Қайднома

Қидирув

«Ҳимматингиз чеки йўқ...» Ёхуд истеъфоларга миллионлар сарфлайдиган «Челси»

«Ҳимматингиз чеки йўқ...» Ёхуд истеъфоларга миллионлар сарфлайдиган «Челси»

  04.08.2018 06:42
  0
  1584
«Ҳимматингиз чеки йўқ...» Ёхуд истеъфоларга миллионлар сарфлайдиган «Челси»

«Челси» италиялик мутахассис Антонио Конте билан ҳам ўртадаги шартномани муддатидан аввал бекор қилди ва энди унга бунинг учун 9 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули тўлайди.

Умуман, «аристократлар»га устозлик қилган мураббийлар Лондондан кетар чоғи клуб соҳиби - россиялик олигарх Роман Аркадьевич Абрамовичга сарлавҳа учун танланган хитоб асносида миннатдорчилик билдирган бўлсалар, ажабмас.

Қуйидаги мақола билан танишгач, бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

ТОВОН ПУЛИ ТЎЛАШ БОБИДА РЕКОРДЧИ

Ҳа, «Челси» раҳбарияти жамоани аввалига ишонч билан чемпионликка етаклаган, кейинги мавсум эса омадсизликка йўлиққан Антонио Контега ҳам муддатидан олдин жавоб берди. Лондон клуби ва италиялик мутахассис ўртасидаги шартнома 2019 йилнинг 30 июнь кунига қадар мўлжалланганди.

Энди итальян мураббийи худди ўтмишдошлари каби бинойидек товон пули олади. The Sun нашри маълумотларига кўра, узоқ тортишувлардан сўнг мураббийнинг вакиллари 9 миллион фунт стерлинг миқдорида компенсация олишга рози бўлишган.

Айтиш жоиз, «Челси» бундай кўринишдаги чиқимларга аллақачон ўрганиб ургурган ва мураббийларга меҳнат шартномасини вақтидан олдин бекор қилиш учун товон пули тўлаш масаласида рекордчи ҳисобланади. The Sun хусусан, клуб Роман Абрамович даврида кимларга қанча товон тўлаганини ҳам келтирди:

Клаудио Раньери (2004 йил июнь) - 6 миллион фунт

Жозе Моуриньо (2007 йил сентябрь) - 18 миллион фунт

Авраам Грант (2008 йил май) - 5,5 миллион фунт

Луиз Фелипе Сколари (2009 йил февраль) - 12,6 миллион фунт

Карло Анчелотти (2011 йил май) - 6 миллион фунт

Андре Виллаш-Боаш (2012 йил март) - 12 миллион фунт

Роберто ди Маттео (2012 йил ноябрь) - 10,7 миллион фунт

Жозе Моуриньо (2015 йил ноябрь) - 9,5 миллион фунт

Антонио Конте (2018 йил июль) - 9 миллион фунт

Жами: 89,3 миллион фунт

89,3 миллион фунт - бу 7,3 миллиард рубль демакдир. Дейлик, Россия чемпиони - «Локомотив»нинг йиллик бюджети 2 миллиард рублга ҳам етмайди. Бундан ташқари, «Челси» 2004 йили Жозе Моуриньони ўз томонига оғдиргани учун унинг собиқ клуби - «Порту»га ҳам 1,8 миллион фунт миқдорида компенсация тўлаган.

2005 йили эса кам учрайдиган ҳолат кузатилган - Абрамович жамоаси спорт директори Франк Арнесен «трансфери» учун «Тоттенхэм» ҳисоб рақамига 5 миллион фунт (айрим маълумотларга кўра, 8 «лимон») ўтказиб берган.

АБРАМОВИЧНИНГ «ЧЕЛСИ» РАВНАҚИ ЙЎЛИДАГИ БОШҚА ХАРАЖАТЛАРИ

Россиялик миллиардер Лондон клубини 2003 йилнинг июнь ойида 140 миллион фунт стерлингга сотиб олганди. Агар transfermarkt.de портали маълумотларига таяниб айтсак, «Челси» шу кунга қадар трансферлар учун жами 1,54 миллиард фунт сарфлади.

Тўғри, бу маблағнинг маълум қисми, аниқроғи, 774,53 миллиони футболчиларни сотиш орқали қопланди. Умуман, «Челси»нинг Абрамович давридаги асосий харажати - бу футболчилар, мураббийлар, менежерлар ва ходимлар маоши.

Дейлик, Daily Mail нашри 2017 йилнинг май ойида клуб 14 йил давомида маош учун жами 2,4 миллиард фунт стерлинг сарфлагани ҳақида маълумот берганди. Орадан яна бир йил ўтганини ҳисобга олсак, Абрамович «Челси»сининг маош тўлови камида 100 миллион фунтга ошгани табиий.

Шунингдек, 2017 йили фойдаланишга топширилган Кобхэмдаги клуб базаси 20 миллион фунт эвазига тиклангани ҳам маълум. Хуллас, барчасини жамласак, «Челси» россиялик олигарх даврида 4 миллиард фунтдан кўпроқ сарфлаган. Шунча маблағ эвазига эса 15та сов-рин қўлга киритилган.

«ЧЕЛСИ»НИНГ РОМАН АБРАМОВИЧ ДАВРИДА ҚЎЛГА КИРИТГАН СОВРИНЛАРИ

Англия чемпионати олтин медали - 5 марта (2004|2005, 2005|2006, 2009|2010, 2014|2015, 2016|2017)

Англия кубоги - 5 марта (2006|2007, 2008|2009, 2009|2010, 2011|2012, 2017|2018)

Лига кубоги - 3 марта (2004|2005, 2006|2007, 2014|2015)

ЧЛ кубоги - 1 марта (2011|2012)

ЕЛ кубоги - 1 марта (2012|2013)

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz