Қайднома

Қидирув

Бош мавзу - Қатар-2022: шаҳар, стадионлар... (+фотогалерея)

Бош мавзу - Қатар-2022: шаҳар, стадионлар... (+фотогалерея)

  04.08.2018 00:23
  0
  5099
Бош мавзу - Қатар-2022: шаҳар, стадионлар... (+фотогалерея)

Мана, узоқ кутилган Россия мундиали-2018 ҳам оҳистагина футбол тарихи саҳифаларига кўчди. Шу билан ҳар 4 йилликнинг кейинги энг катта футбол байрами - Қатарда ўтадиган ЖЧ-2022 вақтини ҳисоблаб бориш бошланди.

Ҳозирданнавбатдагижаҳонфорумиўзгачабўлишикутилмоқда. Энг катта ўзгариш сифатида ўйинларнинг ёз эмас, балки куз-қиш фаслига тўғри келишини айтиш мумкин. Табиийки, биз ҳам буёғига бўлажак мундиалга имкон қадар кўпроқ эътибор қаратамиз.

Биринчидан, унда миллий жамоамизнинг ниҳоят, дебют қилишини кутяпмиз. Иккинчидан, ЖЧ тарихда иккинчи марта улкан Осиё меҳмони бўлади. Энди асосий маълумотларга бирров тўхталиб ўтсак бўлаверар...

ҚАРОР ҚАЧОН ҚАБУЛҚИЛИНГАНДИ?

Қатар ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқини 2010 йилнинг 2 декабрь куни қўлга киритганди. Яъни Россия ЖЧ-2018 мезбонига айланган куни қатарликлар ҳам алоҳида байрам қилишган. Яқин Шарқ мамлакати «заявка»си ФИФА Ижроий қўмитаси аъзолари иштирокидаги овоз бериш жараёнида Австралия, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ аризаларидан устун чиққанди.

Аниқроғи, жараённинг ҳал қилувчи 4-турида Қатар учун 14 киши овоз берганди. Ўшанда финалга чиққан АҚШ «заявка»сини 8 киши ёқлаган. Хуллас, қатарликлар якуний босқичда америкаликларни сезиларли даражада ортда қолдиришганди.

ЧЕМПИОНАТ ҚАЧОН ЎТКАЗИЛАДИ?

ФИФА томонидан 2018 ва 2022 йиллардаги турнирларнинг ташкилотчи мамлакатлари номи эълон қилингани ҳамоно чор атрофдан саноғи йўқ танқидий фикрлар ва хулосалар янграй бошлади. Айниқса, Қатар-2022 лойиҳаси жиддий эътирозларга учрагани рост.

Хусусан, кўпчилик бу мамлакатда ёзда футбол ўйнаб бўлмаслигини таъкидлаб, айюҳаннос солишга тушди. Бундай ёндашув асосиз эмасди - Қатарда майдан сентябргача ўртача ҳаво ҳарорати 40-45 даражадан пастга тушмайди одатда. Қатарликлар танқидларга жавобан ареналарни замонавий совуткич тизими билан тўлиқ таъминлашга ваъда беришди.

Оддий айтганда, мезбон мамлакат томони чемпионат вақтида стадион ичидаги ҳаво ҳарорати 27 даража иссиқдан ошмаслигини таъкидлади. Бироқ бу ғоя кўпчилик томонидан маъқулланмади. Хусусан, ФИФАнинг ўша вақтдаги президенти Йозеф Блаттер ЖЧ-2022ни баҳор ойларига кўчириш вариантини илгари сурди. Аммо собиқ функционернинг таклифи ҳам ярим йўлда қолиб кетди.

Яъни 2014 йилга келиб, халқаро футбол федерациялари уюшмаси бош котиби Жером Вальке турнир куз-қиш фаслида ўтишини маълум қилди. Кейинроқ - 2015 йили ФИФА Ижроий қўмитасининг Цюрихдаги йиғилишида мундиал-2022 учун танланган аниқ муддат айтилди - 21 ноябрь - 18 декабрь. Яқинда эса бу муддат расман тасдиқланди.

ЎЙИНЛАР ҚАЙСИ ШАҲАР ВАСТАДИОНЛАРДА БЎЛАДИ?

Қатар мундиали ўйинлари учун 5та шаҳар танлаб олинган. Булар - Доха, Ал-Вақра, Ал-Хор, Ал-Райан, Умм-Салал, Мадинат-ал-Шамал ва чемпионат учун 9та янги арена қуриш ва 3тасини тўлиқ реконстукция қилишни режалаштиришганди. Бироқ кейинроқ ташкилотчилар 8та арена билан чекланиш ҳақида қарор чиқаришди.

Хуллас, «Қатар-2022» ташкилий қўмитаси бу сонни оптимал вариант ўрнида кўрди. Умуман, ушбу масалада ФИФА билан ҳали бир тўхтамга келинган эмас. Табиийки, стадионлар сонини айнан ФИФА белгилаб беради. Мана, ЖЧ-2018 якунланди ва Жанни Инфантино жамоаси энди бунга алоҳида ёндашса, ажабмас.

Дарвоқе, ташкилотчиларнинг айтишларича, стадионларнинг бир-бирига яқин ҳудудда жойлашгани ҳам жамоалар, ҳам мухлисларга қўшимча қулайликлар яратади. Дейлик, ҳар қандай аренадан иккинчисига кўпи билан атиги бир соатдан камроқ вақтда етиб олиш мумкин. Бу ҳолат мухлисларнинг кунига бир неча ўйинни бевосита томоша қилиш имконини беради.

Шунингдек, ЖЧ учун тайёрланган ва тайёрланаётган барча спорт мажмуаларининг кейинги тақдири  ҳам ҳозирдан маълум: баъзи стадионлар бошқа соҳаларга мослаштирилади, ареналардан бири эса бутунлай бузиб юборилади.

БЮДЖЕТ ҚАНЧА?

Лойиҳага мувофиқ, ЖЧ-2022 тарихдаги энг қимматбаҳо мундиал бўлади. Қатар томони ҳар 4 йилликнинг бош футбол байрамини унутилмас воқеликка айлантириш йўлида чамаси 200 миллиард доллар сарфлайди. Таққослаш учун айтсак, ЖАР-2010 харажати тахминан 7 миллиард, Бразилия-2014ники 14 миллиард долларга етганди. Россиядаги жаҳон чемпионатига эса 11 миллиард доллар кетди.

Бўлажак мезбонлар спорт инфратузилмаси учун чамаси 10 миллиард сарфлашади, қолган маблағ янги автомагистраллар, метро линияси, темирйўл тармоғи, аэропорт ва Лусаил шаҳарчасини қуришга йўналтирилади.

МУХЛИСЛАРНИ НИМА КУТМОҚДА?

Қатарда кўплаб чекловлар мавжуд. Хусусан, жаҳон чемпионатидек йирик турнирга дахлдор одатий ишлар маҳаллий анъаналарга унча мос келмайди. Мисол учун, мамлакатда алкоголь ичимликлари билан савдо қилувчи дўконлар саноқли.

Умуман, спиртли ичимликлар Қатарда махсус рухсатнома билан ишлайдиган хорижликларга муайян тартибда сотилади, холос. Четдан алкоголь олиб кириш эса қонун доирасида тақиқланган.

Тўғри, «Қатар-2022» ташкилий қўмитаси турнир давомида фан-ҳудудларда энг юқори савияда кўнгилочар тадбирлар йўлга қўйилишига ваъда бермоқда. Дейлик, жаҳон эстрада юлдузлари иштирокида турли шоулар ўтказилади.

ЖЧ АТРОФИДА ҚАНДАЙ МОЖАРОЛАР КУЗАТИЛДИ?

Дарҳақиқат, Қатарнинг мезбон сифатида танланиши бошиданоқ саноқсиз можароларга йўл очди. Аввалига ФИФА раҳбарларини пора эвазига овоз беришгани шубҳа остига олинди.

2015 йилнинг октябрида эса ФИФА раҳбари лавозимидан четлаштирилган Йозеф Блаттер жарангли баёнот берди: «Қатар ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқини УЕФА президенти Мишель Платини туфайли қўлга киритди». Кўп ўтмай, франциялик функционер ҳам Блаттер ортидан футбол соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқини йўқотди.

Блаттерга қайтсак, у Le Monde нашрига берган интервьюсида шундай деганди: «Платини нега ФИФА президенти бўлолмади? Гап шундаки, ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқи айнан у туфайли АҚШга насиб этмади. Тўғри, Мишель ҳали анча ёш.

Дейлик, мендан 20 ёш кичик, шунинг учун ҳали бемалол жаҳон футболи ташкилотини бошқариши мумкин. Яширмайман, жаҳон чемпионати-2018 Россияда ўтиши ва яна 4 йилдан кейин мундиал АҚШда меҳмон бўлишини хоҳлаган, шунга умид боғлагандим. Биз дипломатик йўл билан шундай бўлишини таъминлашимиз мумкин эди.

Бироқ айтишим жоиз, Парижда Франция президенти Николя Саркози ва Қатар амири ўзаро учрашишганидан кейин Платини бошқа йўналиш бўйича ҳаракат қилишини билдирди: «Мендан Франция манфаатлари учун овоз беришимни сўрашди.

Шунингучунтарафдорларимбиланмаслаҳатлашиб, АҚШ «заявка»синиқўллаб-қувватлашдантийилишнилозимтопдик». Платини айни шу гаплари билан мени ҳайрон қолдирди. Қисқаси, овоз бериш жараёнидан сўнг конвертни очишдан олдиноқ Қатар аризаси ғалаба қозонганини тушунгандим».

Қатарга боғлиқ яна бир жиддий муаммо - бу инсон ҳуқуқлари поймол этилиши. Гап спорт объектлари ва бошқа инфратузилмаларни барпо этишда қурувчилар учун оддий шароитлар ҳам яратилмагани хусусида кетмоқда. Британиянинг Guardian нашри маълумотларига кўра, Ал-Вақра шаҳарчасида стадион қурилишида ишлаётганлар кунига ўртача ҳисобда 8 доллардан олишади.

Ҳафтада бир кун (жума) дам олинади, ойлик маош 200 доллардан кўпроқ. Шунинг баробарида иш майдонида шароитлар жуда оғир. Мисол учун, қурувчилар кундузи ишлашади, демакки, ҳаво ҳарорати ҳаттоки, 50 даража иссиққа кўтарилса ҳам қуёш тиғи остида тер тўкишади.

Мустақил экспертларнинг маълум қилишларича 2014 йилгачаёқ Қатардаги спорт объектларида  техника хавфсизлигига риоя қилинмаслиги оқибатида 1000 нафардан кўпроқ ишчи ҳаётдан кўз юмган. Тўғри, иш берувчилар бу борада расмий статистика юритишмайди, албатта.

Бироқ экспертлар бахтсиз ҳодисалар, қуёш тиғи ва иссиқдан нурланиш, инфекцион хасталикларни Қатар-2022 учун зарур объектларни қуришдаги асосий муаммолар сифатида тилга олишмоқда. Шунга қарамай, мамлакатда навбатдаги мундиал учун тайёргарлик юқори суръатда давом этяпти.

-----------------------------------------------

ЖЧ-2022 СТАДИОНЛАРИ

«Халифа» (Доха). Ҳозирга келиб, биринчи объект топширилган - Қатарнинг энг йирик шаҳри ва пойтахти - Дохада жойлашган «Халифа» стадиони. 1976 йили қурилган бу арена тўлақонли реконструкциядан кейин мутлақо янги кўриниш ҳосил қилди.

2017 йилнинг май ойида фойдаланишга қайта топширилган стадион 40 минг мухлисга мўлжалланган. Бу ЖЧ-2022 стадионлари орасида кейинчалик ҳам ўз ҳолини сақлаб қоладиган ва йирик спорт тадбирларига хизмат қиладиган ягона аренадир.

«Ал-Байт» (Ал-Хор). Форс кўрфази кўчманчи халқлари шарафига номланган (безатилган) 60 минг сиғимли арена ЖЧ-2022нинг ҳар икки ярим финалига мезбонлик қилади. Турнир тугагач, унинг сиғими 32000га туширилади ва маҳаллий клубга база сифатида берилади.

Бўшаган ҳудудда эса савдо маркази ҳамда меҳмонхона қурилади. Айни пайт «Ал-Байт»да қурилиш ишлари давом этяпти. «Қатар-2022» ташкилий қўмитаси раҳбари Ҳасан ал Тавадийнинг айтишича, арена шу йил декабргача тахт қилиб қўйилади.

«Ал-Райан» (Ал-Райан). Қолган стадионлардан 3таси 2019 йил, яна 2таси эса 2020 йил охирига қадар фойдаланишга топширилади. Хусусан, сиғими 40 мингга тенг «Ал-Райан» ёрқин ташқи кўриниши, Ислом меъморчилиги учун анъанавий саналган геометрик шакллар асосида безатилгани билан ажралиб туради.

Бу арена ЖЧ-2022дан сўнг Қатарнинг 8 карра чемпиони саналган шу номдаги клуб ихтиёрига берилади. Дарвоқе, айни пайт «Ал-Райан»га машҳур Микаэль Лаудруп устозлик қилмоқда. Айтганча, стадион сиғими 22 мингга туширилгач, унинг ёнида сув спорти маркази ва енгил атлетика мажмуаси пайдо бўлади.

«Қатар фонди» (Доха). Qatar Foundation гуруҳи мамлакатда таълим йўналиши ва илм-фан ривожига беминнат ҳисса қўшиб келмоқда. 40 минг мухлисга мўлжалланган арена университетлар ёнида қад кўтармоқда.

Унинг фасади ишлов берилган олмосни эслатади - атрофга қуёш мисоли нур сочади (Қатарда элект қуввати муаммо эмас). Келажакда эса стадион ихчамлаштирилади (сиғими 25 мингга туширилади) ва университетлар жамоалари ихтиёрига топширилади.

«Ал-Тумама» (Доха). Бу стадион ҳам 40 минг кишини ўз бағрига олиши мумкин. Дизайни ҳам ўзгача - мусулмон давлатларида оммалашган эркаклар бош кийимига ўхшаб кетади.

Турнирдан сўнг ўриндиқларнинг ярми олиб ташланади ва бўшаган ҳудудда ФИФА тиббий маркази ҳамда турли спорт объектлари қурилади.

«Рас Абу Абуд» (Доха). Кўрфаз соҳилида қад кўтараётган ушбу стадион (сиғими - 40000) асоси - модуль конструкциялари ва ҳақиқий транспорт контейнерлари. Уни Доха денгиз порти нусхасига қиёслаш мумкин. Чемпионат тугагач, арена тўлиқ майдаланади.

«Ал-Вақра» (Ал-Вақра). 40000 мухлисга мўлжалланган арена порт шаҳарчада британиялик архитектор Захи Ҳадид лойиҳаси асосида қурилмоқда (асли ироқлик меъморнинг ўзи 2016 йилнинг баҳорида ҳаётдан кўз юмган). Бу стадион ўриндиқлари сони ҳам ЖЧдан кейин икки баравар камайтирилади, лекин у Ал-Вақранинг муҳим маданий маркази бўлиб қолади.

Режага кўра, арена ёнида теннис кортлари, баскетбол майдони, масжид ва тўй тантаналари учун кошона қад ростлайди. Айтганча, «Ал-Вақра» ҳам худди «Ал-Байт» каби шу йил декабрда тайёр бўлади.

«Лусаил» (Лусаил). Диққатга сазовор стадион. ЖЧ-2022 очилиш ўйини ва финали айнан 86250 мухлисга мўлжалган «Лусаил»да бўлиб ўтади. Асосий гап шундаки, Қатарда ҳали Лусаил шаҳри ҳам йўқ. Бошқача айтсак, Дохадан 15 км. узоқликда жаҳон чемпионати учун махсус шаҳарча ва унинг ичида стадион барпо этилмоқда.

Кейинчалик шаҳарчада 200 минг киши истиқомат қилиши мумкин, арена эса 20 мингли ихчам спорт марказига айлантирилади. У Қатар картасидаги янги аҳоли ҳудуди ҳаётида муҳим ижтимоий ролга эга бўлиши керак.

SPASIBO AND DO SVIDANIYA RUSSIA, MARHABA QATAR!

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти ЖЧ-2018 якунланганидан сўнг шундай сарлавҳа билан чиқиш қилди. ОФК президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа ушбу мундиал ниҳоятда қизғин ўтганини таъкидлаб, энди ҳамманинг эътибори Қатарда ташкиллаштириладиган 2022 йилги жаҳон чемпионатига қаратилишини айтди.

У шунингдек, футбол байрамини юқори савияда ўтказган Россия Федерацияси президенти, ташкилий қўмита аъзолари ва турнир учун чин юракдан меҳнат қилган барча-барчага чуқур миннатдорчилик билдирди:

 

«Россия мусобақани жуда яхши ташкил этди, бунинг учун ҳаммага раҳмат. Энди бор эътиборни яна 4 йилдан кейин бўладиган Қатар-2022 мундиалига бурамиз. Ўйлайманки, Қатарда ҳам футбол форуми юқори даражада ташкил этилади. Ҳар ҳолда, кейинги мундиал янада яхшироқ савияда ўтишини таъминлаш учун бор имкониятимизни ишга соламиз, бунинг учун аниқ режа ишлаб чиқамиз.

 

Осиё бундан 16 йил муқаддам ЖЧга мезбонлик қилганди, бизга яна шундай имконият берилганидан ниҳоятда мамнунмиз. Араблар жуда меҳмондўст халқ, ҳали кўрасизлар, Қатардаги мусобақа ҳам тарихга киради.

2002 йилдан буён жаҳон чемпионати қаерда ўтказилган бўлмасин - Германия, ЖАР, Бразилия ва мана, энди Россия - ҳаммаси ўзига хос даражада кечди. Ўйлайманки, Қатар ҳам бундан мустасно бўлмайди...», - деди ОФК раҳбари.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz