Қайднома

Қидирув

«Акажон сендан бир умр миннатдорман!» ёхуд Алиссон Беккер тарихига назар

«Акажон сендан бир умр миннатдорман!» ёхуд Алиссон Беккер тарихига назар

  23.07.2018 06:13
  0
  868
«Акажон сендан бир умр миннатдорман!» ёхуд Алиссон Беккер тарихига назар

Ўтган мавсум «Рома»да ёрқин ўйинлар ўтказиб, ЖЧ-2018да Бразилия термаси дарвозасини қўриқлаган Алиссон Беккер бошидан ўтказган кечинмалари ҳақида ҳикоя қилиб, мухлисларини оиласи билан атрофлича таништирди.

«1998 йилги жаҳон чемпионати. Менинг ёшим 5да, акам Муриэлники эса - 10да. Холамникида мундиал ярим финали доирасидаги Бразилия - Голландия ўйинини кўраётгандик. Бу ҳақиқий базм эди, холам бизга егулик ва торт пишириб берганди.

Учрашув пенальтилар сериясигача давом этгач, отам ва тоғам ўзларини қўярга жой тополмадилар. Таффарел сўнгги бор «нуқта»дан йўлланган зарбани қайтарганида, отам ошхонага кириб, бошини тортга суқди. Сўнгра крем чапланган юзи билан кириб, қичқира бошлади: «Биз финалда ўйнаймиз! Финалда!». Бу ҳаётимдаги энг ёрқин дамлар эди. Отам яхши маънода ақлдан озганди.

Орадан 20 йил ўтиб, унинг ўғли жаҳон чемпионатига борди. Рос­тини айтсам, отам билан мени ўйлаганимдан ҳам кўпроқ нарса боғлаб туради. «Рома» ва Бразилия термасидаги ўйинларимни кўрган бўлсангиз, мен жуда оғир-босиқман. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмаган.

Агар скаутлардан болалик чоғларимда қандай бўлганимни сўрасангиз, улар жумладан қуйидагича фикр билдиришади:

«Алиссон Беккер: голкипер, етти ёшда. Паст бўйли, жаҳлдор, йиғлоқи». Биламан, ушбу характеристика Бразилия термаси дарвозабонига хос эмасдек туюлади, бироқ бу ҳақиқат. Узоқ йўлни босиб ўтдим. Аслида, ўсмирлик чоғимда оиламда ҳам энг яхши голкипер эмасдим.

Муриэль ҳам шу позицияда тўп суриб, жаҳлимни чиқаришга уринарди, бунинг учун нима қилиш кераклигини биларди. Ўйлашимча, барча тўнғич акалар шундай хусусиятга эгалар. Муриэль шунингдек, менга эҳтиросни жиловлашни ўргатарди. У ҳаётимдаги энг муҳим шахс, чунки унинг хизматлари эвазига дарвозабон бўлдим.

Кўпчилик менинг киперликни эплашимга ишонмасди ва улар қайсидир маънода ҳақ эдилар. Онам мактаб гандбол жамоасида дарвозабон бўлган, бобом қадрдон Нову-Амбургу шаҳридаги ҳаваскорлар футбол клубида шу позицияда тўп сурган, отам эса иш берувчи термаси кипери эди. Балки, бу Яратганнинг хоҳишидир?!

5 ёшга тўлганимда, акам билан отамнинг ўйинини томоша қилгани бориб, унинг қандай роҳатланаётганига гувоҳ бўлгандик. Ростини айтсам, отам майдонда ҳам бироз «тентакроқ» эди, тўпни олиб қўйиш чоғида атайин рақибининг оёғига ўзини ташларди. Унинг ёввойи услуби бизга ҳам мерос қолган. Менимча, барча болалар оталарига ўхшашни хоҳлашади, тўғрими?

Аввал ҳам таъкидлаганимдек, акам туфайли голкиперликни танладим. Унинг дўстлари баланд бўйли, ёшлари мендан катта эди. Шу боис, энг кичик вакил сифатида дарвозадан жой олардим. Бу муҳокама ҳам қилинмасди. Аммо дарвозабонлик ўзимга ёқарди.

Тўғри, ўша кезлари футбол шунчаки кўнгилхушлик эди, аммо кейинчалик 2002 йили Япония ва Жанубий Кореядаги мундиал бошлангач, барчаси ўзгарди. Акам иккимиз эрта тонгда уйғониб, шоколад, бодроқ еб, сут ичганча ўйинларни томоша қилардик.

Бразилиянинг ғалабаларидан қолган таассуротларни ҳеч қачон унутмайман. Айнан шу машғулот билан шуғулланишим лозимлигини тушунгандим ўшанда. Мен Бразилия термаси сафида тўп сураман. Жаҳон чемпионатига бориб, бош совринни қўлга киритаман.

Шу тариқа футбол билан жиддий шуғуллана бошладим. Нову-Амбургу кўчаларида ўтадиган учрашувларда дарвозани қўриқлардим. Оиламиз квартирадан ҳовлили уйга кўчиб ўтгач, акам билан пластик тўп тепа бошладик.

Дарвоза ўрнида эшиклардан фойдаланардик, ҳақиқий кураш кечарди, аммо бу машғулотдан завқ олардик. Эҳтимол, бу ҳаётимнинг энг ёрқин дамлари эди. Ўша кезлари Порту-Алегридаги «Интернасьонал» клубининг ёшлар жамоасида ўйнардим.

Бу Бразилиянинг энг йирик клубларидан бири, мен ҳаммасини тўғри қилаётгандим. Фақат биргина муаммо қийнарди: бўйим ҳамон паст эди.

Жисмонан кеч улғайганим боис, тенгдошларим менга нисбатан кучли ва бўйдор эдилар. Бизда жисмоний ўсиш даражасини аниқлаш бўйича тест ўтказилиб, у 1дан 5 баллгача баҳоланарди. Ўша кезлари жамоадошларим фақат «беш» олсалар, мен «2»дан юқорига кўтарила олмасдим.

Бу эса голкипер учун яхши кўрсаткич эмасди. Дарвозабон баланд бўйли бўлишдан ташқари, тўғри сакрай олиши, тўпларни чаққонлик билан ушлаб қолиши лозим. Қисқаси, паст бўй - яхши эмас.

Шу боис, захирага михландим ва «Интернасьонал» «Палмейрас»дан бошқа дарвозабонни таклиф қилди. Кутилмаган ҳолат, амплуадошим ҳам мендан баланд, кучли эди. Ўшанда ўйлаб қолдим: «Жуда соз, энди мен жамоанинг учинчи дарвозабониман. Шундай ҳолатда термада ўйнашни орзу қиляпманми?» Жиддий шубҳага бордим.

Сўнгра «Найк» кубоги - 14-15 ёшлилар ўртасидаги мусобақа ўтказилди. Акамни мазкур турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этишди. У мукофотни уйимизга олиб келганда, совринга қараб туриб, дедим: «Ҳой, мен ҳам худди шунақасини хоҳлайман!» Аммо ўша кезлари ўйин амалиётига эга эмасдим.

Ростини айтсам, футболдан кетишни ҳам хоҳладим. Икер Касильяс, Жанлуижи Буффон сингари 17 ёшида асосий жамоада дебютини нишонлаган афсоналарни билардим, уларга ўхшашни хоҳлардим.

Яна қанча кутишим мумкин? Ниятларим амалга ошармикан? Шундай бўлишига ишонч деярли йўқ эди.

Клуб иккиланиб қолди: ўсаманми ёки бўйим пастлигича қолаверадими? Жамоа улғайишим учун яна бир йил кутишга қарор қилди. Техникам шиддатли тезликда кучая бошлади, сўнгра ажойиб воқеа рўй берди: ниҳоят, бўйим ўсишда давом этди.

Бир йил ичида 170дан 187 сантиметргача ўсдим. Ўсиш даражам «4»га кўтарилди.

Шунингдек, жисмоний ҳолатим ва техник салоҳиятим яхшиланди. Кўпчилик мени кузата бошлади. Иттифоқо, 16 ёшга тўлганимда, бобомнинг уйи ёнида дўстларим билан дам олаётгандим.

Телефонимни текшириб, бобом беш марта қўнғироқ қилганини кўрдим. Рости, ўшанда бироз чўчидим. Оиламизда нимадир содир бўлганидан қўрқиб, дарҳол қўнғироқ қилдим.

- Дарҳол уйга келишинг керак, - дейишди яқинларим.

- Нимага? Кимдир касал бўлдими ёки вафот этдими?

- Йўқ, сени Бразилиянинг 17 ёшлилар термасига чақиришди.

Қулоқларимга ишонмадим. Бобом тез-тез ҳазиллашар, унинг сўзлари ростлигига ишонч ҳосил қилишим керак эди. Кўп ўтмай отам ҳам қўнғироқ қилиб, худди шу сўзларни айтди. Аммо ишонишга шошилмадим, улар гўёки мени чув тушираётгандек эдилар.

Ярим соат ичида пляждан уйга югуриб бориб, ёшлар термасининг расмий сайтига назар ташладим. Саҳифани юқорига кўтариб, «Алисон Беккер» деган ёзувга кўзим тушди. Мени ҳақиқатан ҳам жамоага чақиришганди.

Ўша дамларни ёдга олсам, мазкур рўйхатда сизларга таниш номлар ҳам борлигини эслатиб қўймоқчиман: Неймар ва Коутиньо. Шу тариқа фаолиятим юқорига кўтарила бошлади.

2013 йили 20 ёшимда катталар футболида дебютимни нишонладим, икки йилдан кейин эса миллий жамоада тўп сурдим. Ўша ўйин ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Баъзан ўйлаб қоламан: «Қойил, Бразилия термаси сафида жаҳон чемпионатида тўп сурдим. Ахир бу мўъжиза-ку!»

Эришган ютуқларим учун акамдан миннатдорман. Иккимиз клубда бир позицияда ўйнаганимиз сабабли кўпчилик бизни солиштирарди. Бу тахминан мана бундай кўринишда бўларди: «Алиссон ҳам худди Муриэль каби кучли ўйин кўрсата олармикан?».

Кимдир «ҳа» дерди, айримлар эса «йўқ». Ўзимга қолса, бу тарзда солиштиришларини хоҳламасдим, аммо акам мақсад сари астойдил интилиш кераклигини ўргатди. Профессионал сифатида мендан кучлироқ бўлганларга етиб олишим керак эди.

Ҳамиша акамдан ўзиб кетишга уринганман, аммо Муриэль рақобатбардошлик бўйича супер кўрсаткичга эга эди, ҳеч қачон ютқазишни хоҳламасди.

Ўшанда «Интер­насьонал»да астойдил шуғулланардик ва ҳеч ким акамдан кам бўлишни истамасди. Таъкидлаш жоизки, бу мотивация учун ажойиб ресурс эди.

Чарчаб қолганимда, акам шундай дерди: «Бўлақол, укам, буни яна бир бор уддалаймиз!» Ва мен у айтгандек қилардим. Акам чарчаб қолганида эса, катта саҳнага мен чиқардим: «Бўлақол, қимирла!

Қара, мен болакай бўлсам ҳам сендан кучлироқман!» Бундай ҳолат пластик тўп тепишни бошлаганимиздан буён давом этарди. Ушбу ўзига хос мусобақа қондошлик муҳаббатига асосланганди.

Баъзан қанчалик омадим келганини унутиб қўяман. Аммо ҳозирги даражамга чиқишимга сабабчи бўлганларни асло ёддан чиқармайман. Бразилия термасида ўйнаяпман, акам учун ҳам тўп суряпман.

Ростини айтсам, ҳар гал миллий жамоа либосини кийганимда, акам иккимиз ўтказган машғулотлар эсимга тушади. Акажон, агар шу гапларимни эшитаётган бўлсанг, билиб қўй, Россияда кўрсатган ҳар битта «сейв»им сеники ҳамдир.

Менинг муваффақиятим - сенинг муваффақиятинг, чунки иккимиз бир тарихнинг бир қисмимиз. Бунинг учун сендан ҳамиша миннатдорман».

P.S.: Тўғри, Бразилия термаси учун ЖЧ-2018 чорак финалдаёқ якунланди. Аммо Алиссон Беккер мундиални юқори савияда ўтказиб, аслида нималарга қодир эканлигини яна бир карра исботлади.

Унинг харидорлари бисёр. Бу эса акасини жонидан ортиқ яхши кўрадиган кипернинг юксак салоҳиятга эга эканлигидан дарак бериб турибди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Алиссон Беккер расман «Ливерпуль» клубига кўчиб ўтди ва футбол тарихидаги энг қиммат дарвозабонга айланди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz