Қайднома

Қидирув

Ўзингни кўрсат, Наби! Ёхуд «Ливерпуль» футболчисининг мураккаб ҳаёт йўли

Ўзингни кўрсат, Наби! Ёхуд «Ливерпуль» футболчисининг мураккаб ҳаёт йўли

  20.08.2018 06:19
  0
  711
Ўзингни кўрсат, Наби! Ёхуд «Ливерпуль» футболчисининг мураккаб ҳаёт йўли

Бир йил аввал «Ливерпуль» аъзосига айланган африкалик футболчи ҳанузгача майдонга тушмаганди. Энди у янги мавсумда «қизиллар» етакчилигига асосий номзод бўлиб турибди.

Марҳамат, номдор жамоанинг анчайин мураккаб, лекин шу билан бирга, ёрқин кунларни бошидан кечирган вакили билан танишинг.

Наби Лей Кейта 1995 йилнинг 10 февралида Гвинея пойтахти - Конакрининг Колейе туманида оддий ишчи оиласида дунёга келди. Унинг бутун болалиги том маънода қашшоқлар кварталининг кўчаларида ўтди.

Ана шу овлоқ ҳудуд Наби ва унинг ўртоқлари учун майдон вазифасини ўтаганди. Ўзининг бетакрор дриблингини маромига етказиш учун Кейта нафақат рақибларини, балки кўчадан ўтиб турадиган машиналарни ҳам алдаб ўтишга мажбур бўларди.

Шу ўринда фарзандларининг футболга бўлган қизиқишига тўс-қинлик қилмаган ота-онаси ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ахир улар ҳам кўпчилик қатори болакайнинг саводли бўлиши ва бирор-бир касб орқали рўзғор тебратишини исташарди.

Лекин уни суюкли машғулотидан жудо қилишни эп кўришмади. Кейта эса Гвинеядаги болалик йилларини шундай хотирлайди: «Биз дуч келган нарсалар билан ўйнардик. Кўпинча ялангоёқ тўп сурардим. Менда бутсалар ҳам, спорт либослари ҳам бўлган эмас.

Айнан мана шу муҳтожлик мени ҳамма нарсага, ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишга ўргатди. Энди эса ҳеч нарсадан қўрқмайман. Жуссам кичик бўлгани учун ҳамма нарсага фақат кураш эвазига эришардим: ўйнаш ҳуқуқи, тўп, ҳурмат қилишлари ва ҳоказолар. Ҳозир мени автомобиль ҳам тўхтата олмайди!

Мендаги тажовузкорлик шу тариқа пайдо бўлди. Тўғри, ҳозирги позициям учун бу жуда муҳим. Ойим «Сен учун ҳар қандай буюм тўп вазифасини ўтайди», дея ҳазиллашарди. Ўз юртимда муваффақиятга эришишнинг иложи йўқ эди.

Шу боис, омадни Европадан излашим аввалдан маълум бўлди. Мақсадга эришиш йўлида футболни танладим. Уни севиш билан биргаликда моддий таъминотнинг манбаси, деб биламан».

Кейтанинг 12 ёшдаги дастлабки уриниши самарасиз якунланди, аммо 16га чиққанида ўсмир ёрқин фаолият эвазига Европани забт этишга тўла тайёр эди. Шу тариқа ёш футболчи Францияга йўл олди. «Ле Ман»да Кейтага ўз ватандоши ва терма жамоадаги шериги Ги-Мишель Ландель бошпана берди.

Европа сафаридан аввал Наби 9 ёшидан бошлаб Гвинеянинг энг номдор клуби - Хоройи тизимида таҳсил олди. Лекин асосий таркибдан жой олишига яна жуда ёш эканлиги халал берди.

Таажжубки, «Лорьян» ва «Ле-Ман»даги кўриклардан ҳам ўта олмади - футболда юксак техника, юқори тезлик, кучли зарба, дриблинг ва чидамлиликдан ташқари фикрлаш ҳам муҳимлигини у ҳали билмасди. «Кўҳна қитъа»да эса жамоавий тактика сирларини болалар кичик ёшдан бошлаб ўрганадилар.

Хуллас, бу борадаги саводсизлик гвинеялик ёш иқтидор соҳиби учун муздек душ вазифасини ўтади. Бироқ тез орада Кейтанинг ватандоши Бобо Бальде томонидан Марселда ташкил этилган турнирда у «Истр» клубининг спорт директори Фредерик Арпинон эътиборини тортди. Шу тариқа Кейта 3-дивизион жамоаси билан 3 йиллик шартномага имзо чекди.

Натижада 2013 йилнинг ноябрида 18 ёшли футболчи «Истр» аъзосига айланди. Арпинон унга шундай таъриф берганди: «Кўпчилик Набини Нголо Кантега қиёслашади. Аммо улар тамоман бошқа-бошқа футболчилар. Кейта таянч зонасида ҳам, ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида ҳам бемалол ўйнайверади.

Яъни, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам бирдек фойдали. Кантени «Кан»даги ўйинлари орқали яхши биламан. Наби - ўзгача услуб соҳиби. У майдонда ҳар қандай вазифани уддалай олади».

Тўғри, ёш футболчи илк жамоасини қуйи дивизионга тушиб кетишдан сақлай олмади. Лекин 23 учрашувдаги 4 голи ва 7 самарали узатмалари эвазига жиддий клублар эътиборига тушди ва катта футбол йўлланмасини берган «Истр»га сезиларли манфаат келтирди - бир йилдан сўнг Жерар Ульенинг («Ливерпуль» учун бефарқ бўлмаган шахслардан бири) ташаббуси билан «РБ Зальцбург» сафидан жой олди.

Тўғри, Австрия варианти Кейта учун ортга қайтишга тенг эди. Аммо клубнинг ўша пайтдаги спорт директори Ральф Рангник уни улкан лойиҳага қизиқтира олди. Кейта учун рақобатда «Зальцбург» «Фиорентина», «Бордо», «Вест Хэм» каби жамоаларни ортда қолдирди.

Қўшимчасига, Садио Манедек таниқли футболчи (ўшанда уларнинг йўллари айро тушиб, яна бирлашиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди) Набига «кўз-қулоқ» бўлишга ваъда берди. Рангникнинг янги шогирдига берган баҳоси ҳам эътиборга молик: «Наби Кейта ҳар қандай топ-клубни гуллата олади. Ахир у -тенги йўқ футболчи!».

Йиллар ўтиб, футболчининг шуҳрати тобора ортиб борди. Бироқ у ўз она юртини, яқинларини унутмади. Энди у гвинеялик болакайлар учун ўзи бундан 8-10 йил аввал орзу қилган қаҳрамон мақомида: «Конакрига қайтган пайтимда машиналар билан тўлган кўчаларда тўп сураётган болаларга дуч келаман. Уларнинг аксарияти оёқ кийимисиз ўйнашади.

Шу боис, иложи борича кўпроқ бутсалар олишга ҳаракат қиламан. Аслида у жуда оддий, аммо болакайлар учун муҳим буюм. Улардек пайтимда мен Деку, Тити Камара ва Паскаль Фейдуноларга ўхшашга интилардим. Ҳозиргилар либосларига менинг номимни ёзиб олишган.

Янада кучлироқ иштиёқ ва ғайрат билан ишлаш учун бунданда яхшироқ даъватнинг бўлиши мумкин эмас! Менинг тиришқоқлигим ва метин иродам болаларни ўз орзуларига эриша олишларига ишонтиради, деган умиддаман.

Боймисан ёки қашшоқ, бунинг аҳамияти йўқ, беҳуда ҳою-ҳавасларни бир четга суриб, астойдил тер тўксанг ва орзуга интилсанг, тоғни талқон қиласан!».

Австриядаги икки йил ичида Кейта 2та чемпионлик ва кубокни қўлга киритди. 2016 йилнинг 20 июнида «Зальцбург» 15 млн. евро эвазига Набини Лейпцигдаги биродарлашган жамоага бериб юборди. Ваҳоланки, футболчи бир қатор номдор жамоалардан таклифлар олганди. Аммо «Ред Булл»дагилар анойилардан эмасликларини яна бир бора исботладилар.

Қисқаси, тез орада Кейта Лейпциг механизмининг муҳим мурватига айланди ва албатта, Австрияга таклиф этган Ральф Рангникка нисбатан гина-кудурат ўрнини миннатдорлик туйғуси эгаллади. Унинг янги мураббийи Ральф Хазенхюттль эса доимо мақтагани-мақтаган эди: «Кейтадек футболчидан жудо бўлиш ҳар қандай мураббий учун жуда оғир. Чунки у - тенги йўқ ўйинчи!».

Бундеслигада юрган пайтида Наби ўз «кумир»и хусусида шундай деганди: «Мен дунёдаги энг яхши африкалик футболчи бўлишни истайман. Африкадаги «кумир»им - Яя Туре. У жуда бақувват ўйинчи, тиришқоқлиги эвазига чўққини забт этди.

Майдонда эканимда мен ўзимни энг зўр футболчи, деб ҳис этаман. Шундай ҳиссиёт билан тўп сурганда ўйиним чиройли чиқади». Дарҳақиқат, юксак савияни ҳаётий шиор қилиб олган футболчи ҳеч қачон ёмон ўйнамайди.

Кейтадек ноёб иқтидор соҳиби учун битта «кумир»нинг камлик қилиши аниқ. Футболчи Деку ва Туредан ташқари, Иньеста, Жерардлар ўйинларига ҳам бефарқ эмаслигини бир неча марта эътироф этганди. Демак, 8 рақамига кўнгил бергани ҳам бежиз эмас.

Қизиғи, кўпчилик қатори Набида фобия иллати мавжуд: «Мен митти кучукчалардан жуда қўрқаман, катталаридан ҳам. Гвинеядаги кучуклар ўта тажовузкор, бу ердагилар эса анча ювош». Хайриятки, ундаги бу «ботирлик» майдондаги ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатмаяпти.

«Лейпциг» ЕЛдаги ўтган мавсумни чорак финалда якунлаганига қарамасдан, Наби турнирнинг рамзий терма жамоасидан жой олди. 2017 йилнинг 29 августида эса ОАВда «Ливерпуль» мухлислари учун қувончли хабар чоп этилди: «Наби Кейта 2018 йилнинг 1 июлидан «Ливерпуль» таркибига ўтади».

Келишувга эришиш учун «қизиллар» рекорд маблағ - 48 млн. фунт сарфладилар. Улар «Бавария», «Барселона», «Интер» ва «ПСЖ»ларни доғда қолдиришди. Муваффақиятга шахсан Юрген Клоппнинг қизиқиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Қолаверса, эски қадрдони - Садио Мане ҳам қўл қовуштириб ўтирмаганига шубҳа йўқ.

«Ливерпуль» аъзолари янги жамоадошлари хусусида фикр билдиришга улгуришди. Жумладан, Даниэль Старриж шундай деди: «Бу йигит менга ёқади. Очиғи, унинг маҳорати лол қолдирди. Савияли ўйинчи эканини билардим. Лекин Германия чемпионатини мунтазам кўрмайман. Шу боис, бундай маҳоратли ярим ҳимоячига анчадан бери дуч келмагандим.

Кейтада футболчи учун зарур бўлган барча фазилатлар мужассам! У билан АПЛ ва ЕЧЛда майдонга тушиш онларини сабрсизлик билан кутяпман». Энди Альберто Моренони эшитинг: «Кейтанинг майдондаги ҳаракатларини кузатдим. У ҳайратланарли ўйин кўрсатади. Янги мавсумда жамоага катта манфаат келтиришига шубҳа қилмайман».

Футболчининг ўзи эса жиддий тайёргарлик билан банд: «Сити»га муносиб рақобат қилиш учун рисоладагидек таркибга эгамиз. Ҳаммаси тўғри фикрлаш ва иштиёққа боғлиқ. Ўзингга нисбатан ишонч ва иштиёқ бўлса, узоққа боришинг аниқ. Мен ғалабаларга чанқоқман, шу боис тажовузкорман. Лекин яхши маънода, албатта».

Ҳа, футболчининг тажовузкор табиати фақат сўзларида эмас, майдонда ҳам кузатилади. Биз бу камчиликни ёшларга хос қизиққонлик натижаси сифатида қабул қиламиз ва яқин келажакда Наби «қуюлиб» қолишига умид билдирамиз. Ҳикоямиз сўнгида футболчининг шу пайтгача қайд этган натижаларига тўхталиб ўтамиз:

Наби Кейта Гвинея терма жамоасидаги дебютини 18 ёшли вақтида, 2013 йилда нишонлаганди. Жамоа унчалик машҳур эмас, лекин йил сайин ўсиб бораётгани аниқ. 2015 йилда Гвинея Африка Миллатлар кубоги мусобақасида чорак финалга қадар етиб борди.

Табиийки, Кейта унинг етакчиси бўлди. Айтганча, Поль Погба ҳам гвинеяликлар авлодидан. Бироқ «МЮ» ярим ҳимоячиси Франция шарафини ҳимоя қилишга қарор қилиб, жаҳон чемпиони унвонига эришди. Агар у Наби билан жамоадош бўлганида, ажойиб дуэт вужудга келарди. Аммо тақдир уларга ўзаро рақобатни лозим топди.

Кейта терма жамоасида 26 марта майдонга тушиб, 5та гол урди. 23 ёшли футболчи учун ёмон натижа эмас. Айниқса, унинг соф ҳужумчи эмаслигини инобатга олганда. Эътиборлиси, Набининг отаси - «Ливерпуль» мухлиси! Табиийки, фарзандининг «Энфилд»да тўп суришининг ўзиёқ ота учун тенги йўқ совға!

«Қилни қирқ ёрадиган» футбол зукколари эса унинг фантастик ўйинини башорат қилишмоқда. Демак, тез орада Кейтанинг отасидан кўра бахтлироқ инсонни топишнинг иложи бўлмай қолишига шубҳа йўқ. Бу ёғи фақат футболчининг ўзига боғлиқ. Қани, Наби, ўзингни кўрсат!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz