Қайднома

Қидирув

Йозеф Блаттер: «VAR тизими ҳали такомилга муҳтож»

Йозеф Блаттер: «VAR тизими ҳали такомилга муҳтож»

  13.07.2018 06:14
  0
  547
Йозеф Блаттер: «VAR тизими ҳали такомилга муҳтож»

Йозеф Блаттернинг ФИФА раҳбарлигидан кетганига ҳам икки йил бўлди. Аммо уни ҳозир ҳам футболдаги энг обрўли шахслардан бири сифатида биламиз.

Айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига 2010 йили Россия жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритганди.

Блаттернинг ЖЧ-2018дан ўрин олган навбатдаги ўйинларнинг бирида меҳмон бўлганидан унумли фойдаланган Sport24.ru сайти ходимлари ундан интервью олишди.

- Кўплаб турнирларни кўргансиз. Россиядаги мундиални тарихдаги энг яхшиси деб аташ мумкинми?

- Эҳтимол, шундайдир. Аксарият мамлакатлар бу каби турнирларни ташкиллаштиришда кўплаб қийинчиликларга дуч келишади: стадионлар, транспорт, чипта. Россия ҳақида гапирадиган бўлсам, фақат битта муаммони эслашим мумкин: ЖЧ гуруҳ босқичининг 2-туридаги ўйинларнинг бирида чипта сотиш бўйича англашилмовчилик юзага келганди.

Бошқа жиҳатлар бўйича ҳаммаси жойида. Турли давлатлардан ташриф буюраётган ишқибозлар ва журналистлар барчаси юқори даражада ташкилланганини таъкидлашмоқда. Бразилияда бундай бўлмаганди.

Ўтган даврдан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсам, Россиядаги ташкилотчиликни 8,5 баллга лойиқ кўришим мумкин. Агар 10 қўйсам, ўсишдан тўхтаб қолиш мумкин. Йўқ, майли, 9 қўйдим!

- VAR ҳақида нима дейсиз?

- Унга қаршиман, деёлмайман, аммо бу тизимни такомиллаштириш лозим. Ҳозирча у тўлиқ тўғри ишламаяпти. Бугунги кунда VAR асқотиши мумкин бўлган битта фойдали жиҳат - пенальтиларни аниқлаш. Муаммо шундаки, VARга масъул шахслар ҳар куни ўзгаради.

Масалан, бугун VARни назорат қилган Жанубий африкалик рефери вазиятни ўзича баҳолайди. Сўнгра Европа ёки осиёлик ҳакам бу ҳолат бўйича ўз фикрини билдиради. VAR тўғри ишлаши учун барча ўйинларда битта гуруҳ ишлаши мақсадга мувофиқ.

Ахир бу ўзига хос трибунал ҳисобланади. Олий судья ҳар куни ўзгариши мумкин эмас. Голни аниқлаш тизими эса бошқа гап. Бу ўша заҳоти натижа берадиган фойдали технология. VAR ҳам худди шу тарзда тезкор қарор чиқариши лозим.

- Умуман, футбол VARга тайёрми?

- Балки тайёрдир. Мазкур ҳолатда фақат топ-лигалар ва топ-турнирлар инобатга олинади. Масалан, Швейцарияда футбол баҳслари тўртта камерада тасвирга олинади. VAR тўлиқ ишлаши учун эса 20та камера керак бўлади.

Шундай экан, ундан ҳамма ерда фойдаланиш имконсиз. Ахир мутлақо трансляция қилинмайдиган қуйи лигалар ҳам бор-ку!

- 2026 йилги жаҳон чемпионати учта мамлакатда ўтказилиб, унда 48та жамоа қатнашади. Бу борадаги фикрингиз қандай?

- 48та жамоа - бу ортиқча. Иштирокчилар сонининг ортиши сифатнинг йўқолишига олиб келади. Африка ва Осиёнинг мундиалда кўпроқ жамоага эга бўлишни хоҳлаётгани тушунарли. Гарчи шундай экан, Европадан 2-3та ўринни олиб қўйинг!

Гуруҳ босқичида учта жамоа қатнашишини қандай тушуниш мумкин? Демак, «плей-офф» йўлланмаси тақдири ҳал бўладиган сўнгги тур ўйинини битта жамоа майдон четида кузатадими?

Ўзаро куч синашадиган термалар эса келишиб олишлари ҳеч гапмас. Буни энди жаҳон чемпионати дейиш қийин.

- Жанни Инфантинонинг ФИФА раҳбарлигидаги 2,5 йиллик фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- (узоқ сукутдан сўнг) Кейинги саволга ўтайлик, илтимос.

- ФИФАдан кетгач, қайсидир лойиҳаларни амалга оширолмаганингиздан афсусландингизми?

- Мен ва Мишель Платини билан бўлган воқеа ранжитди. Этика қўмитасининг қароридан ажабландим, ўйлашимча, у тўғри эмасди. Аммо жаҳон чемпионатидан сўнг иш ёпилади. Якунда бизнинг четлатилишимизга олиб келган можаролар нима сабабдан бошланганини ҳамма тушуниб турибди.

2018 йилги ЖЧни ким хоҳлади? Англия. 2022 йилги мундиал мезбонлигига ким даъвогар эди? АҚШ. Ҳар икки мамлакат ютқазди. Ҳар икки ютқазган томон ўзаро йиғилиб, фикр юрита бошлади.

Англияликларнинг наздида айбдор ким? Блаттер! АҚШ танлаган айбдор-чи? Платини! Агар биз айбдор бўлсак, демак тизимга қарши борибмиз. Уларнинг фикрича, биз кетишимиз керак эди.

- Оқланганингиздан сўнг футболга қайтишни режалаштиряпсизми?

- Йўқ. Бошқа режаларим бор. Яқин орада барча ҳақиқатлар битилган навбатдаги китобимни чоп эттираман. Бунга қўшимча равишда геосиёсат билан шуғулланяпман. Ҳамон Халқаро олимпия қўмитаси вакилиман.

Айрим футбол клубларининг эса фахрий аъзоси саналаман. Ҳали тўп тепа оламан. Аммо кўп куч сарфламайман, тиззамни жароҳатлаб олишим мумкин.

- Футболчиларни маҳаллийлаштириш - муаммоми?

- Бу нотўғри. Шу мамлакатда туғилган бўлсанг, марҳамат, термада ўйнайвер. Ушбу давлат фуқаросининг иккинчи авлоди бўлсанг, муаммо йўқ. Аммо қайсидир юртга келиб, ўша ернинг паспортини олганингга қарамай, хорижлик бўлиб қолаверасан.

- Футболда бир қоидани ўзгартириш имконига эга бўлсангиз, нима қилардингиз?

- Дарвозабонларнинг қўл билан ўйнашига чек қўярдим. Шу тариқа янада кўпроқ чиройли голларни кўрардик!

Жиддий гапирадиган бўлсам, ҳалол ўйинлар янада кўпайиши тарафдориман. Ҳакамлар қарори бўйича тортишувлар камайса дейман.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz