Қайднома

Қидирув

«ИнтерФУТБОЛ»: Миржалол Қосимов ва Марат Бикмаев ой лауреатлари

«ИнтерФУТБОЛ»: Миржалол Қосимов ва Марат Бикмаев ой лауреатлари

  06.08.2018 10:53
  0
  459
«ИнтерФУТБОЛ»: Миржалол Қосимов ва Марат Бикмаев ой лауреатлари

ЖЧ-2018 сабабли эълон қилинган қарийб бир ойлик танаффусдан сўнг Pepsi Суперлига баҳслари давом эттирилди. Тўғриси, чемпионатимизнинг бу даври ёзнинг айни жазирама кунларига тўғри келганлиги боис, гарчи учрашувлар кечки соатларга белгиланганига қарамай, футболчиларга қийинчилик туғдирди. Шундай бўлсада, ўйинлардаги муросасизлик сақланиб тургани бор гап. Июль ойида элитада 5та тур ўтказилиб, совринли ўринлар ва «жон» сақлаш учун курашадиганлар таркиби деярли аниқ бўлиб улгурди. Мазкур баҳслардан сўнг «ИнтерФутбол» анъанага мувофиқ, энг яхши футболчилар ва мураббийлар учлигини аниқлади. Демак, ой лауреатлари билан танишинг.

Мавсумнинг дастлабки қисмини бироз омадсиз ўтказиб, кўплаб ўйинларда очко йўқотган амалдаги чемпион зарур паллада кучлилар сафига қайтишни уддалади. Хусусан, июль ойи ҳам «темирйўлчилар» учун омадли келиб, асосий рақобатчиларини мағлубиятга учратди. «Локомотив» ғалабаларига муносиб улуш қўшган Марат Бикмаев эса лауреатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Маҳоратли ҳужумчи июлда ўтказилган 5та учрашувда 401 дақиқа ўйнаб, 4та гол ва 2та самарали узатма муаллифига айланди. Айниқса, «Насаф»га қарши кечган баҳс Бикмаев учун сермаҳсул кечиб, у «хет-трик» қайд этди.

Асосан ёш футболчилардан ташкил топган «Бунёдкор»нинг эришаётган натижалари таҳсинга сазовор. Ўз навбатида, бу клубда аксарият футболчилар аввалги юксак формаларини тиклаб олишганига гувоҳ бўляпмиз. Улардан бири - Жавлон Иброҳимов лауреатлар рейтингида иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. Ушбу ярим ҳимоячи июлда 3та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 3 марта ишғол қилгани ҳолда, 1та ҳолатда шерикларига ассистентлик қилди. Муҳими, Иброҳим ўзи қатнашган барча учрашувларда жамоаси сафидаги энг фаол ўйинчига айланди. Айниқса, «Нефтчи» билан кечган ўйинда «дубль» расмийлаштирган футболчининг ҳар икки голи жуда чиройли чиқди.

Мавсум кашфиётига айланган «Навбаҳор» сафидан муайян бир қаҳрамонни танлаб олиш қийинчилик туғдирмоқда. Зеро, «лочинлар»даги жамоавий ўйин пайтида барча ўйинчилар бирдек фаол ҳаракат қилишмоқда. Шунга қарамай, Наманган клубининг мудофаа чизиғи мустаҳкамлигини таъминлаётган Дарко Станоевични лауреатлар сафига киришга муносиб деб билдик. «Навбаҳор» эришаётган ютуқларга катта улуш қўшаётган сербиялик легионер ўтган ой 4та учрашувда майдонга тушиб, 360 дақиқа тўп сурди ва 1та гол муаллифига айланди. Шу тариқа Станоевич энг яхши футболчилар рейтингида ўз ҳисобига дастлабки очкони ёздириб қўйди.

Шунингдек, Тиаго Безерра («Пахтакор»), Остон Ўрунов («Навбаҳор»), Мурод Тошматов («Бунёдкор»), Арслонмурот Аманов («Бухоро»), Зоҳид Абдуллаев («Металлург»), Бобур Абдухолиқов («Насаф») каби футболчилар ҳам ўз ўйинлари билан мухлису мутахассисларда илиқ таассурот қолдиришди.

Мавсум бошида «Бунёдкор»нинг молиявий ҳолати мураккаблашгани ҳақида кўп гапирилди, аммо жамоанинг бугунги кунда эгаллаб тургани ўрнига қарасангиз, бундай гап-сўзлар асоссиздек туюлиши аниқ. Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур вазиятда муваффақиятнинг муҳим фактори сифатида «қалдирғочлар» устозининг меҳнатини кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Миржалол Қосимов ўзига яхши таниш футболчиларни жамлаб, улардан рақобатбардош жамоа тузишни уддалади. Июль ойида ҳам «Бунёдкор»нинг ажойиб ўйинларига гувоҳ бўлдик. Шу боис, кичик имкониятдан максимум натижа чиқараётган мураббий ой лауреатлари учлигининг энг юқори поғонасини эгаллади.

«Локомотив» июлда ўтказилган 5та учрашувда 4 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Ҳа, жамоа мураббийлар штабида ўзгаришлар рўй бергани натижаларга ҳам ижобий таъсир ўтказмай қолмади. Кучли олтиликдаги ўринни нақд қилган тўрт клуб орасида «темирйўлчилар» ҳам бор. «Локо»ни турнир жадвалида юқори ўринларга кўтарилишига муносиб ҳисса қўшаётган Андрей Фёдоров лауреатларнинг мураббийларга аталган қисмида иккинчи ўринни олди. Футболчилик даврида мақтовга лойиқ натижаларга эришган мутахассис қўл остидаги машҳур ўйинчиларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга эришмоқда.

«Навбаҳор» устози Илҳом Мўминжонов бу сафар учинчи бўлди. Агар «лочинлар» асосий рақобатчилари саналган «Локо» ва «Бунёдкор» майдонида мағлубиятга учрашмаганида, Мўминжонов лауреатлар рейтингида юқорироқ поғонани эгаллаши аниқ эди. Лекин барибир, ёш мутахассиснинг ишига кўпчилик юқори баҳо бермоқда. «Навбаҳор»нинг сафарда у қадар ишлари юришмаётган бўлсада, Наманганда кечган баҳсларда уч очко нақд қилиняпти. Айниқса, июль ойи охирида ўтказилган «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳам айнан Мўминжонов танлаган тактика ва кўрсатмалар иш бериб, пешқадам таслим этилди. Ва энг асосийси, «Навбаҳор»нинг ҳал қилувчи босқични кучли олтиликда бошлаши жамоа мухлислари учун ёқимли хабарга айланди.

Ўз навбатида, «Пахтакор» устози Шота Арвеладзенинг ҳам эришаётган муваффақиятларини тилга олиш даркор. Аввалги турларда ишончли тарзда ғалабалар қайд этган «шерлар» фақат Намангандаги баҳсда имкониятни бой беришди. Албатта, грузиялик мутахассис ҳам энг юқори ўринларга муносиб натижа қайд этди. Аммо мазкур ҳолатда Арвеладзенинг ихтиёридаги жамоа ва таркиб бошқалардан нисбатан кучлироқ эканлигини ҳам унутмаслик даркор.

 

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

Т|р       Футболчи        Ўйин    Дақиқа Гол      Ассист

1. Марат Бикмаев        5          401       4          2

2. Жавлон Иброҳимов 3          270       3          1

3. Дарко Станоевич     4          360       1          -

Изоҳ: Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь

1. Одил Ҳамробеков («Насаф»)

2. Жасур Яхшибоев («Пахтакор»)

3. Акром Комилов («Бунёдкор»)

Февраль

1. Игнатий Нестеров («Локомотив»)

2. Игорь Голбан («Насаф»)

3. Икром Алибоев («Локомотив»)

Март

1. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

2. Ботирали Эргашев («Навбаҳор»)

3. Суҳроб Нуруллоев («Металлург»)

Апрель

1. Элдор Суюнов («Пахтакор»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Арслонмурот Аманов («Бухоро»)

Май

1. Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)

2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

3. Сардор Собирхўжаев («Бунёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Дарко Станоевич («Навбаҳор»)

 

МУРАББИЙЛАР

Январь

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-23 т.ж.)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Февраль

Лауреатлар аниқланмаган.

Март

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Шипилов («Металлург»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Апрель

1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)

2. Сергей Лушан («Сўғдиёна»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Май

1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1-2. Миржалол Қосимов - 11 очко

1-2. Илҳом Мўминжонов - 7 очко

3-4. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

3-4. Улуғбек Бақоев - 5 очко

5. Шота Арвеладзе - 4 очко

6-9. Рўзиқул Бердиев - 3 очко

6-9. Андрей Шипилов - 3 очко

6-9. Сергей Лушан - 3 очко

6-9. Андрей Фёдоров – 3 очко

 

Умумий натижа

Футболчилар

1. Жавлон Иброҳимов - 6 очко

2-7. Одил Ҳамробеков - 5 очко

2-7. Игнатий Нестеров - 5 очко

2-7. Хуршид Ғиёсов - 5 очко

2-7. Элдор Суюнов - 5 очко

2-7. Азиз Турғунбоев - 5 очко

2-7. Марат Бикмаев - 5 очко

8-11. Жасур Яхшибоев - 3 очко

8-11. Игорь Голбан - 3 очко

8-11. Ботирали Эргашев - 3 очко

8-11. Жалолиддин Машарипов - 3 очко

12-17. Акром Комилов - 1 очко

12-17. Икром Алибоев - 1 очко

12-17. Суҳроб Нуруллоев - 1 очко

12-17. Арслонмурот Аманов - 1 очко

12-17. Сардор Собирхўжаев - 1 очко

12-17. Дарко Станоевич - 1 очко

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

 

Ўткир УМАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz