Қайднома

Қидирув

Осиё гвардиячилари – 2018

Осиё гвардиячилари – 2018

  24.07.2018 00:15
  0
  1556
Осиё гвардиячилари – 2018

Ёз фаслида катта мусобақа ўтказилган йили миллий терма жамоаларда энг кўп ўйин ўтказган футболчилар статистикасига бирров назар солиш фойдадан холи эмас. Бу қизиқарли ҳам, албатта.

Чунончи, ОФК таркибидаги етакчи жамоалар азалдан футболда суяги қотган катта тажриба соҳибларига таяниб иш кўришда алоҳида ажралиб турган. Кечагина поёнига етган 21-жаҳон чемпионати ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Мисол учун, тиниб-тинчимас «соккеруз» - Тим Кэйхилл 26 июнь куни гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган Перу термага қарши ўйинда захирадан майдонга тушди. Бу боши билан не-не ажиб голлар урган фахрий футболчи учун Австралия миллий жамоаси таркибидаги 107-ўйин бўлди.

Лекин унинг «соккерузлар»нинг мутлақ рекордчиси - дарвозабон Марк Шварцер натижасини такрорлаши учун яна 2та ўйин керак. Умуман, жорий йил давомида Бадр ал Мутва (Қувайт) ва Женг Жи (Хитой) каби фахрийларнинг маълум танаффусдан кейин яна миллий жамоалари сафига қайтишгани ўзига хос воқелик бўлди.

Шулар таъсирида анъанамизга содиқ қолган ҳолда, ОФК таркибидаги терма жамоалар гвардиячилари ва уларнинг фаолиятига боғлиқ ўзига хос қирраларга яна бир марта тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Фақат бу сафар айни пайт ўз мамлакатлари бош жамоасига чинакам наф келтираётган футболчилар ҳақида гаплашамиз.

*** Австралия футболи фахри Тим Кэйхилл (миллий жамоада 107та ўйин, 50та гол) 1979 йилнинг 6 декабрь куни таваллуд топган. Сўнгги мавсумда профессионал фаолиятидаги илк жамоаси - «Миллуолл» сафида ўйнади. Кэйхилл - Австралия терма жамоасининг жаҳон чемпионати ва Осиё кубогидаги биринчи тарихий голлари муаллифи.

У «соккерузлар» билан жами 11та йирик халқаро мусобақа (жумладан, 4та жаҳон чемпионати ва 2та Конфедерациялар кубоги)да иштирок этган. Тим бу борада «яшил қитъа»нинг мутлақ рекордчиси саналади.

*** Хитойлик Женг Жи (миллий жамоада 100та ўйин, 15та гол) яқин орада 38 ёшга тўлади. Фахрий футболчи 2010 йилдан буён мамлакат футболи гранди - «Гуанжоу Эвер-гранд» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Хитой миллий жамоасидаги голлари ҳисобини 2004 йилнинг 29 январь куни Македония термасига қарши кечган ўртоқлик баҳси (1:0)да нишонлаганди. Бироқ 2014 йилнинг кузидан буён мамлакат бош жамоаси ўйинларида гол қувончини туйгани йўқ. Тўғри, Женг Жи охирги 3 йил давомида терма жамоанинг атиги 8та ўйинида иштирок этди, холос..

*** Жанубий Корея термаси сардори Ки Сун Йонг (миллий жамоада 104та ўйин, 10та гол) ўйинлар сони бўйича 100лик маррасини босиб ўтганида, ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаганди.

Ваҳоланки, у мамлакат бош жамоасига илк марта 2008 йили, ЖЧ-2010 саралаш довонида жалб этилганди. Мана, Ки Сун шу орада 3та жаҳон чемпионати финал раундида қатнашди. Қолаверса, корейслар билан 2 марта ёзги Олимпиадага ҳам борди.

*** Яқинда Туркиянинг «Галатасарой» клуби билан тўлақонли шартнома тузган япониялик ҳимоячи Юто Нагатомо (миллий жамоада 109та ўйин, 3та гол) 1986 йилнинг 12 сентябрь куни туғилган.

2008 йили Пекин Олимпиадасидан бироз олдин «самурайлар» сафига кирганди. Юто ҳозирга қадар Япония терма жамоаси билан 7та йирик халқаро турнирда қатнашди. Эътиборли томони, у барча мусобақаларда 5-рақамли формада тўп сурди. Энг катта ютуғи - бу Осиё кубоги-2011даги чемпионлик.

*** Саудия Арабистони футболида барчанинг ҳурматини қозонган Осама Абдулраззоқ Ҳавсавий (миллий жамоада 138та ўйин, 7та гол) 1984 йилнинг 31 март куни Макка шаҳрида дунёга келган. 2006 йилдан миллий жамоа аъзоси. 2008 йилнинг 2 июнь куни Ливан термаси дарвозасини нишонга олиб, халқоро миқёсдаги голлари ҳисобини очганди.

Диққатга сазовор факт шуки, Осама кетма-кет 3та жаҳон чемпионати саралаш раундида гол урган. Айни пайт Саудия Арабистони терма жамоаси тарихидаги гвардиячилар рўйхатида 5-ўринни банд этиб турибди.

*** Маълум танаффусдан кейин катта футболга қайтган қувайтлик ҳужумчи Бадр ал Мутва (миллий жамоада 162та ўйин, 51та гол) шахсий статистикасини ҳали янада яхшилаши мумкин.

Диққат қилинг, ҳозирга қадар қувайтликлар шарафини 162та ўйинда ҳимоя қилган Бадр бу борада фаолияти давом этаётган барча футболчилар орасида мутлақ етакчи мақомида. Умуман, Қувайт футболи афсонаси жаҳон миллий жамоалари гвардиячиларининг яхлит рейтингида 10-ўриндан мустаҳкам жой олиб турибди.

*** Ҳиндистон терма жамоаси афсоналаридан бири - Сунил Четри (миллий жамоада 101та ўйин, 64та гол) 1984 йилнинг 3 август куни таваллуд топган. Шу йил 4 июнь санаси Кения термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида миллий жамоа сафида 100-марта майдонга тушиб, бу юбилейни «дубль» билан безади.

Дарвоқе, Четри жаҳон миллий жамоалари тўпурарлари рўйхатида ҳамма тан олган голеадорлар - Лионель Месси ва Криштиану Роналду қаторида турибди.

«100+»: Қаерда неча нафар?

ОФК таркибидаги саноқли миллий жамоаларгина ўз таркибида 100та ёки кўпроқ ўйин ўтказган футболчилари борлиги билан мақтана олади. Умумий ҳисобда айтсак, бутун конфедерация миқёсида шу кунга қадар жами 114 нафар футболчи ўз юрти бош жамоаси сафида 100та ўйин маррасини босиб ўтган. Таққослаш учун айтсак, жаҳонда бундай футболчилар сони 460 нафарга тенг.

Дейлик, Осиё|Австралияда сўнгги 6 ой ичида 3 нафар футболчи 100та ўйин маррасига етди. Эътибор қаратинг, Саудия Арабистони термаси 2017 йили ҳам бу борада жаҳоннинг мутлақ рекордчиси ҳисобланарди.

Саудиялик нақ 17 нафар  ўйинчи миллий жамоанинг 100та ёки кўпроқ ўйинида иштирок этган. Жорий йил эса АҚШ терма жамоаси сафида 100та ўйин маррасини бўйсиндирганлар сони ҳам 17 нафарга етди. Миср миллий жамоаси тарихида эса 14та нафар ўйинчи юбилей рақамни маҳв этган ва «фиръавнлар» жаҳон бўйича ҳамон 3-ўриндалар.

Футболчилари 100та ўйин маррасига етган ОФК таркибидаги терма жамоалар

С.Арабистони - 17 нафар футболчи

Ироқ - 13 нафар футболчи

Қувайт - 10 нафар футболчи

Ж.Корея - 10 нафар футболчи

Сингапур - 9 нафар футболчи

БАА - 8 нафар футболчи

Баҳрайн - 8 нафар футболчи

Япония - 7 нафар футболчи

Эрон - 6 нафар футболчи

Уммон - 6 нафар футболчи

Иордания - 5 нафар футболчи

Хитой - 4 нафар футболчи

Қатар - 3 нафар футболчи

Таиланд - 3 нафар футболчи

Ўзбекистон - 2 нафар футболчи

Австралия - 2 нафар футболчи

Ҳиндистон - 1 нафар футболчи

Энди ОФК таркибидаги терма жамоалар сафида 100та ёки кўп ўйин ўтказган ва айни пайт халқаро фаолиятини якунламаган футболчилар ҳақида маълумот берсак. Бунда яхлит жадвал қўл келади.

Гарчи СерверЖепаровнинг терма жамоамизга яна жалб этилиши эҳтимоли паст бўлса-да, мазкур мавзу билан қизиқувчи хориж сайтлари уни ҳам ушбу жадвалга киритиб қўйган.

ОФК таркибидаги миллий жамоалар сафида 100та ўйин маррасига етган ва халқаро фаолияти ҳали тугамаган футболчилар

Футболчи                         Терма жамоа       Ўйин   1-ўйини                               Сўнгги ўйини                  Муддат

Бадр ал Мутва                   Қувайт                   162       2003 йил 4 сентябрь           2018 йил 25 май                14 йилу 263 кун

Аҳмад Муборак                Уммон                   154       2003 йил 25 сентябрь         2018 йил 27 март              14 йилу 183 кун

Даниэль Беннетт               Сингапур               142       2002 йил 11 декабрь           2017 йил 14 ноябрь          14 йил 338 кун

Амир Шаафий                   Иордания              141       2002 йил 17 август              2017 йил 13 июнь             14 йилу 300 кун

Шаҳрил Бин Исҳоқ           Сингапур               138       2003 йил 4 март                  2017 йил 13 июнь             14 йилу 101 кун

Осама Ҳавсавий                С.Арабистони       138       2006 йил 11 октябрь           2018 йил 25 июнь             11 йилу 257 кун

Тайсир ал Жассим             С.Арабистони       134       2004 йил 17 ноябрь            2018 йил 20 июнь             13 йилу 215 кун

Байхакки Бин Хайзан       Сингапур               131       2003 йил 4 август                2018 йил 23 март              14 йилу 231 кун

Али ал Ҳабси                    Уммон                   130       2001 йил 20 февраль          2017 йил 14 ноябрь          16 йилу 268 кун

Исмоил Матар                  БАА                       128       2003 йил 27 сентябрь         2017 йил 5 сентябрь         13 йилу 343 кун

Сервер Жепаров            Ўзбекистон          127       2002 йил 14 май                2017 йил 5 сентябрь       15 йилу 114 кун

Себастьян Сория              Қатар                     119       2006 йил 15 ноябрь            2017 йил 28 март              10 йилу 133 кун

Хайрул Амри                    Сингапур               118       2004 йил 9 июнь                 2017 йил 14 ноябрь          13 йилу 158 кун

Жалол Ҳусайни                 Эрон                      116       2007 йил 7 февраль            2018 йил 19 май                11 йилу 101 кун

Шинжи Оказаки                Япония                  116       2008 йил 9 октябрь             2018 йил 28 июнь             9 йилу 262 кун

Макото Хасебе                  Япония                  114       2006 йил 10 февраль          2018 йил 2 июль               12 йилу 142 кун

Ала Абдул Заҳро              Ироқ                      114       2007 йил 8 июнь                 2018 йил 2 январь             10 йилу 208 кун

Муҳаммад Жаъфар          Баҳрайн                 113       2004 йил 17 ноябрь            2017 йил 13 июнь             12 йилу 208 кун

Исмоил Абдуллатиф        Баҳрайн                 112       2005 йил 27 октябрь           2017 йил 10 октябрь         11 йилу 348 кун

Юто Нагатомо                  Япония                  109       2008 йил 24 май                  2018 йил 2 июль               10 йилу 39 кун

Баҳа Абдулраҳмон           Иордания              107       2007 йил 7 сентябрь           2018 йил 20 май                10 йилу 255 кун

Тим Кэйхилл                     Австралия             107       2004 йил 30 март                2018 йил 26 июнь             14 йилу 88 кун

Ки Сун Йонг                     Ж.Корея                104       2008 йил 7 июнь                 2018 йил 23 июнь             10 йилу 16 кун

Сунил Четри                      Ҳиндистон             101       2005 йил 12 июнь               2018 йил 10 июнь             12 йилу 363 кун

Женг Жи                Хитой     100          2002 йил 7 декабрь               2018 йил 2 июнь   15 йилу 177 кун

Изоҳ: барча статистик кўрсаткичлар 10 июль ҳолати бўйича келтирилган.

ФИКРАТ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz