсатса, ўшани муҳокама қиламиз.

- «Терек»даги фаолиятингизни эсласангиз, биринчи навбатда хаё­лингизга нима келади?

- Россияда ажойиб дамларни ўтказдим. Олдинлари кўрмаган жойларимга бордим.

- Масалан?

- Краснодар. У ерда Петреску мураббийлик қилган. Бошқа шаҳарларда ҳам бўлдим. Ҳар доим ҳам газеталарга ишонавериш керакмас. Аслида, Россияда барча ўйлаганидан кўпроқ нарсалар бор. Ҳамма сиёсат ҳақида гапиради. Лекин ҳеч ким, айтайлик, Краснодар тўғрисида билмайди.

У ерда бўлганман. Ажойиб шаҳар. Мана, мен Россия халқининг сушини яхши кўришини билиб олдим. Ҳамма ерда япон ресторанлари бор.

- Краснодарда Петреску билан суши егани борганмисиз?

- Ҳа, ўша ерда ҳам футболни муҳокама қилганмиз. У билан «Челси» орқали яхши танишмиз. Дарвоқе, Краснодарда «Амстердам» барига дуч келдим. Тасаввур қиляпсизми? «Амстердам»! Ишониш қийин. Аммо мен учун энг эсда қоларлиси парвозлар бўлган.

- Нима учун?

- Туполев самолётларида учиш қўрқинчли. Айниқса, эски бўлса. Голландияга учаётган куним хоккей жамоаси самолётда ҳалокатга учраганди. Бундай парвозлар мени қўрқитарди.

- «Терек» раҳбариятидан замонавий самолётлардан фойдаланишни сўрамаганмисиз?

- Қўлимдан келган ҳаммасини қилганман. Россия мен учун ажойиб тажриба мактаби бўлган.

- Россия Премьер-лигасидаги ўйиндан сўнг бешта сўз айтгансиз. Таржимонингиз Том Сауэр эса ўша сўзларни 100тага айлантирганди...

- Том мени яхши биларди. Шу боис ҳам Россия маданияти, тарихи ва сиёсати ҳақида гапириб берган. Шунингдек, Кавказни ҳам тушуниб олганман.

Тарихни билмай туриб, футболчилар билан муносабат ўрнатиш қийин. Айтганча, Том билан ҳамон алоқадамиз. Тез орада яна кўришамиз, деб умид қиламан.

- «Терек» сиз билан яхши муносабатда хайрлашмаган. Клубдагилар дискотека ва барлар ҳақида кўп ўйлагангизни айтишганди.

- Жамоани бирлаштиришга интилганман. Кечаларни бирга ўтказишни истагандим. Уларни қаерга олиб борганман?

Тўғри, суши ресторанларига. Европада - Англия, Германия ва Голландияда шундай қилишади. Ҳамма катта клублар базмлар уюштиришади. Буни team building деб аташади. Ҳафта ўртасида шундай қилардик. Ўйиндан олдин эмас.

- Киберакадемия очдингиз. Бу нима ўзи?

- Биз компьютер ўйинчиларини топамиз ва тарбиялаймиз. Ўзим ўйнамайман. Аммо шу билан шуғулланадиган ходимларимиз бор.

- Бу сизга нима учун керак?

- Лондондаги халқаро турнирни кўриб, ҳайрон қолдим. 2 миллион киши ўйнайди. Футбол клублари ҳам ўзларининг кибер жамоаларига эга. Голландия ва Англияда лигалар ташкил қилинган.

- Реал футболда фақатгина бир россиялик билан ўйнаганмисиз?

- Ҳа, «Челси»да Харин билан. У ҳамиша иштонда ўйнаб мени ҳайрон қолдирган. Ҳаттоки, ёзда ҳам шундай эди. BBC Харинни пенальтилар қайтариш бўйича энг яхши дарвозабон, деб топганди.

- «Харлем» сизнинг биринчи жамоангиз ҳисобланади. Бу клубни «Лужники»даги фожиа туфайли яхши эслаймиз. Ўшанда тиқилинч­да 66 киши ҳалок бўлганди.

- Бу ҳақда эшитганман. «Харлем»да 1982 йилнинг ёзига қадар тўп сурганман. Фожиа эса ўша йилнинг кузида юз берган. Жамоа аъзолари билан бу борада гаплашганман. Улар нима бўлганини ҳаттоки билишмаганди. Ўйин пайтида ҳеч нимани сезишмаган, воқеадан кейинроқ хабар топишган.

- ЖЧ-2018 ҳақида сўрамасак бўлмайди. Қайси терма ҳайрон қолдирди?

- Мексикаликлар. Германияни мағлуб этганлари учун эмас. Олмонларни ҳурмат қиламан. Лекин мексикаликлар қандай ўйнаш кераклигини кўрсатиб қўйишди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz