Қайднома

Қидирув

Тибо Куртуа: «Шу пайтгача клуб гербини ўпмагандим»

Тибо Куртуа: «Шу пайтгача клуб гербини ўпмагандим»

  22.08.2018 06:16
  0
  1928
Тибо Куртуа: «Шу пайтгача клуб гербини ўпмагандим»

Муайян тортишувлардан кейин Бельгия терма жамоаси дарвозабони Тибо Куртуа ниҳоят, «Челси» билан хайрлашиб, «Реал» сафига қўшилди.

У «Сантьяго Бернабеу»да ташкиллаштирилган расмий таништирув маросимидан сўнг махсус матбуот анжуманида иштирок этиб, жумладан, ўтиши сабабларини баён қилди.

ИЛК ҲИС-ТУЙҒУЛАР

- Дунёдаги энг яхши жамоа сафидан жой олганим билан фахрланаман. Ўта жиддий синовни катта иштиёқ билан қабул қилдим. Ҳозирда янги жамоадаги илк ўйинимни интиқ ҳолда кутяпман.

«МАДРИД»ГА МУХЛИСЛИК

- Ҳаммага маълум, болакайлар кичиклик пайтиёқ қайсидир жамоага кўнгил қўйишади. Мисол учун, мен Икер Касильяс туфайли айнан «Мадрид»га қизиққанман. Ёш кипернинг улкан масъулиятни ўз зиммасига олганидан ҳайратга тушгандим.

Унинг 2002 йилги ЧЛдан ўрин олган «Реал» - «Андерлехт» учрашувида кийган либосини ҳамон авайлаб асраяпман. Ўшанда 10 ёшли болакай эдим. Умуман, «Мадрид» вакилларидан мудом эсдалик совғалари олиб турганман. Бу клубга ҳеч қачон бефарқ қараган эмасман.

ТАКЛИФЛАР

- Агар ишончли ўйнасанг, «Реал» сенга албатта, эътибор қаратади. Ҳа, жуда кўп таклифлар олдим, айримлари моддий жиҳатдан манфаатлироқ эди. Бироқ оила аъзоларим ёнида бўлишни ихтиёр этдим. Ўзи «Мадрид» чорлови ҳар қандай шубҳани даф қилади - шу клубга талпинганингни сезмай қоласан.

РАҚОБАТ

- 2014 йили «Челси» сафига қайтганимда, ҳаммани битта савол ўйлантирганди: «Чехнинг муносабати қандай?» Мана, ҳозир у билан қадрдон дўстмиз. Дарвозабонлар учун бу жуда муҳим.

Қисқаси, янги жамоадошларим билан тил топишиб кетишимга шубҳа қилмайман, гарчи ким учундир жиддий рақобатчи саналсам-да. Мақсадим - «Реал»га ғалабалар ва совринларга эришиш йўлида ёрдам бериш.

РАҚАМ

- Қайси рақам остида ўйнашим ортиқча аҳамиятга эга эмас - буни жамоа раҳбарияти ҳал қилади. Асосийси - юксак даражада рақобат кўрсата олишим.

КАСИЛЬЯС ИБРАТИ

- Икернинг ўйинини кузатганимда, 18 ёшли йигитчанинг «Сантьяго Бернабеу» босимини писанд қилмаганидан ҳайратга тушгандим. Кейинчалик ўзим «Генк»да 16, «Атлетико»да эса 19 ёшда дебютимни нишонлаганман. Бу Икер жасоратининг менга ижобий таъсири самараси бўлса керак.

ЭДЕН АЗАР

- Эден қўнғироқ қилиб, мени трансфер билан табриклади. Чунки у вазиятдан хабардор, бунинг мен учун муҳимлигини яхши биларди. Азар - ажойиб ўйинчи. Агар у ҳам Мадридга келсами, яна ёнма-ён ўйнашдан завқ олардик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, унга омад тилайман.

«ЧЕЛСИ»ГА МУРОЖААТ

- Лондонда 4 йил фаолият юритдим ва ҳозир жамоага фақат ва фақат миннатдорлик билдиришим мумкин. Ахир ажойиб клуб сафида 2 марта АПЛ ғолибига айландим. Бироқ олдимда янги имконият туғилганида, ундан воз кечолмадим.

Қолаверса, фарзандларим қандай улғаётганларини кўришни истайман. Биламан, лондонлик мухлисларни ранжитиб қўйдим. Аммо ўзгача йўл йўқ...

ЯНГИ ТРАНСФЕРЛАР

- Ўйлайманки, жамоа кучайтирилиши зарур саналган позициялар устида ишлашда давом этади. Таркибга қарасак, у жуда кучли. Менимча, ҳар йили янги харидларга қўл уриш шарт эмас.

«РЕАЛ» ВА «АТЛЕТИКО»

- Мақсадим Мадридга қайтиш эди. Лекин бу ҳақда матбуот вакилларига айтолмасдим. Нега «Атлетико» эмас, «Реал»? Чунки «Қироллик клуби» мени ўз таркибида кўришни истади.

Ўйлайманки, «Реал» мухлислари бошқа футболчиларни қандай қабул қилишса, мени ҳам шундай қарши олишади. «Атлетико»га келсак, бу жамоага ҳурматим баланд. Унинг таркибида 3 йил ўйнаб, нуфузли совринларни қўлга киритганимни ҳеч унутмайман.

Тўғри, «матрасчилар» шарафини ижара келишуви асосида ҳимоя қилганман. Демоқчиманки, шу пайтгача ҳеч қайси жамоа гербини ўпган эмасдим. Мана, бугун ўз кўнглимдаги клуб - «Реал» гербига лаб босдим.

КЕЙЛОР НАВАС

- Навас билан танишмиз, лекин деярли мулоқот қилмаганмиз. У моҳир дарвозабон ва айтишларича, ажойиб йигит ҳам. Кейлор хусусан, «Мадрид»нинг сўнгги йиллардаги зафарларига муносиб ҳисса қўшди. У ва бошқа рақобатчилар билан курашишга тайёрман, албатта.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz