Қайднома

Қидирув

Исланлияни юксакликка кўтарган мураббий Россия чемпионатида ишлашга тайёр...

Исланлияни юксакликка кўтарган мураббий Россия чемпионатида ишлашга тайёр...

  16.08.2018 06:17
  0
  898
Исланлияни юксакликка кўтарган мураббий Россия чемпионатида ишлашга тайёр...

Исландия миллий жамоасида портлаш эффектини юзага келтирганча мураббийлар катта саҳнасига чиққан ва ЖЧ-2018 якунида истеъфога чиқишни маъқул кўрган Хеймир Хадльгримссон фаолиятини Россия Премь­ер-лигасида давом эттиришга тайёр.

Унга муносиб таклиф тушса, бас. Ҳар ҳолда, Исландия футболини бир поғона юқорига кўтарган мураббий «ССФ» нашри мухбирлари билан суҳбат давомида кутилмаган истеъфоси сабабларига тўхталиш баробарида рус диёрида ишлашга мойил эканлигини яширмади.

МУРАББИЙ БЎЛИШ ЯХШИМИ ЁКИ ДАНТИСТ?

- Исландия миллий жамоаси футболчилари ҳақиқий викинг ва жангчи сифатида гавдаланиб, нафақат мухлислар, балки россиялик аёлларда ҳам жуда яхши таассурот уйғотишди. Жаҳон чемпионатидек йирик турнирда четдан бўлган кучли эътибор сизларга нечоғли халақит берди?

- Дунёда аёллар эътиборидан кўра, минг чандон ёмон таъсир қилувчи ҳолатлар йўқ эмас. Ўз ўрнида алоҳида таъкидлашим керак, бу борада омадимиз чопди: Россия - гўзал аёллар макони эканлигига амин бўлдик. Шунингдек, Россия ва Исландиянинг ўхшаш жиҳатларини ҳам пайқадим.

Дейлик, ҳар икки юртда мураккаб ишларни бажариш жуда мушкул эканлигини яхши билишади ва буни уддалаганларга тўлиқ ҳурмат билан ёндашишади. Машҳурликка келсак, Золушка ҳақидаги тарих кимга ёқмайди?

Кичик мамлакат жамоаси гоҳида нисбатан кучли рақибга нафақат тенгма-тенг кураш таклиф этади, балки меҳнатсеварлик, жасорат ва аниқ йўлга қўйилган ўйин эвазига уни доғда қолдириши ҳам мумкин. Демакки, мухлислар ва мухлисаларнинг кучли эътиборини тўғри тушуниш керак - шогирдларим шунга муносиб ҳаракат қилишди.

- Россияда Исландия термасини нақадар яхши кўришларига шахсан ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Ҳозир ҳаммани битта масала қизиқтирмоқда: Хадльгримссон шундай севимли жамоа билан нега хайрлашишга қарор қилди?

- Очиғи, бу жуда қийин қарор. Зеро, мухлислар ҳам, футболчилар ва миллий федерация вакиллари ҳам жамоада қолиб, ишимни давом эттиришимни сўрашди. Чунки термамиз тўғри йўналиш бўйича кетаётганини ҳамма кўрди.

Шунга мувофиқ, кўпчилик жамоа билан олға қадам босишдан тўхтамаслигимни истади. Бироқ миллий терма равнақи йўлида 7 йил хизмат қилдим, бу вақтда бор салоҳиятимни ишга солдим. Агарда таклифларга кўниб, шартнома муддатини узайтирганимда, мен жамоада ўтказган умумий вақт нақ 10 йилга етарди.

Қисқаси, барчасини обдон ўйладим, таҳлил қилдим ва якунда хулосам шу бўлдики, бошқача муҳит, янгича мотивацияга эҳтиёжим бор, Исландия термасига эса бошқа мураббий керак. Ҳарқалай, футболчилар 7 йил давомида менга қулоқ солишди, ғояларимни эшитишди, улар бироз зерикишгандир (кулади).

Ўйлайманки, Исландия футболида амалга татбиқ этилган тизим жойида, мана, биз танлаган модель натижа бермоқда. Шундай экан, барчасида собит туриб, далил қадам босавериш керак.

Энди янги бош мураббий ўйин услубига қандайдир янгиликлар олиб кириб, футбол сифатини янада ошириши мумкин. Мен эса миллий жамоадан қониқиш ҳисси билан хотиржам ҳолда кетяпман: «Иш талаб даражасида бажарилди». Фақат буёғига бошланган ҳаракат тўхтаб қолмаса, бас.

- Айтишларича, онангиз тиш доктори бўлишингизни хоҳлагани туфайли вақтида футболни четга суриб қўйиб, узоқ муддат ўқиган экансиз. Сиз айтаётган янгича мотивация мабодо тиббиёт соҳасига боғлиқ эмасми?

- Шу жойда онамни мақташим жоиз. У ажойиб ва доно аёл. Дейлик, мени тиббиётга йўналтирганида, Исландияда дантист футбол мураббийига нисбатан анча кўп пул топишини ўйлаган ва бу тўғри фикр эди. Лекин вазият ўзгарди, мана, миллий жамоа бош мураббийи сифатида стоматология муассасасидагидан анча кўп ишладим.

Шундай экан, бу масалада гапиришга ҳожат йўқ, албатта, моддий таъминоти яхшироқ футболда қоламан (кулади). Ҳар ҳолда, ниятим шундай ва ҳозир турли таклифларни ўрганиб чиқяпман. Тўғри, тан олишим керак, футболда ўз мамлакатинг миллий жамоаси бош мураббийи лавозимидан кўра, қизиқарлироқ ва фахрлироқ юмуш топиш мушкул.

МАГНУССОН ЦСКАга МУНОСИБ...

- Россия миллий чемпионатида исландиялик футболчилар кўп. Дейлик, биргина «Ростов»да 3 нафар ҳамюртингиз бор. Рус диёрида исланд мураббийи ҳам иш бошласа, доно онангиз янада хурсанд бўлса керак. Ҳар ҳолда, бу ерда яхши ҳақ тўлашади...

- Шахсан ўзимга Россия жуда ёқди - ажойиб мамлакат. Айниқса, очиқкўнгил одамлар ҳайратимни оширишди, қолаверса, қиёси йўқ стадионлар... Хуллас, барча қатори бир олам таассурот олдим. Эҳтимолки, Россияда бизни нималар кутаётганини олдиндан билмаганимиз учун шундай бўлгандир. Энди саволингизга келсак, Россия клубида ишлаб кўриш мен учун қизиқарли.

- Хўш, бу борада қандайдир вариантлар муҳокама қилиндими?

- Барча таклифлар учун очиқман, лекин ҳеч қаерга шошилаётганим йўқ. Ҳозирча мириқиб ҳордиқ чиқаряпман. Ишончим комил, олдимда ҳали қизиқарли вариантлар юзага келади, албатта. Умуман, ҳаётда табиатан оптимал қарашга эга инсонман ва ҳамиша фантастик келажакка умид боғлайман.

- Сиз дам олиб, ўйлаётган паллада ЦСКА сафига қўшилган ҳимоячи Хёрдур Магнуссон Россия чемпионатидаги исландлар сафини кенгайтирди. Айтингчи, у ҳимояда клуб афсоналари - Игнашевич ва Березуцкийлар ўрнини боса оладими?

- Ҳеч кимга сир эмас, ажойиб футболчиларнинг Россия чемпионатида ўзларини кўрсата олишмаганига мисоллар кўп. Лекин исландларга ишонаверинг - бизга жанговарлик характери ҳар жойда қўл келади. Демоқчиманки, ҳамюртларим чинакам жангчилар ва турли шароитларга тезда кўникишади.

Россия иқлими ўртача эканлигини ҳисобга олсак, исландлар бу борада ортиқча муаммо сезишмайди. Мураббийлик талабларига эса осонгина мослашишади. Хёрдур универсал футболчи - ҳимоянинг ўнг қанотида ҳам, чап тараф вингери позициясида ҳам бирдек ишончли тўп суришга қодир.

Ягона муаммо - бу тил тўсиғи. Исландияда рус тилида кўп гапиришмайди, Россияда эса инглизча унча оммалашмаган. Лекин Магнуссон худди бошқа ҳамюртларим каби муносиб ўйнаб кетишига ишонаман.

ОЛТИ БЎЛИМ - БЕШТАСИГА «5»

- Россия ижобий таассурот қолдирганини таъкидладингиз, аммо битта ҳолат борки, бу борада эътироз билдиришингиз мумкин...

- Тўғриси, тушунмадим.

- Агар ЦСКА Аҳмад Мусога етарли ўйин амалиёти тақдим этмаганида, у «Лестер» захирасида ўтирарди ва жамоангиз дарвозасига 2та ҳал қилувчи голни урмасди. Моҳиятан олганда, Исландия термасининг гуруҳда қолиб кетишига айнан Аҳмад Мусо сабабчи бўлди...

- Қўйсангиз-чи... (кулади). Бу масалада эътирозга ўрин йўқ. Шунчаки, Мусо ўша куни ҳаётидаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Футболчи учун фақат хурсанд бўлиш керак.

Жаҳон чемпионати шундай турнирки, кимдир биттагина ўйин воситасида абадий афсонага айланиши ҳеч гап эмас. Ҳарқалай, баъзи футболчиларнинг айрим голлари йиллар давомида унутилмайди.

- Агар Лионель Месси 1-тур ўйинида пенальтидан гол урганида, сизлар иккинчи учрашувни очкосиз бошлардинглар. Шундай тақдирда эҳтимолки, нигерияликлар билан нисбатан тажовузкорроқ ўйнармидинглар... Бу фикрга муносабатингиз...

- Барчаси якунланганидан кейин ақлли бўлишдан осони йўқ. Шахсан мен Нигерия термасига қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлимидан мутлақо қониқиш ҳосил қилдим. Бир эслайлик, қанчадан-қанча хавфли вазиятлар яратиб, рақибга асло имконият қолдирмагандик. Бироқ афсуски, нигерияликларнинг илк қарши ҳужумда гол уришларига халақит беролмадик.

Бу уларга улкан устунлик тақдим этди, амалда кўп нарсани айнан биринчи гол ҳал қилди. Агар ҳисобни биз очганимизда, ҳаммаси бошқача давом этарди. Футбол ҳаёти шунақа...

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ишонч билан таъкидлайман, Исландия термаси ЖЧ доирасидаги 6 бўлимдан 5тасида муносиб кўринди, зўр ўйнади. Фақат нигерияликларга қарши кечган баҳснинг иккинчи ярми бизнинг зараримизга ишлади.

- Кўпчилик нигерияликларнинг «плей-офф» босқичига аргентиналикларга нисбатан муносиброқ бўлишганини таъкидлади. Бу борада нима дея оласиз?

- Рақибларни муҳокама этишни хуш кўрмайман. Фақат бир гапни айтишим мумкин: германиялик мураббий Гернот Рор Нигерия термасини жуда яхши тайёрлабди. Дейлик, африкаликлар Хорватия термасидан енгилган бўлсаларда, тенгма-тенг курашишди, фақат стандарт вазиятлардан 2та гол қўйиб юборишди.

Қаранг, хорватлар финалгача одимлашди, нигерияликлар эса гуруҳдан чиқишолмади. Шу мисолнинг ўзи бугунги футболнинг ўта юқори савиясидан далолат бериб турибди. 1-2 марта бир сонияга эътиборни йўқотдингми, жазоланишинг тайин...

РОССИЯ ПРЕМЬЕР-ЛИГАСИДАГИБАРЧА ИСЛАНДЛАР

Футболчи                         Йил                Клублар                                          Ўйин(гол)*          Исландия термасида

Рагнар Сигурдссон           2014-...            «Краснодар», «Рубин», «Ростов»        80 (2)                      80 (3)

Сёльви Оттесен                 2013-2014       «Урал»                                              33 (0)                      28 (0)

Сверрир Ингасон              2017-...            «Ростов»                                           28 (3)                      22 (3)

Арнор Смарасон               2015                «Торпедо»                                         11 (2)                      23 (3)

Бьорн Сигурдарсон          2018-...            «Ростов»                                            6 (1)                        16 (1)

Ханнес Сигурдссон           2011                «Спартак» Нч.                                   6 (0)                        13 (1)

Хёрдур Магнуссон           2018-...            ЦСКА                                                  0 (0)                        17 (2)

* - Россия чемпионати-2018|2019 стартидан олдинги ҳолат.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Хеймир ХАДЛЬГРИМССОН

Касби: футбол мураббийи, дантист (тиш шифокори)

Туғилган санаси ва манзили: 1967 йил 10 июнь, Вестманнаэйяр (Исландия)

Амплуа бўйича: ҳимоячи

Футболчилик фаолияти: «Вестманнайэяр» - 1986-1996 (танаффус билан); Исландия қуйи дивизиони жамоалари

Мураббийлик фаолияти: «Вестманнайэяр» аёллар жамоаси - 1999-2004 (танаффус билан); «Вестманнайэяр» - 2002, 2006-2011; Исландия миллий жамоаси - 2011-2014 (Ларс Лагербак ассистенти), 2014-2018 (бош мураббий)

Мураббий сифатида ютуқлари: Исландия термасини Евро-2016 ва ЖЧ-2018 финал раундига олиб чиқди (мамлакат футболи тарихида илк марта)

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz