Қайднома

Қидирув

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо футболчилар рамзий жамоаси (фотогалерея)

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо футболчилар рамзий жамоаси (фотогалерея)

  12.08.2018 00:14
  0
  5868
Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо футболчилар рамзий жамоаси (фотогалерея)

«Челси» Кепа Арризабалагани дунё футболидаги энг қимматбаҳо дарвозабонга айлантирди ва бундай ўйинчилардан тузилган жаҳон рамзий терма жамоаси таркиби ўзгаришга юз тутди.

Яъни «Атлетикда»да юксакликка кўтарилган испаниялик кипер яқинда афсонавий Жанлуижи Буффонни ортда қолдирган Алиссон Бекер ўрнини эгаллади.

Демак, махсус фотожамланма ёрдамида элит жамоанинг нисбатан ўзгарган таркибига назар соламиз.

Дарвозабон. Кепа АРРИЗАБАЛАГА. «Атлетик» - «Челси»

Трансфер суммаси: 80 млн. евро. Вақт: 2018 йил (ёз).

Бунга қадар рамзий жамоа дарвозаси қисқа вақт давомида бош ролда юрган Алиссон Бекерга тегишли эди. Мана, «қирол» ўзгарди: энди «кўклар» кипери «рамз»да биринчи!

Ўнг қанот ҳимоячиси. Кайл УОКЕР.«Тоттенхэм» - «Манчестер Сити»

Трансфер суммаси: 52,7 млн. евро. Вақт: 2017 йил (ёз).

Ушбу рўйхатда «Манчестер Сити»нинг 3 нафар ҳимоячиси бор. Ҳа, шайхлар орқа чизиқ учун энг сара ижрочиларни сотиб олишган, аммо жуда баланд баҳода. Факт шуки, клуб жаҳондаги энг қимматбаҳо ҳимоя гуруҳига эга.

Марказий ҳимоячи. Эмерик ЛЯПОРТ.«Атлетик» - «Манчестер Сити»

Трансфер суммаси: 65 млн. евро. Вақт: 2018 йил (қиш).

Бу йигит ҳаттоки, Франция миллий жамоаси асосий таркибида ҳам ўйнаётгани йўқ. Лекин қишда «шаҳарликлар» сафига қўшилиб, маълум муддат жаҳоннинг энг қимматбаҳо ҳимоячиси мақомида юрди. Тўғри, Ляпортнинг бу борадаги ҳукмронлиги узоққа чўзилмади.

Марказий ҳимоячи. Виржил ван ДЕЙК. «Саутгепмтон» - «Ливерпуль»

Трансфер суммаси: 78,8 млн. евро. Вақт: 2018 йил (қиш).

Голландиялик ўйинчи расман футбол тарихида энг баланд суммага баҳоланган ҳимоячи ҳисобланади. Яқин орада орқа чизиқда тўп сурувчи қайсидир футболчига 79 млн. евро ёки кўпроқ тўлайдиган жамоа топилмаса керак-ов. Яна билиб бўлмайди...

Чап қанот ҳимоячиси. Бенжамен МЕНДИ. «Монако» - «Манчестер Сити»

Трансфер суммаси: 57,5 млн. евро. Вақт: 2017 йил (ёз).

Менди - «Монако»нинг олтин таркибидан «учирма» бўлган биринчи футболчи. Россиялик бизнесменлар «Сити» соҳибларидан етарлича пул олишганди. Яъни «шаҳарликлар» Бенжаминни энг қимматбаҳо чап қанот ҳимоячисига айлантиришдан ташқари, Бернардо Сильва учун 50 млн. тўлашган.

Таянч ярим ҳимоячиси. Поль ПОГБА. «Ювентус» - «МЮ»

Трансфер суммаси: 105 млн. евро. Вақт: 2016 йил (ёз).

Франциялик футболчининг трансфери ўша пайт чинакам «портлаш»дек рўй берганди. Лекин кўп ўтмай, ҳаммаси ойдинлашди: футболчиларга бундай юқори баҳо қўйилиши табиий ҳол бўлиб қолди. Кейинги трансферлар барчасига далил.

Марказий ярим ҳимоячиси. Зайниддин ЗИДАН. «Ювентус» - «Реал»

Трансфер суммаси: 77,5 млн. евро. Вақт: 2001 йил (ёз).

Ҳа-ҳа, буюк даҳо ҳамон энг қимматбаҳо марказий ҳимоячи мақомини сақлаб турибди. Қаранг, 17 йилдан буён Зидан рекорди ўз аҳамиятини йўқотмаяпти. Энди шунчаки, 2001 йили 77,5 млн. евро нимани англатганини бир тасаввур қилиб кўринг!

Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Фелиппе КОУТИНЬО. «Ливерпуль» - «Барселона»

Трансфер суммаси: 125 млн. евро. Вақт: 2018 йил (қиш).

Шу йил бошида трансферлар бозорида қандай воқеалар рўй берди-я... Хусусан, «Барса» ўз тарихидаги рекорд келишувни амалга оширди.

Ҳужумчи. Криштиану РОНАЛДУ. «Реал» - «Ювентус»

Трансфер суммаси: 117 млн. евро. Вақт: 2018 йил (ёз).

Агар КриРо муҳитни ўзгартириш баҳонасида «Юве»га ўтмаганида, унинг ўрнида Усмон Дембеле турарди.

Ҳар ҳолда, transfermarkt.de сайти маълумотларига кўра, «Барселона» франциялик вундеркинд учун «Боруссия»га 115 млн. евро. берган. Демак, Роналду бу ўйинчидан атиги 2 «лимон»га ўзиб кетди.

Ҳужумчи. Килиан МБАППЕ. «Монако» - «ПСЖ»

Трансфер суммаси: 135 млн. евро. Вақт: 2018 йил (ёз).

ЖЧ-2018нинг энг яхши ёш футболчиси табиийки, элит рўйхатда. Келишув гарчи ўтган йили амалга оширилган бўлсада, «ПСЖ» Мбаппе трансферини жорий ёзда расмийлаштирди - бу молиявий «Фэйр-плей» қоидасини четлаб ўтиш усули.

Ҳужумчи. НЕЙМАР. «Барселона» - «ПСЖ»

Трансфер суммаси: 222 млн. евро. Вақт: 2017 йил (ёз).

Изоҳга ҳожат йўқ. Бир нарса аниқ, бразилиялик юлдуз узоқ вақт ушбу рамзий жамоадан четга чиқмаса керак...

ҚИММАТБАҲО ЎЙИНЧИЛАР РАМЗИЙ ЖАМОАСИДА 6ТА КЛУБ ЁХУД 5ТА МАМЛАКАТДАН ВАКИЛ БОР

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»: Кайл Уокер, Эмерик Ляпорт, Бенжамен Менди

«ПСЖ»: Килиан Мбаппе, Неймар

«ЛИВЕРПУЛЬ»: Виржил ван Дейк

«МЮ»: Поль Погба

«РЕАЛ»: Зайниддин Зидан

«БАРСЕЛОНА»: Фелиппе Коутиньо

«ЮВЕНТУС»: Криштиану Роналду

-------------------------------------------

ФРАНЦИЯ: Эмерик Ляпорт, Бенжамен Менди, Килиан Мбаппе, Поль Погба, Зайниддин Зидан

БРАЗИЛИЯ: Неймар, Фелиппе Коутиньо

АНГЛИЯ: Кайл Уокер

ГОЛЛАНДИЯ: Виржил ван Дейк

ПОРТУГАЛИЯ: Криштиану Роналду

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz