Қайднома

Қидирув

Россия чемпионати ғолиби қанча олади? АПЛ аутсайдерларичи?

Россия чемпионати ғолиби қанча олади? АПЛ аутсайдерларичи?

  19.07.2018 06:21
  0
  1885
Россия чемпионати ғолиби қанча олади? АПЛ аутсайдерларичи?

РОССИЯ ЧЕМПИОНАТИ УЧУН ЁҚИМСИЗ РАҚАМЛАР

«СЭ» нашри маълумотларига кўра, Россия Премьер-лигасининг ҳар бир иштирокчисига телетрансляциялар сотувидан чамаси 1,8 миллион евро тегади.

«Локомотив» эса мамлакат чемпиони сифатида яна тахминан 5 миллион евро мукофот пули олади. Ҳар ҳолда, лига раҳбари Сергей Прядкиннинг айтишича, турнир ғолибига 368 млн. рубль ажратилганди.

Бундан ташқари, чипталар сотуви тушуми ҳам бор. «Темирйўлчилар» клубининг Маркетинг ва коммуникациялар бўлими директори Алексей Смертиннинг маълум қилишича, клуб чемпионлик мавсумида чипталар савдосидан 320 миллион рубль (чамаси 4,3 млн. евро) топган.

700 минг евро - бу «Локомотив» ғазнасига трансферлардан тушган маблағ суммаси (москваликлар Хентини Венгрия клубига 500 минг ва Ндингани «Сивасспор»га 200 минг еврога сотишган).

Демак, Россия Премьер-лига-2017|2018 ғолибининг бутун мавсум давомидаги жами даромади тахминан 12 миллион еврони ташкил қилган.

Россия чемпионатига дахлдор молиявий ҳисоботни дунё футболининг энг кучли биринчилиги - АПЛ рақамлари билан солиштириш мантиққа ҳам сиғмайди. Дейлик, Англия чемпионатида сўнгги поғонани банд этган «Вест Бромвич» биргина телеҳуқуқлар сотувидан чамаси 14 миллион евро олади.

Бошқача айтсак, АПЛнинг энг заиф жамоаси ҳам битта йўланишда Россия чемпионининг бутун мавсумдаги даромадидан кўпроқ топади. Яъни «Локомотив»нинг трансферлар ва чипталар сотуви йўналишидаги улушини қўшиб ҳисобласак ҳам (ваҳоланки, буларнинг мукофот жамғармасига ҳеч қандай дахли йўқ), жами сумма АПЛ аутсайдерига телеҳуқуқлар учун бериладиган маблағ миқдорига етмайди.

Россия чемпиони ва АПЛнинг ўша энг заиф иштирокчисининг мавсум бўйи топган пулини эса ўзаро таққослашнинг ўзи кулгули. Қаранг, «Локо» олтин медаль соҳиби бўла туриб, чамаси 12 миллион евро билан чекланган бўлса, «Вест Бромвич» аутсайдер ҳолича бундан деярли 8 баравар (!) кўп топган - тахминан 95 млн. евро.

Қолаверса, бу сумма фақат иштирок ҳамма телеҳуқуқлар учун олинган маблағ жамландиси, холос. Яъни трансферлар, чипталар ва атрибутлар савдоси тушуми қўшилмаган.

Диққатга сазовор томони, Россия Премьер-лигаси-2017|2018да мухлислар ташрифи бўйича чемпионат рекорди қайд этилди - 1та ўйинни ўртача ҳисобда 13971 киши бевосита стадионда кузатди. АПЛда эса футбол томошасига ошиқадиганлар бундан деярли 3 баравар кўп - ўртача кўрсаткич деярли 38297га тенг.

Ваҳоланки, туманли ўлка клублари суперзамонавий стадионларга эга эмас. Ҳар ҳолда, Россияда охирги йилларда юқори талабларга тўлиқ жавоб берувчи стадионлар қад кўтарди. Ҳа, икки лиганинг молиявий ҳолати ўртасида улкан фарқ бор, аммо бундан ҳайратланиш ортиқча.

Бинобарин, АПЛ бу борада барча лигалардан яққол устун. Goal.com сайти маълумотларига биноан айтсак, АПЛда ўтган мавсум жами бонуслар жам-ғармаси 2,7 млрд. еврони ташкил қилган. Бу сумма кучли бешлик сирасига кирувчи қолган лигаларда сезиларли даражада кам:

Испания Примероси - 1,85 млрд. евро

Италия «А» серияси - 924 млн. евро

Франция 1 лигаси - 579 млн. евро

Германия  Бундеслигаси - 566 млн. евро

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz