Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньо: «Келажакда қайсидир терма жамоада ҳам ишлаб кўраман, албатта»

Жозе Моуриньо: «Келажакда қайсидир терма жамоада ҳам ишлаб кўраман, албатта»

  09.08.2018 05:35
  0
  1153
Жозе Моуриньо: «Келажакда қайсидир терма жамоада ҳам ишлаб кўраман, албатта»

ЖЧ-2018 ўйинлари Жозе Моуриньога кучли таъсир қилган кўринади. Мундиал экспертлари гуруҳи таркибида ишлаган португалиялик мураббий кўплаб учрашувларни бевосита кузатиб, уларни РТ телеканалида атрофлича таҳлил қилиб берди.

«Беназир» шу аснода терма жамоалар футболига ўзгача қизиқиш ҳиссини туйди. Ҳар ҳолда, у охирги интервьюларидан бирида ЖЧ таассуротларига тўхталиш баробарида келажакда қайсидир терма жамоани мундиалга олиб чиқишни дилига тугиб қўйганини очиқ-ойдин эътироф этди.

Моу шунингдек, Англия терма жамоаси истиқболига юқори баҳо берди. Мураббийнинг ишонч билан таъкидлашича, Гарет Саутгейт бошқарувида ўйнаган ёш жамоа Россияда муносиб иштирок этди ва унинг келажакда қайсидир йирик турнирда зафар қучиш имконияти етарли.

- ЖЧ ярим финалларидан бирида Хорватия термаси инглизларни «овер-тайм»да енгди. Ўйиннинг боришига қараганда, бу натижа адолатли бўлдими?

- Учрашувнинг танаффусида биз яна голлар кўришимизни айтгандим. Чунки ўйиндаги ҳолатлар шунга далолат бериб турди. Якунда тахминим тўғри чиқди. Агар Англия термаси иккинчи голни уриб олганида, финал йўлланмаси тақдири барвақт ҳал бўларди. Бироқ инглизлар бундай қилолмадилар, хорватлар эса кейинроқ мувозанатни тиклаб, руҳий устунликни ўз томонларига оғдирдилар.

Якунда Златко Далич шогирдлари ҳақли ғалабага эришдилар. Демоқчиманки, адолатли натижа қайд этилди. Ўйин кўрсаткичлари ҳам буни тасдиқлайди - Хорватия термаси 7 марта аниқ зарба йўллади, инглизлар эса бир мартагина мўлжални аниқ олишди. Шундай экан, адолатсизлик ҳақида гапириш ортиқча.

- Сизнингча, Англия термасига нима етишмади, айниқса, қўшимча бўлимларда?

- Инглизлар шунчаки, ўйин назоратини қўлдан чиқариб қўйишди. Натижада тўпга эгалик қилиш фоизи кескин пасайиб кетди ва Субашич дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келмади. Табиийки, хатолар ҳам кўпайди.

Ваҳоланки, Манжукич ҳал қилувчи голни урган пайт мислсиз даражада чарчаб қолганди. Лекин у каби тажрибали профессионаллар ҳар қандай ҳолатда ҳам, яхши имкониятни йўққа чиқармайдилар.

- Эсласак, Англия термаси сўнгги дақиқаларда ажойиб имконият - хавфли стандарт вазиятга эга бўлди. Аммо уни голга айлантиролмади. Ўша ҳолатда нима хато асоси бўлди?

- Ўйлашимча, жамоа вакиллари узатма тоифасини танлашда янглишишди. Билишимча, Рашфорд тўпни Магуайрга етказишни мўлжаллаганди. Гарри ҳаводаги курашларда устун, Маркус эса аниқ узатмалар устаси.

Лекин рақиб ҳам барчасини яхши биларди - Ловрен хавфни вақтида бартараф этди. Бор гап шу.

- Умуман, Хорватия термасининг илк бор финалга чиққанини қандай баҳолайсиз?

- Тўғриси, буни ҳайратланарли натижа сифатида қабул қилдим. Ахир Хорватия миллий чемпионати энг кучли лигалар сирасига кирмайди. Ҳа, терма жамоанинг кўплаб аъзолари хорижда тўп суришади, худди мен каби.

Тажрибамдан биламан, мусофирликда юрганларда ўз юртига муносабат мутлақо бошқача бўлади. Хуллас, хорватларнинг финалгача далил одимлашгани чиндан ҳам, ҳайратланарли.

- Табиийки, Англияда миллий жамоанинг ярим финалдаги мағлубияти оғриқли қабул қилинди...

- Ҳа, инглизларда нолиш учун асослар етарли. Лекин алоҳида таъкидлаш керак, умидбахш жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Мана, терма жамоа аввалги мусобақаларга нисбатан олганда, сезиларли силжишга эришди.

Унутмаслик керак, Саутгейт жамоаси таркиби ҳали жуда ёш. Мисол учун, Янг ҳамда Вардини ҳисобга олмаганда, қолган барча футболчиларда Қатар мундиалига ҳам бориш имконияти етарли.

- Демак, сизнингча, Англия футбол ассоциацияси Гарет Саутгейт билан ҳамкорликни давом эттириши лозим, шундайми?

- Албатта. Ҳар ҳолда, ихтиёр менда бўлганида, Саутгейтни кейинги мундиалгача қўйиб юбормасдим.

Умуман, «уч шерлар» ЖЧ-2018даги иштироклари билан фахрланишга ҳақлилар. Тўғри, натижа тантана уюштиришга етарли эмасдир, лекин футболчилар кўрсатган ўйинларидан сира уялмасликлари керак.

- Мисол учун, ярим финалда ҳисобни очган Киран Триппьер. Ахир унинг голи ниҳоятда чиройли чиқди...

- Бу голда стандарт вазиятнинг амалга оширилиши эмас, балки нуқтанинг ўта қулайлиги биринчи ўринга чиқади, менимча. Ҳарқалай, Триппьер зарба йўллаган позициядан дарвозанинг исталган бурчагини нишонга олиш мумкин. Шу боис, дарвозабон мураккаб вазиятга тушиб қолди.

Тўғри, мукаммал даражадаги ижро ҳам таҳсинга лойиқ. Оддий айтганда, Киран рақиб голкиперига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

- Хорватия - атиги 4 миллион аҳолига эга митти мамлакат. Шундай бўлсада, хорватлар 20 йил аввал ЖЧда 3-ўринни қўлга киритишганди, энди эса асосий учрашувда иштирок этишди.

- Хорватияда техник салоҳияти жуда баланд иқтидорли футболчилардан ажойиб жамоа шаклланган. Одатда хорватлар ўз ватанларини барвақт тарк этадилар. Лекин уларнинг дейлик, тўғридан-тўғри Англия чемпионатига йўл олишганини деярли кўрмаймиз.

Хорватлар кўпинча яқин мамлакатлар, хусусан, Германияга талпинишади. Шу тариқа интизом, жисмоний ҳолатни талаб даражасига етказишади. Ҳаттоки, шундан кейин ҳам хорватияликка топ-клублар эшиклари очилмайди.

Модрич, Ракитич ва Манжукичнинг қандай машаққатли йўлни босиб ўтишгани фикримга асос. Шундай экан, муваффақиятлар замирида тинимсиз меҳнат ётибди.

- Нима деб ўйлайсиз, Англия термасидан ҳам ижобий силжишни кутиш мумкинми?

- Юқоридаги фикримни давом эттириб айтаман, жамоани порлоқ келажак кутмоқда. Алли, Стоунз, Рашфорд, Триппьер - навқирон йигитлар. Улар ҳали сезиларли даражада ўсадилар. Ўйлашимча, Европа Миллатлар Лигаси турнири улар учун ажойиб мактаб вазифасини ўтайди.

Панама ва Тунис термалари каби рақиблар билан ўйинлар орқали кўзланган мақсадга эришиш қийин. Демоқчиманки, Англия термаси фақат топ даражадаги жамоалар билан кураш орқали кучаяди. Бундан ташқари, юксак савияли ички чемпионат таъсири ҳам сезиларли бўлиши аниқ.

- Айтингчи, мундиалнинг серзавқ спектакллардан кейин сизда ҳам терма жамоалар миқёсида ишлаш хоҳиши туғилмадими?

- Аввалига ЖЧда фақат эксперт сифатида ишлашим мумкинлигини айтгандим. Мана, Россия мундиали таъсирида қисқа муддатли турнирларга муносабатим ўзгарди. Яъни ЖЧнинг мафтункор ҳавоси ёқиб тушди.

Хуллас, менда жаҳон ёки Европа чемпионатида ҳам ўзимни синаб кўриш истаги туғилди. Ҳа, бутун фаолиятим давомида нақ 11 ойга чўзиладиган узун мавсумга кўникиб улгурганман. Лекин келажакда қайсидир терма жамоада ҳам ишлаб кўраман, албатта.

- Бу борада қандайдир режангиз ҳам борми?

- Албатта, аввало, ўз юртим миллий жамоасига бош бўлишни истайман. Дейлик, «Порту» ва «Интер» билан ЧЛ кубогини қўлга киритганимиздаги ҳиссиёт, зафар қувончлари бир-биридан кескин фарқланади.

Хўш, Португалия терма жамоасини қачон қабул қиламан? Буни билмайман, лекин қачондир шу орзумни ҳам рўёбга чиқараман, албатта!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz