Қайднома

Қидирув

«Олтин тўп»ни Варанга беринглар!» ёхуд мўъжизакор Рафаэль ҳақида

«Олтин тўп»ни Варанга беринглар!» ёхуд мўъжизакор Рафаэль ҳақида

  12.08.2018 06:39
  0
  1764
«Олтин тўп»ни Варанга беринглар!» ёхуд мўъжизакор Рафаэль ҳақида

Французлар хитоб қилишмоқда: «Олтин тўп»ни Рафаэль Варанга беринглар!» Уларнинг иддаолари асоссиз эмас, албатта. Қаранг, «Реал Мадрид»нинг 25 ёшли ҳимоячиси қисқа фаолияти давомида 10та йирик финалда иштирок этиб, уларнинг барчасида ғалаба нашидасини сурди.

Ҳал қилувчи ўйинларнинг 4таси Европа ЧЛ ва бири жаҳон чемпионати белгисига эга - бунга нима дейсиз? Қолаверса, Рафаэль шу кунга қадар 16та нуфузли совриндан иборат улкан коллекция тўплашга улгурди.

Шундай ажойиб статистикага эътибор қаратган soccer.ru сайти уни сайёрамиздаги энг яхши ҳимоячи сифатида эътироф этди.

ИБТИДО

Лилль шаҳрида туғилган Рафаэль 7 ёшидан эътиборан футбол билан профессионал тарзда шуғуллуна бошлаган. Ўшанда катта Варан тўп ортидан югуриб чарчамайдиган ўғлини «Хеллемьес» футбол тўгарагига олиб борганди. Яна 2 йилдан кейин иқтидорли болакай «Ланс» скаутлари эътиборига тушади.

Шу тариқа Рафаэль бу клуб қошидаги «Ла Гэллет» академиясига кўчиб ўтади. Қаҳрамонимиз 13 ёшга тўлгач, уни Франция футбол федерациясининг истеъдодли болалар иқтидорини шакллантириш маркази - Льевинга олиб ўтишади. Айтиш жоиз, Вараннинг ёшлигидан турли-туман қатъий синовларга дош беришига тўғри келади.

Чунончи, бўйи нисбатан тез ўсиши натижасида тиззасига боғлиқ муаммолар бўй кўрсатади. У шу туфайли икки марта нақ 8 ойлик муддатга машғулотларни тўхтатиб туришга мажбур бўлади - аввалига ўнг, кейин чап оёғи шикастланади.

Футболчининг ўша вақтдаги мураббийлари сўзларига қараганда, қаҳрамонимиз фақат мардонавор характери ҳисобига барчасига чидаган ва яна машғулотларга қайтган. Ваҳоланки, шифокорлар унга футболни унутишни тавсия этишганди. Льевинда Варан доимий диққат марказида бўлади ва ҳаттоки, «Иккинчи Лоран Блан» мақомини ҳам олади.

Зеро, у рақиб ҳужумларини тўхтатиб қолишда худди ЖЧ-98 ғолибидек совуққонлик кўрсатарди. Кейинчалик Рафа ўйинни нозик илғаш хусусиятини ўзлаштиради. Бунда қайсидир маънода тиззасидаги муаммолар «улуши» ҳам бор.

Ҳар ҳолда, йигитча яна шикастланишдан чўчиб, яккакурашлар ва тўқнашувлардан тийилиб, бундай вазиятлар юзага келишидан олдин ҳужумни бартараф этишга уринарди. Эҳтиёткорона ўйин услуби унинг профессионал фаолияти бошида ҳам кўзга ташланганди. Лекин вақт ўтиши билан Рафаэль ўтмишнинг ёқимсиз хотираларидан буткул қутулди.

«ЛАНС»

Варан 15 ёши-да «Ланс»га қайтади ва футбол таълимотини шу клубда охирига етказади. Муҳими, Рафа ёшлар жамоасида жуда эрта ўйнай бошлайди ва дарҳол унинг чин етакчиси мақомига кўтарилади. 2010 йилнинг октябрида эса, 17 ёшли ўсмир илк марта асосий жамоа сафида майдонга тушади.

Эътиборлиси, янги савияга кўникиш жараёни унинг учун оғриқсиз кечади. Хуллас, Варан бир уринишда таркибдан мустаҳкам жой олади ва ҳали балоғат ёшига етмай туриб, «Ланс»ни бир неча марта сардорлик боғичи билан майдонга бошлаб тушади. Очиғи, унинг ўсиш суръати ҳаммани ҳайратга солганди.

Рафаэлни болалигидан кузатиб келаётганларнинг таъкидлашларича, у аввало, табиий жисмоний қудрати ва буюк спортчиларни ажратиб турувчи ноёб аниқлик хусусияти эвазига катта муваффақиятларга эришмоқда:

«Бу йигит майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам, ҳамиша энг тўғри қарорни қабул қилади - асосий ютуғи шу. Умуман, Рафа болалигиданоқ ақлга таяниб ҳаракатланиши, камтаринлиги ва ёшига нисбатан тезроқ улғайгани билан ажралиб турарди».    

«РЕАЛ»

Катталар миқёсидаги дебют мавсумидан кейиноқ Варан олдида профессионал фаолият масаласида биринчи ўта жиддий танлов кўндаланг бўлди. Ҳар ҳолда, ёш ҳимоячи бирданига Европа футболининг қатор грандлари назарига тушди.

Хусусан, «Манчестер Юнайтед» унинг учун «Ланс»га 10,5 миллион евро таклиф қилди, бироқ Рафаэль шошилмади ва кейинроқ «Реал» сафидан жой олди. Қизиғи, мадридликлар манчестерликларга нисбатан камроқ пул тўлашди. Гап шундаки, барчасини битта қўнғироқ ҳал қилди.

Аниқроғи, ўша пайт «Қироллик клуби»да президент маслаҳатчиси сифатида ишлаган Зайниддин Зидан орага суқулиб, Варанни айнан «қаймоқранглилар» билан шартнома тузишга кўндирди. Натижада франциялик иқтидор Мадридга кўчиб ўтиб, бирданига 6 йиллик битим остига имзо чекди.

Айтиш мумкинки, Зизу шу аснода севимли клубининг келажаги ва ўзи учун катта хизмат қилди. Зеро, Рафаэль кейинги йилларда Зиданнинг Европа Чемпионлар Лигасидаги ғалабали серияси «устун»ларидан бирига айланди.

У бунга қа-дар Жозе Моуриньо билан ишлаб, сабр-тоқат ва бардошдан сабоқ олди, Карло Анчелотти даврига келиб эса, фаолиятида илк марта ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди. Шунингдек, маълум муддат Рафаэль Бенитес бошқарувида ҳам тажриба оширди.

Жамоа рули Зайниддин Зиданга топширилганидан кейин эса, Вараннинг чинакам юлдузли даври бошланди. Тажрибали Пепе ва Серхио Рамос билан елкама-елка турганча тўп сурган ҳимоячи секин-аста «Реал» орқа чизиғининг муҳим бўғини бўлиб олди. Умуман, уни жамоанинг энг ишончли ҳимоячиси сифатида таърифлаш мумкин.

Ҳа, сардор Рамос беҳисоб қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатган, лекин фақат орқа чизиқдаги қатъий ўйин ҳақида гапирсак, «Мадрид»да ҳамма айнан Рафаэлга таянади. Яқинда жаҳон футболи тождорига айланган Франция терма жамоасида ҳам худди шундай.

ВАРАН ВА «ОЛТИН ТЎП»

Рафаэль Варан жаҳон чемпионатидаги зафардан кейин ҳам «Олтин тўп» учун курашдаги имкониятини камтарона баҳолади: «Кўп нарса турли критерияларга боғлиқ. Ҳа, мавсум якунларига теран қараганда, менда «Олтин тўп» учун даъво қилишга имкон берувчи асослар бор, бироқ танловда ҳимоячини ёқлашлари қийин масала.

Тўғри, агар совринни менга муносиб кўришса, уни рад этмайман, албатта». Рафа дарҳақиқат, камтарин ва ақлли йигит. «Олтин тўп» ҳақидаги фикрлари ҳам буни тасдиқлаб турибди. Унинг гапида жон бор - ҳимоячиларнинг бош индивидуал совринга эга чиқишлари жуда қийин, лекин Варан ҳозирда яхшигина имкониятга эга эканлигини унутмаслик керак.

Биринчидан, у Европанинг амалдаги энг кучли клубида асосий ролларда. Иккинчидан, сайёрамизнинг энг кучли терма жамоасида ҳам худди шундай мавқега эга. Ёмон эмас, тўғрими?

Шубҳа йўқ, лауреат танлашда биринчи навбатда, даъвогарларнинг статистик кўрсаткичлари - голлар, финтлар ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилади, бироқ Варан тартибли ўйини билан лоақал танловда кучли учликдан жой олишга лойиқ эмасми? Ҳа, бу ҳам жуда-жуда қийин.

Биринчи сабаби ўша - Варан ҳимоячи. Иккинчи сабаби - Варан ўта камтарин. Индивидуал совринлар учун сўровларда эса, ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ва реклама ишлари ҳам муҳим тош босади. Дейлик, Рафаэль ҳозирда Жорже Мендеш ёки Мино Райола каби устакор агент билан ҳамкорлик қилганида, балки унинг «Олтин тўп» ютиш имконияти бир мунча ошармиди?

Ҳар ҳолда, катта интервьюлар, экспертларга йўналтириладиган «Сизнингча, бугун жаҳоннинг энг кучли ҳимоячиси ким?» қабилидаги саволлар таъсири ҳам бор, барибир.

Оддий айтганда, футболчининг машҳурликка эришиши йўлида ОАВ билан фаол иш олиб бориш талаб қилинади. Ҳозирда нафақат Франция, балки жаҳон матбуотида ҳам Варанни улуғлаш учун шундай тўлқин кўтарилмоқда. Демак, унинг мартабаси янада ошади.

Варан ва совринлар. 10та финалда 10та ғалаба! Ҳа, Рафаэль 25 ёшигача нақ 16та соврин ютишга улгурди:

Жаҳон чемпионати - 1

Европа Чемпионлар Лигаси - 4

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати - 3

Европа суперкубоги - 3

Испания чемпионати - 2

Испания суперкубоги - 2

Испания кубоги - 1

Лекин энг эътиборли факт шуки, Варан финал ўйинларининг чин магистри сифатида гавдаланмоқда. Диққат қилинг, у шу кунга қадар турли турнирлар доирасидаги 10та ҳал қилувчи ўйинда қатнашди ва барчасида жамоаси билан ғалабани тантана қилди.

Хусусан, Москва финалидан сўнг жаҳон чемпиони мақомига эришди! Қизиғи, Варан бу орада 1та финални жароҳат сабаб, ўтказиб юборди ва ...«Реал» Испания кубоги-2013ни «Атлетико»га бой бериб қўйди. Евро-2016га келсак, қаҳрамонимиз Франция терма жамоаси «заявка»сидан четда қолганди ва «уч ранглилар» турнир финалида португалияликларга бас келолмадилар.

Эҳ, агар Дидье Дешам диққатлироқ бўлганида, «Реал» ҳимоячисини таркибга қўшарди ҳамда уни финалда лоақал 1-2 дақиқа ўйнатармиди? Ҳар ҳолда, Рафаэль - асосий ўйинларда омад келтирувчи ўзига хос образ. Мана, Рафаэль Варан иштирокидаги барча финалларга қараб, ўзингиз хулоса чиқаринг:

1. 2014 йил. Испания кубоги. «Реал» - «Барселона» - 2:1. 89 дақиқа

2. 2014 йил. Европа ЧЛ. «Реал» - «Атлетико» - 4:1 (қўш. вақт). 120 дақиқа

3. 2014 йил. Клублар ўртасидаги ЖЧ. «Реал» - «Сан-Лоренсо» - 2:0. 89 дақиқа

4. 2016 йил. Европа суперкубоги. «Реал» - «Севилья» - 3:2. 120 дақиқа

5. 2016 йил. Клублар ўртасидаги ЖЧ. «Реал» - «Кашима Антлерс» - 4:2 (қўш. вақт). 120 дақиқа

6. 2017 йил. Европа ЧЛ. «Реал» - «Ювентус» - 4:1. 90 дақиқа

7. 2017 йил. Европа суперкубоги. «Реал» - «МЮ» - 2:1. 90 дақиқа

8. 2017 йил. Клублар ўртасидаги ЖЧ. «Реал» - «Гремио» - 1:0. 90 дақиқа

9. 2018 йил. Европа ЧЛ. «Реал» - «Ливерпуль» - 3:1. 90 дақиқа

10. 2018 йил. Жаҳон чемпионати. Франция - Хорватия - 4:2. 90 дақиқа

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz