Қайднома

Қидирув

Осиё ўйинлари: тарих, иштирокчилар, регламент ва бошқалар...

Осиё ўйинлари: тарих, иштирокчилар, регламент ва бошқалар...

  16.08.2018 00:22
  0
  2100
Осиё ўйинлари: тарих, иштирокчилар, регламент ва бошқалар...

Улкан Осиёда қитъа миқёсидаги Олимпиадага қиёсланадиган турнир тарихи анча узун. Дейлик, футбол Осиё ўйинлари дастурига илк марта 1951 йили киритилган. 1990 йилдан эътиборан эса, аёллар ўртасида ҳам футбол турнири йўлга қўйилди.

Олдинлари футбол йўналишида ёш бўйича чеклов йўқ эди. 2002 йили бу борада Олимпиада мезонлари асос қилиб олинди. Шундан буён Осиё ўйинлари футбол турнирида U-23 тоифасидаги жамоалар иштирок этмоқда.

Фақат жаҳон спорти бош мусобақасида бўлгани каби жамоалар 3 нафар ёши катта футболчини таркибга қўшиш имкониятига эга.

МЕДАЛЛАР ТАҚСИМОТИ

Осиё ўйинлари футбол турнирида шу кунга қадар жами 17та жамоа медаль ютган. Улардан 10таси ҳисобида «олтин» бор. Табиийки, Осиё ўйинлари чемпионлари қаторида Ўзбекистон терма жамоасини кўриш ёқимли. Турнир тарихида Ж.Корея ва Эрон термалари 4 мартадан ғолиб чиққан.

3та пробали медаллар сони бўйича эса корейслар олдинда - улар нақ 10 марта совриндорлар қаторига киришган. Дарвоқе, 1970 ва 1978 йиллардаги турнир финалида кучлар тенг келгач (0:0), ҳар икки жамоа ғолиб сифатида тан олинган. Шунинг ҳисобига олтин медаллар сони кўпроқ, «кумуш» эса кам.

Шунингдек, 1982 йили Қувайт - КХДР ўйинидан сўнг Шимолий кореялик футболчилар ҳакамга ташланишгани боис, бу жамоа 2 йилга дисквалификация қилинган. Ўшанда КХДР термаси 3-ўрин учун баҳсга қўйилмаганди.

МУСОБАҚА АҲАМИЯТИ

1994 йили жаҳон футбол ҳамжамиятига янги куч сифатида қўшилган Ўзбекистон миллий жамоаси Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Хитой термалари каби Осиё грандларидан устун келиб, Осиё ўйинлари ғолибига айланган ва бу айни пайтга қадар энг катта ютуғимиз бўлиб қолмоқда.

Айтганча, вақтида бу турнир натижалари ҳаттоки, ФИФА рейтингида ҳам ҳисобга олинарди. Лекин охирги йилларда Осиё ўйинлари футбол турнири моҳияти анча ўзгарди. Дейлик, унда истаган жамоа қатнашиши мумкин. Умуман, ОФК тасарруфида терма жамоалар миқёсида йўлга қўйилган мусобақалар сони 9та.

Хуллас, Осиё ўйинлари ОФК турнирлари рўйхатидан четда. Демак, ўз-ўзидан тушунарлики, профессионал клублар турнирга футболчи юборишга мажбур эмас. Лекин спорт тараққиёти принципларидан келиб чиқсак, ҳар қандай мусобақада ғолиб чиқишни кўзлаш - давр талаби.

Эсласангиз, Ўзбекистон терма жамоаси бундан олдинги, яъни 2014 йилги Осиё ўйинлари гуруҳ раундида 1-ўринни эгаллаб, 1|8 финалга чиққан, аммо илк «плей-офф» тўсиғидан ўтолмаганди (футболчиларимиз Саудия Арабистони термасига қарши ўйинда 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришганди).

Энг аламлиси, 90+5-дақиқада  Абдулазиз ал Биший томонидан урилган гол бизни мусобақадан чиқариб юборганди...

ИНДОНЕЗИЯ-2018

Ҳисоб бўйича 18-Осиё ўйинлари футбол турнирида 26та терма жамоа 6та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. 2 августда берилган маълумотларга кўра, Ироқ термаси U-17 тоифасидаги Ғарбий Осиё чемпионати туфайли бўлажак мусобақада қатнашмайди. Унинг ўрнини Филиппин термаси эгаллади.

Ўйинлар 4та шаҳардаги 4та стадионда ташкил этилади: Сореанг - «Жалак Харупат» (сиғими - 17000), Чибинонг - «Пакансари» (сиғими -30000), Бекаси - «Ватанпарвар Чандрабхага» (сиғими - 30000), Чикаранг - «Вибава Мукти» (сиғими - 28778).

Регламентга биноан, ҳар бир жамоа 20 кишилик таркибга 1995 йил 1 январдан кейин туғилган 17 нафар футболчи киритиши лозим. Айтиш жоиз, Эрон, Ж.Корея ва Вьетнам терма жамоалари бош мураббийлари мусобақа бошланишидан анча аввал якуний таркибларини эълон қилишганди.

РОСТДАНМИ?

КХДР ва Жанубий Корея терма жамоалари Осиё ўйинлари футбол мусобақасида алоҳида тарзда иштирок этади. Жанубий кореяликлар 3  нафар ёши катта футболчи лимитини «Тоттенхэм» ҳужумчиси Сон Хюн Мин ҳисобига тўлдиришган. Индонезия турнирига легионерлардан яна Ли Сенг Ву («Верона», Италия), Хванг Хи Чан («Ред Булл», Австрия), Ким Жунг Мин («Лиеферинг», Австрия), Хванг Уи Жо («Гамба Осака», Япония) каби футболчилар ҳам жалб этилган.

Агар Ж.Корея терма жамоаси олтин медални қўлга киритса, футболчилар ҳарбий хизматдан озод бўлишади. Акс ҳолда, Сон Хюн Мин ҳам қолганлар қатори 2 йиллик мажбурий хизматга сафарбар қилинади. Бундай ҳолатда табиийки, унинг «Тоттенхэм»даги фаолияти тўхтаб қолади.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz