Қайднома

Қидирув

Гросскройц, Диомед, Ареола ёхуд жаҳон чемпионига айланган камтарин футболчилар

Гросскройц, Диомед, Ареола ёхуд жаҳон чемпионига айланган камтарин футболчилар

  10.08.2018 00:21
  0
  1974
Гросскройц, Диомед, Ареола ёхуд жаҳон чемпионига айланган камтарин футболчилар

Жаҳон чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлиш - футбол оламининг чўққиси! Кўпгина машҳур юлдузлар учун у ушалмас орзу бўлиб қолган: Платини, Кройфф, Роналду, Месси...

Тўрт йил аввал чўққини забт этган Кевин Гросскройц эса ҳозир 3-дивизионда юрибди.

Дарвоқе, 30 йиллик юбилейи туфайли эътиборимизни тортган ғайритабиий чемпион ўзи каби касбдошлари ҳақидаги ҳикояга туртки бўлди.

Жоэль Камарго (Бразилия) - 1970 йилги жаҳон чемпиони

Бу ҳимоячи қирол Пеле билан ёнма-ён тўп сурган, нафақат терма жамоа, «Сантос»да ҳам. 23 ёшида у «Балиқлар» либосида 300 марта майдонга тушиб, ўнлаб совринларга эга бўлганди. Терма жамоага ҳам мунтазам равишда таклиф этилган.

Тўғри, 1970 йилдаги Мексика мундиалида умуман майдонга тушмади. Лекин юксак унвон соҳибига айланди. Ўша йилнинг ноябрида Жоэль автомобиль ҳалокатига йўлиқиб, 6 ой шифохонада даволанди. Кейин эса Европага йўл олиб, «ПСЖ» билан шарт­нома имзолади.

Аммо у энди аввалги Камарго эмасди - Париждаги 3 ой ичида 2 марта майдонга тушиб, мағлубиятлар аламини тотиб кўрди. Шундан кейин ортга қайтишга мажбур бўлди. 24 ёшли ҳимоячининг ўз юртидаги уринишлари самара бермагач, 29 ёшда фаолиятини якунлади.

Рубен Гальван (Аргентина) - 1978 йилги жаҳон чемпиони

Аргентина футболининг энг совриндор вакилларидан бири. Рубен - Либертадорес кубогининг 4 карра соҳиби, 2 карра Аргентина чемпиони ва жаҳон чемпиони. Қизиғи, «альбиселесте» сафида бор-йўғи 3 марта майдонга тушган.

Гальваннинг жанговар хусусияти ҳақида ривоятлар кўп. Масалан, бир гал у болдир суягининг синишига қарамасдан, 50 дақиқа тўп сурган. Афсуски, кейинчалик гепатит-С хасталигига чалиниб, 27 ёшда футболдан кетишга мажбур бўлди.

Франко Сельваджи (Италия) - 1982 йилги жаҳон чемпиони

Бу ҳужумчига таркибдан жой бериш учун буюк Энцо Беарзот «А» сериянинг энг яхши тўпурари - Роберто Пруццодан воз кечганди. Боз устига, ЖЧ арафасида Франко ҳисобида атиги 3та ўйин бўлиб, гол йўқ эди. Ана шу кўрсаткич фаолиятининг сўнгига қадар ўзгаришсиз қолди.

Табиийки, Испания майдонларида ҳам Франко бир дақиқа бўлсада тўп сурмади. Лекин мундиалдан кейинги 4 мавсумда 20та гол урди. 33 ёшида у «В» сериянинг «Самбенедеттезе» клуби сафидан жой олди. Аммо бу фаолият ҳам узоққа чўзилмади.

Эктор Селада (Аргентина) - 1986 йилги жаҳон чемпиони

Селада - замонавий футбол тарихидаги ўта ноёб воқеа қаҳрамони. У қайд этган натижа сўнгги чорак аср ичида ягоналигича қолмоқда. Эктор мундиалда бир қатор рекордларни ўрнатди. Масалан, у чемпионлар орасидаги дастлабки Шимолий Америка вакили.

Аргентина термаси сафидан Мексиканинг «Америка» клуби дарвозабони сифатида жой олганди. Бироқ бу асосийси эмас. Балки Эктор ҳанузгача ЖЧлар тарихидаги танҳо текинхўр чемпиондир? Боиси, у «альбиселесте» таркибига Нери Пумпидо ва Луис Исласлардан кейинги учинчи посбон сифатида қабул қилинган ва Мексика мундиалида умуман тўпга оёғи тегмаганди.

Бу ҳам ҳеч нарса эмас - Селада бутун фаолияти давомида бир марта бўлсада Аргентина дарвозасини қўриқламади! Тасаввур қиляпсизми? Жаҳон чемпионининг олтин медали бор, ўйинлар сони эса - 0.

Пауль Штайнер (Германия) - 1990 йилги жаҳон чемпиони

Албатта, Селаданинг қаҳрамонлиги қаршисида ҳар қандай мўъжизанинг нурсизланиб қолишига шубҳа йўқ. Лекин немисларни тилга олмаслик адолатдан эмас. Бундесманшафтнинг 1990 йилдаги таркибида бундай қаҳрамонлар етарли эди: Раймонд Ауманн - терма жамоа сафида 4та ўйин (бошланғич таркибда битта), Херман Гюнтер ҳисобида эса бор-йўғи 2та.

Табиийки, бу борада Пауль Штайнер етакчи. У терма жамоага мундиал арафасида - 1990 йилнинг 30 майида қабул қилинганди. Ўша оқшом Пауль Данияга қарши ўртоқлик учрашувида тўп сурганди. Шунда ҳам тўлиқ эмас - 33 ёшли ҳимоя­чи 2-бўлимда Клаус Аугенталер ўрнини эгаллаганди.

Орадан 1 ой ва 1 ҳафта ўтиб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Кейин тождор сифатида «Кёльн»даги охирги учрашувини ўтказиб, бутсаларини михга илди. Жуда ажойиб, тўғрими?

Бернар Диомед (Франция) - 1998 йилги жаҳон чемпиони

Бу қанот ярим ҳимоячисига ҳам омад кулиб боқди: «учранглилар» сафида атиги 8та учрашувда майдонга тушиб, не-не юлдузлар учун армон бўлиб қолган юксак унвон соҳибига айланди. У Франция учун муваффақиятли кечган 1998 йилда дебютини нишонлаб, 8 учрашувнинг 3тасини мундиал доирасида ўтказди.

Кейинчалик Бернар терма жамоага жалб этилмади. Унинг «Ливерпул»даги фаолияти ҳам узоққа чўзилмади. 30 ёшга чиққанида Диомед аввал Франциянинг иккинчи, кейин учинчи дивизионига тушиб кетди.

Кевин Гросскройц (Германия) - 2014 йилги жаҳон чемпиони

Иқтидорли немис ярим ҳимоячиси шу кунларда 30 йиллик юбилейини нишонлади. Айнан шу футболчи омадсиз тождорлар ҳақидаги ҳикоямизга туртки бўлди. Ахир Кевин тахтга кўтарилганидан кейин бор-йўғи 4 йил вақт ўтди, тождор эса кўринмай қолди. Хўш, унга нима бўлди? Асосий сабаб - профессионал савиянинг бой берилгани.

Маълумки, Кевин ўта шўх, қувноқ йигит, дортмундликлар эркатойи. У тунги базму жамшидларни хуш кўради. Футбол эса бундай ўйинқароқлар билан чиқиша олмайди. Шу боис, Гросскройц учинчи бундеслига вакили - «Юрдинген» сафида тўп сурмоқда.

Бонус

Альфонс Ареоля (Франция) - 2018 йилги жаҳон чемпиони

Аслида «ПСЖ» посбони 2015 йилдан бери терма жамоага жалб этилаётган бўлсада, ҳанузгача Дидье Дешам уни бирор марта майдонга туширгани йўқ. Демак, Альфонс худди Эктор Селада каби ўйнамасдан чемпион бўлди!

Ҳа, баъзан шунақа воқеалар ҳам бўлиб туради. Энди Ареоля «учранглилар» таркибида майдонга тушиш учун бор маҳоратини ишга солиши лозим. Шунда у бош жамоадаги дебютини тождор мақомида нишонлаган дастлабки футболчи бўлади!

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz