Қайднома

Қидирув

Ёрқин йигирмалик ёхуд АПЛ-2018/2019 мураббийлар таркиби (фотогалерея)

Ёрқин йигирмалик ёхуд АПЛ-2018/2019 мураббийлар таркиби (фотогалерея)

  15.08.2018 00:27
  0
  1316
Ёрқин йигирмалик ёхуд АПЛ-2018/2019 мураббийлар таркиби (фотогалерея)

Арсен Венгер ҳамда Антонио Конте Англия Премьер-лигасини тарк этишганига қарамай, янги мавсумда ҳам мураббийлар ўртасида ажойиб дуэллар гувоҳига айланишимиз тайин.

Гап айнан қайси мутахассислар ҳақида бораётганини билишни истасангиз, қуйидаги мақола билан танишишни маслаҳат берамиз.

Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити»)

Бу мураббий амалдаги чемпион, фаолияти давомида Испания, Германия ҳамда Англия чемпионатларида ғолиб чиққан. Икки марта Чемпионлар Лигасида зафар қучган, аммо «шалпангқулоқ»нинг ҳар иккисини ҳам «Барселона» устози сифатида қўлга киритган.

Гвардиоланинг бугунги кундаги асосий мақсади - «Манчестер Сити»ни Европанинг энг кучли жамоасига айлантириш.

Жозе Моуриньо («Манчестер Юнайтед»)

Бир йил аввал Европа Лигаси чемпионлигида муваффақият қозонди. Ўтган мавсумни «МЮ» совринларсиз якунлаган бўлсада, АПЛда иккинчи ўринни қўлга киритди. «Қизил иблислар»ни Англия чемпионлиги учун курашишди дейиш қийин: бу ерда «Сити» ўзи билан ўзи курашди, десак тўғрироқ бўлади.

Янги мавсумда «Манчестер Юнайтед» совринлардан ташқари, ЕЧЛдаги аввалги нуфузини қайтариш учун ҳам курашади.

Маурисио Почеттино («Тоттенхэм»)

Гарчи «Тоттенхэм» ўзига яраша устунликларга эга бўлсада, ҳамон совринларсиз қолиб кетаётгани кишини ранжитади. Бошқа томондан, бу жамоани ютуқларга эришмаганликда айблаш ҳам нотўғри. Ахир «шпорлар» Почеттино бошчилигида АПЛда катта кучга айланишди, рақобатчи қўшнилари «Арсенал»дан юқорироқ ўринларни эгаллашни ўрганишди.

Юрген Клопп («Ливерпуль»)

Икки ой аввал Клопп еврокубоклардаги жами учинчи, шу жумладан, ЕЧЛдаги иккинчи финални бой берганди. Аммо Юрген янги уринишларга тайёрланмоқда. «Ливерпуль» етакчи футболчиларни сақлаб қолишдан ташқари, таркибни сезиларли тарзда кучайтирди.

Энг муҳими, савияли дарвозабон сотиб олди. Хуллас, букмекерлар «қизиллар»ни «Манчестер Сити»дан сўнг АПЛ-2018|2019да асосий фаворит сифатида кўришаётгани бежиз эмас, албатта.

Маурицио Сарри («Челси»)

«Аристократлар» бир италиялик мутахассисни бошқасига алмаштиришди. «Наполи»нинг собиқ бош мураббийидаги фалсафа янги мавсумда биз мутлақо бошқа «Челси»ни кўришимизга ишорадек, гўё.

Жамоада ҳужумкорлик, тўпга эгалик қилиш, тактик жиҳатдан мукаммал ўйин шаклланса, бундан кўпчилик хурсанд бўлиши табиий.

Унаи Эмери («Арсенал»)

АПЛдаги «катта олтилик» мураббийлари орасида фақат биргина прагматик мутахассис қолди - Жозе Моуриньо. Қолганларни эса ҳеч иккиланмай романтиклар сафига қўшиш мумкин, улар орасида Эмери ҳам бор.

Арсен Венгернинг 22 йиллик фаолиятидан сўнг «Арсенал»ни Унаи қабул қилиб олди ва Европа Лигасининг уч карра ғолибини жиддий синовлар кутиб турибди. Боз устига, Испания чемпионати орқали яхши таниш бўлган Моуриньо ва Гвардиолага яна рақобат туғдиришига тўғри келади.

Шон Дайч («Бернли»)

Аввалги чемпионатда Дайч бошчилигидаги «Бернли» кучли олтиликдан кейинги ўринни эгаллаб, юқори натижа қайд этди. Янги мавсумда ҳам Шон ва унинг шогирдларидан бу кўрсаткич тасодиф эмаслигини исботлаш талаб этилади.

Марку Силва («Эвертон»)

Бу португалиялик мутахассис учун Англиядаги учинчи клуб ҳисобланади. Аввалги иш жойи - «Уотфорд»дан январда истеъфога чиққанди. Ўшанда «қовоғарилар»нинг натижалари ёмонлашган, клуб раҳбарияти эса Силванинг «Эвертон» билан алоқага чиққанидан хабар топганди.

Шунингдек, Марку «Челси»нинг вақтинчалик бош мураббийи бўлиши ҳақида ҳам маълумотлар тарқалганди, аммо у мавсум якунини кутиб, ниҳоят, «Гудисон Парк»ка келди. «Эвертон»нинг бугунги кундаги таркиби ёмонмас, Силва эса ушбу футболчилар билан яхши натижаларга эриша оладиган мутахассис.

Мануэль Пеллегрини («Вест Хэм»)

«Болғачилар» янги мавсумга янги лойиҳа билан кириб боришмоқда. «Вест Хэм» умумий нархи 100 миллион еврога тенг футболчиларни (Фелипе Андерсон, Исса Диоп, Андрей Ярмоленко) сотиб олди.

Бош мураббийликка эса «Манчестер Сити» билан АПЛ чемпионлигини қўлга киритган Мануэль Пеллегрини тайинланди.

Клод Пюэль («Лестер»)

Ушбу мутахассис ўтган мавсум давомида «Лестер»ни қабул қилиб, жамоани турнир жадвалининг юқори қисмига олиб чиқди. Пюэль мураббийлик фаолиятида «Монако» ҳамда «Лион» билан Франция 1-лигасида ғолиб чиққан. «Лестер» унинг учун «Саутгемптон»дан кейин АПЛдаги иккинчи клуб ҳисобланади.

Рафаэль Бенитес («Ньюкасл»)

Машҳур ва совриндор мураббийлар ҳақида гап борганда, фақат АПЛнинг йирик клублари тилга олинмайди. Турнир жадвали ўрталарида Рафаэль Бенитес бошчилигидаги «Ньюкасл» ҳам бор.

Ушбу мутахассис Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси, УЕФА Суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишга улгурган.

Рой Хожсон («Кристал Пэлас»)

«Ливерпуль» клуби ва Англия термасининг собиқ устози августда 71 ёшни қаршилайди. Шунга қарамай, у ҳамон футболчиларга сабоқ бериш билан машғул.

Эдди Хау («Борнмут»)

40 ёшли мураббий 10 йилдан буён шу соҳада ишлаб келмоқда. Эдди 2012 йилдан бери «Борнмут»да меҳнат қилиб, ҳали кетиш ниятида эмаслигини таъкидламоқда.

Айнан у «олчалар»ни АПЛга олиб чиққан. Ишончимиз комилки, «Борнмут» Хау учун сўнгги клуб бўлмайди, у Англия грандлари бош мураббийи сифатида ўзини кўрсатишга улгуради.

Хави Грасия («Уотфорд»)

Маълум муддат Қозоннинг «Рубин» клубини бошқарган мутахассис энди ўзини АПЛда синаб кўришга қарор қилди. Кўрайликчи, «Уотфорд»даги фаолияти давомида қандай кароматлар кўрсатар экан.

Крис Хьютон («Брайтон»)

60 йиллик умрининг кўп қисмини «Тоттенхэм»га бағишлаган Хьютон қачонлардир «шпорлар»га бош мураббийлик қилиш ниятида. Бу орзу амалга ошиши мумкин, зеро Крис ўз соҳасида мақтовга лойиқ натижаларга эришмоқда.

Дэвид Вагнер («Хаддерсфилд»)

Ўтган мавсум кўпчилик «терьерлар»нинг АПЛни тарк этишларини тахмин қилганди. Бироқ Юрген Клоппнинг «эгизаги» жамоасини элитада олиб қолиб, айни пайт янги стартга ҳозирлик кўрмоқда. Бу эса ҳурматга муносиб.

Марк Хьюз («Саутгемптон»)

«МЮ», «Бавария» ва «Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси «Сток Сити»даги 5 йиллик фаолиятдан сўнг бу жамоани тарк этгач, узоқ муддат ишсиз қолиб кетмади. Мартда Хьюз «Саутгемптон»ни қабул қилиб, жамоани АПЛда сақлаб қолди.

Нуну Эшпириту Санту («Вулверхэмптон»)

Англия Премьер-лигасида Моуриньо ва Силвадан ташқари яна бир португалиялик мураббий бор. Собиқ дарвозабонни биз «Валенсия» ва «Порту»даги фаолияти орқали яхши таниймиз. Санту «бўрилар»ни АПЛга олиб чиққач, ҳамюртларига рақобат туғдиришга ҳозирлик кўришни бошлаб юборди.

Славиша Йоканович («Фулхэм»)

Собиқ Югославия термасидаги ўйинлари орқали яхши таниш бўлган Йокановичнинг мураббийлик фаолияти ажойиб: «Партизан» билан қаторасига икки марта «олтин дубль» қайд этган Славиша Таиландга йўл олди, сўнгра Болгарияда ишлади, маълум муддат Испаниянинг «Эркулес» клубини бошқаргач, кутилмаганда «Уотфорд»га келди.

Сўнгра Исроилда «Маккаби» жамоаси бош мураббийи сифатида ишлади. Ниҳоят, яна Англиядан янги таклиф тушди - «Фулхэм»ни қабул қилиб, икки йил ичида бу клубни АПЛга олиб чиқди.

Нил Уорнок («Кардифф Сити»)

Агар сиз Англия Премь-ер-лигасини кузатиш бўйича катта тажрибага эга бўлсангиз, демак Уорнокни жуда кўп марта кўргансиз: у «Шеффилд Юнайтед»ни (Нил шу клуб мухлиси ҳисобланади) бошқарган, «Куинз Парк Рейнжерс» ҳамда «Кристал Пэлас»да ҳам ишлаган. Янги мавсумда бу мутахассис Уэльснинг «Кардифф» клуби билан АПЛдаги ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz