Қайднома

Қидирув

Зидандан ҳам салобатли – Дидье Дешам!

Зидандан ҳам салобатли – Дидье Дешам!

  06.08.2018 06:41
  0
  1634
Зидандан ҳам салобатли – Дидье Дешам!

Бундан 20 йил муқаддам Дидье Дешам ўз тарихида илк бора жаҳон футболининг тождорига айланган Франция терма жамоасининг сардори эди.

Энди у «учранглилар»ни бош мураббий сифатида тахтга олиб чиқди! Албатта, мўъжизакор салтанат атоқли афсоналарга жуда бой. Ана шу юлдузлар гулшанида Дешамнинг ўзига яраша ўрни, нуфузи бор.

РЕГБИ ЎРНИГА ФУТБОЛ

Француз футболининг олтин даврида саралар сардори бўлган Дидье мамлакатнинг жануби-ғарбида жойлашган мўъжазгина, лекин ўта хушманзара сайёҳлик шаҳарчаси - Байоннада таваллуд топди. Адур ва Нив дарёларининг қўшилиш нуқтасида жойлашган шаҳарча Испанияга чегарадош.

Байонна Баск соҳилларининг пойтахти бўлиб, Франциядаги басклар маданий маркази ҳисобланади. Шу боис, ёз ойларида бу ҳудуд коррида мусобақалари билан гавжум бўлади. Дешам ана шу элат оиласида дунёга келди.

«Ўз элим, авлодларим билан фахр­ланаман. Шу ўлкада ўсиб-улғайдим. Ҳозир мен учун энг қийин савол ким эканимни айтиш - французманми ёки баск? Муҳими, 3та қадриятга қатъий амал қиладиган оилада туғилиш бахтига муяссар бўлдим: камтарлик, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик», - дейди Дешам.

Дидьедаги меҳнатсеварлик болалигидаёқ бўй кўрсата бошлади - у отаси билан регби машғулотларига йўл олди. Сабаби оддий: катта Дешам айнан шу спорт турига кўнгил берган, лекин юксак натижаларга эриша олмаганди. Табиийки, ўз орзусига ўғли орқали эришишга интилди.

Бироқ бу режа ҳам амалга ошмади - «Биарриц Олимпик» клубини Дидье тез орада тарк этди: «Мен билан шуғулланаётган болалар жисмонан жуда бақувват эдилар. Мен эса бу борада мақтана олмасдим».

«Қовун»дан думалоқ тўпни афзал кўрган кичик Дешам илк машғулотдаёқ етакчилик лаёқати билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Шунга қарамасдан, аввалига камтарин «Байонна» мактабида сабоқ олди.

Фақат 14 ёшга чиққанида «Нант» скаутлари эътиборига тушди. Шу тариқа унинг профессионал фаолияти бошланди. Ҳа, айтганча, регбини ҳам бутунлай унутгани йўқ - вақти-вақти билан Зидан, Лизаразю, Бартез каби дўстлари ҳамроҳлигида шуғулланиб туради.

ҒОЛИБЛИК РУҲИЯТИ

Шундай спортчилар борки, совринлар уларни қувиб юради. «Табиатан чинакам чемпионлар» тоифасидан бўлган бу иқтидорлар келган жамоа албатта зафар қучади.

Дешам - уларнинг бири. 1989 йилда у «Марсел»га ўтганида, жамоа 2 марта чемпионликка эришди. 1992-1993 йиллар мавсумида эса ЕЧЛдаги тарихий ғалабасини нишонлади. Ундан аввал ҳам, кейин ҳам ҳеч қайси француз клуби бундай натижага эриша олмаган!

«Ювентус» билан Дидье 3 марта «А» сериясида, Италия кубоги ва Суперкубогида ғолиб чиқди, ЕЧЛ бош соврини, Қитъалараро кубок ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритди.

Фаолиятининг сўнгги босқичида «Челси»га Англия кубогини ҳадя этди. Охирги мавсумини «Валенсия»да ўтказиб, чинакам мўъжиза кўрсатди - камтарин жамоа ЕЧЛ финалида пенальтилар сериясига кўра «Бавария»дан енгилди!

Шубҳасиз, ўзининг буюк зафарларини Дешам Франция термасида нишонлади. Жамоа 1998 йилда жаҳон, икки йилдан кейин эса қитъа чўққиларини забт этди. Дидье ана шу олтин таркибни саралар сардори сифатида майдонга олиб тушди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Дешамдаги ишнинг кўзини билиш қобилияти мураббийлик соҳасида ҳам уни тарк этмади. У бошқарган «Монако» Франция кубогини қўлга киритиб, ЕЧЛда финалгача етиб борди.

«Ювентус» «В» сериясида ғолиб чиқди, «Марсель» эса нафақат чемпионлик, балки иккита кубокка ҳам сазовор бўлди. Ниҳоят, ишбилармон мураббий мамлакатнинг бош жамоасини шоҳсупа сари етаклади.

ОЛТИН ЖАМОАНИНГ «МЕШКОБ»-САРДОРИ

Хўш, Дешам муваффақиятларининг сири нимада? Нима учун сов­ринларнинг оҳанрабоси бўлиш кимгадир насиб этадию, бошқасига йўқ? Менимча, бу унинг меҳнатсеварлиги самараси. Дидье Зидан услубидаги узатмалари, Анри каби тезкорлиги ва дриблинги ёки Виейрадагидек бақувват қомати билан мақтана олмайди.

Аммо тиришқоқлик, чидамлилик, тактик маҳорат бобида уларга ўрнак бўлади. Афсонавий Кантона ўз вақтида Дешамни мешкоб, яъни сув ташувчи хизматкорга қиёслаганди. Чиндан ҳам, Дидье жамоанинг энг чанқоқ нуқталарини ўз вақтида «сув», яъни тўп билан таъминларди. Қолаверса, унинг ихтисоси ҳам шундай фаолиятни тақозо этарди - бузғунчи таянч ярим ҳимоячиси!

«Ҳа, мен мешкобман. Ҳеч қачон буюк футболчи бўлмаганман. Лекин буюк жамоаларда тўп сурганман. Буюк жамоалар эса фақат иқтидорли меъморлардан эмас, оддий ғишт терувчи ва лойкашлардан ташкил топади», -деганди Дешам фаолияти якунида. Лекин нима бўлганда ҳам, «Мешкоб» тахаллуси борасида Эрик бироз қизишиб кетган, дейишга журъат этдик.

Чунки мешкоб - оддий хизматкор. Унга ҳеч ким қулоқ солмайди. Дешам эса доимо жамоанинг энг нуфузли аъзоси эди. 1993 йилда у ЕЧЛда ғолиб чиққан энг ёш сардор бўлди. Бир йилдан сўнг Эме Жаке уни янгиланаётган терма жамоага сардор этиб тайинлади. Қизиғи, шарафли боғич Эрик Кантонага тегиши ҳам мумкин эди.

Бироқ у мухлисга оёқ билан зарба бергани учун узоқ муддатга футболдан четлатилганди. Дидье эса мураббийни уялтириб қўймади, барча жабҳаларда жамоадошларига ўрнак бўлди. «Уч ранглилар»нинг йирик ғалабаси (3:0) билан якунланган финал танаффусида у ечиниш хонасида шундай хитоб қилганди:

«Ғалабани бой бермаймиз, бой бермаймиз!». Бу хитоб хотиржамликка берилмасликка қаратилганди. 2000 йилда «Мешкоб» жамоанинг қитъа шоҳсупасига кўтарилишида Рожер Лемеррга ёрдам берди.

АФСУНГАР «МОНАКО» БУНЁДКОРИ

Дешамнинг ҳеч ким тортиб ололмайдиган фазилати шуки, ўз фаолиятида кескин ўзгариш қилиш вақтини аниқ белгилайди. Масалан, терма жамоани у айни шуҳрат чўққисига кўтарилганида тарк этди.

Яъни, Италия термасига қарши чинакам ҳаёт-мамот жангига айланган Евро-2000 финалидан кейин. Ғолибни тақдирлаш маросимида сардор бош мураббийга юзланди: «Терма жамоадаги фаолиятим ниҳоясига етди. Мен бор куч-қувватимни, вақтим, қалбим ва садоқатимни сарфладим».

2001 йилда Дешам футболчилик фаолиятига бутунлай нуқта қўйди. Ваҳоланки, ўшанда у 32га чиққан, яна 3-4 йил бемалол тўп суриши мумкин эди. Бироқ «Челси» ва «Валенсия»даги мавсумлардан кейин янги соҳада иш бошлаш вақти келганини тушунди ва ўша йили «Монако»ни қабул қилди.

Табиийки, ўз жамоасини шакллантира бошлаган ёш мутахассис дебют мавсумини 16-ўринда якунлади. Лекин мутасаддилар хулоса чиқаришга ошиқмадилар ва Дешамга имконият бердилар. Буни қарангки, янги мавсумда князлик клуби чемпионатни 2-ўринда якунлади.

Ана шу кумуш медаль ёш мураббийнинг дастлабки соврини бўлиб қолди. 2003-2004 йиллар мавсуми Дидье учун ўта муваффақиятли ўтди - монегасклар ЕЧЛда финалга қадар етиб келишди, Эвра, Адебайор, Ибарра, Сиссе, Морьентес ва Пршолар Дешамнинг кашфиётларига айландилар.

Жамоа хал­қаро аренада «Реал» ва «Челси»дек грандларни тиз чўктирди. «Порту»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳс 35 ёшли Дешам билан 41 ёшли Моуриньонинг ўзига хос дуэлига айланди. Табиийки, унда тажрибалироқ бўлган португалиялик ғолиб чиқиб (3:0), «Челси» даражасига кўтарилди. Дидье эса янги мавсум арафасида истеъфога йўл олди.

Аммо у тўхташни хаёлига ҳам келтирмади.

«ЮВЕНТУС» ХАЛОСКОРИ

2006 йил Италия футболи учун нафақат тарихий ғалаба, балки шов-шувли можаролар даври бўлди. Машҳур Кальчополи воқеалари туфайли «Ювентус», «Милан», «Фиорентина», «Лацио» ва «Реджина» клублари «В» сериясига йўл олишди.

Мутасаддилар Турин суперклубига нисбатан жиддий жазо қўлладилар - «Кекса синьора» охирги икки чемпионлик унвонларидан маҳрум этилиб, «В» сериясидаги мусобақани 30 очколик жарима билан бошлайдиган бўлди. Табиийки, жамоанинг етакчи ўйинчилари қуйи лигада тўп суришни истамадилар.

Замбротта, Тюрам, Каннаваро, Эмерсон, Виейра, Ибрагимович, бош мураббий Фабио Капеллолар жамоани тарк этишди. Шу тариқа Дидье Дешам номдор жамоа мураббийига айланди.

Тўғри, апелляциядан сўнг «Ювентус»га қўлланган жазо бироз камайди - 30 очколик камомад 9 очкога туширилди. Бироқ Дешам таклифга розилик берган пайтда янгиликдан бехабар эди. Аслида у қадрдон жамоасини «С» сериясидан олиб чиқишга ҳам тайёр эди.

Грандни элитага қайтариш Дешам учун ортиқча қийинчилик туғдирмади - 28 ғалаба ва 10 дуранг эвазига «Ювентус» «Наполи» ва «Женоа» каби жиддий рақобатчиларни ортда қолдирди. Тўғри, Буффон, Дель Пьеро, Недвед ва Трезеге сингари садоқатли футболчилар мураббийга яқиндан ёрдам беришди.

Ёш мутахассисда Турин суперклубининг шонли тарихини давом эттириш учун ажойиб имконият пайдо бўлганди. Бироқ Дешам ҳам инсон, хатолардан холи эмас: трансфер масаласида раҳбарият билан келиша олмай, жамоани тарк этди.

САРДОРЛИКДАН БОШ МУРАББИЙЛИККА

«Ювентус»дан кейин Дидье икки йил ишсиз юрди. Эҳтимол, унинг «Монако» ва «Ювентус» билан қисқа ҳамкорлиги мутасаддиларни хавотирга солгандир? Хуллас, 2009 йилда Дешам яна бир қадрдони - «Марсел»дан таклиф олди.

Айнан шу жамоада мураббий ўз маҳоратини тўла-тўкис намойиш этди: «Олимпик» Франция чемпиони бўлди, 3 марта Лига кубогини ва 2 марта Суперкубокни қўлга киритди. Лекин бу зафарли юриш ҳам узоққа чўзилмади -  2011-2012 йиллар мавсумини жамоа 10-ўринда якунлади, Дешам истеъфога чиқди. Евро-2012 турниридан кейин у Франция терма жамоасида Лоран Блан ўрнини эгаллади.

Юксак лавозимдаги илк йирик турнири - ЖЧ-2014да «учранглилар» чорак финалда бўлажак чемпиондан енгилишди. Ўзлари мезбонлик қилган Евро-2016да ғолиб чиқишлари шарт эди. Боиси, жамоа «плей-офф» босқичида амалдаги жаҳон чемпиони - Германияни мағлуб этганди. Аммо финалда унча кучли бўлмаган Португалиядан енгилди.

Ниҳоят, Россия мундиалида Дешам ва унинг шогирдлари бутун дунёни ўзларига қаратишди, ишонч­ли ва сермазмун ўйинлари эвазига ҳақли равишда шоҳсупага кўтарилишди.

Шу ўринда қизиқ бир савол барчани ўйлантираётгани аниқ - тождор жамоанинг, айниқса, бош мураббийнинг кейинги тақдири қандай кечади? Чемпионлик сурури кучлироқми ёки янги синовлар иштиёқи?!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz