Қайднома

Қидирув

АПЛнинг битта мавсумида энг кўп гол урган футболчилар (фотогалерея)

АПЛнинг битта мавсумида энг кўп гол урган футболчилар (фотогалерея)

  18.07.2018 00:13
  0
  2875
АПЛнинг битта мавсумида энг кўп гол урган футболчилар (фотогалерея)

Мисрлик Муҳаммад Салоҳ якунланган мавсум ажойиб самарадорлик намойиш этиб, АПЛнинг янги тарихидаги тўпурарлар учун «планка»ни юқорироққа кўтариб қўйди - 32та гол.

Келинг, ЖЧ-2018 ярим финалидан олдин бироз чалғиб, дунёнинг энг шиддатли биринчилиги - АПЛнинг битта мавсумида гол бўйича «30]» маррасидан ошган футболчиларга назар соламиз.

Алан ШИРЕР

АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурар. Унинг ҳисобида нақ 260та гол бор. Алан камтарин «Блэкберн Роверс» сафида ўйнаб ҳам, «30+»  маррасини нақ 3 марта «бўйсиндирганди». Яъни 1993|1994 ва 1995|1996 йиллар мавсумида 31та гол урган ҳужумчи орада рақиблар дарвозасини 34 марта нишонга олиб, «Блэкберн»нинг чемпион бўлишига замин ҳозирлаганди.

Нимага эришди? Ширернинг клуб футболидаги энг катта ғалабаси - бу айнан «Блэкберн» сафида қўлга киритган чемпионлик унвони.

Муҳими, Алан 1995 йилги зафардан кейин ўзининг асосий орзусини рўёбга чиқарди - севимли клуби «Ньюкасл Юнайтед» таркибига қўшилиб, голеадорлик маҳоратини давом эттирди. Хусусан, барча турнирлар ҳисобидан 206 гол уриб, «қарғалар» тарихидаги бош тўпурарга айланди.

Энди КОУЛ

Бу футболчи «Ньюкасл» билан иккинчи дивизиондан АПЛга кўтарилгани ҳамоно (мавсум-1993|1994) жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиш баробарида битта мавсумда гол уриш бобида АПЛ рекордини ўрнатди - 34та аниқ зарба. «Қарғалар» эса дебют мавсумида «МЮ» ҳамда «Блэкберн»дан кейин 3-ўринни эгаллашди.

Нимага эришди? Эндининг голни ҳис қилиш қобилияти сэр Алекс Фергюсонни бефарқ қолдирмади ва у мавсум-1994|1995 ярмида ҳужумчини «МЮ» сафига чорлади. Асосийси, Коул Манчестерда беҳисоб совринларга эга чиқди.

Хусусан, 1999 йили қайд этилган «требл» («қизил иблислар» АПЛ, Англия кубоги ва ЧЛда ғалаба қозонишган)да муҳим роль бажарди. Энди тасаввур қилинг, агар ҳужумчи «Ньюкасл»да қолганидами, унинг ҳужумида қандай зўр тандем вужудга келарди: Коул - Ширер.

Луис СУАРЕС

Уругвайлик ҳужумчининг голеадорлик маҳорати ҳеч қачон шубҳа остига олинган эмас - идеал «тўққиз». Тўғри, Суарес «Энфилд»даги фаолияти бошида унча ёрқин ўйнамади, лекин кейинчалик дарвозабонлар учун тобора «ваҳшийлашиб» борди.

Айниқса, мавсум-2013|2014да маҳсулдорликнинг энг юқори чўққисига чиқди - 31та гол. Ўшанда уругвайликка 38та турдан иборат мавсумларда Алан Ширер томонидан 1996 йили ўрнатилган рекордни янгилаши учун 1тагина гол етишмаганди.

Нимага эришди? Луис ўта юқори маҳсулдорлик намойиш этган ўша 2013|2014 йиллар мавсумида «Ливерпуль» кумуш медаль билан кифояланди. «Қизиллар»нинг чемпионликни тантана қилишларига «Манчестер Сити» тўсқинлик қилганди. Жанубий Америка футболи вакили кейинчалик «Барселона» сафига ўтди ва Каталониядаги илк мавсумдаёқ ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди.

Кевин ФИЛЛИПС

Бу тўпурарни алоҳида мақташ ўринли. Зеро, у асрлар алмашуви вақтида аутсайдер жамоа сафида тўп сурганига қарамай, мавсум-1999|2000да ўз номига 30та гол ёзиб қўйганди. Диққатга сазовор томони, «Сандерленд» айнан Кевин Филлипс голлари ёрдамида турнир жадвалининг 7-поғонасига кўтарилган. Дарвоқе, бу «қора мушуклар» тарихидаги энг юқори натижа ҳисобланади.

Нимага эришди? Филлипс Брайан Клафф давридан кейин «Сандерленд» сафида битта мавсумда 30та гол маррасини забт этган биринчи футболчи бўлди. У шунингдек, ўша мавсум Европа «Олтин бутса»сини қўлга киритди. Умуман, Кевин ҳамон бу соврин соҳибига айланган охирги англиялик футболчидир.

Тьерри АНРИ

Франциялик ҳужумчи «Арсенал»да қойилмақом фаолиятни бошдан ўтказиб, клуб ва бутун АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири мақомини олди. Анри хусусан, мавсум-2003|2004да «канонирлар» учун 30та гол урганди.

Нимага эришди? Анри «Арсенал»нинг АПЛда икки бора бош соврин ютишига ёрдам берди, шунингдек, яна 2 бора кубок ютди, жамоа билан мағлубиятсиз мавсум шукуҳини туйди («Арсенал» айнан Анри 30та гол урган 2003|2004 йиллар мавсумида 38та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этганди).

Бироқ Анрига еврокубоклардаги ғалаба таъмини татиб кўриш насиб этгани йўқ: «Арсенал» 2000 йили УЕФА кубоги финалида «Галатасарой»га ютқазди, 2006 йили эса ЧЛнинг ҳал қилувчи баҳсида «Барселона»га бас келолмади. Ҳужумчи шундан сўнг айнан ЧЛда ғалаба қозониш илинжида Каталония клубига йўл олди.

Криштиану РОНАЛДУ

Сэр Алекс Фергюсон португалиялик иқтидорнинг буюк келажагини вақтида пайқаб, уни «Спортинг»дан ўз жамоасига чорлади. Натижада Роналду бир уринишда «МЮ»нинг чин етакчиси мақомига кўтарилди ва мавсум-2007|2008 кампаниясида чемпионатнинг энг маҳсулдор иштирокчиси бўлди. Криш ўшанда гол бобида 31 рақамини забт этганди.

Нимага эришди? Роналду аввалига 2006|2007 йиллар мавсумида «МЮ»нинг 3 мавсумдан кейин яна тахтга чиқишида катта роль ўйнади. Шундан сўнг клуб билан нафақат ички чемпионат, балки ЧЛда ҳам ғалаба нашидасини сурди. Эсласангиз, «қизил иблислар» Москвада ўтган финалда «Челси»дан устун келишганди.

Дарвоқе, унинг ўша мавсум ички турнирда урган 31та голи «Олтин тўп» ютишида асосий мезон сифатида ишлади. Биласиз, замонамизнинг буюк юлдузи «МЮ»даги омадли фаолият ортидан Мадриднинг «Реал» клубига йўл олди.

Робин ван ПЕРСИ

Голландиялик ҳужумчи АПЛга «Арсенал» сафида қадам ташлади ва клуб билан хайрлашиш олдидан, яъни мавсум-2011|2012да 30та гол уриб, бош тўпурарга аталган соврин соҳибига айланди.

Бироқ «канонирлар» билан каттароқ натижаларга эришолмаслигини тушуниб, «МЮ» таклифини қабул қилди.

Нимага эришди? Робин «Арсенал»да ҳақиқий етакчи сифатида тўп сурган бўлсада, айтарли жамоавий ютуқ кўргани йўқ, дарҳақиқат. «МЮ» сафига қўшилганидан кейин эса чемпионат-2012|2013 олтин медалини бўйнига тақди.

Айтиш ўринли, ўша чемпионлик «қизил иблислар» учун сўнггиси бўлиб қоляпти. Ван Перси шунинг баробарида 2 марта АПЛ «Олтин бутса»сини ўзиники қилди.

Муҳаммад САЛОҲ

Мисрлик камтарин йигит охирги мавсумдаги ўйинлари ва натижалари билан кўпчилик қалбини забт этди. Экспертлар «Ливерпул»га айнан мавсум давомида 20тадан кўп гол урадиган тўпурар етишмаётганини бот-бот таъкидлаётгандилар. Мана, Салоҳ «Борнмут»га қарши 34-тур ўйинида чемпионат ҳисобидан 30-голини нишонлаб, бу маррага етган африкалик биринчи футболчи бўлди.

У шунинг баробарида 2010 йили Дидье Дрогба томонидан ўрнатилган африкаликлар рекорди (29та гол)ни янгилади. Кейин эса финишга қадар яна 2та гол уриб, бу борада 38та турдан иборат мавсумлар «планка»сини юқорироққа кўтарди.

Нимага эришди? Ажойиб спорт формасига кириб олган мисрлик футболчи йўл-йўлакай бир қатор рекорд кўрсаткичларни ўзгартирди. Дейлик, мерсисайдликлар учун дебют мавсумида энг кўп гол урган Фернандо Торрес рекорди ўз аҳамиятини йўқотди.

Айтганча, Луис Суарес «Барселона»га сотилганидан буён, яъни 2014 йилдан кейин «Ливерпул»нинг бирор вакилига мавсум давомида 14тадан кўп гол уриш насиб этган эмасди. Салоҳ эса бир уринишда барча турнирлар доирасида рақиблар дарвозасини 44 бора нишонга олди.

Унинг бу борадаги рекордни янгилаши учун атиги 3та гол камлик қилди. Эслатма, 47та голдан иборат буюк натижа мавсум-1983|1984 қаҳрамонларидан бири Иан Рашга тегишли.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz