Қайднома

Қидирув

Лукаш Подольски: «Нурсиз иштирок нимадандир ишора»

Лукаш Подольски: «Нурсиз иштирок нимадандир ишора»

  02.08.2018 06:14
  0
  619
Лукаш Подольски: «Нурсиз иштирок нимадандир ишора»

Самарали фаолияти давомида «Бавария», «Кёльн», «Арсенал» клублари ҳамда Германия терма жамоаси тарихида ёрқин из қолдирган асли польшалик ҳужумчи Лукас Подольски охирги вақтларда Японияда яшаб, маҳаллий лигада тўп сурмоқда.

Вақтида голеадорлик хислати билан донг таратган фахрий футболчи ЖЧ-2018 финиши арафасида Москвага сафар уюштирди. «Виссел Кобе» клуби аъзоси саналган Польдида бўш вақти деярли йўқ.

Дейлик, у охирги йилларда бизнес билан фаол шуғулланмоқда ва Россия сафари чоғи ҳам бир қатор тадбирларда иштирок этди. Шундай бўлсада, Лукас sports.ru сайти мухбирларининг интервью ҳақидаги илтимосларига ижобий жавоб берди.

- Лукас, биламизки, фаолиятингиз давомида кўплаб таниқли футболчилар билан бирга тўп сургансиз. Улардан қайси бирини энг креатив ўйинчи сифатида тилга оласиз?

- Биринчи навбатда, Филипп Ламни. Иккимиз доимо битта қанотда ўйнаганмиз ва Филиппнинг ҳар бир вазиятда тўғри қарор қабул қилишидан ҳайратга тушардим. Хуллас, шахсан мен учун Ламдан кучлироғи йўқ.

- Сўнгги ярим йил ичида Москвага икки марта келдингиз. Шаҳар ҳақида нима дейсиз?

- О, таърифлашга тил ожиз. Ҳаммаси аъло даражада! Менимча, ФИФАни табриклаш мумкин - мундиалнинг Россияда ўтказилиши энг тўғри қарор бўлди. Ҳа, аввалига менда қандайдир хавотирлар йўқ эмасди. Лекин кейинчалик мамлакатда ҳаммаси рисоладагидек эканлигини тушундим.

Албатта, Германия термасининг мусобақадан шу қадар барвақт чиқиб кетиши ақлга сиғмайди. Нурсиз иштирок балки жамоада қандайдир ўзгаришларга қўл уриш кераклигига огоҳлик қўнғироғидир? Ишончим комилки, 2 йил давомида бу борада тегишли хулосалар чиқарилади ва бундестим яна қаддини тиклаб, аввалгидек яхши натижаларга эришади.

- Охирги мавсум Япония чемпионатида ўйнадингиз. Айтингчи, «кунчиқар юрт» ва Европадаги умумий ҳаёт тарзи ўртасида нечоғли фарқ бор?

- Аввало, айтишим керак, Япония ижобий таассурот бағишлади - одамлар қувноқ, таомлар ўзгача. Қисқаси, барча-барчаси зўр. Биргина истисто шуки, у ерда мен унчалик ёқтирмайдиган қуруқ мевалар жуда оммабоп экан. Лекин бу ҳолат рафиқамга ёқиб тушди.

Муҳими, японлар ўта хушмуомала ва тарбияли. Улар ҳеч қачон меъёрдан четга чиқишмайди. Тўғри, бирга суратга тушиш ёки дастхат беришимни сўрашлари мумкин. Лекин ҳар қадамда безовта қилишмайди.

Умуман, кўчага чиқсам, япон эмаслигим яққол сезилиб туради. Лекин у ерни одамлар билан доимо гавжум Истанбул ёки Европанинг бошқа бирор шаҳрига қиёслаб бўлмайди. Японияда бироз ўзгача ёндашув ҳукмрон. Бу бир тарафдан яхши, аммо кўчада кетаётиб, беихтиёр ўйлаб қоласан: «Ўзи қаердаман?»

- Энди «Висел Кобе»да машҳур Андрес Иньеста билан бирга ўйнайсиз. Ундан нималарни кутяпсиз?

- Албатта, бундан ғоят мамнунман. Иньеста - қойилмақом ўйинчи! Тез орада кўришиб, чақчақлашамиз. Бу онларни сабрсизлик билан кутяпман.

- 2 йилча аввал Кёльнда музқаймоқ дўкони ва кабобхона очган эдингиз. Футболчи учун ноодатий йўналиш. Нега айнан шу соҳага қўл урганингиз сабабини билсак бўладими?

- Ҳеч қандай ажабланадиган томони йўқ - музқаймоқ ва кабоб ҳаммага бирдек ёқади. Жумладан, менга ҳам! Дейлик, шахсан мен қандайдир 5 юлдузли ресторанларда тамадди қилишни ёқтирмайман.

Бошлаган ишим омаднинг самараси кўринаётганидан хурсандман. Нима, Москвада бу борада муаммо борми? Унда бу ерда ҳам шахсий филиалларимни очишга тайёрман.

- Шунингдек, айнан 2 йил олдин Кёльн шаҳри ҳақида қўшиқ ёзиб, клип ҳам тайёрлаган эдингиз. Қизиқ, бу ғоя кимдан чиққанди?

- Ғоя ҳам, қўшиқ матни ҳам ўзимга тегишли. Чунончи, она шаҳримни қаттиқ севаман ва ҳурматимни шу аснода изҳор этишни ўйладим. Муҳими, ижодим кўпчиликка манзур бўлди, менимча.

- Ўғлингиз 10 ёшга тўлибди. Унинг ортингиздан юриб, футболни танлашини истармидингиз?

- Аслида ўғлим анчадан буён футбол билан мунтазам шуғулланмоқда. Лекин уни нимагадир мажбурлаш ёки қандайдир босим ўтказиш фикридан мутлақо йироқман. Шунингдек, ўғлимни футболга йўналтириш мақсадим ҳам йўқ. Ҳаммаси ўзига ҳавола.

- Айтишларича, 2002 йили «Локомотив» сафига қўшилишга яқин келган экансиз. Шу тўғрими?

- Ҳа, рост. Лекин айнан ўша пайт кўплаб клублардан таклифлар олгандим ва якунда бошқа жамоани танлаганман. Умуман, футболчилик фаолиятим давомидаги бирор қароримдан ортиқча афсусланмаганман.

Табиатан турли мамлакатларда яшаш ва маҳаллий маданиятлар билан яқиндан танишишга мойилман. Футбол туфайли бунга маълум даражада эришдим ҳам.

- Айнан ўша йили «Арсенал»да россиялик Андрей Аршавин билан бирга ўйнагансиз. Уни қандай эслаб қолгансиз?

- Ажойиб йигит! Афсуски, у ҳам мен каби «қаримоқда» ва билишимча, ҳамон Россиядан четда ўйнамоқда. Нима бўлганда ҳам, Аршавинни инсон ва ажойиб ўйинчи сифатида ҳурмат қиламан.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz