Қайднома

Қидирув

ЖЧ финалчилари мағлубиятига «Интер» футболчилари сабабми? Узоқ йиллик ғаройиб кўрсатгич

ЖЧ финалчилари мағлубиятига «Интер» футболчилари сабабми? Узоқ йиллик ғаройиб кўрсатгич

  03.08.2018 06:39
  0
  1412
ЖЧ финалчилари мағлубиятига «Интер» футболчилари сабабми? Узоқ йиллик ғаройиб кўрсатгич

Жаҳон чемпионати стартидан олдин Хорватия терма жамоаси финалда ўйнашини ким башорат қилганди? Умуман, хорватларнинг шундай натижа қайд этишларини биров кутганмиди?

Bombardir.ru сайти ижодкорларининг фактлар асосида таъкидлашларича, «Интер» (Италия) клуби вакиллари шундай бўлишини билишган ёки камида кутишган. Нега, бу хулосанинг моҳияти нима?

Гап шундаки, ЖЧ-82дан буён битта одат шаклланган бўлиб, ҳар бир мундиал финалида «Интер» футболчиси иштирок этмоқда, албатта. Мана, бу сафар ҳам анъана бузилмади: Италия клубининг икки нафар вакили - Иван Перешич ва Марсело Брозович «Лужники»даги ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушишди.

Хўш, улар кимларнинг изидан боришди?

ЖЧ-82: Жузеппе Бергоми, Габриэле Ориали (Италия) - чемпион. Эътиборлиси, Бергоми Италия терма жамоасида ўша чемпионат стартидан атиги 2 ойча олдин дебют қилганди. Шунга қарамай, 18 ёшли йигитча Испаниядаги турнир доирасидаги 3та ўйинда қатнашади, хусусан, ярим финал ва финалда.

Қолаверса, ёш Жузеппе собиқ ГФР термасига қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда Марко Тарделли томонидан урилган голга бевосита ҳисса қўшди. Якунда итальянлар 3:1 ҳисобида устун келишади. Ориали эса чемпионлик йўлидаги 5та учрашувда қатнашганди.

ЖЧ-86: Карл-Хайнц Румменигге (ГФР) - финалчи. Диего Марадонага аталган мундиал. Румменигге аввалги ЖЧда Чили термаси билан баҳсда «хет-трик»ка эришганди.

Мексикада эса 1тагина гол уради, лекин айнан финал учрашувида. У ҳисобни 1:2 кўринишига келтиргач, кўп ўтмай, Руди Фёллер мувозанатни тиклайди, бироқ якунда аргентиналиклар яна битта гол уриб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишади.

ЖЧ-90: Юрген Клинсманн, Лотар Маттеус, Андреас Бреме (ГФР) - чемпион. Бетакрор Клинси ўша чемпионатда 3та гол урганди. У финалда рақиб дарвозасини нишонга ололмайди, аммо немислар ишини анча осонлаштиради - финал ҳуштаги янграшига 25 дақиқача қолган вақтда аргентиналик Педро Монсон айнан Юргенга нисбатан қўполлик ишлатгани учун майдондан четлаштирилади.

Кейин немислар ҳужумни кучайтириб, 85-дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишади ва уни яна бир «нерадзурра» - Андреас Бреме аниқ амалга оширади.

ЖЧ-94: Никола Берти (Италия) - финалчи. Арриго Сакки «Интер» вакилига АҚШ мундиалининг ҳар бир ўйинида ишонч билдиради, у эса бунга муносиб жавоб беради.

Дейлик, испанларга қарши кечган чорак финал баҳсида самарали ҳужум айнан Никола томонидан бошланган ва Роберто Баджо ғалаба голини нишонлаганди. Умуман, у финалда тўлиқ 120 дақиқа тўп сурганди. Бироқ итальянлар пенальтилар сериясида Бразилия термасига ютқазиб қўйишади.

ЖЧ-98: Юрий Жоркаефф (Франция) - чемпион, Роналдо (Бразилия) - финалчи. «Интер» футболчилари илк марта ЖЧ финалида бир-бирларига қарши ўйнашади. Бразилиялик Роналдо ўша вақт энг юқори спорт формасида эди, бироқ финал куни унга нимадир бўладию, ўйини асло қовушмайди.

Шунга қарамай, буюк «сўйлоқ» майдонда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланади, Жоркаефф эса иккинчи бўлим ярмидан ўтган вақтда ўз ўрнини Патрик Виейрага бўшатиб беради. Натижага келсак, французлар 3та жавобсиз гол уриб, илк марта жаҳон футболи тахтига кўтарилишади. Зайниддин Зиданнинг бош билан урган «эгизак» голлари ёдингиздадир...

ЖЧ-2002: Роналдо (Бразилия) - чемпион. Бразилиялик юлдуз яна 4 йилдан кейин финалда бор маҳоратини кўрсатади, барибир. У Осиёда ташкиллаштирилган биринчи ЖЧда жами 8та гол уради, жумладан, ҳал қилувчи баҳсда Оливер Канни икки бора ожиз қолдирганди. Шу тариқа Луис Роналдо жаҳоннинг икки карра чемпионига айланади (1994 йили ҳам жамоа таркибида эди).

ЖЧ-2006: Марко Матерацци, Фабио Гроссо (Италия) - чемпион. Франция термасига қарши кечган финалда ҳар икки «интерчи» эътибор марказига тушади. Яъни Матерацци жавоб голини уришдан ташқари, Зайниддин Зиданнинг қизил карточка олишига сабабчи бўлади, Гроссо эса пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани совуққонлик билан ижро этади.

ЖЧ-2010: Уэсли Снейдер (Голландия) - финалчи. Голландиялик ярим ҳимоячи жаҳон биринчилиги стартидан бир ойча аввал «Интер»нинг Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучишига катта ҳисса қўшганди ва ЖАРга кўтаринки кайфиятда боради. Тўғри, «лолаларанглар» финалда испанларга бас келолмайдилар - Андрес Иньестанинг 116-дақиқада урган ягона голи уларнинг жаҳон тожини кийишдан маҳрум этади.

ЖЧ-2014: Родриго Паласио (Аргентина) - финалчи. Паласио Германия термасига қарши кечган финалнинг 78-дақиқасида Гонсало Игуаин ўрнини эгаллаб, дарҳол фаол ҳаракат қила бошлайди. Бироқ «овертайм»да супервазиятни кўкка совуради. Якунда аргентиналиклар 113-дақиқада Марио Гётце томонидан урилган гол туфайли мағлубиятни тан олишади.

ЖЧ-2018: Иван Перешич, Марсело Брозович (Хорватия) - финалчи. Ҳар икки «интерчи» майдонда тўлиқ вақт тўп сурди, Иван Перишич супергол муаллифига айланди. Бироқ хорватларга яна бир марта мўъжиза кўрсатиш насиб этмади...

Якуний ҳисоб - 5:6. Аниқроқ айтсак, шу даврда таркибида «Интер» футболчиларига жой берган терма жамоалар финалда 5 марта ғалаба қозониб, 6 бора мағлубиятга учраган. Дарвоқе, «Интер» бундай қизиқарли статистикага эга ягона клуб эмас.

Айнан ЖЧ-82дан эътиборан «Бавария» вакиллари ҳам финалда узлуксиз кўриниш беришмоқда. Дейлик, ЖЧ-2018 финалида иштирок этган француз Корентен Толиссо якунда бўйнига олтин медаль тақди.

Битта фарқи шуки, бу оралиқда «Интер» футболчилари 11та жамоа сафида ўйнашган, «Бавария» вакиллари эса 10тада. Хуллас, ЖЧ финалида «Бавария» футболчилари ўзаро тўқнаш келишмаган.

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz