Қайднома

Қидирув

Гильем Балаге: «Роналду мени судга бермоқчи бўлганди»

Гильем Балаге: «Роналду мени судга бермоқчи бўлганди»

  21.08.2018 06:12
  0
  2126
Гильем Балаге: «Роналду мени судга бермоқчи бўлганди»

Испаниялик журналист Гильем Балаге ҳақида кўпчилик эшитган. У Хосеп Гвардиола, Лионель Месси, Криштиану Роналду ҳамда Маурисио Почеттинонинг биографиясини ёзган.

Шунингдек, «Ливерпуль» ва «Барселона» ҳақидаги катта китоблар муаллифи саналади. Балаге Sky Sports канали, BBC радиоси резидентларидан бири, футбол билан боғлиқ тезкор хабарлари орқали танилган.

Айнан у биринчилардан бўлиб Фернандо Торреснинг «Ливерпул»га, Криштиану Роналдунинг «Реал»га ўтиши ҳақида маълумот берган. Sports.ru сайти ижодкорлари Балаге билан суҳбат уюштириб, турли мавзудаги саволларига жавоб олишди.

- Болалик пайтларим ҳамма «Барселона»га ишқибозлик қиларди, - дейди Балаге. - Аммо 6-7 ёшлигимда радио орқали ўртоқлик учрашувида «Эспаньол» «Барса»ни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратгани ҳақида эшитиб қолдим. Ўшандаёқ худди ота-онам сингари «Эспаньол»га мухлислик қилишга қарор қилгандим.

Шундан буён клуб икки марта Сегундага тушиб кетди, бироқ мен у билан бирга қолдим. Шу вақт оралиғида футболни жуда яхши кўрдим, лекин 1988 йили меҳримга соя тушишига бир баҳя қолди. 20 ёшда эдим, УЕФА кубоги финали, «Эспаньол» - «Байер» тўқнашуви ғолиби икки учрашув натижасига кўра аниқланарди.

Уйда 3:0 ҳисобида зафар қучдик: мана буни ғалаба деса бўлади. Аммо сафарда 3та тўп ўтказиб, пенальтилар сериясида ютқаздик. Шундан сўнг «Эспаньол» ўйинларини кўриш истаги сўнгандек туюлди.

Тўғри, бу клубнинг ёрқин онларига ҳам гувоҳ бўлдим - икки марта Испания кубоги соҳиби (2000 ва 2006 йиллар), «Интер», «Милан» ҳамда «Брюгге» клубларининг мағлуб этилиши. Ўша пайтдаги қувончни тасвирлаш мушкул.

- 1968 йили Барселонада туғилгансиз. Яшаш тарзингиз қандай кечган?

- Отам дурадгор бўлган, онам эса шифохона ва уйларда фаррошлик қилган. Улар тонгги соат 6да ишга кетиб, кечки соат 11да қайтишарди. Ота-онамдан иш тартибини ўрганганман: кўп меҳнат қилиш, кўникмалар ва шароитни яхшилаш. 14 ёшга тўлганимда, Барселона яқинидаги Коста Брава туманидан (Жирона атрофида) денгиз бўйида жойлашган уйча сотиб олиб беришди.

Астма касаллигим бўлгани сабабли (ҳозир тузукман), таътил кунлари у ерга бориб, бутун ёзни ўша уйда ўтказардик. Денгиз, дўстлар, пляжда футбол ўйнаш, ҳар кун шундай ўтарди. Бу дамларни ёдга олишни ёқтираман.

Мактабдан сўнг Барселонадаги журналистика факультетини танладим, чунки бошқа ишни эплай олмасдим - қизиқувчан эдим, мақолалар ёзиш ва турли воқеаларни ҳикоя қилишни истардим. Бу айнан журналистиканинг ўзи. 23 ёшимда университетни тамомлаб, Ливерпулга йўл олдим. Ўша ерда спорт журналис­ти сифатидаги фаолиятим бошланди.

- Хўш, кейин-чи?

- Ливерпулда дастлаб ҳамма мавзуда ёздим, Испаниянинг Lecturas номли «сариқ» журналида ишладим. Англияда яшаганим сабабли кўпчиликни малика Диананинг ҳаёт тарзи қизиқтирарди. Уни кузатиб юришимни талаб қилишмасди, шунчаки, испаниялик ўқувчиларга Англия элитасининг қандай яшашини тасвирлаб беришим керак эди. Бу қийин эмасди.

Ўз навбатида, параллель равишда папарацци олами ҳам мавжудлигини билардим. Улар мунтазам равишда малика Дианани суратга олишар, ҳақоратлаб, ҳаттоки, кўз ёш тўкишгача олиб боришарди. Журналистиканинг бу турига йўл қўймаслик лозим, бироқ айнан «сариқ матбуот» менга ёрдам берди: ойига минг фунт маош олардим, ижарага квартирада турардим, қорним тўярди.

Бу машғулот ўзимга ёқарди, деёлмайман, аммо қизиқарли топшириқлар билан Испанияга боришимга ҳам тўғри келарди. Мисол учун, 1991 йили Барселона Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган испаниялик олимпиячилар билан қисқа интервью уюштиришимни сўрашди.

Спортчиларнинг исмларини билмасдим, фотосуратларни кўздан кечиргач, суҳбатлашгани бордим. Иттифоқо, бир қизнинг ёнига бориб, сўрадим: «Олимпиадада қатнашасанми?» - «Ҳа» - «Ёшинг нечада? Исминг нима?». Шу пайт икки нафар бақувват киши елкамдан кўтариб, ўрнимдан қўзғатишди.

Нима  бўлаётганини тушунмадим. Кейинроқ билишимча, суҳбатдошим қиролнинг қизи Кристина экан, елканли спорт билан шуғулланаркан. У Олимпиада арафасида машғулот ўтказган, бундан эса бехабар эканман.

- 1997 йили малика Диана вафот этганди. Ўша кунни эслайсизми?

- Шок ҳолатига тушгандим. У пайтлари мобил телефоним йўқ эди. Ёдимда, тонгда уйғониб, маликанинг вафотидан хабар топгач, дарҳол ёзишга киришгандим. 40 саҳифани қораладим: Диана ким, у Англия учун қандай аҳамиятга эга, нима рўй берди?.. Машъум ҳодисани шов-шув эмас, бир инсон тарихи сифатида оммага етказишни истагандим. Катта мақола тайёрладим.

Гўёки, малика Диананинг ўлимига қадар бор бўлган Англия йўқолгандек туюлганди. Машҳур мусиқа, мода, маданият соҳиби бўлган мамлакат қайтмайдигандек эди. Вазият ўзгарди, монархлар папарацци устидан назоратни кучайтиришди - номдор шахсларни суратга олиш янада қийинлашди.

- Тезкор маълумотларни қаердан оласиз?

- Керакли одамларни танийман: улар билан бирга тушлик қиламан, телефон орқали суҳбатлашаман, маълумот алмашаман.

- Нима учун сизга ишонишади?

- Чунки ҳамиша рост сўзлайман. Баъзан хато маълумотлар тарқатганим ҳам рост. Хаби Алонсонинг «Реал»дан кетишни хоҳламаганини (буни унинг ўзи айтганди) билганим учун «Бавария»га ўтмаслиги ҳақида хабар берганман. Бир неча кундан сўнг трансфер расман эълон қилинганди.

- Бу маълумотни Алонсо ўзаро суҳбат чоғи айтган. Уни оммага ошкор этганингиз тўғри ишми?

- Бу журналистика. Боз устига, ушбу хабарни бошқалар билан баҳам кўриш мумкинлигини билардим.

- Роналду - «Реал»да. Торрес - «Ливерпул»да. Бундай хабарларни кимдан олардингиз?

- Уларнинг кимлигини айтолмайман. Шу каби маълумотларни ошкор этишдан аввал трансферни тасдиқловчи камида иккита фактга эга бўлишим лозим.

- Бу каби хабарлар учун сизга пул таклиф қилиш ҳоллари бўлганми?

- Йўқ. Чунки бундай ишламаслигимни билишади.

- Роналду билан неча марта суҳбатлашгансиз?

- Дастлаб Криштиану билан бирга китоб ёзишни хоҳлагандим, аммо у рад жавобини берди. Чунки асарнинг Месси номи келтирилган қисми унга ёқмаган. Роналду «Фейсбук»даги саҳифаси орқали мени ёлғон ишлатганим учун судга беришини айтганди.

Шу боис португалиялик ҳужумчи билан ҳамкорлик қилишнинг иложи бўлмаган. Қайсидир маънода, бу ҳолат мен учун яхши эди - Роналдунинг атрофидаги шахсларда барчасини назорат қилиш учун кучли хоҳиш бор эди.

- Демак, Роналду билан суҳбатлашгансиз?

- Унинг вакиллари билан гаплашгандим. Аммо нима ҳақида эканлигини айтмайман.

- Сиз билан судлашмоқчи бўлишганмиди?

- Бу ҳақдаги хабар фақат Роналдунинг «Фейсбук» саҳифасида чиққан. Расман хат олмаганман.

- Роналду ва Мессидан аввал Гвардиоланинг биографиясини ёзгансиз. Нима учун у айнан сиз билан ишлашга кўнган?

- Пеп қандай журналист эканлигимни, алдамаслигимни билгани учун «Барселона»даги сўнгги йилида суҳбатлашишга рози бўлган. Шунингдек, у бошқа буюк шахслар билан алоқага чиқишда кўмаклашган. Масалан, Алекс Фергюсоннинг электрон манзилини берган.

Ўша кезлари сэр «Манчестер Юнайтед»ни бошқарарди. Базада кўришган пайтимиз машғулот кетаётган, аммо у майдонда эмасди. Ҳа, шундай, машғулот пайти у жамоани бошқармасди. Фергюсон - менежер, баъзан футболчиларнинг олдига тушар, баъзида эса хонасидан чиқмай ишларди.

Сэр Алекс телевизорда қандай кўринса, ҳаётда ҳам шундай. Ўзиникилар учун курашади, футболни севади. Суҳбатимиз сўнгида у китобимга муқаддима ёзиб беришга рози бўлди. Ўйлашимча, Фергюсон шу тариқа Пепни «МЮ»га чорлашни режалаштирганди.

- Месси ҳақидаги китобни қандай тайёрладингиз?

- Одатдагидек - Аргентина бўйлаб саёҳат уюштирдим, Лео ва унинг оиласи билан суҳбатлашдим, кўп ўқидим, видеоёзувларни кўриб чиқдим.

Ҳамкорликда саккизта китоб тақдимотини ўтказдик - ва Мессининг ёнига болалар (ўзиники эмас, ўқувчилар) келганида қанчалик ўзгаришига гувоҳ бўлдим. Улар даврасида мутлақо бошқа одамга айланади. Лионелдаги ғамхўрлик туйғуси шундоққина сезилиб турарди.

- Сўнгги китобингиз 2017 чиқди - бу Маурисио Почеттинонинг биографияси. Айтинг-чи, у нимаси билан сизни ҳайрон қолдирди?

- Бир сафар Почеттино билан суҳбатлашиш чоғида деярли бир соат гапирдим - китоб, футбол ва бошқа мавзуларда. У эмас, айнан мен гапирдим. Сўнгра ўзимга келиб, узр сўрадим: «Бир соат вақтингизни олдим».

Шу вақт мобайнида у мени диққат билан тинглади, гапимни бўлмади, сўнгра «Ҳечқиси йўқ», деди. Ўйлашимча, бу жуда муҳим ҳолат эди. Маурисио мўъжизанинг ўзгинаси. Шу боис уни футболчилар ҳам ҳурмат қилишади.

- Мураббийлик лицензиянгиз борми?

- Ҳа, Белфастда қаторасига икки йил «Б» лицензиясига ўқиганман. Нимага? Ўқишнинг эрта-кечи йўқ. Боз устига, атрофимда профессионал мураббийлар бор, таълим олиш орқали уларни тушунишим осонлашади.

Бу билан мураббийликка даъво қилмоқчимасман, шунчаки, журналист сифатида ушбу соҳа вакилларининг қарорлари аҳамияти, футбол жамоасини бошқариш, тактика тузиш замирида нималар ётишини билиш муҳим.

- Клубда ишлашингиз ростми?

- «Бигглсуэйд Юнайтед», тўққизинчи дивизион клуби. Уйимни стадиондан ярим соатлик йўл ажратиб туради. У ерда спорт директориман. Вазифаларим ўзимга ёқади - бизга керакли ўйин услубини шакллантирадиган мураббийни танлаш.

Жамоа ташаббусни қўлга олиши, ўйинни назорат қилиши, кўп зарбалар йўллаши мухлисларга ёқади. Қуйи лигаларда бундай ўйналмайди, аммо биз ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз - 8-дивизионга чиқиш. Жаҳон чемпионати ўтказилиши сабаб иш жараёнимдан бироз чалғидим, ваҳоланки, кўп вақтимни шунга сарфлайман.

Стадионда офисим йўқ (шарт эмас), у ерга 80 фоиз уй учрашувларида бораман. Томошабинлар ўртача ташрифи - 150 киши.

- Оилангизга ҳам вақт ажратасизми?

- Албатта.

- Ким билан яшайсиз?

- Бу шахсий масала.

- Ҳамма ишга улгуриш учун нима қиласиз?

- Бу борада менга Google тақвими ёрдам беради. Аниқ кун тартибим йўқ. Ягона жиҳат - тунги соат 12дан олдин ухламайман. Шунинг баробарида, тонгги соат олтида ёки ўнда уйғонишим мумкин. Кўп ухламайман. Мана, кеча тўрт соат ухладим, ваҳоланки, меъёрим олти соат. Ҳолат ўзгариб туради, кўпинча уйқум келмайди.

- Бир ҳафтада нечта футбол баҳсини кўрасиз?

- Дам олиш кунлари - олтита. Англия, Испаниядаги марказий ўйин-лар ҳамда Италиянинг айрим клублари учрашувларини кўраман. Франциядан «ПСЖ»нинг ўйинини кузатиб бораман.

- Қилган меҳнатингиз яхши ҳақ оласизми?

- Ёмон эмас, аммо футболчиларники билан солиштириб бўлмаслиги аниқ. Улар бир ҳафтада оладиган пулни мен бир ойда ҳам тополмайман.

- Сўнгги савол: Мессими ёки Роналду?

- Роналду - тарихдаги энг яхши ҳужумчи. Месси - тарихдаги энг яхши футболчи.

ГИЛЬЕМ БАЛАГЕ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА

- Новвойхонада ишлаган кезлари баъзан суткасига икки соат ухлаган, холос;

- Англияга кўчиб ўтиб, барда ишлашдан ташқари, малика Диананинг ўлими билан боғлиқ жараённи ёритган;

- Sky Sports каналида ишлаб, Испания футболига бағишланган кўрсатувни олиб борган;

- «Манчестер Юнайтед» базасида Алекс Фергюсон билан суҳбатлашган;

- Роналду билан ҳамкорликдаги биографияни ёзиш бўйича келишолмаган - Криш судга беришини айтиб, таҳдид қилган;

- Радио ва ТВда фаолият юритишдан ташқари, мусиқа билан шуғулланиш ҳамда футбол клубини бошқаришга ҳам улгуради.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz