Қайднома

Қидирув

Бош жамоамизга «тез тиббий ёрдам» кечикмоқда

Бош жамоамизга «тез тиббий ёрдам» кечикмоқда

  25.07.2018 06:41
  0
  2198
Бош жамоамизга «тез тиббий ёрдам» кечикмоқда

Мамлакатимиз футболи мутасаддилари яна ўзига хос синов дамларини бошдан кечиришмоқда.

Ўтган мавсум якуни ва янгиси арафасида эълон қилинган режалар, миллий жамоамиз иштирокида ташкилланган ўртоқлик учрашувлари, ёш футболчиларимизнинг Осиё чемпионатидаги ёрқин одимлари таъсирида мухлисларда янги раҳбариятга нисбатан ишонч уйғонди.

Аслида кўпчилик аввалига бошқарувнинг янги таркибига ишончсизлик кайфиятида қараганди. Зеро, футболимизнинг собиқ раҳбарлари томонидан берилган қуруқ ваъдалар сабаб, мухлисларда бошқарувдаги янгиланишга нисбатан ишончсиз қараш кайфияти шаклланиб улгурганди.

Табиийки, футболимизнинг янги раҳбарларига бундай ишончсиз ёндашувни бартараф этиш осон кечмаслиги олдиндан маълум эди. Шу маънода айтсак, ЎФА ва ПФЛнинг янгиланган таркиби томонидан амалга оширилган дастлабки ижобий ўзгаришлар футболимиз жамоатчилигини қойил қолдирди.

Айниқса, миллий чемпионатимиз формати ва регламентини ислоҳ қилишда кўрсатган қатъияти, бу масалада ўз принципларида собит туриши ЎФА ҳамда ПФЛга нисбатан ишонч руҳини мустаҳкамлади.

Хуллас, ҳаммаси яхши бораётганди. Афсуски, вақт ўтиши билан футболимиз тақдирига дахлдор икки муаммо мухлисларни безовта қила бошлади. Тушунгандирсиз, бу ўринда бош жамоамизга мураббий та­йинлаш ва Суперлига ҳакамлик савияси билан боғлиқ ишларни назарда тутмоқдамиз.

Тан олиш керакки, миллий жамоамизга бош мураббий топиш ва тайинлаш масаласи ҳаддан ортиқ чўзилиб кетди. Мана, ЖЧ-2018 якунланганига ҳам бир ҳафтадан ошди, аммо ЎФА ҳамон музокара жараёни билан банд. Ҳар ҳолда, биз ушбу мулоҳазаларни қоғозга туширган 22 июль оқшомига қадар аниқ гап янграмаганди.

Балки эрта-индин қайсидир хорижлик мутахассис терма жамоамиз бошқарувига келар, лекин кечиккан «Тез тиббий ёрдам»ни эслатувчи бу ҳолат мухлисларни хурсанд қиладими? Очиғи, бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул. Негаки, футболимиз муҳитига яна ишончсизлик кайфияти қайтди.

Тақдир туҳфаси саналган, кутилмаганда, қад ростлаган ишонч тоғига путур етмоқда. Дастлабки ижобий янгиланишлар эвазига қурилган ишонч кўприги бузилиш хавфи остида. ЎФА отни қамчиламаса, ҳам мухлислар ишончидан, ҳам бош жамоамизнинг бўлажак ютуқларидан айрилиб қолиши ҳеч гап эмас.

Гарчи яқин истиқболдаги бўлажак ютуқлар ҳақида сўз очиш ҳозир ўринсиздек туюлсада, шундай ёзмоқдамиз. Чунки ЎФАнинг келажак режаларида катта ютуқларга эришиш кўзда тутилган. Режа қоғозда қолиб кетмаслиги учун эса миллий жамоамизга тезда бош мураббий та­йинланиши даркор.

Фикримизча, айни дамда бир жиҳат ЎФАни иккилантирмоқда. Гап шундаки, аввалроқ терма жамоамизни ЖЧ-2018 финал босқичида ишлаган мураббийлардан бири бошқариши айтилганди. Бироқ ҳозирги вазиятда бу анчайин имконсиздек туюлмоқда.

Қолаверса, мундиалдан сўнг истеъфога чиқарилган мураббий билан шартнома имзолаш руҳий-маънавий жиҳатдан ўзини унча оқламайди. Дейлик, инглизлар томонидан мажбуран истеъфога чиқарилган Фабио Капелло Россияга келиб, нима каромат кўрсатди?

Ҳолбуки, унинг маҳоратли мутахассис сифатида Леонид Слуцкий ёки Станислав Черчесовдан анчагина устун эканлиги барчага аён. Демоқчимизки, Эктор Купер ёки у каби мундиалда омадсизликка учраган мутахассисни не-не илтимос ва кон-кон ваъдалар эвазига юртимизга олиб келиш футболимиз фойдасига ишламайди.

Чиро Феррарани ҳам ижобий эффекти кам мураббийлар сафига қўшсак бўлаверади. Агар ЎФА «Айтилган сўз - отилган сўз» қабилида иш тутса, унда ютқазади. Ноўрин кайфиятдан воз кечиб, мутлақо кутилмаган номзод билан шартнома имзолаш футболимиз истиқболини белгилайди.

Муҳими, танланган мураббийда бош жамоамизни мундиалга олиб чиқиш, шу орқали ўз рейтингини кўтариш мақсади, иштиёқи барқ урсин. Ҳаргиз илтимосга кунимиз қолмасин. Обрўли мутахассисни ёлвориб олиб келгандан кўра, ёш ва иқтидорли мураббийни кашф этган афзал.

Карлуш Кейруш анчадан буён Эронда ишламоқда ва бу жараёнда форс футболи мутасаддиларига ўз таъсирини ўтказадиган даражага кўтарилди. Футбол оламида у каби вазифасини сидқидилдан бажаришга интиладиган истеъдодли мураббийлар етарли. Тўғриси, изланган одамга муносиб мураббий топиш қийинчилик туғдирмайди.

Шартнома шундай имзоланиши керакки, токи янги мураббий терма жамоамизни камида 2та мундиал циклида бошқарсин. Ўтказилган ўртоқлик учрашувларидан аён бўлдики, бош жамоамизнинг ёшартирилган таркиби ўзини ўнглаб, зарур натижа кўрсатиши учун бир қанча муддат кутишга тўғри келади.

Шундай экан, юртимизда узоқ муддат ишлашга рози мураббий билангина келишувга эришиш мақсадга мувофиқ. Ана, Дидье Дешам Франция терма жамоасида машҳурлар билан бирга янги номларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

У шу мақсадда бир қатор номдор футболчилар хизматидан воз кечди. Франция футболи мутасаддилари, уни баралла қўллаб-қувватлашди, салоҳиятига ишонишди, ҳаттоки, мамлакат президенти ҳам.

ЎФАда бош мураббий танлаш жараёнининг чўзилиб кетиши эҳтимол, муқобил номзод излаш билан боғлиқдир. Нима бўлганда ҳам, тайинланажак мураббийни қўллаб-қувватлаш ва унга ишониш мулоҳазаларимиз аввалида тилга олинган ишончсизлик кайфиятини футболимиздан бир қадар нари суради.

Шундай мустаҳкам ишончгина бизни ҳозирги муаммолардан қутқаради ва янги марралар сари етаклайди...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz