Қайднома

Қидирув

Гари Линекер: «Канте – мисоли «занжирдаги ит»

Гари Линекер: «Канте – мисоли «занжирдаги ит»

  24.07.2018 06:17
  0
  924
Гари Линекер: «Канте – мисоли «занжирдаги ит»

Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Гари Линекернинг фикрича, ЖЧ-2018нинг «Олтин тўп»ини Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Н`Голо Кантега бериш керак экан. Мбаппени эса иккинчи Пеле деб атади.

Жаҳон чемпионати финалида Франция Хорватия устидан 4:2 ҳисобида зафар қучиб, ўз тарихида иккинчи бор шоҳсупага кўтарилди. Линекер эса ана шу финал олдидан L`Equipe нашрига интервью берди.

- Н`Голо Кантеси бор жамоа жаҳон чемпионати финалида мағлуб бўлиши мумкинми?

- Бу гапни Канте менинг «Лестер»имда (Линекер шу жамоада фаолиятини бошлаган) ўйнагани учун айт­япсизми? Умуман олганда, сиз ҳақсиз. Чунки мен Н`Голони ЖЧ-2018нинг энг яхши футболчиси, деб ҳисоблайман. Лекин у алоҳида ажралиб туришни истамайди ва ўйини кўзга ташланмайди.

Бу футболчи ҳамиша жамоа учун ўйнайди. У икки нафар футболчининг ишини бажаради. Франция терма жамоаси Канте билан бир киши кўпдек ҳаракат қилади. Ажойиб пас беради, майдоннинг ҳамма жойида ўйнайди. Айнан у туфайли Франция жаҳон чемпионатига чиқди.

- Канте «Лестер»дан «Челси»га ўтган бўлсада, сиз унинг мухлисисиз...

- Албатта! Ҳаётимда ундан яхши таянч ярим ҳимоячисини кўрмаганман. Ўйинни ажойиб тарзда ўқий олади. Ҳамма ерга улгуради, тўпни олиб қўйишини айтмайсизми! Мисоли «занжирдаги ит». Тўпни қабул қилиб олдингиз, бирдан уни йўқотасиз. Н`Голо уни қандай олиб қўйганини сезмай ҳам қоласиз.

Ҳалигача Дидье Дешам уни Евро-2016 финалида майдонга туширмаганини тушуна олмайман. Дешамни жуда ҳурмат қиламан, лекин у ўша куни мураббийлик фаолиятидаги энг катта хатога йўл қўйган. Агар Португалияга қарши ўйинда Н`Голо бўлганида, Франция мағлубиятга учрамасди.

- Канте - Хорватияга қарши финал учрашувида муваффақият гаровими?

- Канте нафақат терма жамоанинг муҳим ўйинчиси ҳисобланади, балки унинг ёнида жамоадошлари ҳам бош­қача ўйин кўрсатишади. Агар Н`Голо бўлмаганида, Погбанинг қандай ўйнашини билолмасдик. Канте бўлмаганида, Юмтити - Варан жуфтлиги бунчалик муваффақиятли ўйин кўрсатмасмиди?! Улар худди тош девор ортида тургандек ҳис қилишади ўзларини.

- Умуман, инглизлар финал борасида қандай тахминларни илгари суришмоқда?

- Барча Францияни фаворит ҳисобламоқда. Лекин Хорватия ҳурматга сазовор ўйинларни кўрсатди. Бу терма футболчилари учта ўйинда 120 дақиқадан тўп суришди. Шундан иккитасида пенальтилар сериясида ғалаба қозонишди. Албатта, адреналин туфайли улар финалда ҳам югуришади. Лекин Франция кўпроқ куч тўплаган.

Хорватлар билан ўйинда ҳамма нарсага тайёр туриш лозим. Англия Хорватияга қарши баҳсида барчасини ўйин аввалидаёқ ҳал қилиши мумкин эди, лекин уддалай олмади. Иккинчи бўлимда эса умуман бошқача футбол гувоҳига айландик. Мураббий керакли футболчиларни майдонга туширди, ўйин суръатини бироз ўзгартирди ва хорватлар ташаббусни ўз қўлларига олишди.

Фақатгина Хендерсон нимадир қилишга уринди. Аммо унинг кучи ҳам тугайди. Хорватлар хатоларимиздан унумли фойдаланишди. Натижада Модрич Канте ва Мбаппе сингари турнирнинг энг яхши футболчиларидан бири эканлигини исботлади.

- Хорватия қандай футбол намо­йиш қилади?

- Жамоа сафида ҳақиқий иқтидорлар тўп суришади. Ракитич ва Перишич - жуда хавфли. Биз уларга етарлича баҳо бермадик. Лекин Франция барча чизиқларда фантастик футболчиларга эга бўлган бошқача жамоа. Канте - Погба жуфт­лиги ҳақида айтиб ўтдим. Марказий ҳимояда Варан - Юмтити тандеми бор.

Гризманн рақиблар таъқибига учрасада, барибир, ишончли ўйин намойиш қилади. Ва албатта, олдинда феноменал Мбаппе тўп суради. Келажакда у жаҳоннинг биринчи рақамли футболчисига айланади. Ёш бўлишига қарамай, ярим финалда ажойиб ўйин намойиш қилди.

- Оуэн ва Руни-чи? Улар ҳам Англия терма жамоасида жуда ёш пайтларида ўйнашган.

- Уларнинг иккиси ҳам эрта очилиб, ажойиб футбол намойиш қилишди. Мана, Оуэнни олайлик. ЖЧ-98нинг 1|8 финалида Аргентинага қарши ўйинда чиройли гол урган. Лекин барибир, у нимчорак финал эди.

Мбаппе эса ярим финалда ажо­йиб ўйин кўрсатди. Унда иккинчи Криштиану Роналду бўлиш учун ҳамма нарса етарли. Умуман олганда, Килиан менга кўпроқ бразилиялик Роналдони эслатиб юборади.

- Францияликлар Англиянинг ярим финалдаги мағлубиятидан қандай хулоса чиқаришлари керак?

- Биринчи ўринда Модрич ва Ракитичга қочиб кетиши учун имкон бермаслик лозим. Уларни «бўғиш» керак. Лекин бунинг учун Францияда Канте, Погба ва Матюиди бор. Англия термасида эса шундай футболчилар етишмади. Бу борада Франция кучли. Ҳужумда ҳам шундай.

Дешам жамоаси ҳимоядан ҳужумга жуда тез ўтади. Лекин тактик жиҳатдан Бельгия­га қарши учрашувдаги каби ўйин қилмаслик керак. Ўшанда французлар гол ургач, ортга чекинишди. Бироқ буни тушунса бўлади. Ахир Бельгияда Лукаку, Азар, де Брюйне учлиги бор. Хорватлар унчалик тез эмаслар ва Модрич қарши ҳужумларда айтарли хавф туғдирмайди.

Хорватиянинг ожиз нуқтаси - ҳимоя. Улар Англияга қарши ўйиннинг биринчи бўлимини жуда бўш ўтказишганди. Ўшанда гол уриб олиш керак эди. Инглизлар орт­га чекиниб, ўзларига муаммо орттириб олишди. Умуман, Дидье Дешамга маслаҳат бермоқчи эмасман. Барчасини унинг ўзи ҳал қилади.

- Бу чемпионатда иккинчи рақамда ўйнаган жамоалар кўпроқ ғалаба қозонишмоқда. Шу боис ҳам Хорватияга қарши ўйинда олдинга ўтавермаслик керакдир?

- Бу чемпионатда қарши ҳужум энг фойдали бўляпти, деганларнинг фикрига қўшилмайман. Жамоалар тўпни йўқотишлари билан рақиб жарима майдонида олиб қўйишга ҳаракат қилишмоқда.

- Сизнингча, айни пайт «Олтин тўп»га энг муносиб футболчи ким?

- Қийин савол. Ҳалигача қайси критериялар бўйича шундай футболчини танлаб олишларига тушунмайман. Лекин аниқ айтишим мумкинки, охирги ўн йилда илк бора на Месси, на Роналду бу совринни қўлга киритади. Ким бўлиши мумкин?

Жаҳон чемпионати ўтказиладиган йилда бош совринни чемпион жамоа аъзосига беришса маъқул бўларди. Нима учун Канте олмаслиги керак? Ёки Модричми? Балки Мбаппедир? Қайсидир жиҳатдан уни иккинчи Пеле де­йишимиз мумкин.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz