Қайднома

Қидирув

Телевизорда қачон чиройли футбол кўрамиз?

Телевизорда қачон чиройли футбол кўрамиз?

  15.07.2018 06:41
  0
  966
Телевизорда қачон чиройли футбол кўрамиз?

Деярли бир ой давомида мазза қилиб футбол кўрдик. Фақатгина чемпионни аниқлаш қолди ва мазкур ўйин билан бу галги мундиал ҳам ўз поёнига етади. Таассуротлар зўр, ҳамма-ҳаммаси идеал даражада ўтди.

ЖЧ катта спектаклларга бой бўлди, ундаги муросасизлик ва айниқса, кутилмаган натижалар бу йилги турнирнинг олдингиларидан-да қизиқроқ ўтишини таъминлаб берди.

Жаҳон чемпионати тугаши арафасида ўз миллий чемпионатимиз фаолиятини давом эттира бошлар экан, мен ҳар тўрт йилда бир марта такрорланадиган манзарага яна гувоҳ бўлмоқдаман - барча мухлислар бир ой давомида фақат дунё даражасидаги футболга гувоҳ бўлишгани боис, унинг ортидан ўзимизнинг ўйинларни кўриш жуда «зерикарли иш»га айланиб қолди.

Шахсан ўзимда ҳам бор бундай ҳиссиётлар. Стадионлардаги мухлислар сонининг умуман пасайиб кетганига нима дейсиз? Тўғри, бир томондан иссиқ об-ҳаво ҳам ўзининг энг юқори нуқтасига чиқиб олди ва ҳаттоки, ўша кечки соат 9лардан кейин ҳам чиройли футбол ўйнашга халақит бермоқда.

Шунга қарамай, биз ички чемпионатимизни қандайдир йўллар билан юксалтиришга ҳаракат қилаверамиз. Аниқроғи, йўл қидираверамиз, қидираверамиз...

Жаҳон чемпионатидаги ўйинлардан кейин ички чемпионатимиз баҳсларига нигоҳ ташлар эканмиз, биринчи навбатда, телетрансляциялардаги фарқ эътиборимизни жалб қилади. Тан олиш керак, тафовут жудаям катта. Жаҳон футболи билан бизники орасидаги фарқ катталиги бор гап, лекин ҳеч бўлмаганда ТВ орқали кўрсатиладиган ўйинлар сифатини ошириш мумкиндир?

«Насаф» ва «Навбаҳор» ўртасидаги баҳсни кузатар эканман, 90 дақиқа давомида бевосита ўйиндан ҳам кўра, унинг трансляцияси ва ўйин атрофидаги муаммоларни ўйлаб ўтирдим.

...Жаҳон чемпионати бошланишига тахминан 1 ой қолганда Ростовдаги янги қуриб битказилган «Ростов Арена»да маҳаллий жамоа вакиллари «Тосно»га қарши майдонга тушишган баҳсни эслайман. Томошабинлар жудаям кўп эмас, лекин стадиондаги муҳит шундай ажойиб эдики, Россиянинг икки ўртаҳол жамоаси ижросидаги футбол ҳам етарлича қизиқарли баҳсга айланганди.

Айниқса, миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродов урган иккита голдан сўнг бундай стадионларда Ўзбекистоннинг икки етакчи жамоаси бир-бирига қарши майдонга тушса ҳам биз анча сифатли футбол томоша қила олар эканмиз, деб ўйлагандим.

Аслида, бизнинг Суперлигамизни жаҳон чемпионати ўйинларидаги каби футболга айлантириш - деярли имконсиз иш. Шунга қарамай, биз ҳеч бўлмаганда субъектив томонлардан уни халқаро ўйинлар даражасига яқинлаштиришга ҳаракат қилишимиз мумкинмикан? Ҳеч бўлмаганда, Суперлигамиздаги ТВ трансляцияларининг сифатини рисоладагидек ҳолатга келтира олармиз, балки?

Бу саволларнинг адоғи йўқ, жавоби эса...

Хуллас, ўзи шундоқ ҳам савияси анча паст бўлган Суперлигамиздаги ўйинларни трансляция даражаси паст бўлгани учун ҳам мазза қилиб кўролмайсиз. Ҳеч бўлмаса, шуларни бартараф этиш учун нималар қилиш керак?

Биз бу борада «Спорт» телеканали етакчи мутахассиси, режиссёр, қолаверса, футбол билимдони Жамолиддин Бобожоновга мурожаат қилдик.

Демак, берилган дастлабки саволимиз тахминан шунақа (Жамол акага ўз фикрларимни интернет тармоғи орқали ёзиб ташлаганим боис, унинг тўлиқ матнини эътиборингизга шундайлигича ҳавола этмоқдаман):

- Жамол ака, менинг шахсий фикримча, ҳозирги замонавий трансляцияда футболни тасвирга олиш анча яқиндан олиб борилмоқда. Уларда майдон марказидан деярли жарима майдончасигача бўлган масофа битта кадрга бемалол сиғади ва ТВ камера салгина градусга бурилгандаёқ дарвоза ва унинг орти кўринади.

Футболчилар ва уларнинг рақамлари ҳам жуда аниқ ва тиниқ кўзга ташланади. Бизда эса кўпинча бунинг акси. Майдон жуда узоқдан олиб кўрсатилаётганга ўхшайди. Ҳаттоки, «уй кинотеатри» деб ном олган катта экрандаги мониторда ўйин томоша қилсангиз ҳам тасвирдаги футболчилар майда-майда кўринади.

Айниқса, вилоятлардаги стадионларда. Буни бартараф этиш йўлида нималар қилиш керак? Камера учун яқинроқдан жой ажратиш шунчалар қийин масалами? Ёки бунга аввало стадион мутасаддилари бош қотиришлари керакми?

Хулласи калом, Суперлигамиздаги ТВ трансляцияларининг сифатини жаҳон чемпионатидаги ўйинларга ҳеч бўлмаганда ЯҚИНЛАШТИРИШ учун нималар қилиш керак?

Жамолиддин Бобожоновнинг жавоблари:

- Вой-бўў, аввало, бу мураккаб саволнинг жавоби бормикан, деб ўйлаб қоламан. Биринчи навбатда, биздаги стадионларнинг ТВ трансляциялар борасида ҳеч бир стандартга жавоб бера олмаслигини таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимиздаги энг яхши арена саналган «Миллий стадион» (собиқ «Бунёдкор») бу борада жуда кўп камчиликларга эга экан, вилоятлардаги стадионларга тўхталишнинг ўзи умуман ортиқча.

«Миллий стадион»нинг биринчи камчилиги - камералар учун жойнинг нотўғри позицияда жойлашганлиги. Албатта, бу борада ФИФАнинг талаблари мавжуд. Яъники, ўйинни тасвирга олиб борадиган асосий камера майдондан қанча узоқликда ва қандай градусда жойлашиши маълум стандартлар асосида белгилаб қўйилган.

«Миллий стадион»да эса бу қурилма жуда юқорида - 2-яруснинг тепасида жойлашган. Албатта, бу ФИФА меъёрларига тўғри келмайди. Биз бу борада ўз вақтида собиқ «Бунёдкор» стадиони раҳбарияти билан гаплашганмиз. Ўшанда камера-позицияни у ердаги «бал-кон»га тушириб беришни илтимос қилгандик.

Лекин, улар талабимизни қондириб бера олишмади. Билишимча, ҳозирда ҳеч ким бу иш билан шуғулланмаяпти ҳам. Чунки муаммо ўз-ўзидан маълум - яна қўшимча харажат - стадионга ҳам, клубга ҳам. Тўғриси, бу нарса у ердаги кўпчиликка қизиқ эмас.

Бу - энг зўр, энг ундай, энг бундай деб аталган собиқ «Бунёдкор» стадионимиздаги ҳолат. Қолган ареналар ҳақида гапириб ўтирмайман. «Пахтакор» стадиони 50-йиллардаги лойиҳа билан турибди, ҳозиргача ҳам. Реконструкция қилингани билан, бу нарса фақат мухлислар ўтирадиган жойларга тегишли, холос.

Телевидение учун эса жуда ноқулай, майдон анча узоқда жойлашган. Боз устига, майдон телевизордан анча ясси кўриниши билан ҳам трансляцияни бузади. Яна бир йирик камчилик - бу ёруғлик масаласи. Айни пайтда телевизион техникалар ривожланиб боргани сайин трансляциялар ёруғликни кўпроқ талаб қиляпти.

Масалан, Англия, Испания ёки Франция чемпионатларига эътибор қилган бўлсангиз, у ердаги стадионларда кундузги ўйинларда ҳам прожекторлар ёниқ туради. Чунки тизим ўзгариши билан (аввал аналог система эди, кейинроқ «рақамли» (дижитал)га ўтилди, ҳозир HD ва FULL HD, 4К форматлари) ёруғликка бўлган талаб ҳам ошиб боряпти.

Бу ерда нафақат керакли люксдаги ёруғлик бўлиши, балки у бир текисда тақсимлаганлиги ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Эсингизда бўлса, Марадоналар ўйнаган пайтларда майдондаги футболчининг тўртта томонида соя «бирга юрарди». Ҳозирги трансляцияларга эътибор берсангиз, ўша соя-нинг бирортаси ҳам йўқ.

Чунки бир томондан келаётган ёруғликни бош-қа томондан келаётган нур кесиб юборади ва майдондаги футбол жуда аниқ-тиниқ кўринади. Ростини айтсам, сиз айтаётган стадионлардаги ёруғлик Ўзбекистон телевидениесидаги студияларда ҳам йўқ. Биздаги бирорта телеканал кўрсатувлари ҳали ўша Россия стадионлари эга бўлган ёруғликка эришолмаган.

Оддий мисол, телевизорда «Ахборот» ёки бошқа дастурлардаги дикторларга эътибор бериб қарасангиз, уларнинг қулоғи сояси ёки шунга ўхшаш бирорта соя тушиб туради, баъзида...

Энди, Россияда ўтаётган ЖЧга тўхталадиган бўлсак, улар мавжуд 12та стадионнинг деярли ҳаммасини янгидан, энг охирги стандартлар бўйича қуришди. Фақатгина «Лужники» реконструкция қилинди, лекин бу стадион ҳам деярли 90 фоизга янгиланди, дея оламан.

Фикримча, жаҳон чемпионати ҳатто Япония ёки Германияда яна қайтадан ўтказилган тақдирда ҳам улар стадионларни янгидан қуришмасди, реконструкция қилишарди, холос. Яна бир факт, Россиядаги стадионлар мазкур жаҳон чемпионатини намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олган компания талаблари асосида қурилган.

Табиийки, бунда асосий урғу ундаги камераларнинг жойлашувига қаратилган. Оддий билан айтганда, ўша компания камерани қаерга қўйиб бер, деса, қурилиш фирмаси буни бажарган. Ва стадионга нечта камера ўрнатилишини ҳам улар ҳал қилишган.

- Бир қанча чет давлатларида бўлган ТВ мутахассиси сифатида айтинг-чи, биздаги ТВ камераларнинг русуми, масалан, ўша Россиядаги ЖЧда ишлатилаётган ускуналарникидан эскироқми?

- Эски бўлганда қандоқ? Оддий мисол, биз миллий чемпионатимиз ўйинларини кўчма телевизион станция (КТС) деб номланадиган машинамиздан туриб узатамиз. Ҳозирги ривожланган мамлакатларда ўша ТВ станцияларнинг фақат спорт ўйинларига мослаб ишлаб чиқарилганлари бор.

Биз эса умумий чиқарилган русумдаги КТСлардан фойдаланамиз. Албатта, бу иккисининг ер билан осмонча фарқи бор. Бизнинг ТВдаги раҳбарларимиз ҳам шунақа спортга ихтисослашган кўчма станция сотиб олиш хусусида бош қотиришаётганди. Балки яқин келажакда бунга ҳам эга бўлиб қолармиз.

Камера ва бошқа ускуналар хусусида эса шуни айтишим мумкин: йирик ТВ ва видео ускуналари ишлаб чиқарувчи «Canon», «Panasonic», «Hitachi» каби компаниялар учун жаҳон чемпионати ҳақиқий рақобат майдони бўлади.

Улар ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мусобақага, албатта, қандайдир бир янгилик билан кириб боришга ҳаракат қилишади ва доимо бунинг уддасидан чиқишади ҳам. Энди ўзингиз кўраверинг, бундай шароитда биздаги анча эскирган ускуналар улар каби тасвирларни таъминлаб бера олади, дейсизми?

...Ҳа, Жамол аканинг сўзларини тинглар эканман, муаммонинг илдизи жуда-жуда чуқурларга бориб тақалишини яна бир бор ҳис қилдим. Мен билан мулоқотда ТВ режиссёри бу муаммолар ҳақида кўп ва хўп гапирган, бугун мен уларнинг ҳаммасини битта мақолага сиғдира олмайман ва яқин келажакда, албатта, уларни ҳам оққа туширишга нав-бат келади.

Ҳозирча эса ҳаммаси битта масалага - МОЛИЯга бориб тақалиши маълум бўлмоқда. Бизнинг ҳам қўлимиздан келгани ҳозирча шулар. Бундан ортиғига бизда ҳам на куч ва на молиявий салоҳият бор. Барчасини вақт ҳукмига ҳавола қилишдан бош-қа чорамиз йўқ...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz