Қайднома

Қидирув

Йоахим Лёв: «Биз биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмасмиз…»

Йоахим Лёв: «Биз биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмасмиз…»

  14.07.2018 06:12
  0
  1437
Йоахим Лёв: «Биз биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмасмиз…»

Амалдаги жаҳон чемпиони - Германия термаси ЖЧ-2018даги иштирокини жуда барвақт якунлади. Табиийки, немисларнинг гуруҳ босқичида қолиб кетишларини ҳеч ким кутган эмасди.

Қизиқ, бундестим бош мураббийи Йоахим Лёв корейсларга қарши кечган тушунарсиз ўйиндан сўнг муваффақиятсизликка қандай изоҳ берди?

Асосий сабаблар ҳақида

- Ҳозир нима учун вазифани уддалолмаганимиз ҳақида гапиришим оғир. Чунки ғоят тушкун кайфиятдаман. Тақдир экан, бу сафар чемпионлик бир ёқда турсин, нимчорак финалга ҳам чиқолмадик. Албатта, фақат ғалаба ҳақида ўйлагандик, лекин ҳисобни очолмадик.

60-дақиқадан кейин эса шведларнинг гол уришганидан хабар келди. Шунда футболчиларни алмаштириб, босимни кучайтиришга ҳаракат қилдим. Бироқ олдинги чизиқда самарадорлик етишмади.

Жамоа тайёргарлиги ҳақида

- ЖЧни барвақт якунлаш - Германия футболи учун улкан омадсизлик. Зеро, мусобақага яхши тайёрланиб, шунга яраша унвонни сақлаб қолишни режалаштиргандик. Ўйлайманки, кечагина барча жамоалар бизнинг даражамизга чиқиш илинжида эди. Аммо бу ерда асл савиямизни кўрсатолмадик.

Ҳа, гол уриш учун вазиятлар яратдик, лекин самара чиқаришда оқсадик. Жамоага нима бўлди? Энди шуни аниқлашимиз шарт. 2006 йилдан буён йирик турнирларда кучли квартетга кираётгандик. Бу сафар эса... Начора, бугунги вазият ва мағлубиятни тан олишга мажбурмиз.

Бошланғич таркиб ва Озил ҳақида

- Бир қатор ўйинчилар жароҳатланишгани сабаб, бошланғич таркибни ўзгартиришга тўғри келди. Одатда жамоамиз якуний босқичларда ишончлироқ ўйин кўрсатарди. Ҳозир нафақат Озил, балки кўплаб йигитларнинг талаб даражасида тўп суришмаганини таъкидлаш мумкин. Лекин барча масъулиятни ўз зиммамга оламан.

Таркиб чакки эмасди, дейлик, Горецка машғулотларда фаоллик кўрсатди, Мюллер эса аввалги 2та ўйинда тиним билмади. Шуни инобатга олиб, унга дам бердим. Аммо ўйинимиз қовушмагач, Томасни ҳам майдонга туширдим. Гол уришимиз шарт эди ва бу ҳимоядаги ўйинимизга таъсир қилди, албатта.

Рақиб ҳақида

- Жанубий Корея термасининг фаол, тажовузкор ўйнашини билардик. Корейсларнинг бутун жамоа билан ҳимояланиб, тезкор қарши ҳужумга ўтишларини ҳам. Афсуски, тўпни кўпинча марказда бой бердик, айни шу ҳолат рақибимизга қўл келди.

Қолаверса, корейслар қарши ҳужумлардан самарали фойдаланишди. Ҳисобда олдинда борсак, рақибга бундай имконият бермаймиз асло.

Ўртоқлик учрашувлари ҳақида

- Такрор айтаман, машғулотлар рисоладагидек ўтди, талаб даражасида ишладик, жамоани яхши спорт формасига олиб чиқдик. Тўғри, биргина жиҳатдан кўнглим тўлмади - ўртоқлик учрашувлари.

Мексикаликларга қарши ўйинда вазиятни ўзгартира олишимизга ишонгандик. Лекин уддалай олмадик. Шогирдларимни айблашим ноўрин, чунки улар рақибга етарли босим ўтказиб, вазиятлар яратишди. Аммо самара йўқ.

Немис футболининг хира даври ҳақида

- Германия футболи мавҳум даврда? Йўқ, биз сўнгги 10-12 йил ичида энг барқарор жамоа эдик. Йирик мусобақаларда доимо камида ярим финалгача бордик. Умуман, биз бундай омадсизликка учраган биринчи жамоа ҳам, сўнггиси ҳам эмасмиз.

Мамлакатимизда иқтидорли ёшлар етарли, салоҳиятимиз талаб даражасида. Ўйлашимча, бўлиб ўтган воқеаларни чуқур таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқариш ва камчиликларни бартараф этиш лозим. Буни уддалай олишимизга ишонаман.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz